Линклар

Шошилинч хабар
16 июн 2021, Тошкент вақти: 11:45

Халқаро хабарлар

Ғазода давлат идоралари қайта иш бошлаши кутилмоқда

Ғазода Исроил бомбардимони ортидан уйлари вайрон бўлган одамлар.

Исроил ва ҲАМАС жангари гуруҳи ўртасида имзоланган сулҳга риоя қилинар экан, Ғазо секторида ҳукумат идоралари қайта очилиши кутилмоқда. Бу ҳақда Фаластин ҳукумати матбуот котиби маълум қилди.

10 май куни ҲАМАС гуруҳи Исроилга ракета отиши ортидан Исроил армияси Ғазони бомбардимон қила бошлади, натижада ҳукумат идоралари фаолияти тўхтаб қолди.

Исроил ҲАМАС гуруҳининг ҳарбий инфратузилмасини нишонга олганини айтаётган бўлса-да, Исроил зарбалари Ғазода кўплаб турар жой ва кўп қаватли бинолар, соғлиқни сақлаш муассасалари ва бошқа жамоат биноларига катта зарар етказди.

Хабарларга кўра, фаластинлик жангарилар ва Исроил ўртасида тинч сулҳига риоя қилинмоқда ва Ғазо секторига илк инсонпарварлик ёрдами етиб борган.

Тарафлар сулҳ битимини 21 май куни Миср воситачилигида имзолади. Миср узоқ муддатли сулҳ битими тузиш учун Исроил ва Фаластин вакиллари учрашувини ташкил қилишга уринаётгани хабар қилинди.

Кун янгиликлари

Тихановская номи Россияда қидирилаётганлар рўйхатидан олиб ташланди

Светлана Тихановская

Россия Ички ишлар вазирлиги беларуслик мухолифатчи Светлана Тихановскаяни қидирилаётган шахслар рўйхатидан ўчириб ташлаган. Бу ҳақда “РИА Новости” агентлиги хабар қилди.

Reuters агентлиги қайдича, бу иш Беларусь томони ташаббусига кўра амалга оширилган. Бу хабар 15 июнь куни – Россия ва АҚШ президентларининг Женевадаги учрашувидан бир кун олдин пайдо бўлди.

Светлана Тихановская Беларуснинг авторитар раҳбари Александр Лукашенкога 2020 йил августидаги президент сайловида асосий рақиб бўлган эди. У овоз бериш якунланганидан кейиноқ оиласи хавфсизлигидан хавотир олиб, Беларусни тарк этган. Ҳозирда у фарзандлари билан Литвада истиқомат қилиб, президент сайлови натижаларига қарши курашни давом эттирмоқда.

Тихановская ўз тарафдорларини оммавий норозилик намойиши ўтказишга чақирганидан кейин Беларусь расмийлари уни қидирилаётган шахслар рўйхатига киритган.

Европа Иттифоқи ва АҚШ Беларусдаги президент сайлови натижаларини тан олишдан бош тортишган, улар Лукашенкони мамлакатнинг сайланган президенти, деб ҳисобламайдилар.

Беларуснинг асосий иттифоқчиси бўлган Россия ҳам Тихановскаяни қидирувдаги шахслар рўйхатига киритганди. Бу ишни Москва Лукашенко режими билан бирдамлик изҳори ўлароқ амалга оширганди.

Байден ва Путин учрашуви арафасида Женевада Навальнийни дастаклаш акцияси ўтказилди

Алексей Навальний акс этган граффити, Женева, 2021 йил 15 июни

Швейцариянинг Женева шаҳрида 15 июнь оқшомида россиялик мухолифатчи Алексей Навальнийни қўллаб-қувватлаш акцияси ўтказилди. Бу шаҳарда чоршанба куни АҚШ президенти Жо Байден билан Россия президенти Владимир Путиннинг музокара ўтказиши режаланган.

Икки президент музокараларида Навальний масаласи ҳам асосий мавзулардан бири бўлиши кутилмоқда. Байден “Катта еттилик” саммитадан кейин журналистлар билан мулоқот чоғида “Навальний вафот этса, дунёнинг барча мамлакатларида Россияга муносабат салбий томонга ўзгаради”, деб айтган ва бу ҳолат ўзининг ҳам Россияга нисбатан муносабати ўзгаришига сабаб бўлишини билдирган.

Кеча Россия нашрларида Москва Жо Байден Владимир Путин билан 16 июнь куни Женевада ўтказилажак учрашув чоғида қамоқдаги мухолифатчи Алексей Навальний ва Беларусдаги вазият мавзуларини кўтаришини кутаётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Бу Путин Навальний ишини муҳокама қилишда иштирок этишга мажбур бўлиши ҳақида Кремль томонидан қилинган илк расмий эътироф бўлди. Сешанба куни Путиннинг ёрдамчиси Юрий Ушаков журналистларга Навальнийнинг аҳволи бўйича АҚШ томонидан “кўп сигналлар” келаётганини маълум қилган.

Бир неча кун аввал Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков Навальний масаласи Байден билан учрашув чоғида муҳокама қилинмаслиги, мухолифатчи Россиядаги колонияда ўтиргани учун бу борада муҳокама қиладиган нарсанинг ўзи йўқлигини билдирганди.

Туркия президенти Эрдўғон Тоғли Қорабоққа борди

Илҳом Алиев ва Эрдўғон (ўнгда) Тоғли-Қорабоғнинг Фузулий туманида. 2021 йил 15 июнь.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон 15 июнь куни Брюсселда ўтган НАТО саммитидан сўнг Озарбайжон пойтахти Бокуга учиб келди. Бу ердан у Арманистоннинг 30 йиллик назоратидан сўнг яна Озарбайжон бошқарувига ўтган Тоғли Қорабоғдаги Фузулий туманига борди. Туманда уни Озарбайжон президенти Илҳом Алиев рафиқаси билан кутиб олди.

Икки давлат раҳбарлари Фузулий туманидан Шуша шаҳрига йўл олишди. Ўтган йили Арманистон ва Озарбайжон ўртасида юз берган урушда Шуша шаҳрининг озарбайжон аскарлари томонидан эгалланиши жангларнинг бурулиш нуқтаси бўлган эди. Шушада Эрдўғон шарафига фахрий қоровул саф тортди.

Шуша шаҳридан бир неча километр узоқликда Россия тинчликпарвар кучларининг пости жойлаштирилган. Россия кучлари мазкур ҳудудга 2020 йилнинг 10 ноябрида Арманистон, Озарбайжон ва Россия ўртасида этишилган шартномага асосан киритилган.

16 июнь куни Эрдўғон ва Алиев Бокуда футбол бўйича Европа чемпионати доирасида ўтадиган Туркия-Уэльс мусобақасини томоша қилади.

Туркия Арманистон билан Тоғли Қорабоғ юзасидан келиб чиққан урушда Озарбайжонни ҳарбий жиҳатдан қўллаб-қувватлади.

Тоғли Қорабоғ халқаро миқёсда Озарбайжон ҳудуди ўлароқ тан олинган. Аммо минтақа 1990 йиллар бошидан 2020 йилнинг ноябрь ойигача этник арман қўшинлари бошқарувида эди.

2020 йилнинг 27 сентябрида Тоғли Қорабоғда Арманистон ва Озарбайжон ўртасида ҳарбий тўқнашувлар бошланиб, 44 кун давом этди. Урушда Боку Тоғли Қорабоғнинг йирик ҳудудини ва унга туташ туманлар устидан назоратни тиклашга муваффақ бўлди.

Канадада покистонлик мусулмон оилани ўлдирган шахсга террорчилик айблови билдирилди

Канадалик 20 ёшли Натаниэл Велтман ҳужумни диний нафрат асосида амалга оширгани билдирилди.

Канада прокуратураси ўз автомашинасида Покистондан кўчиб келган мусулмон оилани босиб кетган ва улардан 4 нафарининг ўлимига сабачи бўлган шахсга террорчилик айблови билдирилиши маълум қилди.

Канадалик 20 ёшли Натаниэл Велтманга бундан ташқари биринчи даражадаги қотилликни амалга ошириш бўйича тўртта айблов ва одам ўлдиришга ҳаракат қилиш бўйича битта айблов қўйилади.

Полициянинг билдиришича, Велтман мусулмон оиласига диний нафрат асосида ҳужум қилган. Мазкур ҳужумни Канада аҳолисининг аоссий қисми қоралади.

Канаданинг Лондон шаҳрида 6 июнь куни 46 ёшли Салмон Афзал, 44 ёшли хотини Мадиҳа Салман, 15 ёшли қизи Юмна ва 74 ёшли онаси Талат Афзал тунги сайр пайтида автомашана воситасида босиб ўлдирилган эди.

Оиланинг 9 ёшли ўғли Файз жиддий жароҳатланган ва касалхонага ётқизилган. Айни пайтда унинг аҳволи барқарор экани билдирилди.

Россияда муҳожирларнинг ноқонуний яшаш муддати 30 сентябргача узайтирилди

Россиядаги меҳнат муҳожирлари.

Президент Владимир Путиннинг фармонига асосан Россияда муҳожирларнинг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг вақтинчалик ёки доимий яшаш муддатлари 2021 йилнинг 30 сентябригача узайтирилди. Бунга коронавирус пандемияси туфайли юзага келган вазият сабаб қилиб кўрсатилди.

Шу кунга қадар Россияда муҳожирларнинг вақтинча яшаш муддати 15 июнгача белгиланган эди. Шу санадан бошлаб Россияни тарк этмаган муҳожирлар ноқонуний яшовчилар сифатида тан олиниши белгиланганди.

Фармонга асосан, 30 сентябргача муҳожирларни Россиядан маъмурий равишда чиқариб юбориш, депортация қилиш, вақтинча қолиш муддатини қисқартириш, қочқинлик мақомидан маҳрум қилиш, вақтинчалик бошпана бериш, илгари берилган визаларни бекор қилиш, ишлашга рухсатнома ва патент бериш тўғрисида қарорлар қабул қилинмайди.

Шундан келиб чиққан ҳолда, 16 июндан бошлаб Россияда яшаш учун қонуний асосларга эга бўлмаган шахслар ўзлари бўлиб турган ҳудуддаги полиция бўлимларига 30 сентябрга қадар мурожаат қилишлари шарт бўлади.

Жаҳондаги энг кекса фазогир Владимир Шаталов вафот этди

Владимир Шаталов коинотга парвоз қилиш арафасида тайёргарликдан ўтаётганида олинган сурат.

Космонавт, икки марта Совет Иттифоқи қаҳрамони Владимир Шаталов 15 июнь куни 93 ёшида вафот этди. У айни пайтда яшаётган жаҳондаги барча фазогирлар орасида энг кексаси эди.

Владимир Шаталов уч марта коинотга парвоз қилган. Биринчи марта 1969 йилнинг 14 январида “Союз-4” кемасида парвоз қилган Шаталов ўз кемасини “Союз-5” ракетаси билан улашга муваффақ бўлган ва илк марта космонавтлар Алексей Елисеев ва Евгений Хрунов “Союз-5”дан очиқ коинот орқали “Союз-4”га кўчиб ўтган.

Иккинчи марта Шаталов 1969 йилнинг октябрида “Союз-8” кемаси командири сифатида космосга учди.

1971 йилда амалга оширилган учинчи парвоз пайтида эса Шаталов "Союз-10" кемасининг командири бўлган. Ўшанда космонавтика тарихида илк маротаба коинот кемаси “Салют” орбитал кемаси билан туташтирилган.

Шаталов 1987 йилдан 1991 йилгача Москва вилоятида Гагарин номидаги космонавтларни тайёрлаш марказига раҳбарлик қилган.

Жаҳон банки Туркманистонни ишончсиз статистика ортидан ўз ҳисоботидан чиқариб юборди

Ашхабодда банкоматдан пул ечиб олиш учун навбатда турганлар.

Жаҳон банки Туркманистонни ишончсиз статистик маълумотларни тақдим этгани учун глобал иқтисодий истиқболлар ҳисоботидан чиқариб юборди. Бу ҳақда Озодлик радиоси туркман хизмати хабар берди. Билдирилишича, Венесуэлага ҳам шундай чора қўлланилган.

Апрель ойида Халқаро валюта жамғармаси ҳам Туркманистон ҳукумати тақдим этаётган статистик маълумотлардан фойдаланишдан воз кечган эди.

Халқаро валюта жамғармаси Туркманистонда 2020 йилда иқтисодиёт 0,8 фоизга ўсганини билдирган. Расмий Ашхабод эса иқтисодиёт 5,9 фоизга ўсганини айтмоқда. Айни пайтда Туркманистон ҳукумати халқаро ташкилотлар келтирган статистик маълумотларни тан олмайди.

Туркманистонда бир неча йилдан бери иқтисодий инқироз давом этмоқда. Бунинг оқибатида мамлакатда озиқ-овқат етишмовчилиги юзага келган, қашшоқлар ва ишсизлар сони кўпайган.

Халқаро молия ташкилотлари бир неча маротаба туркман ҳукуматига иқтисодий сиёсатни қайта кўриб чиқишни тавсия қилган.

Исроил миллатчиларининг Шарқий Қуддусдаги юриши вазиятни издан чиқариши мумкин

Май ойида Фаластин-Исроил щртасидаги низода Ғазода вайрон қилинган мавзе.

Исроил миллатчилари 15 июнь куни Шарқий Қуддусда яҳудий байроқлари билан юриш ўтказишга тайёрланаётгани халқаро ҳамжамият ташвишига сабаб бўлмоқда. Экспертлар мазкур юриш ортидан Исроил ва Ғазодаги фаластинлар ўртасидаги низонинг қайта бошланишига туртки бўлишини айтмоқдалар.

Ўта миллатчи яҳудийлар гуруҳи Шарқий Қуддуснинг мусулмонлар яшовчи мавзеларидан Исроил байроғини кўтариб ўтмоқчи. Фаластинликлар бу юришни “фитна қўзиш” деб баҳолади. Фаластинликларнинг икки йирик ташкилоти-ФАТХ ва ҲАМАС бунга жавобан Ғазода ва Исроил томонидан босиб олинган Ғарбий соҳилда “ғазаб куни” ўтказишга чақирди.

ҲАМАС лидерлари агар юриш амалга оширилса “хавфли оқибатлар бўлиши”дан огоҳлантирди. ҲАМАС ва ФАТХ фаластинликларни миллатчилар юришига тўсқинлик қилиш учун Ғазо орқали маҳаллий вақт билан соат 18да (Тошкент вақти билан соат 19да)Шарқий Қуддусга юриш қилишга чақирди.

Исроилнинг 13 июнда ҳокимиятга келган Нафтали Беннет раҳбарлигидаги янги ҳукумати яҳудий миллатчилар юришини ўтказишга 14 июнь куни рухсат берди.

Байден Украинанинг НАТОга қўшилиш шартларини эълон қилди

Президент Жо Байден Брюсселдаги матбуот анжуманида.

Президент Жо Байден 14 июнь куни Брюсселда НАТО саммити якунланганидан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида Россия агрессияси ортидан Украинанинг НАТОга аъзо бўлиш эҳтимоли ҳақида гапирди. Байденга кўра, НАТОга аъзо бўлиш учун Украина қатор шартларни бажариши лозим.

“Шартлардан бири Украинада коррупцияга барҳам беришдир. Бундан ташқари Украинани аъзоликка қабул қилиш НАТОга айни пайтда аъзо бўлиб турган давлатлар позициясига ҳам боғлиқ. Мен НАТОга аъзо давлатларни бунга кўндириш лозимлигини биламан, бироқ бу осон иш эмас”,-деди Байден.

НАТО саммити якунлари юзасидан эълон қилинган баёнотда Украина ва Грузия келажакда “НАТОга аъзо бўлиши” айтилган. Бироқ бу иш фақат “эришилган ютуқларга” боғлиқ бўлади.

НАТО баёнотида “Россиянинг агрессив ҳаракатлари хавфсизлик ва барқарорликка таҳдид” экани ҳам қайд этилган.

Новосибирскдаги АЁҚШда содир бўлган портлашда 35 киши жабрланди

Новосибирскдаги АЁҚШда содир бўлган ёнғиндан лавҳа, 2021 йил 14 июни

Новосибирскдаги автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчасида 14 июнь куни содир бўлган кучли портлаш ва унинг ортидан юзага келган ёнғин туфайли 35 нафар киши жабрланди. Бу ҳақда ТАСС агентлиги шаҳардаги тезкор хизматлардан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

“Интерфакс” агентлиги хабарига кўра эса, ёқилғи қуйиш чоғида техника хавфсизлиги қоидаларига риоя қилинмагани учун ичида газ тўлдирилган бир неча резервуар портлаб кетган. Аланга 1200 квадрат метр майдонга ёйилган. Ёнғин натижасида АЁҚШда турган бир неча автомобиль ва битта юк машинаси ёниб кетган.

Оқшомга яқин тиббиёт ходимлари жабрланганлардан тўққиз нафарининг аҳволи оғирлиги, яна 12 кишининг аҳволи ўрталигини билдирганлар. Улардан кўпчилиги турли даражада куйган.

Тергов қўмитаси хавфсизлик талабларга жавоб бермаган хизмат кўрсатиш бўйича жиноят иши қўзғатган.

Қирғизистонда қурғоқчилик туфайли фермерлар ҳосилдан ажралиш хавфи остида қолди

Чуй вилоятидаги далалардан бири

Қирғизистонда сув тақчиллиги туфайли қишлоқ хўжалиги соҳасида вазият оғирлашган. Хусусан, Чуй вилояти фермерлари ҳосил бутунлай нобуд бўлиши мумкинлигини айтишмоқда.

Уларга кўра, масъул давлат идоралари муаммони ҳал қилиш учун зарур чораларни кўрмаяпти. Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари ҳалокат ёқасида қолган экин майдонлари акс этган видеороликларни ёйинлашмоқда.

“Фрунзе совхозига сувни буткул тўсиб қўйишди. Қаерга қанча сув кетаётганига оид рақамлардан хабарим йўқ, аммо далаларда аҳвол чатоқ. Агар яқин орада биринчи сувни бермасак, маккажўхоридан айриламиз”, дея ҳикоя қилинади роликлардан бирида.

14 июнь куни Чуй вилоятидаги бир неча қишлоқ фермерлари сув муаммосини ҳал қилиш талаби билан ҳукумат биноси олдида митинг қилишган. Улар сув адолатсиз тақсимланаётганидан ва маҳаллий амалдорларнинг лоқайдлигидан шикоят қилганлар.

Ўша куниёқ бош вазир Улуғбек Марипов Чуй вилоятига борган. Унга кўра, экинларни суғориш билан боғлиқ вазият мураккаб бўлиб, бу масала ечимини имкон қадар тезроқ топиш керак.

“Фермерлар сув етишмаётганини айтиб, бонг уришмоқда. Уларни жуда яши тушунаман. Сув бўлмаса, ҳосил ҳам бўлмайди. Бунга йўл қўймаслигимиз лозим. Муаммо Чуй дарёси ирмоқларида сув камайишидан келиб чиқди. Натижада Катта Чуй канали орқали ғарбий йўналишда сув оқими озайди. Шунга қарамай, деҳқонларни яхши ҳосил кўтариш учун етарли даражада сув билан таъминлашимиз шарт. Бу озиқ-овқат хавфсизлиги масаласидир”, деган У. Марипов.

Сув билан боғлиқ вазият оғирлашгани муносабати билан Қишлоқ, сув хўжалиги ва ҳудудларни ривожлантириш вазирлиги ҳузуридаги Сув захиралари давлат агентлиги директори Алмаз Сокеевга “ҳайфсан” берилган.

Жо Байден Путинни “муносиб рақиб” деб атади

АҚШ президенти Жо Байден

АҚШ президенти Жо Байден Брюсселда НАТО саммити якунланганидан сўнг журналистлар билан учрашувида Россия президенти Владимир Путин билан бўлажак учрашувига доир саволларга ҳам жавоб берди.

Байден икки мамлакат ўртасида ўзаро ҳамкорлик олиб бориш мумкин бўлган соҳалар қолаётганини такрорлаган. У расмий Москва халқаро ахлоқ меъёрларига амал қилиб, умум қабул қилинган демократик қадриятларни ҳурмат қилиши лозимлигини уқтирган. Россиянинг бўйин товлаши АҚШ бундай муносабатга нима билан жавоб қайтаришини ўйлаб топишини англатган бўлур эди.

Алексей Навальнийнинг ўлими қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлиги ҳақидаги саволга Байден: “Навальнийнинг ўлими Россия инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилмаслигининг яна бир белгиси бўлур эди. Ва бу Россиянинг бутун дунё билан ва мен билан алоқаларига зарар беради”, деб жавоб берган.

Путинни “муносиб рақиб” деб атар экан, Байден дунё Россия етакчисидан ўзини бошқача тутишни кутаётганини ва бундан унинг ўзи ҳам манфаатдорлигини идрок этади, дея умид билдирган.

Жо Байден АҚШнинг бошқа мамлакатлар билан фаол ҳамкорликка “қайтган”ини яна бир карра таъкидлаган. Россия ва Хитой эса, унга кўра, трансатлантика бирдамлигига қаршилик қилишга уринмоқда.

Байден иттифоқчиларнинг НАТОга асос солиниши ҳақидаги шартноманинг иттифоқчилардан бирига ҳужум қилиш — барчага ҳужум қилишни англатиши тўғрисидаги 5-моддаси қоидаларига содиқлигини тасдиқлаган.

Саммит доирасида Байден Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан учрашиб, музокаралар “натижа беради”, дея ишонч билдирган. Туркия Россиядан С-400 ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини харид қилиши муносабати билан сўнгги ойларда Анқара билан Вашингтон ўртасида жиддий келишмовчилик вужудга келган эди.

Ғарб мамлакатларида Путинга нисбатан ишонч даражаси пастлигича қолмоқда

Россия президенти Владимир Путин

Ривожланган мамлакатларнинг аксариятида ўтган йил билан солиштирганда халқаро майдондаги лидер ўлароқ Россия президенти Владимир Путинга нисбатан ишонч даражаси пасайган.

АҚШнинг Pew Research социологик фирмаси мутахассислари томонидан сўралган 17 та мамлакат аҳолисининг ўртача 22 фоизигина Путинни халқаро алоқалар соҳасида тўғри қарорлар қабул қиляпти, деб ҳисоблайди.

Россия президентига нисбатан ишонч даражаси, сўров натижаларига кўра, Швецияда энг паст даражада. Бу мамлакатда сўралганларнинг 14 фоизигина Путинга ишонишини билдирган. АҚШда эса респондентларнинг 16 фоизи Россия президентига лидер ўлароқ ишонишини айтган. Путинга ишонч даражаси Греция ва Сингапурда юқори бўлиб, бу мамлакатларда Россия президентини сўралганларнинг 55 фоизи қўллайди.

Pew Research эскпертлари қайдича, 17 мамлакатда сўралганлар орасида ёшлар Путинга катта авлодга нисбатан кўпроқ ишонади. Бошқа сўровларда ҳам ғарблик ёшларнинг 30 ёшдан ошганларга қараганда Россияга ижобий муносабатда экани кўрилган.

Айни пайтда Ғарбнинг етакчи лидерларига нисбатан ривожланган мамлакатларда ишонч даражаси юқорилигича қолмоқда. Дейлик, Германия канцлери Ангела Меркелга сўралганларнинг ўртача 76 фоизи, АҚШ президенти Жо Байденга сўралганларнинг 74 фоизи, Франция президенти Эммануэль Макронга эса сўралганларнинг 61 фоизи ишонч билдирган. Хитой раҳбари Си Цзинпинга нисбатан халқаро лидер ўлароқ ишонч даражаси эса Путинникидан ҳам паст бўлиб, бу кўрсаткич 20 фоизни ташкил қилади.

Собиқ жаҳон чемпиони Александр Поветкин боксни тарк этди

Спортчи профессионал боксда 36 марта ғалаба қозонди, уч марта енгилди ва бир жангни дуранг натижа билан якунлади.

Ўта оғир вазнда бокс бўйича собиқ жаҳон чемпиони Александр Поветкин 14 июнь куни боксни тарк этгани тўғрисида баёнот берди. 41 ёшли боксчи сўнгги жангини март ойида ўтказган ва британиялик Диллиау Уайтга техник нокаут билан мағлуб бўлган эди. Ўшанда Поветкин WBC версияси бўйича чемпионлик камарини Уайтга топширган.

“Мен аллақачон 20 ёшда эмасман. Бундай қарорга келиш осон эмас”,-деди Поветкин.

Спортчи профессионал боксда 36 марта ғалаба қозонди, уч марта енгилди ва бир жангни дуранг натижа билан якунлади.

Поветкин икки маротаба Европа чемпиони, жаҳон чемпиони, Афинада 2004 йилда ўтган Олимпиада чемпиони бўлган. У 2011 йилда у WBA версияси бўйича оғир вазнда жаҳоннинг мутлақ чемпиони бўлган. 2013 йилда у бокснинг беш версияси бўйича чемпионлик мақомини Владимир Кличкога ютқизган.

Поветкин 2016 йилда икки марта допинг-тестларидан ўта олмаган ва вақтинча профессионал боксчилар рейтингидан чиқарилган. Кейинроқ у яна боксга қайтган ва бир нечта ғалабага эришган.

АҚШда ишлаб чиқарилаётган Novavax вакцинаси деярли 90,5 фоиз самара бергани айтилди

Novavax ўз вакцинасини рўйхатга олиш учун кейинги чоракда АҚШ ҳукуматига ариза киритмоқчи.

АҚШнинг Novavax ширкати 14 июнь куни COVID-19га қарши ўзи ишлаб чиқараётган вакцина клиник синовларнинг учинчи босқичида 90,4 фоиз самара берганини маълум қилди. Ширкатнинг билдиришича, клиник синовларда АҚШ ва Мексикада 30 мингга яқин кўнгилли иштирок этган.

Билдирилишича, вакцина коронавируснинг оғир кечишининг юз фоиз олдини олади, яъни синовда иштирок этганларнинг бирортаси коронавируснинг оғир формасига чалинмаган. Вакцина, шунингдек, COVID-19нинг янги штаммлари, жумладан, британча ёки “альфа” штаммига қарши ҳам самара берган.

Novavax ўз вакцинасини рўйхатга олиш учун кейинчи чоракда АҚШ ҳукуматига ариза киритмоқчи. Айни пайтда АҚШда Pfizer-BioNTech, Moderna ва Johnson & Johnson вакциналарига рухсат берилган.

Шу кунгача АҚШда 140 миллион киши, яъни аҳолининг 40 фоизи коронавирусга қарши эмланди. NBC телеканалининг билдиришича, айни пайтда вакцина дефицити кузатилмаётган АҚШ Novavax вакцинасини бошқа давлатларга беминнат ёрдам қатори жўнатиши мумкин.

БМТ: Қирғизистонликлар ойлик даромадининг 70 фоизини озиқ-овқатга сарфламоқда

Бирлашган миллатлар ташкилоти Жаҳон озиқ-овқат дастурининг ҳудудий директори Андреа Баньоли Қирғизистон аҳолиси ойлик даромадининг 70 фоизига озиқ-овқат сотиб олишга мажбур бўлмоқда, деб билдирди.

Унга кўра, аҳолиси 6,5 миллион кишига яқин бўлган Қирғизистонда 2 миллион киши қашшоқликда яшайди.

14 июнда БМТнинг Қирғизистондаги ваколатхонаси расмийлари Бишкекда матбуот анжумани ўтказиб, мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлиги масаласига тўхталишди.

“Икки йилдан бери давом этаётган пандемия шароитида бу вазият янада мураккаблашди. Жаҳонда озиқ-овқат ишлаб чиқариш ривожланганига қарамай, ўта қашшоқ яшаётганлар учун наф бўлмаяпти. Шунинг учун қашшоқларга барчамиз ҳамкорликда кўмак кўрсатишимиз лозим. БМТ Озиқ-овқат дастури бу масалала давлат органлари, жисмоний шахслар ва фуқаролик жамияти билан тиғиз ҳамкорлик қилишга тайёр”,-деди Баньоли.

БМТнинг Бош штаб-квартираси тавсияси билан 2021 йил сентябрда Нью-Йоркда ўтадиган озиқ-овқат хавфсизлигига бағишланган саммит арафасида Қирғизистонда миллий диалог форматида қатор тадбирлар уюштирилади. Мазкур тадбирлардан биринчиси 15 июнда Ўш шаҳрида бўлиб ўтади.

Хитой G7нинг Шинжондаги мусулмонлар ҳуқуқига оид қарорини танқид қилди

Уйғур аёллари Шинжоннинг Хўтан шаҳридаги бозорга кириш учун текширувдан ўтмоқда. 2019 йил 31 май.

Хитойнинг Лондондаги элчихонаси Британия пойтахти Лондонда ўтган Катта еттилик - G7 саммитида Шинжондаги мусулмонлар ва Ҳонконг аҳолиси ҳуқуқларига оид резолюция қабул қилинганини танқид қилди. Хитой элчихонаси баёнотида G7 “сиёсий манипуляция”да айбланади.

Хитой Шинжондаги уйғурлар ва мусулмонларга нисбатан сиёсати туфайли халқаро ҳамжамиятнинг кучли босимига учрамоқда. Айниқса Қўшма Штатлар Хитойни Шинжонда уйғурларни геноцид қилаётганликда айбламоқда.

“Биз ўз қадриятларимизни олға суришда давом этамиз, жумладан, Хитойни Шинжонда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳурмат қилишга, Хитой-Британия қўшма декларациясида қайд этилган Ҳонконг мухториятининг эркинлигини сақлашга чақирамиз”,-дейилади G7 баёнотида.

Хитой томони эса мазкур баёнотга муносабатида: “Катта еттилик сунъий равишда қарама-қаршилик ва баҳс-мунозара келтириб чиқариш ўрнига халқаро ҳамкорликни ривожлантириш масаласига эътибор қаратмоғи лозим”,-деб билдирди.

Байден НАТО саммитида иштирок этмоқда

Байден Британияда ўтган G7 саммитидан НАТО саммитига келди.

АҚШ президенти Жо Байден 14 июнь куни Брюсселга НАТО саммитида иштирок этиш учун келди. Байден аввалги президент Дональд Трамп даврида дарз кетган муносабатларни қайта тиклаш мақсадида Европа бўйлаб сафар қилмоқда.

Байден НАТО саммитида иштирок этиш билан бир қаторда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан ҳам юзма-юз учрашди.

Пандемия туфайли бир неча йилдан бери юзма-юз учрашмаган НАТО раҳбарлари жорий саммитда Афғонистондан ҳарбийларининг олиб чиқилиши, Россия ва Хитойга бўлган муносабат ва мудофаа бюджетини муҳокама қилади.

НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг 14 июнда журналистлар олдида қилган чиқишида Хитой билан “совуқ уруш” йўқлигини, Хитой НАТОнинг рақиби ҳам, душмани ҳам эмаслигини таъкидлади.

“Аммо альянс Хитойнинг ривожланиши ортидан хавфсизлигимизга туғилаётган таҳдидларни келишган ҳолда ҳал этиши лозим”,-деди Столтенберг.

АҚШнинг аввалги президенти Дональд Трамп НАТОдаги ҳамкорларини мунтазам танқид қилиб келган ва альянсдан чиқишини билдирган эди.

Байден G7 “Қўшма Штатлар иттифоқчилари қаторига қайтганини ва муносабатларни қайта тиклашга ҳаракат қилишини айтди.

АҚШ махсус вакили Қозоғистонда Америка ҳарбий базаси очилиши эҳтимоли юзасидан изоҳ берди

Залмай Халилзод

АҚШнинг Афғонистон масалалари бўйича махсус вакили Залмай Халилзод 13 июнь куни ўтказилган онлайн-брифингда Қозоғистонга ташриф буюришдан мақсади ҳақида сўзлади.

Қўшма Штатларнинг Қозоғистондаги элчихонаси маълумотига кўра, элчи “Афғонистон билан тинч музокаралар, АҚШ қўшинларининг олиб чиқиб кетилиши, шунингдек минтақавий алоқалар, савдо ва ҳамкорликни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилиш учун” Қозоғистоннинг юқори мартабали мулозимлари билан учрашади.

Элчига кўра, “АҚШ Марказий Осиё мамлакатларининг суверенитети ва мустақиллигини мустаҳкамлашга интилмоқда, уларнинг ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлайди ҳамда Афғонистонда тинчлик ва муросага эришиш билан боғлиқ вазифаларни ҳал қилишда уларнинг ишончли ва кучли ҳамкори бўлишни хоҳлайди”. Унинг айтишича, бу масалаларга “фақат бирга ҳаракат қилиш билан” ечим топиш мумкин.

“Минтақа, Қозоғистон ва АҚШ хавфсизлиги учун ҳамкорликда ишлашимиз жуда муҳим. Афғон халқи 40 йиллик уруш мобайнида қанча азият чекканини ҳисобга олиб, тинчликка эришиш устида иш олиб бориш тўғри қарор бўлур эди. Қозоғистон дунёда тинчликпарвар мамлакат сифатида танилган”, дея таъкидлаган Халилзод.

15 апрель куни New York Times нашри АҚШ расмийлари минтақадаги базалардан фойдаланиш имкониятлари хусусида Қозоғистон, Ўзбекистон ва Тожикистон ҳукуматлари билан боғланганини хабар қилган эди.

“Озодлик” радиоси қозоқ хизматининг Марказий Осиёда ҳарбий база ташкил қилиш ҳақидаги саволига жавобан Залмай Халилзод “Қўшма Штатлар Афғонистонда тинчлик ўрнатилишига кўмаклашиш ва келгусида уни дастаклашда ҳамкорлик қилиш, АҚШ қўшини мамлакатни тарк этганидан сўнг терроризм таҳдидига қарши биргаликда кураш олиб бориш стратегиясини минтақадаги ва ундан ташқаридаги бошқа давлатлар билан муҳокама қилаётгани”ни маълум қилган.

“Ҳозирда биз муҳокама босқичидамиз. Айтишим керакки, муҳокамалар ижобий, умидбахш бўлди. Бироқ мен бу ерга бирон воқеа ҳақида эълон қилиш ёки муайян мамлакатлар билан аниқ ҳарбий қадамлар бўйича маълум келишувга эришганимизни билдириш учун келганим йўқ, аммо муҳокамалар кенг кўламли бўлиб, алоҳида саъй-ҳаракатларни, шунингдек иқтисодий ривожланиш, гуманитар эҳтиёжлар ҳамда хавфсизлик талабларига оид саъй-ҳаракатларни қамраб олади. Ҳам инсонпарварлик ёрдамлари, ҳам хавфсизлик масалалари тўғрисида гап кетмоқда. Келажакни ўйлаб, мустақил фаолият юритиш ва ўзини ўзи таъминлашда афғон хавфсизлик кучларига кўмаклашиш имкониятларига эга бўлиш, шунингдек потенциал террористик хуружларга биргаликда қарши тура олиш учун бу ишлар қилиняпти, зеро бу бизнинг умумий манфаатларимиздир”, деган ўз жавобида АҚШ махсус вакили.

Афғонистоннинг АҚШ қўшинлари мамлакатни тарк этганидан кейинги тақдири хусусида тўхталаркан, Халилзод “Америка қўшинлари чиқиб кетаяпти, лекин Америка кетмайди”, дея урғулаган ва Афғонистонда вазиятни барқарорлаштиришнинг энг мақбул чораси “низоларни қурол кучи билан эмас, балки сиёсий йўллар билан ҳал қилиш” эканини қўшимча қилган.

Элчи Залмай Халилзод 2018 йил 21 сентябрда АҚШнинг Афғонистондаги махсус вакили этиб тайинланган эди. У 2007 йилдан 2009 йилгача АҚШнинг БМТдаги доимий вакили, 2005 йилдан 2007 йилгача АҚШнинг Ироқдаги элчиси, шунингдек 2003-2005 йилларда АҚШнинг Афғонистондаги элчиси бўлиб ишлаган.

Байден Россия президенти Путин билан очиқча гаплашишга ҳозирлигини билдирди

АҚШ президенти Жо Байден, 2021 йил 13 июни

АҚШ жаҳон аренасига қайтмоқда — 13 июнь куни “Катта еттилик” саммити якунларига бағишланган матбуот анжуманида Қўшма Штатлар президенти Жо Байден ана шундай баёнот берган.

Корнуолл шаҳрида бўлиб ўтган саммит чоғида иқтисодий пешқадам демократик давлатлар раҳбарлари коронавирус пандемиясига қарши кураш, Хитойнинг жаҳон савдосига таъсири ва бошқа қатор масалаларни муҳокама қилишган.

16 июнь куни Женевада Россия президенти Владимир Путин билан бўлажак учрашувидан сўз очаркан, Байден президент бўлиб сайланишидан олдин Россия раҳбарига Америкадаги сайловларга аралашишга уринишларда унинг қўли бор-йўқлигини ўрганмоқчи эканини айтгани ҳақида журналистларга сўзлаб берган.

Байден барча разведка маълумотларидан келиб чиққан ҳолда, Россиянинг АҚШдаги сайлов кампаниясига аралашишига Путиннинг дахли бор, деган хулосага келганини тасдиқлаган.

Жо Байден Қўшма Штатлар низолашиш ниятида эмаслигини, балки Россиянинг, Вашингтон наздида, “халқаро меъёрларга номувофиқ” хатти-ҳаракатларига қарши ечим топишга уринаётганини маълум қилган.

Унинг фикрича, юз бераётган воқеаларни тушуниб олишнинг энг яхши чораси бу бирга учрашиб, мунозара қилишдир. “Муаммоларимиз ҳақида у билан очиқча гаплашишимга шубҳа қилмаслигингизни биламан”, деган Байден.

Россия билан кибержиноятчиларни алмашиш имкониятлари юзасидан изоҳ бераркан, Байден бу масалани муҳокама қилишга тайёрлигини билдирган. У Ливия борасида Россия билан ҳамкорликда иш олиб бориш зарурлигини ҳам айтган.

Журналистларнинг саволларига жавоб бераркан, АҚШ президенти 16 июнь куни Женевада бўлажак икки томонлама учрашувдан сўнг Путин билан қўшма матбуот анжуманида иштирок этишдан бош тортгани сабабини изоҳлаган.

“Матбуот анжумани ким ўзини яхшироқ тутади, ким кимни ноқулай аҳволга солиб қўяди, деган маънодаги мусобақа эмас. Гап менинг муносабатлар қандай шартларда яхшиланишини аниқ-равшан билдириш ниятида эканимда. …Мен учрашув ўз нуқтаи назарим бўйича қандай кечганини айтаман, у ҳам ўз назарида қандай бўлганини сўзлаб беради. Бироқ диққат-эътибор бизнинг қандай қўл беришганимиз-у қандай ҳолатда турганимизга қаратилишини хоҳламайман”, деган Байден.

Исроил: Нетаняҳу даври битди, янги коалицион ҳукумат иш бошлади

Бинямин Нетаняҳу, 2021 йил 13 июни

Исроилда янги коалицион ҳукумат таркиби тасдиқланди. Бу Бинямин Нетаняҳунинг 12 йиллик ҳукмронлиги тугаганини англатади. Собиқ бош вазир Исроилни беш муддат бошқарган, унинг салафларидан ҳеч ким бу қадар узоқ вақт ҳокимият тепасида қололган эмас.

Янги ҳукуматга собиқ мудофаа вазири, ўнг қарашдаги сиёсатчи Нафтали Беннет бошчилик қилади. Коалицион ҳукуматга Яир Лапид етакчилик қилаётган марказчи партия кирган. Томонларнинг келишувига кўра, Беннет икки йил мобайнида бош вазир бўлади, сайловгача қолган икки йил ичида эса ҳукуматни Лапид бошқаради.

Овоз бериш олдидан Беннет Исроил парламенти аъзолари олдида нутқ сўзлаб, Нетаняҳуга узоқ муддатли хизмати учун ташаккур билдирган.

Беннетнинг чиқиши “Ликуд” партияси ва Нетаняҳуга хайрихоҳ бўлган бошқа партиялар депутатларининг қичқириқлари билан бир неча бор бўлиб қўйилган. Ўта ўнгчи бўлган икки диний партиянинг вакиллари “овоз бериш жараёнини бузишга урингани учун” мажлислар залидан чиқариб юборилган.

АҚШнинг Остин шаҳрида номаълум шахс камида 13 кишини ўқотар қуролан яралади

Иллюстратив сурат.

АҚШнинг Техас штати Остин шаҳрида 12 июнда қуролланган шахс тинч аҳолига қарата ўқ отгани оқибатида камида 13 киши яраланди. Полиция ўқ отган шахсни қидирмоқда.

Полициянинг билдиришича, яраланганлардан икки нафарининг аҳқоли ўта оғир. Ҳозирча отишмада ўлганлар тўғрисида маълумот йўқ.

Хабарларда айтилишича, Остиндаги кўнгилочар марказлардан бирида 12 июнь куни маҳаллий вақт билан соат 1:30да номаълум қуролланган шахс дам олаётганларга қарши ўқ отган.

Полиция мазкур ҳужум сабаблари ҳозирча номаълум эканини билдирмоқда.

“Мен жамоат хавфсизлигига ҳозирда хавф йўқ деб айта олмайман, чунки ўқ отишда гумонланувчи ҳали қўлга олинган эмас”,-деди Остин полицияси бошлиғи Жозеф Чакон.

Саудия Арабистони жорий йилда фақат 60 минг фуқаросига Ҳаж қилишга рухсат берди

Ҳажга борган зиёратчилар Арофат тоғида.

Саудия Арабистони жорий йилда коронавирусга қарши эмаланган 60 минг фуқаросига Ҳаж амалини бажаришга рухсат беради. Саудия фуқароси бўлмаган шахслар Ҳажга киритилмайди.

Саудия Арабистони Ҳаж ва Умра вазирлиги 12 июнь куни “Ҳаж амалини бажаришга хроник касалликларга чалинмаган ва коронавирусга қарши эмланган” 18 ёшдан 65 ёшгача бўлган фуқароларга рухсат берилиши ҳақида билдирди.

Жорий йилда Ҳаж мавсуми 17-22 июлга тўғри келади. Саудия Арабистонига пандемияга қадар йилига 2 миллион киши Ҳаж зиёрати учун киритилар эди.

Аммо икки йилдан бери COVID-19 оқибатида Ҳаж зиёратини амалга ошириш чекланган.

Озарбайжон мина далалари харитаси эвазига Арманистонга 15 ҳарбий асирни қайтарди

Тоғли Қорабоғ манзараси.

Озарбайжон ҳукумати Тоғли-Қорабоғдаги мина далалари харитаси эвазига Арманистонга 15 ҳарбий асирни қайтаргани ҳақида баёнот берди.

Арманистон Бош вазири вазифасини бажарувчи Никол Пашинян 12 июнь куни харита эвазига асирлар алмашинганини тасдиқлади.

Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлигининг билдиришича, Арманистондан олинган мина далалари харитасида Тоғли-Қорабоғнинг биргина Ағдам туманида юз мингта мина ўрнатилгани қайд этилган.

Арман асирлари ва хариталар билан алмашиниш Грузия ҳукумати вакиллари иштирокида Озарбайжон-Грузия чегарасида бўлиб ўтган.

Тоғли-Қорабоғ уруши пайтида Озарбайжон томонидан асирга олинган арман ҳарбийлари ва фуқаролари сони ҳозиргача аниқ эмас.

Март ойида Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди ўз ҳисоб-китобича, Озарбайжонда 249 арманистонлик ҳибсда сақланаётгани тўғрисида билдирган.

Аввалроқ Арманистон 2020 йилнинг сентябрь-ноябрь ойларида Тоғли Қорабоғ учун бўлган 6 ҳафталик урушда Озарбайжон қўлга олган 69 ҳарбий асир ватанига қайтаришлгани ҳақида маълум қилган.

АҚШда Пулитцер мукофоти лауреатлари эълон қилинди

New York Times газетаси биноси.

АҚШда Reuters ва Associated Press агентликлари, Atlantic журнали, The New York Times газетаси коронавирус пандемиясини ёритиб боргани учун Пулитцер мукфотига лойиқ топилди.

Бундан ташқари Reuters, Associated Press агентликлари, Los Angeles Times ва Minneapolis Star Tribune газетаси журналистлари афромаерикалик Жорж Флойднинг полициячилар томонидан ўлдирилиши ортидан АҚШдаги ирқий нотенглик масалаларини ёритгани учун мукофотланди.

BuzzFeed гашри эса Хитой ҳукумати томонидан уйғурлар ва бошқа мусулмон миллатларни репрессия қилиш мақсададида ташкил этилган инфратузилма тўғрисидаги журналистик суриштируви учун Пулитцер мукофотини олди.

Пулитцер мукофоти Колумбия университети томонидан топширилади. 1917 йилдан бери ҳар йили топшириб келинадиган Пулитцер мукофоти журналистика соҳасидаги энг нуфузли халқаро мукофот ҳисобланади.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG