Линклар

Шошилинч хабар
04 август 2021, Тошкент вақти: 11:58

Қозоғистон, Покистон ва Франция раҳбарлари жосуслик дастури орқали кузатилган бўлиши мумкин


Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев.

20 июль куни Исроил ширкати ишлаб чиққан «Pegasus» жосуслик дастури воситасида нишонга олинган минглаб одам орасида ўндан зиёд амалдаги ёки собиқ давлат раҳбарлари борлиги ўртага чиқди.

“Amnesty International” ва яна 17 глобал оммавий ахборот воситаси ўтказган суриштирув натижаларига кўра, Исроилнинг NSO Group жосуслик ширкати мижозлари томонидан нишонга олинган 14 нафар амалдаги ёки собиқ дунё раҳбари орасида Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Покистон Бош вазири Имран Хон ва Франция президенти Эммануэль Макрон бор.

Шунингдек, жосуслик дастури ёрдамига амалга оширилган ҳужум нишонлари орасида Жанубий Африка президенти Сирил Рамафоса, Ироқ президенти Барҳам Солиҳ ва Марокаш қироли Муҳаммад VI ҳам бор.

2016 йилдан бери NSO Group мижозлари томонидан «Pegasus» тизимига 50 мингта телефон рақами киритилган.

Буни тасдиқловчи ҳужжатлар “Amnesty International” ва Парижда жойлашган “Forbidden Stories” ташкилоти билан улашилган. Икки ташкилот ҳужжатларни глобал нашрлар консорциуми билан улашган. Гуруҳ суриштирув ўтказиб, унинг натижаларини 18 июль куни эълон қила бошлади.

“The Washington Post” нашрининг ёзишича, жосуслик нишони ўлароқ хуфиёна рўйхатга киритилганлар орасида 189 нафар журналист, 600 дан ортиқ сиёсатчи ва давлат амалдори, камида 65 та тадбиркор, 85 та ҳуқуқ ҳимоячиси ва бир нечта давлат раҳбари бор. Рўйхатга киритилган журналистлар орасида Озодлик, “The Associated Press”, “Reuters”, CNN, “The Wall Street Journal”, “Le Monde” ва “The Financial Times” каби нашрларда ишлаётган журналистлар бор.

«Бизга ушбу яширин хакерлик ҳужуми нишонлари орасида фаоллар ва журналистлар борлиги ҳақида узоқ вақтдан бери маълум эди, аммо ҳокимиятнинг энг юқори табақасидагилар ҳам NSO жосуслик дастури чангалидан қочиб қутула олмаган», деб ёзди “Amnesty International” раҳбари Аньес Калламар “Twitter”да.

«Pegasus – ҳуқуқ ва эркинликларга, адолат ва қонун устуворлигига таҳдид солувчи қурол. Шунингдек, бу ҳукуматлар томонидан бошқа давлат ҳудудидаги шахсларни нишонга олиш учун қўлланиладиган қурол», дея қўшимча қилди у.

Бир неча автократик тузумлар, шунингдек, демократик ҳукуматлар ҳам NSO ширкатининг “Pegasus” дастуридан бутун дунё бўйлаб журналистлар, расмийлар ва ҳуқуқ фаолларига тегишли смартфонларни бузиб кириш учун фойдаланган.

NSO Group мижозлари орасида Озарбайжон, Баҳрайн, Венгрия, Ҳиндистон, Индонезия, Қозоғистон, Мексика, Марокаш, Руанда, Саудия Арабистони, Того ва Бирлашган Араб Амирликлари ҳукуматлари ҳам бор.

Шов-шувли хабарлар тарқалар экан, NSO бирор қонунбузарликка қўл урганини рад этди.

Хусусий ширкатнинг таъкидлашича, у ишлаб чиққан дастур жиноятчилар ва террорчиларга қарши фойдаланиш учун мўлжалланган ва фақат инсон ҳуқуқлари яхши ҳимоя қилинадиган мамлакатларнинг ҳарбий, ҳуқуқ-тартибот ва разведка идораларига сотилади.

Муайян телефон рақами рўйхатга киритилгани унинг эгаси қурилмасига бузиб кириш уриниши бўлгани, дегани эмас. Шундай бўлса-да, суриштирув ўтказган консорциум қўлга киритилган маълумотлар рўйхатга киритилганлар орасида NSO ширкати дастурини харид қилган ҳукуматлар нишонга олмоқчи бўлган потенциал нишонлар борлигини кўрсатишини хулоса қилди.

Аксарият сиёсий раҳбарлар рақиб давлатлар томонидан нишонга олинган кўринади. Бироқ баъзи ҳолларда, масалан, Қозоғистонда улар ўз мамлакатлари ичидаги манбалар томонидан нишонга олинган.

Қозоғистонда тузилган рўйхатдаги энг юқори лавозимли шахслар орасида мамлакатнинг амалдаги президенти Тўқаев ва бош вазир Асқар Мамин борлиги аниқланган. Шунингдек, 2019 йил февралигача Бош вазир бўлган Бақитжан Сагинтаев ҳам рўйхатга киритилган. Уларнинг телефонлари хакерлик ҳужумига учраганми ёки улар шунчаки нишон сифатида рўйхатга киритилганми, номаълум бўлиб қолмоқда.

Тўқаев 2017 ва 2018 йилларда рўйхатга киритилган. Ўша пайтда у президент бўлмаган. Аммо у мамлакатнинг узоқ йиллик ҳукмдори Нурсултон Назарбоевдан кейинги 2-рақамли амалдор бўлган. Назарбоев уни 2019 йил март ойида ўз вориси сифатида танлади.

Далиллар, шунингдек, Покистон Бош вазирини рақиб Ҳиндистон нишонга олганини кўрсатган. Имрон Хон 2018 йилда Бош вазир бўлганидан кейин унинг кузатиш давом этганми ёки йўқми, аниқ эмас.

Ҳиндистонда жосуслик дастури ёрдамида сиёсатчилар кузатилгани ошкор бўлиши ортидан мухолифат тергов ўтказишни талаб қилди.

Асосий мухолифат партияси ҳисобланувчи «Конгресс партияси» вакили Шактисин Гохил Бош вазир Нарендра Моди ҳукумати “Pegasus” дастури ёрдамида ўнлаб сиёсатчи, журналист, фаол ва танқидчини кузатганми ёки йўқ, аниқ айтиши кераклигини таъкидлади.

Тахминан 300 рақамнинг эгаси шахси халқаро консорциум томонидан тасдиқланган. Улар орасида Модининг асосий сиёсий рақиби, «Конгресс» партияси аъзоси Раҳул Ганди ҳам бор. Ҳиндистон ҳукумати бу айбловларни рад этди.

Франция прокуратураси журналистик суриштирувлар эълон қилинадиган вебсайт мухбирлари “Pegasus” дастури ёрдамида кузатилгани ҳақидаги даъволар бўйича тергов бошлади.

Франциядаги тергов доирасида 10 айблов кўриб чиқилади, жумладан, шахсий электрон қурилмаларни ноқонуний тарзда бузиб кириш ва жиноий уюшмага аъзо бўлиш айбловлари. Бу ҳақда Париж прокуратураси 20 июль куни маълум қилди.

“Le Monde” газетаси 20 июль куни Макрон ва бошқа бир қатор юқори лавозимли ҳукумат амалдори Марокаш номидан кузатилгани ҳақида хабар берганидан кейин, тергов аҳамияти янада ошди.

Тергов бошлангани тўғрисида эълон қилинишидан бир кун олдин “Mediapart” вебсайти Марокаш махфий хизматларини жосуслик дастуридан фойдаланиб, икки мухбирининг мобил телефонларини кузатганликда айблаб, судга шикоят қилган эди.

Марокаш бу айбловларни «асоссиз ва ёлғон» деб атаб, рад этди.

Парижда жойлашган Чегара билмас мухбирлар (Reporters sans frontières, RSF) ва Франция ва Марокаш фуқаролигига эга икки журналист ҳам 20 июль куни прокуратурага мурожаат қилди. Улар прокуратурани журналистларни мақсадли таъқиб қилганларни ва уларнинг шерикларини аниқлашга чорладилар.

RSF нишонга олинган журналистлар билан биргаликда бошқа мамлакатларга ҳам шу каби шикоятларни юбориш ниятида эканини маълум қилди.

«Биз NSO Group содир этган жинояти ва келтириб чиқарган фожиалари учун судланишини таъминлаш учун барча чорани кўрамиз», деди RSF бош котиби Кристоф Делоир.

Венгрия мухолифат қонунчилари эса Бош вазир Виктор Орбан ҳукумати дастурдан танқидий журналистлар, сиёсатчилар ва ишбилармонларни кузатиш учун фойдаланган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги даъволарни текширишга чақиришди.

Венгрияда жойлашган “Direkt36” нашри 300 дан ортиқ Венгрия фуқаросининг телефони потенциал ҳужумга учрагани аниқланганини хабар қилди. “Amnesty International” ташкилоти ўз мутахассислари жосуслик дастури муваффақиятли равишда ўрнатилган бир нечта ҳолатни тасдиқлаганини билдирди.

«Венгрия ҳукумати “Pegasus” лойиҳаси томонидан эълон қилинган сўнгги хабарларга зудлик билан мазмунли жавоб бериши ва журналистлар, ишбилармонлар ва бошқалар яширин кузатув қилинаётганида хабардор бўлгани ёки бунга рухсат берганини очиқлаши керак», деди “Amnesty Hungary” директори Дэвид Виг.

«Венгриянинг кузатув чоралари узоқ вақтдан бери хавотирга сабаб бўлиб келади».

Европа Иттифоқи Орбанни эркин матбуот ва инсон ҳуқуқларини чеклашни кўзловчи қатор қонунлар билан демократияга путур етказишда айблаб келади. Аммо унинг ҳукумати “Pegasus” дастуридан фойдаланганини кескин рад этди.

“Pegasus” ҳужумчиларга “iPhone” ва Android қурилмаларни бузиб кириб, телефон қўнғироқларини яширинча ёзиб бориш, SMS мактублар, фотосуратлар, электрон почта хабарлари ва паролларни кўчириб олиш, GPS маълумотларини кузатиб бориш ва микрофон ҳамда камераларни ёқиш имконини беради.

XS
SM
MD
LG