Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 06:26

Қирғизистон. Президент сайловида Садир Жапаров олдинда. Сайловчилар парламент бошқарувига қарши (ВИДЕО)


Қирғизистондаги сайлов участкаларидан бири.
Қирғизистондаги сайлов участкаларидан бири.

Қирғизистонда 10 январь куни президентлик сайлови ва ўлканинг бошқарув формасини танлаш бўйича референдум ўтказилмоқда.

Сайловда миллатчи сиёсатчи Садир Жапаров ҳокимиятни мустаҳкамлашни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.

Сайловчилар бир вақтнинг ўзида ҳам президент сайлайдилар, ҳам президентлик бошқарув тизимига қайтиш масаласида ўз фикрларини изҳор қиладилар.

Марказий сайлов комиссиясининг дастлабки маълумотларига қараганда, сайлов участкаларидаги овозларни электрон санаш ускуналари номзодлар орасида Садир Жапаров олдинда бораётганини кўрсатмоқда.

Бишкек вақти билан соат 21 (Тошкент вақти билан соат20:00)даги кўрсаткичларда қайд этилишича, Садир Жапаровга 79 фоиз овоз берилган.

Президентлик сайловида иштирок этаётган 17 номзод орасида Адахан Мадумаров 6,60 фоиз, Бобуржон Тўлбоев 2, 31 фоиз, Миқтибек Арстанбек 1.66 фоиз, Абдил Сегизбаев - 1.46 фоиз, Имамидин Ташов - 1.19 фоиз овоз олган. Қолган номзодлар олган овозлар сони 1 фоиздан кам.

Қирғизистонда 10 январь куни аҳоли мамлакат бошқарув тизими учун ҳам овоз берди. Электрон ҳисоблаш маълумотларига қараганда, сайловчиларнинг 81 фоизи президентлик бошқарув, 10,78 фоизи парламент бошқаруви учун овоз берган. 4,41 фоиз сайловчи бошқарувнинг ҳар икки тури учун қарши овоз берди.

Электрон ҳисоблаш натижалари ҳали якунланган эмас. Бундан ташқари овозларни қўлда санаш жараёни ҳам бўлади.
Хабарларда айтилишича, соат 18га қадар 3 миллион 563 минг 574 сайловчидан 33 фоизи овоз берган.
Қирғизистон президентлиги учун сайловда 17 номзод курашмоқда. 10 январь куни эрталаб 2 394 сайлов участкаси очилди. Улардан 48таси хориж мамлакатларида жойлашган сайлов участкаларидир.

Айни пайтда сайлов тинч ўтаётгани айтилаётган бўлса-да, кузатувчилар қонунбузарликлар кузатилаётганини маълум қилмоқдалар. Шу вақтгача Марказий сайлов комиссиясига овоз бериш жараёнидаги қонунбузарликлар тўғрисида 60дан ортиқ ариза тушди. Улардан 13таси сайловчилар овозни сотиб олиш билан боғлиқ.

Сайловлар мамлакатда 4 октябрь куни бўлиб ўтган парламент сайловлари ортидан бошланган оммавий тартибсизликларнинг натижасидир.

Норозилик тўлқинига президент Сўўрўнбай Жээнбековнинг укаси етакчилигидаги «Биримдик» ва Раимбек Матраимов оиласига мансуб «Мекеним Қирғизстан» партияларининг сайловда ғалаба қозонгани эълон қилингани сабаб бўлди. Норозиликлардан кўп ўтмай президент Жээнбеков истеъфо берди.

52 ёшли Жапаров тартибсизликлар давомида бошқа бир неча сиёсатчи билан бир қаторда қамоқдан бўшатилди.
Тартибсизликлар ортидан Жапаров бош вазир, кейинроқ эса амалдаги президент этиб тайинланди.

Бунинг ортидан Жапаров қонунийлиги шубҳа остида қолаётган қатор чоралар ёрдамида эски парламент президентлик тизимига қайтиш бўйича референдум ўтказиш масаласида қарор чиқаришига эришди.

Амалдаги қонунларга биноан, вақтинча президент лавозимида ишлаётган шахс кейинчалик ушбу лавозимга сайланиш учун номзодини кўрсата олмайди. Шу сабабдан ноябрь ойида Жапаров президент ва бош вазир лавозимларини бўшатди.

XS
SM
MD
LG