Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 22:26

Ўз жонига қасд қилиш болтиқбўйи давлатларида одатий ҳолга айланмоқда


Статистика маълумотлари шуни кўрсатмоқдаки, Болтиқбўйи давлатларида кишилар орасида ўз жонига қасд қилиш ҳоллари Европадагиина эмас, балки жаҳондаги бошқа давлатлардагига қараганда ҳам энг кўп кузатилмоқда. Давлат статистика марказидан олинган маълумотларга кўра ўтган йили Литвада бу билан боғлиқ 1533 ҳолат кузатилган. Яъни бу умумий ўлим ҳолатларининг тўрт фоизини ташкил қилади. Янада аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, 2001 йил давомида Литвада ҳар юз минг кишининг 44 нафари ўз жонига қасд қилган. Агар вазиятни бошқа Европа давлатлари билан солиштирадиган бўлсак, бор йўғи уч ярим миллион аҳолига эга Литва учун бу кўрсаткич анча кўп демакдир. Болтиқбўйи минтақасининг қолган икки давлатида ҳам шунга ўхшаш манзарани кузатиш мумкин. Яъни, Эстония ва Латвияда жонига қасд қилаётганлар сони ҳар 100000 кишига 33, 34тадан тўғри келмоқда. Бироқ таҳлилчиларни бошқа нарса, нима сабабдан бошқа пост совет давлатларига қараганда анча ривожланган Болтиқбўйи худудларида ўз жонига қасд қилиш холлари тобора авж олмоқда деган савол ўйлантираётган кўринади. Вильнюс Университети профессори Данут Галиен бу ҳусусда иккита китоб ёзиб тугатган. Унинг айтишича, ўз жонига қасд қилиш холлари илгари Литвада жуда кам учраган. Ҳар 100000 минг кишига 5, 9 ҳолат тўғри келган холос. Фақат 1960 йилга келиб бу кўрсаткич бироз кўтарилиб қолди. Совет раҳбари Горбачев бошлаб берган қайта қуриш, 1986-90 йиллар оралиғида давом этган мустақиллик учун кураш даври мобайнида Литвада аҳоли орасида ўзини ўзи ўлдириш ҳолатлари деярли кузатилмади. Бироқ, 1991 йилда Болтиқбўйи давлатлари мустақилликка эришиши билан вазият яна ёмон томонга ўзгара бошлади. 1996 йилга келиб бу кўрсаткич энг юқори чўққига бориб етди. Яъни, биргина Литвада ўша йили аҳоли орасида ўз жонига қасд қилиш билан боғлиқ 1723 ҳолат қайд этилди. Профессор Данут Галиеннинг айтишича, Литвада ўз жонига қасд қилаётганларнинг аксар кўпчилигини эркаклар ташкил қилади. Ўтган йили бу борадаги умумий холатнинг 82 фоизи эркакларга тўғри келган. Шунингдек, бошқа жойлардаги каби Болтиқбўйи давлатларида ҳам ўзини-ўзи ўлдириш холлари асосан тараққиётдан олисдаги қишлоқ жойларида кузатилмоқда.

"Ўз жонига қасд қилаётганларнинг аксариятини ўрта ёшдаги, яъни 40-60 оралиғидаги кишилар ташкил этади. Бундай ҳолатлар шаҳардан кўра қишлоқ жойларида кўпроқ кузатилмоқда. Бунга асосан ичкилик сабаб бўлаётир", - дея сўзини давом эттиради литвалик профессор.

Галиеннинг айтишича, Литвада жонига қасд қилиш ҳолатларининг 60-70 фоизи ичкилик туфайли содир этилмоқда. Горбачев даврида спиртли ичимликларига жорий этилган чекловлар туфайли Литвада жонига қасд қилишлар кескин камайганини бунга мисол қилиб кўрсатади Вильнюс универтитети профессори.

Қўшни Латвияда ҳам айни манзарани кузатиш мумкин. Рига Фанлар академиясининг рухшунослик бўйича етакчи мутахассиси Елмарс Ранкансга кўра, Латвия ва Эстонияликлар орасида ўз жонига қасд қилиш билан боғлиқ ҳолат Литвадагига ўхшаб кетади. "Сўнгги ўн йил ичида, - дейди у, - бу кўрсаткич икки баробар ошган. 1993 йилга келиб Латишлар орасида ўз жонига қасд қилишлар ҳар 100000 кишига 42дан тўғри келган. Эстонияда эса 1994 йилда 1562 киши ўз ҳаётига ўзи нуқта қўйишга мажбур бўлган". Таллиндаги Эстон-Швед cоциология институти раҳбари Аири Варникнинг радиомизга маълум қилишича, бошқа болтиқбўйи давлатларидаги каби Эстонияда ҳам ўз жонига қасд қилиш холатлари асосан, ичкилик туфайли содир бўлмоқда ва уларнинг аксариятини эркаклар ташкил қилади.
"Ўз жонига қасд қилиш ҳоллари Болтиқбўйи давлатларида, аввалам бор эркаклар ҳисобига тобора авж олмокда. Эркаклар орасида ўзини ўзи ўлдириш ҳоллари аёлларга қараганда тўрт-беш баробар ошган", - дейди эстониялик таҳлилчи.

Варник бунинг сабаларини гендер мувозанатининг йўқлиги билан изоҳлайди. Унинг айтишича оилани юргизиш аввалам бор эркаклар зиммасига тушган. Мураккаб вазиятга тушиб қолган эркаклар учун ундан чиқишнинг бирдан бир йўли - ўзини ўзи ўлдириш бўлиб қолаётир. Вильнюс университети профессори Галиенга кўра, мустақиллик йилларида вужудга келган иқтисодий мураккабликлар ва кам таъминланган аҳолининг ижтимоий муҳофазаланмагани сабаб жонига қасд қилишлар кескин ошди.

"Одамлар ўзгаришларга руҳий жиҳатдан тайёр эмас эди. Улар учун ижтимоий фалаж холатдан қутилишнинг бошқа иложи бўлмади. Қолаверса, қийин вазиятга тушиб қолган кишиларга давлат ва бошқа муассасалар томонидан ёрдам кўрсатилмади, уларга эътибор қаратилмади. Шунга қарамай, -дея сўзини давом эттиради кузатувчи, - бу ҳолатнинг олдини олса бўлади. Бироқ энг катта муаммо шундаки, инсонлар жонга қасд қилишга ҳаётнинг нормал ҳодисаси сифатида қарашади. Яккаланиб қолган қўшнилар ҳолидан хабар олиш Болтиқбўйи халқлари учун ёт нарса. Бу омилларнинг бари инсонлар ўз ҳаётига ўзлари зомин бўлишларига сабаб бўлди", - дея сўзини якунлайди литвалик кузатувчи.
XS
SM
MD
LG