Линклар

Шошилинч хабар
15 май 2021, Тошкент вақти: 07:21

Қозоғистон ИИВ: 80 га яқин киши 1 март кунги митингларда қўлга олинди


Полиция ходимлари митинг иштирокчиларидан бирини қўлга олиб, полиция бўлимига олиб кетиш учун машинага ўтиришга мажбурламоқда. Олмаота, 2020, 1 март.

Қозоғистон полициясининг 1 март куни митингларнинг “олдини олиш” тадбирлари давомида полиция органларига “80 га яқин киши келтирилди”. Бу ҳақда мамлакат Ички ишлар вазири Ерлан Тургумбаев душанба куни баёнот берди.

Қозоғистон ички ишлар вазирининг душанба куни журналистларга айтишича, ҳуқуқ фаоли Дулат Агадилнинг қўлга олинганидан саноқли соатлар ўтиб қамоқда мавҳум бир ҳолатда ҳалок бўлгани муносабати билан мухолиф гуруҳларнинг 1 март куни митинг ўтказиш ҳақидаги эълони ортидан полициянинг митингларнинг “олдини олиш”га қаратилган уринишлари натижасида полиция органларига “80 га яқин киши келтирилган”.

«Қўлга олинганларнинг деярли барчаси профилактик суҳбатдан кейин қўйиб юборилган», — деди Тургумбаев ва бир киши жаримага тортилгани, уч нафари ҳибсга олинганини, икки нафари “полицияга қаршилик кўрсатиш” айблови, яна бир киши – “рухсат этилмаган митингни ташкиллаштириш” айблови билан панжара ортига ўтказилганини маълум қилди.

1 март кунги митинглар иштирокчиларининг асосан Олмаота, Нур-Султон, шунингдек, Чимкент, Актўбе ва Атирауда қўлга олингани эҳтимоли юқори. Бир неча қўлга олинганлар ҳақида Уральскдаги мухбирлар хабар беришди. Одамларни асосан улар шаҳар ҳокимиятлари бинолари ва майдонларига келиш уриниши пайтида ушлашди, атрофдаги кўчалар участкалари эса полиция томонидан ўраб олинган. Кўплаб фаолларни уйидан чиққан пайтда ушлаб кетишган.


Тинч намойишчиларнинг қўлга олиниши ҳақидаги маълумотларни чоп этаётган ҳуқуқ ҳимоячилари ва фаоллар, камида 144 киши 1 март куни норозилик митинглари муносабати билан қўлга олингани ва таъқибга учраган митинглар ўтказилиши борасида хорижда яшаётган мухолиф сиёсатчи Мухтор Аблязов, унинг “Қозоғистон Демократик танлови” ҳаракати (ДТҲ Қозоғистон суди томонидан “экстремистик” ташкилот деб тан олинган, Европарламент резолюциясида у “тинч мухолиф ҳаракати” деб аталади) ва улар томонидан дастакланадиган «Кўше партияси» якшанба куни кечқурун хабар қилишди.

1 март куни ҳокимиятлар бинолари қаршисида йиғилиш чақириғини «Oyan, Qazaqstan» ва «Respublika» ҳаракатлари ҳам илгари суришди.

Вазир Тургумбаев полиция хулосасига кўра, “ўткир юрак етишмовчилигидан” ҳалок бўлган фаол Дулат Агадил ўлими тўғрисида сўз айтмаган.

29 февраль куни Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев маҳаллий Informburo янгиликлар сайтига берган интервьюсида полиция илгари сурган хулосани деярли қўллаб-қувватлади, ваҳоланки, фаолнинг ўлими тўғрисидаги хабардан кейин бутун мамлакат бўйлаб бўлиб ўтган мотам акцияси ва норозиликлар иштирокчилари бу хулосанинг тўғрилигига шубҳа билдиришганди.

Ўтган ҳафта одамлар полиция, прокуратура ва ҳокимиятлар бинолари олдида тўпланиб, 22 февраль куни маъмурий қамоққа олинган намойиш иштирокчиларнинг барчасини озод қилиш талаби билан йиғилишди. Ҳуқуқ ҳимоячилари ва фаоллар бир неча марта расмийларнинг ўлим сабаби сифатида “ўткир юрак етишмовчилиги” борасидаги версиясига ишонмасликларини баён қилишди.

Норозилик намойишларига чиқаётган одамларнинг айтишларича, расмийларнинг сўзларига ишонишмайди, улар изолятордаги ўлим учун масъулиятни расмийлар зиммасига юкламоқдалар, мамлакат сиёсий раҳбариятини истеъфога чиқиши ва собиқ президент Нурсултон Назарбоевни нуфузли Хавфсизлик Кенгаши лавозимидан кетишини талаб қилувчи чақириқлар янграмоқда.

XS
SM
MD
LG