Линклар

Шошилинч хабар
17 январ 2022, Тошкент вақти: 23:30

Халқаро хабарлар

Қирғизистон ҳукумати Афғонистон қирғизларини қишгача тарихий ватанига кўчириб келмоқчи

Норинга кўчириб келинган помирлик қирғизлар. 2017 йилда олинган сурат.

Қирғизистон президенти Садир Жапаров 4 апрель куни Ўш вилояти Олой туманидаги Талдисув қишлоғига Афғонистоннинг Помир тоғидан кўчириб келинган этник қирғизлар билан учрашди.

Президент матбуот хизматининг билдиришича, бу қишлоқда этник қирғизлар учун уйлар қурилмоқда. Шу кунгача 17 оила учун 11та уй қуриб битказилган.

Шунингдек, Олой туманининг Қашқасув қишлоғида ҳам уйлар қурилмоқда. Бу қишлоққа Афғонистон қирғизларининг қолган қисми кўчириб келиниши режалаштирилган.

Садир Жапаров Памир қирғизларининг барчаси жорий йилнинг қишигача Қирғизистонга кўчсириб олиб келиниши ва уй-жой билан таъминланишини ваъда қилди.

Айни пайтда ҳукумат Афғонистоннинг Помир тоғларидан қанча қирғиз кўчириб олиб келиниши ва бунинг учун бюджетдан қанча пул ажратилгани тўғрисидаги маълумотларни билдирган эмас.

Афғонистон қирғизларини тарихий ватанига кўчириш жараёни 2017 йилда бошланган эди. Ўшанда Норин вилоятига 50 нафар помирлик қирғиз кўчирилган. Ўшанда уларнинг кўпчилиги Қирғизистон фуқаролигини ва уй-жой оломагани ортидан афғонистонга қайтиб кетгани хабар қилинган.

Кун янгиликлари

Қозоғистоник фаол Абишев қамоқдан чиққанидан уч ой ўтгач вафот этди

Кенжебек Абишев 2018 йилда қамалган эди.

Қозоғистонлик таниқли ҳуқуқ фаоли Кенжебек Абишев қамоқдан озод этилганидан уч ой ўтгач, 55 ёшида вафот этди.

Фаолнинг турмуш ўртоғи Гулмира Абишева Озодлик радиоси қозоқ хизматига эри 17 январь куни эрталаб юрак ҳуружидан ўлгани ҳақида билдирди. Абишевнинг юрак ҳуружидан вафот этгани тўғрисида “Тез ёрдам” врачлари хулоса берган.

Абишев ва унинг икки ҳамкори 2018 йилда Қозоғистонда тақиқланган “Қозоғистон демократик танлови” партиясига аъзо бўлгани ортидан “жиҳодга тайёргарлик кўриш” айблови билан 7 йилга қамалган эди. Кейинроқ унинг қамоқ муддати 8 ойга қисқартирилганди.

Ўзига билдирилган айбловни судда тан олмаган фаол 2021 йилнинг октябрида муддатидан олдин озодликка чиқарилган эди. У қамоқда ўзига чиқарилган ҳукм ва ҳибсдаги ноинсоний шароитларга норозилик сифатида очлик эълон қилганди.

Лукашенко Украина чегарасида Россия билан ҳамкорликда ҳарбий машғулот ўтказилишини билдирди

Беларус президенти Лукашенко аскарлар олдида нутқ сўзламоқда. 2022 йилнинг 15 январи.

Жорий йилнинг февралида Беларусь Польша ва Украина чегараларида Россия билан ҳамкорликда ҳарбий машғулотларни ўтказади. Бу ҳақда президент Александр Лукашенко 17 январь куни маълум қилди.

Унга кўра, Украина Беларусь билан чегарадош ҳудудларга ўз аскарларини жамлаётгани ташвиш уйғотган.

Лукашенкога кўра, қўшма ҳарбий машқлар ўтказиш масаласи Россия президенти Владимир Путин билан ўтган йилнинг декабрида келишилган. 17 январь куни эса бу машғулотларнинг мақсади ва вазифаси белгиланган.

Ҳозирча машғулотлар айнан қайси саналарда ўтказилиши маълум эмас. Ҳарбий машғулотлар “Иттифоқчилар қатъияти -2022” деб номланган.

Ғарб давлатлари разведкасига кўра, Россия Украина билан чегараларига камида юз минг аскарни олиб келган. Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков бу маълумотни инкор этмади. Аммо у журналистларга берган интервьюсида Украина билан чегараларга рус аскарларининг тўпланаётгани Россия Украинага ҳужум қилишни режалаштираётганини англатмаслигини таъкидлади.

Қирғиз депутати: “Мен президентга ўхшаб солярка ташимаганман. Китоб ўқиганман”

Қирғизистон мухолифати лидерларидан бири Адахан Мадумаров.

Қирғиз парламентидаги “Бутун Қирғизистон” фракцияси лидери Адахан Мадумаров Бош прокуратурага сўроқ бериб чиққанидан сўнг журналистларнинг саволларига жавоб берди. У президент Садир Жапаров ўзи ҳақида гапирган гапларга муносабат билдирар экан, қуйидагиларни айтди:

“Мен Садир Жапаров бош прокурор, суд бўлиб қолганини шу кунгача билмаган эканман. У бир вақтнинг ўзида терговчи бўлиб, барча кишиларнинг ҳаракатларига баҳо бермоқда. Буни маданиятсизлик ва ўта саводсизлик сифатида ҳисоблаш керак. Давлат раҳбари бироз китоб қараб, ўқиб қўйиши лозим. Жиноятчи деб фақат суд ҳукм чиқаради. Ўзлари шундай йўллар билан улғайган одамлар “халқнинг ҳаммаси менга ўхшайди”, деб ўйласа керак. Мен у йигитдан фарқли ўлароқ солярка ташиб улғайган эмасман. Мен банкларни босиб олиб катта бўлмаганман. Мен отамнинг, улуғ кишиларнинг тарбиясини олиб, китоб ўқиб катта бўлганман”, -деди Мадумаров.

Адахан Мадумаров 2009 йилда Хавфсизлик кенгаши котиби бўлиб турган вақтда қирғиз-тожик чегарасига оид протоколни имзолагани ортидан гувоҳ сифатида 17 январда Бош прокуратурага сўроқ берди. Амалдаги ҳокимият мазкур протокол Қирғизистон миллий манфаатларига зид равишда имзоланганини айтиб келади.

17 январь куни “Вечерний Бишкек” нашрига интервью берган президент Садир Жапаров Мадумаров имзолаган протоколни “давлатга хиёнат” тарзида сифатлаган.

Адахан Мадумаров имзолаган протоколга асосан 5 гектар ер Тожикистонга 49 йилга ижарага берилган. Мадумаров бу протокол юридик кучга эга эмаслигини, унга нисбатан сиёсий босим уюштирилаётганини билдирган.

Давлатга хиёнатда айбланаётган Украина собиқ президенти Порошенко Киевга қайтди

Порошенко ўтган йилнинг декабрида Украинадан Польшага чиқиб кетган эди.

Украина собиқ президенти Пётр Порошенко ўзига билдирилган давлатга хиёнат айбловининг асоссизлигини исботлаш мақсадида Польша пойтахти Варшавадан Киевга қайтди. У мазкур айбловни сиёсий буюртма сифатида қабул қилишини билдирган.

“Биз бу ерга Порошенкони ҳимоя қилиш учун эмас, Украинани ҳимоя қилиш учун йиғилдик. Биз Украина кучли эканини ва Путин агрессиясига қарши тура олишини исботлашимиз шарт”,-деди у Киев аэропортига ўзини кутиб олиш учун келган юзлаб тарафдорлари олдида қилган чиқишида.

Порошенко ўтган йилнинг декабрида Украинадан Польшага чиқиб кетган эди. Украина Давлат тергов бюроси 56 ёшли собиқ президентга чақирув қоғозини топширмоқчи бўлганини, аммо у чақирув қоғозини қабул қилиб олишни рад этганини билдирган эди.

Пётр Порошенкога нисбатан 2014-2015 йилларда Донбассдаги россияпараст сепаратчилардан кўмир сотиб олиш ҳолати бўйича “Давлатга хиёнат” моддаси асосида жиноят иши очилганди.

Айни пайтда Порошенко “Европа бирдамлиги” мухолифат партияси лидери ва бу партиядан парламент депутати ҳисобланади.

Чимкентда фаоллар январь воқеалари бўйича жамоатчилик комиссиясини тузишди

Январь воқеалари бўйича жамоатчилик комиссиясини тузган чимкентлик фаоллар гуруҳи, 2022 йил 16 январи

Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида 16 январь куни фаоллар жорий ой бошида мамлакатда юз берган воқеалар юзасидан мустақил комиссия тузилганини эълон қилишди. Улар мамлакат раҳбариятини сиёсий ислоҳотлар ўтказишга ва фуқароларнинг тинч йиғилишларига тўсқинлик қилмасликка чақиришган.

Қарийб 20 кишидан иборат фаоллар гуруҳи 14 январь куни январь воқеаларини тафтиш қилиш бўйича мустақил комиссия тузган олмаоталик жамоатчилик фаоллари ташаббусини қўллаб-қувватлашини билдирган. Олмаота комиссияси қўлга олинганлар, бедарак йўқолганлар, ярадорлар ва ўлдирилганлар ҳақида маълумот йиғиш ҳамда жабрланганлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни ўзининг асосий вазифалари ўлароқ белгилаган.

Чимкентлик фаоллар, прокуратура 225 киши қурбон бўлганини эълон қилган бўлса-да, шаҳарлар бўйича алоҳида маълумот йўқлиги, исм-фамилиялар очиқланмаганига эътибор қаратишган.

Чимкент комиссиясига етти киши раисдош этиб сайланган. Фаоллар бир киши раис этиб белгиланган тақдирда унга босим ўтказишлари муқаррарлигини таъкидлашмоқда.

Комиссия президент Қасим-Жомарт Тоқаев, БМТ ва халқаро ҳуқуқбонлик ташкилотларига мурожаатнома билан чиқиб, унда январь воқеаларини диққат билан тергов қилишга, қўлга олинган фаолларнинг қийноққа солинганига оид маълумотларни ўрганишга, талончилик ва бузғунчилик қилмаган фуқароларни озод этишга, кучишлатар идоралар фаолиятига баҳо беришга чақирган.

“Чимкентда Эргали Қулбаев, Нурлибай Татаев, Карим Ҳайдарбеков, Молдабой Садибеков каби фаоллар жиноий тергов доирасида ушланган. Биз январь воқеалари вақтида улар қаерда бўлишганини биламиз. Чунончи Қулбаев безорилик қилмаган, ҳеч қаерга ўт қўймаган, аксинча, бунақа бебошликка қарши бўлган. Қўлимизда видео ва аудиодалиллар мавжуд”, деган комиссия аъзоси Габит Оразимбетов.

Комиссия аъзолари орасида юристлар ва адвокатлар бор.

Аввалроқ халқаро ҳуқуқбонлик ташкилотлари Қозоғистонда январь ойи бошида кузатилган воқеалар ҳамда қўлга олинганлар тақдири ҳақида маълумот беришда шаффофликнинг йўқлиги юзасидан бир неча бор ташвиш билдирган эдилар.

Назарбоевнинг куёви Кулибаев тадбиркорлар палатаси раиси лавозимидан кетди

Тимур Кулибаев

Қозоғистон собиқ президенти Нурсултон Назарбоевнинг куёви Тимур Кулибаев 17 январь куни “Атамекен” тадбиркорлар палатаси раёсати раиси ваколатларини топширганини очиқлади, дея хабар қилди Озодликнинг қозоқ хизмати.

Миллиардер Кулибаевнинг мазкур мурожаати палата сайти орқали ёйинланган. У 2013 йил сентябридан бери эгаллаб келган раислик лавозимидан нима сабабдан кетганини очиқлаган эмас.

Икки кун муқаддам Назарбоевнинг бошқа икки куёви республика миқёсидаги ширкатлардаги лавозимларидан кетган эди. 15 январь куни “Самрук-Қазина” жамғармаси “ҚазТрансОйл” ширкати раиси Димаш Досанов ҳамда “Қазахгаз” ширкати раиси Қайрат Шарипбаев вазифаларидан бўшатилгани ҳақида маълумот тарқатган.

Қайрат Шарипбаев Назарбоевнинг тўнғич қизи Дариғанинг эри экани айтилади. Димаш Досанов эса Назарбоевнинг кенжа қизи Алиянинг турмуш ўртоғидир. Кулибаев собиқ президентининг ўртанча қизи Динарага уйланган. Кулибаевлар жуфтлиги Марказий Осиёдаги энг бадавлат кишилардан бўлиб ҳисобланади – эр-хотин Forbes журналининг миллиардер рўйхатига киришади.

54 ёшли Тимур Кулибаев Қозоғистонда нефть-газ саноати соҳасидаги энг нуфузли кишилардан бири бўлиб келган. У KAZENERGY нефть-газ ташкилотлари ҳамда энергетика мажмуаси ассоциациясини бошқариб келади. Бундан ташқари, у Россиянинг “Газпром” ширкати директорлар кенгаши аъзоси, Миллий олимпия қўмитаси раиси ҳамда Қозоғистон бокс федерацияси раҳбари бўлиб ҳисобланади.

Ўтган ҳафта Назарбоевнинг халафи бўлмиш президент Қасим-Жомарт Тоқаев мамлакатда юзага келган “норозилик вазияти” учун масъулиятни ҳукумат ва “КазМунайГаз” билан биргаликда “Казахгаз” ширкати зиммасига ҳам юклаган.

Суюлтирилган газ нархи кескин ошишига қарши Қозоғистон ғарбида 2 январь куни бошланган норозилик чиқишлари кейинроқ мамлакатнинг бошқа ҳудудларига ҳам ёйилиб, қатор шаҳарларда тартибсизлик ва қон тўкилишига олиб келган. Озодликнинг қозоқ хизмати хабарига кўра, айрим экспертлар Қозоғистондаги январь воқеалари замирида президент Тоқаев ва Назарбоев тарафдорларининг ҳокимият учун ички кураши ётганига оид тахминларни олға сурмоқдалар.

Собиқ президент Нурсултон Назарбоев ўтган йилнинг 28 декабридан буён оммага кўриниш бергани йўқ. У мамлакатда кузатилган кенг кўламли норозилик чиқишлари юзасидан ҳеч қанақа изоҳ берган эмас. Элбошининг матбуот котиби иддаосига кўра, Назарбоев Қозоғистонни тарк этгани йўқ, у пойтахтда бўлиб, Хавфсизлик кенгаши раҳбари ваколатини президент Тоқаевга топшириш қарорини ҳам шахсан ўзи қабул қилган.

Мухолифатчи Алексей Навальний Россияга қайтганига бир йил тўлди

Алексей Навальний Москвадаги Шереметьево аэропортида, 2021 йил 17 январи

Бундан роппа-роса бир йил муқаддам – 2021 йилнинг 17 январь куни россиялик мухолифатчи Алексей Навальний “Новичок” жанговар кимёвий моддаси билан заҳарланганидан сўнг узоқ вақт Германияда даволаниб, Москвага қайтган эди.

Навальний тушган учоқ Шереметьево аэропортига мажбуран қўндирилган, сиёсатчи эса чегара назоратидан ўтар-ўтмас ҳибсга олинган. Мухолифатчи ўшандан бери тутқунликда: дастлаб ҳибсда сақланган бўлса, кейинроқ 2014 йилги жиноят иши (бу ишни Европа суди ғайриҳуқуқий деб топган) доирасида колонияга йўлланган.

Навальнийнинг қамоққа олиниши Россиянинг кўплаб шаҳарларида норозилик чиқишларига сабаб бўлган. Ҳукумат расмий рухсатсиз намойишлардан Навальний тарафдорларини оммавий қатағон қилиш йўлида фойдаланган. 23 ва 31 январдаги митингларда ўн мингдан зиёд киши ҳибсга олиниб, 100 дан зиёд жиноят иши очилган. Мухолифатчини дастаклаган ўнлаб одам ҳануз қамоқда қолмоқда.

Ўтган бир йил давомида сиёсатчининг штаблари ва у ташкил қилган Коррупцияга қарши кураш фонди “экстремистик ташкилотлар” деб топилган. Бу ташкилотларнинг ўнлаб аъзоси ё қамоқда, ё хорижга чиқиб кетишга мажбур бўлган. Навальнийнинг ўзига қарши яна бир неча жиноят иши очилган.

Ғарб мамлакатлари Навальний таъқиб этилишига жавобан Россияга жиддий санкциялар қўллаш билан таҳдид қилишган, лекин пировардида мухолифатчининг заҳарланишида гумондорлар ўлароқ кўрилаётган бир неча жисмоний шахс ва ташкилотга нисбатан санкциялар жорий этиш билан кифояланишган.

Навальний, The Insider ва Bellingcat томонидан бир неча ОАВ билан ҳамкорликда олиб борилган суриштирув натижаларига ва Россия ФСБ ходими деб ишонилган Константин Кудрявцев маълумотларига таяниб, ўзининг заҳарланишида президент Владимир Путинни айблаб чиққан. Кремль бу айбловни рад этиб келади.

Навальний қамалишига бир йил тўлиши арафасида АҚШ Конгрессининг Хельсинки гуруҳи вакиллари баёнот эълон қилишган. Унда айтилишича, “агар Путин Навальний тимсолида ўз ҳокимиятига жиддий хавф кўрмаганида уни қаматмаган бўлур эди. Навальний ва унинг жамоаси Путин ва ҳамтовоқларининг ноқонуний бойликларини фош этишда муҳим рол ўйнаган. Шунинг ўзи улар нега таъқиб этилаётганини тушуниш учун етарлидир”.

Американинг CNN телеканали ва HBO Max стриминг хизмати “Навальний” номли ҳужжатли фильмни анонс қилган. “Оғу доим из қолдиради” слоганли мазкур фильм “ўз ватанида ислоҳотлар ўтказиш учун ҳамма нарсасидан кечишга тайёр жасур ва зиддиятли шахс”га бағишлангани айтилмоқда.

Украинада матбуот нашрларининг украин тилида чиқишини мажбурий қилувчи қонун кучга кирди

Киевда 2019 йили олинган сурат

Украинада жорий йилнинг 16 январидан давлат ва минтақавий матбуот нашрлари ноширларига украин тилида чиқиш мажбуриятини юкловчи қонун кучга кирди. Ўз маҳсулотии бошқа тилларда, масалан рус тилида чоп қилиш ман этилмайди, бироқ бу ҳуқуқдан фойдаланмоқчи бўлган ноширлар худди шунча ададда украин тилида ҳам маҳсулот чиқариши лозим бўлади.

Бу каби талаб маҳаллий ОАВга нисбатан ҳам 2024 йилнинг 16 июлидан кеч бўлмаган муддатда кучга киради. У Украинанинг туб халқлари тилларида, шунингдек, инглиз ва ЕИнинг бошқа расмий тилларида чоп қилинадиган нашрларга дахлдор бўлмайди.

Бундан ташқари 2022 йилнинг 16 июлидан компьютер дастурлари интерфейслари ҳамда расмий сайтлар ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларда украин тилидан фойдаланиш мажбурий бўлади.

Украинадаги рус тилида чиқадиган газеталарнинг сўнггиси бўлмиш “Вести” нашри, dpa нашри хабарига кўра, жорий йилнинг 10 январидан украин тилига ўтган.

Байден Техасдаги синагогада кишилар гаровга олинишига оид ҳодисани теракт деб атади

АҚШ президенти Жо Байден Техас штатининг Колливилл шаҳридаги синагогада шанба куни ибодатга келагн кишиларнинг гаровга олинишини “террорчилик хуружи” деб атади. Тўрт киши гаровга олинган ибодатхонага Федерал тергов бюроси (ФТБ) ходимлари томонидан штурм қилиниши оқибатида қуролли ҳужумчи ҳалок бўлган. Якшанба куни унинг Малик Файсал Акром исмли Британия фуқароси экани маълум бўлган.

Терговчилар ҳали ҳужумчининг ҳаракатга ундаган асл сабабларни билмайди. Бироқ президент Байден ҳам, вице-президент Камала Харрис ҳам бу борада баёнот билан чиқишиб, антисемитизм қоралаганлар ва тоқатсизлик асосидаги жиноятлар билан курашишга ваъда берганлар.

Синагогадаги кишилар гаровда ўн соатчи ушлаб турилган. Улардан бири олти соатдан кейин ҳужумчининг полиция билан музокаралари ортидан қўйиб юборилган. Ҳужумчи ҳарбийлар ва ФТБ агентларини ўлдиришга қасдланганлик айблови билан АҚШда узоқ муддатли қамоқ жазосини ўтаётган покистонлик Аафия Сиддиқийнинг укаси эканини иддао қилган. Бироқ Сиддиқийнинг адвокати Акром унинг яқини эмаслигини таъкидлаган.

Байденга кўра, кишиларни гаровга олган шахс аввал террорчилик учун судланган бир кишини қамоқдан озод қилишни талаб қилган – афтидан, бу ерда гап айнан Сиддиқий ҳақида бормоқда.

2018 йил октябрида Пенсильвания штатининг Питтсбург шаҳрида антисемит Роберт Бауэрснинг синагогага уюштирган қуролли ҳужуми натижасида 11 киши ўлдирилган эди.

Нидерландия қироли қулдорлик рамзига айланган олтин каретадан фойдаланишдан воз кечди

Нидерландия қиролининг олтин каретаси.

Нидерландия қироли Виллем-Александер кўпчиликнинг наздида ирқчилик рамзига айланган анъанавий олтин каретадан фойдаланишдан воз кечди.

Карета XIX асрнинг охирларида тайёрланган эди. Унда қора танли ва осиёлик одамларнинг тасвирлари мавжуд.

Тасвирлардан бирида қора танли шахс Нидерландияни тамсил этувчи оқ танли аёлга тиз чўккан ҳолда како ва шакарқамиш узатаётгани акс этган. Суратда оқ танли аёл билан ёнма-ён турган оқ танли эркак эса Европа ирқига мансуб бўлмаган одамларга тамаддун рамзи ўлароқ китоб узатаётгани тасвирланган.

Қирол мамлакат аҳолисининг асосий қисми Нидерландия колониал тарихини тамсил этувчи мазкур суратларни ҳақоратли деб ҳисоблашини эътироф этди.

Қиролнинг олтин каретаси асосан парламент йиғилишларининг очилиш маросимида қўлланилган, аммо 2015 йилдан бери ундан фойдаланилмаган.

XVII асрда Нидерландия Индонезия, Жанубий Африка ва Жанубий Америкада кўплаб ҳудудларни босиб олган ва трансатлантика қул бозорида асосий ўйинчилардан бири бўлган эди.

Ўтган йили Амстердам мэри шаҳарнинг қул савдосига қўшган ҳиссаси учун жаҳон ҳамжамиятидан узр сўраган эди. Бу эса давлат номидан узр сўрашдан бош тортган бош вазир ва шаҳар мэри ўртасида қарама-қаршиликларни келтириб чиқарган.

Европада COVID-19 муносабати билан жорий этилган чекловларга қарши норозилик намоийшлари бўлиб ўтди

Парижда 15 январь куни ўтказилган намойиш.

Европанинг бир неча шаҳрида 15 январь куни коронавирусга қарши пандемия муносабати билан ҳукуматлар қабул қилган чекловларга қаши норозилик намойишлари бўлиб ўтди.

Римда мажбурий вакцинацияга қаршилар кўчага чиқди. Ҳукумат 50 ёшдан юқори барча фуқаролар мажбурий эмланиши шартлиги тўғрисида қарор қабул қилган эди.

Парижда эса парламент томонидан COVID-паспортларнинг жорий этилиши тўғрисидаги қонун норозиликларга сабаб бўлди. Мазкур қонун лойиҳасида эмланмаган аҳолининг жамият фаолиятида иштирок этиши тақиқланади.

Мухолифат қонун инсон ҳуқуқларини бузмоқда, деб ҳисоблайди.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти Европада коронавируснинг тез тарқалувчи “омикрон” штамми билан бир ярим ой ичида аҳолининг ярмидан кўпи касалланишини прогноз қилмоқда.

Расман билдирилишича, 2022 йилнинг икки ҳафтасида 16 миллион кишида коронавирус аниқланган, беморлардан 40 минг киши вафот этган.

АҚШнинг Техас штатида гаровга олинган 4 киши озод этилди

Иллюстратив сурат.

АҚШнинг Техас штатида 15 январь куни синагогада гаровга олинган 4 киши соғ-саломат қутқариб олингани тўғрисида губернатор Грег Эбботт маълум қилди.

Полициянинг билдиришича, “Ал Қоида” террор гуруҳига алоқадорликда айбланган покистонлик аёл Аафия Сиддиқни қамоқдан бўшатишни талаб қилган шахс маҳаллий аҳолидан 4 кишини гаровга олган. У куч ишлатар тузилмалар ходимларига қаршилик кўрсатган.

Полиция раҳбари Майкл Миллер журналистларга “одамларни гаровга олган шахс ҳалок бўлди”, деб билдирди. Воқеа синагогадаги ибдоат пайтида юз берган.

2010 йили Афғонистонда америкалик аскарларни ўлдиришга ҳаракат қилган деган айблов билан 86 йилга қамалган покистонлик нейробиолог Аафия Сиддиқ жазони Техасдаги қамоқхонада ўтамоқда.

АҚШ Федерал тергов бюроси синагогада кишиларни гаровга олган шахснинг Сиддиқ билан қандай алоқада бўлгани тергов якунланганидан сўнг билдирилишини маълум қилди. Тергов глобал миқёсда олиб борилади.

Қозоғистондаги воқеаларда камида 225 киши ҳалок бўлди

Олмаота, 2020 йилнинг 5 январи.

Қозоғистондаги сўнгги норозилик акциялари ва тартибсизликлар пайтида ҳалок бўлган камида 225 кишининг жасади ўликхоналарга топширилган. Бу ҳақда Бош прокуратура расмийси Серик Шалабаев 15 январь куни кечқурун ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.

“Ҳалок бўлганларнинг бир қисми терактларда иштирок этган, иморатлар ва ҳуқуқ-тартибот ходимларга ҳужум қилган бандитлардир. Қазо бўлганлар орасида 19 нафар полициячи ва ҳарбий бор”,-деди Шалабаев.

Бош прокуратура расмийси тартибсизликлар пайтида жами 4578 киши жабрланганини, улардан 4353 нафари яраланганини айтди.

“Яраланганларнинг 3393 нафари ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларидир”,-деди Шалабаев.

У айни пайтда ҳалок бўлганлар ва яраланганлар тўғрисидаги маълумот аниқлаштирилаётганини, мазкур рақамлар яна ўзгариши мумкинлигини таъкидлади.

9 январда Қозоғистон ахборот ва жамият тараққиёти вазирлиги тартибсизликларда жами 164 киши ўлганини билдирган. Бироқ кейинроқ бу маълумотни Соғлиқни сақлаш вазирлиги рад этганди.

АҚШ: Россия Украина шарқида кенг кўламли провокация тайёрлаётган бўлиши мумкин

Қўшма Штатлар Россия Украинага бостириб киришга баҳона топиш учун бу мамлакат ҳудудида махсус тайёрланган ходимлар ёрдамида кенг кўламли провокацияга ҳозирлик кўраётгани ҳақида маълумотга эга.

Бу ҳақда CNN канали АҚШ маъмуриятидаги манбаасига таяниб хабар берди.

Кейинроқ Оқ уй матбуот котиби Жен Псаки брифингда бу маълумотни тасдиқлади.

Псаки сўзларига кўра, Вашингтон қўлида Россияда ўқитилган одамлар шаҳар амалиётлари ва Донбассда россияпараст кучларга қарши қўпорувчилик қилиш учун портловчи моддалардан фойдаланиш бўйича ўқитилгани ҳақида далиллар бор.

Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков АҚШ расмийларининг Украинага қарши провокациялар тайёрлагани ҳақидаги айбловларини қуйидагича изоҳлади:

“Ҳозиргача бу баёнотларнинг барчаси асоссиз бўлиб келган ва ҳеч нарса билан тасдиқланмаган”, - деди Песков

АҚШнинг Миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи Жэк Салливан пайшанба куни бўлиб ўтган брифингда разведка маълумотларига ишора қилганди.

“Бизнинг разведкамиз Россиянинг босқинчилик учун баҳона тўқиш имкониятига замин яратаётгани ҳақидаги маълумотни текширмоқда”, - деганди Салливан ва бундай сценарий 2014 йилда ҳам кузатилганини таъкидлаган. "Улар бунга яна тайёргарлик кўришмоқда ва биз қўшимча маълумотларни кейинги кунда билиб оламиз", деб қўшимча қилди маслаҳатчи.

Навальнийнинг яна икки сафдоши Россияда "террорчи ва экстремистлар" рўйхатига киритилди

"Росфинмониторинг" сиёсатчи Алексей Навальнийнинг сафдошлари Иван Жданов ва Леонид Волковни "экстремистик ёки терроризмга алоқадор" деб кўрилган ташкилотлар ва шахслар рўйхатига киритди.

"Росфинмониторинг" рўйхатига экстремистик ва террористик фаолиятда гумон қилинган, айбланган ёки судланган шахслар киради.

Ушбу рўйхатга киритилган шахсларга банк операцияларини амалга ошириш имконияти чекланган.

Банклар рўйхатдаги шахсларнинг ҳисобларини блоклаб қўяди, шу сабабли улар карта билан ҳеч қандай операцияларни амалга ошира олмайди, кредит ололмайди ёки ишга кира олмайди, деб ёзади “ОВД-Инфо”.

Навальний асос солган Коррупцияга қарши кураш фонди ва Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамғармаси 2021 йил 10 августда экстремистик ташкилотлар рўйхатига киритилган.

2021 йил июн ойи бошида сиёсатчининг ушбу икки фонди Москва шаҳар суди томонидан экстремистик деб топилди.

Ўтган йил сентабр ойи охирида Тергов қўмитаси Алексей Навальнийга қарши экстремистик ташкилот тузиш ва унга раҳбарлик қилиш (Жиноят кодексининг 282. 1-моддаси 1-қисми) бўйича жиноий иш қўзғатган эди.

Леонид Волков ва Иван Жданов ҳам худди шу ишда иштирок этмоқда.

“Экстремистик ҳамжамият” тузилгани ишида Навальнийнинг Уфадаги штаб-квартирасининг собиқ раҳбари Лилия Чанйшева ҳибсга олинган эди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG