Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:02

Ўзбек муҳожирларининг Россиядан пул жўнатмалари кескин камайди


Нижний Новгородда ўзбек "Вестерн Юнион" орқали пул жўнатмоқда
Нижний Новгородда ўзбек "Вестерн Юнион" орқали пул жўнатмоқда

Россиядаги пул ўтказувчи молиявий ташкилотлар март ойида меҳнат муҳожирлари жўнатадиган пул ҳажми кескин камайганини хабар қилди. “Юнистрим” ва “Золотая корона” бу тенденцияни коронавирус пандемияси туфайли жорий этилган чекловлар билан боғламоқда.

Россия ҳукумати мамлакатдаги катта қурилишларда “изоляция режимини” жорий этмасликка чақирмоқда.

РБК нашри эълон қилган маълумотларга кўра, ўтган йилнинг шу даврига солиштирганда “Юнистрим” компанияси орқали пул жўнатмалари 35 фоизга қисқарган. Шу билан бирга, “Юнистрим” 2020 йилнинг мартида онлайн-каналлар орқали жўнатилган маблағлар ҳажми ўтган йилга нисбатан 4 баробарга ошганини қайд этди.

“Золотая корона” компанияси ҳам мартдаги пул ўтказмалари ҳажми 30 фоизга қисқаргани, апрелда бу кўрсаткич 50 фойизга тушиши мумкинлигини тахмин қилмоқда. Ширкат раҳбарияти пул ўтказмалар камайишини жорий этилган чекловлар билан боғламоқда.

Мутахассислар маблағ юбориш тизимларидан асосан Россияда меҳнат қилаётган мигрантлар фойдаланиб келиши, жорий этилган “изоляция режими” туфайли уларнинг аксар қисми ишсиз ўтирганини сабаб қилиб кўрсатмоқда.

Озодлик билан суҳбатда ўзбек муҳожирлари Россия президенти Владимир Путин томонидан “ўз-ўзини изоляция қилиш режими” 30 апрелгача узайтирилиши улар аҳволини янада мураккаблаштириб юборганини таъкидлаб келмоқда.

Патент тўловлари ва регистрацияни узайтиришга мажбурланаётган мигрантлар Россия ҳукуматидан бу йиғимларни карантин ҳолати якунига қадар тўхтатиб туришни сўрамоқда.

Москва вилоятидаги шаҳарчалардан бирида ишсиз ўтирган самарқандлик Жавлонбек яқин бир-икки ойда уйига пул жўната олмаслиги сабабларини Озодликка бундай тушунтирди:

- Биз ишлаб келган ресторан ишини номаълум вақтгача тўхтатди. Мен ишсизман энди. Карантинда уйда ўтирибман ўртоқларим билан. Бироз ишлаган пулимиз бор эди - шунга тирикчилик қиляпмиз. Уйга пул жўната олмайман - ўзимга базўр етади ой охиригача. Карантин тугаса регистрация қилишим керак, иш излашим керак, ишга кирган тақдиримда ҳам бир ой ойлик олмайман. Уйдагилар бир амаллаб турар.

Одатда айнан март-апрель ойларида иш мавсуми бошланиб, юртига кетган меҳнат муҳожирлари Россияга қайтишни бошлар эди.

Расмий рақамларга биноан, Россияда коронавирус эпидемияси тугашини кутиб ётган мигрантлар сони расмий қайдга кўра 8,9 миллион кишини ташкил этади. Бу рақамларга эътибор қаратган Россия ҳукуматида қурилиш соҳасини бошқариб келувчи бош вазири муовини Марат Хуснуллин меҳнат мигрантлари ишлаётган қурилиш объектларида иш фаолиятини тўхтатмасликни тавсия қилди.

- Улар одатда ётоқхоналарда зич аҳволда яшаб келишади. Яхшиси улар ишда бўлишсин, ётоқхонада ётгандан кўра, - деди журналистлар олдида чиқиш қилган Марат Хуснуллин.

Бугунга келиб Россиядан жўнатилаётган пул ўтказмаларининг асосий қисми МДҲ давлатларига тўғри келади. Россия Марказий банки ҳисоб-китобига кўра, 2019 йилда Россиядан юборилган 7,5 миллиард АҚШ долларидан 6 миллиарди - собиқ Иттифоқ республикаларига тўғри келган.

Бу ўтказмаларнинг деярли ярми - 3 миллиард АҚШ долларидан кўпроқ ҳажми Ўзбекистонга юборилган. Айни пайтда Тожикистонга- 699 млн. доллар, Арманистонга - 627,6, Қирғизистонга - 612 миллион доллар.

XS
SM
MD
LG