Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:46

PhD дипломи қалбаки бўлиб чиққан проректор ишдан олинди


Азамат Акбаров ва унинг қалбаки дипломи.
Азамат Акбаров ва унинг қалбаки дипломи.

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси қошидаги Самарқанд "Ипак Йўли" туризм халқаро университетининг биринчи проректори 43 яшар Азамат Акбаров 7 январда ишдан олинди.

Воқеадан хабардор Самарқанддаги Озодлик мобил мухбирига кўра¸Акбаровнинг илмий даражаси тўғрисидаги Олий аттестация комиссияси (ОАК) тан олган хорижий дипломи қалбаки бўлиб чиққани унинг вазифасидан озод қилиниши учун асос бўлган.

"Ипак Йўли" туризм халқаро университети илмий котибият вакилининг Озодликка айтишича¸ «Акбаровнинг дипломи борасида шубҳа туғилиши билан у 2019 йилнинг декабрида таътилга чиқарилган. Экспертиза хулосаси келгандан кейин университет Акбаров билан меҳнат шартномасини бекор қилган»

Озодлик тасарруфида мавжуд бўлган ҳужжатлар тўпламида дипломнинг қалбаки экани аниқланганини борасида экспертиза хулосаси бор.

Хулосада Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси томонидан ўрнатилган тартибда 2019 йилнинг декабрида илмий экспертизадан ўтказилиб, ОАК раёсатининг 2019 йил 28 февралдаги 262/1-сон қарори билан нострификация қилинган (тан олинган) хорижий фалсафа доктори (PhD) илмий даража дипломи қалбаки эканлиги аниқлангани айтилган.

Экспертиза хулосасида ëзилишича¸ қалбаки диплом Азамат Акбаровга тегишли бўлиб,у 2020 йилнинг 7 январигача Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси қошидаги Самарқанд «Ипак Йўли» туризм халқаро университетининг биринчи проректори лавозимида ишлаб келган.

Ҳужжатларда собиқ проректорнинг PhD илмий даража дипломи Сараево шаҳрида (Босния ва Герцеговина давлати) жойлашган BURCH халқаро университети томонидан берилганлиги кўрсатилган.

Берилган фалсафа доктори илмий даража дипломи биринчи бўлиб «Ипак Йули» туризм халқаро университети Илмий кенгаши котиби томонидан шубҳага олинган эди.

Озодлик мобил мухбири «Ипак Йули» туризм халқаро университети Илмий кенгаши котиби билан суҳбат асносида бу ҳолатга ойдинлик киритди.

«Университетимизда икки ходимда BURCH халқаро университети дипломи бор эди, лекин уларнинг нусхалари бир биридан кескин фарқ қиларди. Бу ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида диплом берган хорижий университетга расмий сўров жунатилди. Университет Азамат Акбаров дипломининг қалбаки эканлигини маълум қилди» деди «Ипак Йули» туризм халқаро университети Илмий кенгаши котиби.

Қалбаки фалсафа доктори илмий даража дипломи эгаси Азамат Акбаровнинг мухбиримиз билан суҳбатда иддао қилишича у 2006 йилдан то 2009 йилгача бир пайтнинг ўзида икки хорижий олий таълим муассасаси: BURCH халқаро университети (Босния ва Герцеговина) ҳамда Ханъянг университети (Жанубий Корея) докторанти сифатида фаолият олиб борган.

Аммо BURCH халқаро университети расмий сайтидаги маълумотга асосан ушбу олий ўқув юрти фақатгина 2008 йилга келиб ташкил топган.

Озодликда BURCH халқаро университети ректори профессор Mershid Poturak томонидан 2019 йилнинг 16 декабрида имзоланган №:01-303/19 сонли жавоб хати нусхаси бор:

«Халқаро BURCH Университети томонидан Азамат Акбаровга ҳеч қачон PhD дипломи берилмаган, ушбу исмдаги шахс бирон марта халқаро BURCH Университети PhD талабаси ҳам бўлган эмас. Бундан ташқари, Халқаро BURCH Университети дипломининг ташқи кўриниши жаноб Акбаровнинг дипломидан фарқ қилади» деб маълумот берилади ушбу расмий мактубда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси расмий вакилининг Озодликка телефон орқали билдиришича, Азамат Акбаровнинг нострификация қилинган дипломининг ҳақиқийлиги бўйича текширув олиб борилган.

Вакилнинг кўшимча қилишича, «Текширув доирасида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига сўров жўнатилган ва вазирлик жавобига асосан тегишли қарор қабул қилинган»

Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёевнинг "Таълим сифатини назорат қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига асосан Ўзбекистонда 2019 йилнинг 1 мартидан бошлаб хорижий давлатларда берилган таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификация қилиш енгиллаштирилган тартибда амалга ошириши белгиланган.

XS
SM
MD
LG