Линклар

Шошилинч хабар
29 сентябр 2021, Тошкент вақти: 07:36

Ҳибсдаги собиқ губернатор Фургалнинг ўғли катта сиёсатга кирмоқда


Сергей Фургалнинг ўғли Антон Давлат Думаси депутатлигига номзодини қўйишини эълон қилди.

Хабаровск ўлкасида оммавий намойишлар бошланганига бир йил ўтиб, собиқ губернатор Сергей Фургалнинг ҳибс муддати узайтирилди. Ўтган йили айнан унинг қамоққа олиниши хабаровликларни ғазаблантирган ва кўчаларга чиқишга мажбур қилган эди. Бу намойишлар, аввалги кўламда бўлмаса-да, ҳамон давом этмоқда.

Сергей Фургал 2000-йиллар бошида, бизнес билан шуғулланиб юрган вақтларида қатор буюртма қотилликларни уюштирганликда гумонланмоқда. Фургал кўпдан бери сиёсат майдонида эди ва шу узоқ давр мобайнида унга нисбатан ҳеч қанақа айблов қўйилмаган: 2007—2018 йилларда у ЛДПРдан Давлат Думаси депутати бўлган, кейин эса “Единая Россия” номзодини мағлуб этиб Хабаровск ўлкаси губернатори этиб сайланган.

Фургал тарафдорлари унинг иқтидордаги партия номзодини сайловда тор-мор этгани (27.97 фоизга қарши 69.57 фоиз) Кремлни қаттиқ ранжитганини айтадилар. Губернаторлик лавозимига ўтиргач, тез орада ўлкада унинг рейтинги президентникидан ошиб кетиши эса оловга мой қуйди гўё. Шу тариқа, икки йил губернатор бўлиб ишлагач, Фургални қамоққа олишди. Айблов унинг собиқ бизнес ҳамкори Николай Мистрюковнинг кўрсатувларига асосланади.

Хабаровск ўлкасининг собиқ губернатори Сергей Фургал Москвадаги маҳкамада - 3 сентябрь, 2020
Хабаровск ўлкасининг собиқ губернатори Сергей Фургал Москвадаги маҳкамада - 3 сентябрь, 2020

Ўтган ҳафтада Сергейнинг ўғли Антон Фургал Давлат Думаси депутатлигига номзодини қўйишини эълон қилди. Тўғрироғи, у “отасига хиёнат қилган” ЛДПРни тарк этган мустақил номзод сифатида сайловда қатнашмоқчи.

Антон Фургал 29 ёшда, Тинч океан давлат университетини тамомлаган, хусусий тадбиркорлик билан шуғулланади.

“Озодлик” рус хизмати билан суҳбатда у отасининг ҳибсда сақланиш муддати узайтирилганини сентябрь ойига белгиланган сайловлар билан боғлайди. Унинг фикрича, ҳукумат отасининг сиёсий обрўсидан хавфсираб, “эҳтиёт шарт” қабилида иш тутмоқда. Қолаверса, отасининг Хабаровскда, маслаҳатчилар судида очиқ суд қилиш талаби ҳам шу важдан рад этиляпти, деб ҳисоблайди.

“Буни сиёсий буюртма деб биламан, – дейди у Кремлнинг отасига муносабати сабабларига тўхталаркан. – Бу ишлар 2018 йилги губернаторлик сайлови пайтида бошланганди. Унга таҳдид қилишган, қанақадир компромат топишга уринишган... Чунки отамнинг ғалабаси собиқ губернатор ва унинг москвалик хўжайинларининг барча режаларини чиппакка чиқарди.”

Унинг айтишича, отаси билан юз берган воқеалардан сўнг Хабаровскда ЛДПРнинг обрўси “яксон бўлган”. Антон, нафақат ўзи, балки деярли барча хабаровскликлар ЛДПР партияси ўз вакилини сотди, деб ҳисоблашларини айтади. Айни пайтда, ўлкада партия аъзолари ёппасига унинг сафини тарк этмоқда.

– Сергей Фургал икки йиллик губернаторлик фаолияти давомида нима ишлар қилиб, ўлка аҳолисининг бу қадар муҳаббатини қозонган?

– Аввало, у “тайинланган” губернатор бўлмади, сайловларда ҳалол ғалаба қозонди. Лавозимга ўтиргач, ўлка бюджети тақчиллигини уч карра камайтирди, амалдорларнинг харажатларини кесди, туманлар раҳбарлигига сайлов ўтказиш амалиётини қайтарди. Халққа яқин эди, одамларнинг ижтимоий-маиший муаммоларини шахсан ўрганиб, ёрдам бериб юрарди, – дейди Антон Фургал.

У мустақил номзод сифатида сайлов комиссияси рўйхатидан ўтиш учун 4 августга қадар 15.5 мингта имзо тўплаши лозим.

“Бу осон эмас, лекин ҳамюртларим мени қўллаб-қувватлашидан умидворман. Агар ҳукумат бирор баҳона билан мени сайловолди курашидан четлаштиришга ҳаракат қилса, ўзига зарар – Хабаровскдаги намойишлар қайта авж олади”, дейди у.

XS
SM
MD
LG