Линклар

Шошилинч хабар
28 июн 2022, Тошкент вақти: 20:20

Халқаро хабарлар

14 майдан 15инчига ўтар кечаси Қозоғистоннинг Павлодар шаҳри болалар уйининг тўрт ходими ва икки тарбияланувчиси ўлдирилди.

Павлодар шаҳри полицияси мазкур болалар уйининг тарбияланувчиларидан уч болани қотилликда гумон қилиб қўлга олди. Улар қотиллик изларини йўқотиш мақсадида болалар уйини ёқиб юборишга ҳаракат қилаётганларида қўлга олиндилар.

Кун янгиликлари

Москва суди таниқли мухолифатчи Илья Яшинни 15 сутка қамоққа ҳукм қилди

Илья Яшин Кремль сиёсатини танқид қилаётган таниқли мухолифатчидир.

Москванинг Хамовник туман суди мухолифатчи сиёсатчи Илья Яшинни полиция ходимлари талабига бўйсунмаганликда айбдор деб топди ва 15 сутка маъмурий қамоқ жазосига ҳукм қилди.

Яшин Россиянинг энг таниқли мухолифатчи сиёсатчиларидан бири бўлиб, у Россияни принципиал тарзда тарк этмай, Кремль Украинага уруш очганини очиқдан-очиқ танқид қилиб келмоқда.

Озодлик радиоси рус хизматининг ёзишича, Яшиннинг қўлга олиниши апрель ойида сиёсатчи Владимир Кара-Мурзанинг қўлга олинишига ўхшашдир. Кейинроқ Кара-Мурза Россия армияси тўғрисида ёлғон маълумот тарқатганликда айбланган ва унга нисбатан жиноят иши очилган. Айни пайтда у қамоқда сақланмоқда.

Илья Яшин 28 июнь куни Москвадаги парклардан бирида журналист Ирина Баблоян билан сайр қилиб юрганида полиция томонидан ушлаб кетилган. Баблоян ўз Телеграм-каналида Яшин полициячилар томонидан ҳеч бир изоҳсиз олиб кетилганинин қайд этган.

Май ойида Москвадаги туман судларидан бири Яшинга Россия Қуролли кучларини “обрўсизлантирганлик”ка оид иш бўйича 90 минг рубль (1600 АҚШ доллари) миқдорида жарима тайин қилган эди. Ўшанда у ўз телеграм-каналида, жумладан, америкалик хиппилар Вьетнамдаги урушга қарши норозилик билдираётган фотосурат илова қилинмиш постни ёйинлаганликда айбдор деб топилган эди.

Рамзан Қодировга “Стоматология соҳасидаги хизматлари учун” ордени берилди

Рамзан Қодиров ўттиздан ортиқ орден ва медаллар билан тақдирланган.

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировга I-даражали “Стоматология соҳасидаги хизматлари учун” ордени берилди.

Россия Стоматологлар ассоциацияси қарори билан бериладиган мазкур орден Қодировга Грознийдаги 1-сонли стоматология поликлиникасининг янги биноси очилиши маросимида топширилди. Бунга жавобан Қодиров поликлиниканинг бош врачи Юнус Умаровни Чеченистоннинг олий мукофоти – Қодиров ордени билан тақдирлади.

Озодлик лойиҳаси бўлган Кавказ.Реалии нашри шу муносабат билан Рамзан Қодиров тақдирланган орденлар ҳақида ҳам маълумот берди.

Нашрнинг ёзишича, бундан аввал Қодиров Россия жазони ўташ тизимини мустаҳкамлагани учун, инсон ҳуқуқлари ҳимоясига қўшган ҳиссаси учун, парламентаризмни ривожлагнтиршига қўшган ҳиссаси учун, агросаноатни, қонунчиликни ва давлат қурилишини мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси учун каби медаллар билан мукофотланган.

Ўтган йили соғлиқни сақлаш ва тиббиётни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун Қодиров “Авиценна” ордени билан тақдирланган.

Жами Рамзан Қодиров ўттиздан ортиқ орден ва медаллар билан тақдирланган.

Amnesty International: Литвада мигрантларга ноинсоний муносабатда бўлинмоқда

Вильнюс яқинидаги Руднинкай лагеридаги қочқинлар.

Amnesty International халқаро ташкилоти Литвадаги қочқинлар лагерларида сақланаётган Камерун, Конго, Ироқ, Нигерия, Сурия ва Шри-Ланкадан келган мигрантлар ҳаётини ўрганди.

Ташкилот бу борада 27 июнда эълон қилган ҳисоботида Литвада мигрантларга ноинсоний ва қўпол муносабатда бўлинаётганини маълум қилди. Ҳисоботда таъкидланишича, мигрантлар зўравонликларга ва ирқичликка дуч келмоқда.

Amnesty International мигрантларнинг кўпчилиги лагерларга мажбурий равишда жойлаштирилганини, улар ҳукуматга сиёсий бошпана сўраб мурожаат қилиш ҳуқуқидан маҳрум қилинганини таъкидлайди. Айрим мигрантлар эса калтакланганлари, ҳақорат қилинганларини айтганлар, шунингдек, мигрантлар яшайдиган лагерларда санитария шароити ночор, тиббий ёрдам тўлиқ кўрсатилмайди.

Мигрантлар жойлаштирилган қочқинлар лагерларидан бири аввал қамоқхона биноси бўлган, яна бир лагерь эса стадионда ташкил қилинган. Юзлаб мигрантлар юк ташишга мўлжалланган контейнерларда яшамоқда.

Amnesty International Европа Иттифоқи Литванинг миграция қонунчилигини Европа стандартларига мослаштирилишига эътибор қаратмаётганини танқид қилган.

АҚШнинг Техас штатида фурадан 46 мигрантнинг жасади топилди

Сан-Антонио шаҳридаги воқеа жойи.

АҚШнинг Техас штатидаги Сан-Антонио шаҳри яқинида йўлда қолдирилиб кетилган фурадан 46 мигрантнинг жасади топилди. Расмийлар бу Америкада одам савдоси билан боғлиқ энг катта фожеа эканини айтмоқдалар.

Фурадан топилган яна 16 киши, жумладан, тўрт ўсмир касалхонага олиб кетилди. Улар 39 даража иссиқда кўп қолиб кетгани оқибатида ҳолсизланиб қолган.

АҚШ ва Мексика чегарасидан 250 километр узоқликда жойлашган Сан-Антонио шаҳри одам савдосининг асосий йўналишларидан биридир.

Бунга қадар ҳам мазкур ҳудудда бу каби воқеалар қайд этилган. Жумладан, 2017 йилда бу ерда трактор прицепидан 11 мигрантнинг жасади топилган эди.

Сўнги пайтларда Мексикадан АҚШга ноқонуний миграция кўлами кучайиб кетди. Бунинг оқибатида АҚШ президентининг миграцияга оид сиёсати жамоатчилик танқидига учрамоқда.

Владимир Путин Душанбега расмий сафар билан боради

Владимир Путин ва Эмомали Раҳмон.

Россия президенти Владимир Путин 28 июнь куни бир кунлик расмий сафар билан Душанбега келади. Бу Украинада уруш бошланганидан бери Путиннинг илк хориж сафаридир.

Тожикистон ҳукуматининг билдиришича, президентлар Владимир Путин ва Эмомали Раҳмон юзма-юз учрашади, кенгайтирилган делегациялар ўртасида музокаралар ўтказилмайди. Путин ва Раҳмон икки томонлама ҳамкорлик масалаларини ва Афғонистондаги вазиятни муҳокама қилади.

Тожикистон президенти матбуот котиби Абдуфаттоҳ Шарифзода Озодлик радиоси тожик хизматига учрашув якунлари бўйича ҳеч қандай ҳужжат имзоланмаслигини айтди. “Бу ишчи сафар бўлиб, тмонлар “1+1” форматида учрашади”,-деди у.

Россия президенти Юрий Ушаков эса Путин Раҳмон билан учрашувда ҳарбий-техник ҳамкорликни ва миграция мавзусини муҳокама қилишини айтди.

Душанбе сафаридан сўнг Путин Ашхободга йўл олади. Бу ерда у Озарбайжон, Қозоғистон, Эрон ва Туркманистон лидерлари билан Каспий бўйи давлатлари саммитида иштирок этади.

Жонсон Россия олимларини Британияга кўчиб ўтишга чақирди

Британия Бош вазири Борис Жонсон.

Британия Бош вазири Борис Жонсон президент Путин сиёсатидан норози бўлаётган россиялик олимларни Бирлашган Қиролликка кўчиб келишга чақирди.

The Guardian газетасининг ёзишича, Жонсон Баварияда ўтган G7 саммитида сўзлаган нутқида: «Путиннинг зўравонлигига ташвиш билан қараётган ва Россияда ўзини хавфсиз сезмаётган олимлар ва тадқиқотчилар: сизлар дадиллик билан Британияга кўчиб ўтишга ариза беришингиз ҳамда очиқликни, эркинликни қадрият деб билган, илмга интилаётган мамлакатда ишлашингиз мумин», - деб айтди.

Жонсоннинг айтишича, айни пайтда Украина ва Британия университетлари ҳамкорлигини кенгайтириш лойиҳаси ишга туширилган. Мазкур лойиҳа доирасида Британияга 130 украин олими келади. Лойиҳанинг умумий қиймати 10 миллион фунт стерлингга кўпайтирилган.

Дастлаб бу лойиҳа учун 3 миллион фунт стерлинг ажратилганди. Британия Бош вазири ҳудди шундай ҳамкорликни Россия олимларига таклиф қилмоқда.

АҚШ баскетбол юлдузи Гринер Россияда 10 йилга қамалиши мумкин

Москва вилоятидаги Химки шаҳар суди АҚШ баскетбол юлдузи Бритни Гринер ишини кўриб чиқиш 1 июлдан бошланишини маълум қилди. Икки марта олимпиада чемпиони бўлган Бритни Гринер Россияда наркотикларни ноқонуний сақлаш ва контрабанда қилишда айбланмоқда. Мазкур айблов билан у 10 йилгача қамалиши мумкин.

Бритни Гринер жорий йил февралида Москвага келганида Шереметьево аэропортида божхоначилар унинг багажидан таркибида кўкнори мойи бўлган электрон сигаретлар катрижи топилганини билдирганди.

У Россия Украинага бостириб кирган 24 февраль куни қўлга олинган эди. Унга нисбатан қамоқда сақлаш эҳтиёт чораси қўлланилган.

Гринернинг қамоққа олиниши ортидан матбуотда турли таҳминлар пайдо бўлди. Баъзи таҳминларга қараганда, Москва Гринерни АҚШда қамоқда сақланаётган айрим маҳбусларга алмаштиришни режалаштираётган бўлиши эҳтимол. Масалан, апрель ойида Россия АҚШ собиқ ҳарбийси Тревор Ридни наркотик савдосига алоқадорликда гумонланиб АҚШда қамоқда сақланаётган рус учувчисига алмаштирган.

Айни пайтда Россияда АҚШ собиқ ҳарбийси Пол Уилан жосусликда айбланиб қамоқда сақланмоқда. Вашингтон Уланга Москва томонидан қўйилган айблов асоссиз эканини билдирган.

НАТО Европадаги тезкор кучлари сони кескин оширилишини маълум қилди

Йенс Столтенберг

НАТО мамлакатлари ташкилотнинг шарқий қанотидаги қўшинлари миқдорини кескин оширишни режаламоқда. Шимолий Атлантика альянси бош котиби Йенс Столтенберг 27 июнь куни Брюсселда ўтказилган матбуот анжуманида ана шундай баёнот берди.

Столтенбергга кўра, НАТО шарқий чегараларидаги ҳарбийлари сонини ҳозирги 40 мингдан 300 минг нафаргача кўпайтиради. Европадаги айрим ҳарбий тузилмалар кенгайтирилиб, бир неча минг аскарга эга жанговар бўлинмалар – бригадаларга айлантирилиши мумкин. Мазкур қарор Европа хавфсизлигига Россия тарафидан бўлаётган таҳдидларга бевосита боғлиқдир.

“Аминманки, Москва ҳамда шахсан президент Путин бизда коллектив хавфсизлик кафолатлари мавжудлигини билишади, НАТОга аъзо мамлакатга ҳужум қилиш оқибатларини яхши тушунишади. Бир мамлакатга ҳужум бўлган тақдирда бутун альянс жавоб чораларини кўради. Биз йўлланажак мужданинг жиддийлигини урғулаш мақсадида шарқий ҳудудлардаги аскарларимиз сонини оширяпмиз”, деган НАТО бош котиби.

Янги стратегия концепцияси НАТОнинг 28 июнь куни Мадридда очилажак саммитида муҳокама қилинади. Ушбу чоралар қабул қилинган тақдирда НАТОнинг Европадаги ҳарбий қудрати Совуқ уруш давридан бери энг юқори даражага етади.

НАТОнинг тезкор кучлари ерусти, ҳаво ҳамда денгиз қўшинларини ўз ичига олади. Россия 2014 йилда Қримни аннексия қилганидан сўнг Европада улар сони маҳаллий армияларнинг аскар ва зобитлари билан бирга 13 мингдан 40 минг нафарга етказилган эди. Россия Украинага қарши кенг кўламли уруш бошлаганидан сўнг кўплаб бўлинмалар илк бор жанговар шайлик ҳолатига келтирилган. НАТО жанговар гуруҳлари ҳозирда Эстония, Литва, Латвия ҳамда Польшада мавжуд. Уларни, шунингдек, Болгария, Венгрия, Руминия ва Словакияга ҳам жойлаштириш режаланган.

Би-би-си ҳарбий таҳлилчиси Жонатан Бил қайдича, тезкор кучларга мансуб бўлинмаларни 15 дақиқа ичида жанговар шай ҳолатга келтириш мумкин.

Литва муассасалари Россия тарафидан ялпи киберҳужумга учради

Литвадаги давлат муассасалари ва хусусий ташкилотлар 27 июнь куни киберҳужумлардан зарар кўрган. Бу ҳақда Литва Киберхавфсизлик миллий маркази баёнот берди.

Марказ қайдича, хусусан, Давлат солиқ инспекцияси, Миграция департаменти, шунингдек транспорт ширкатлари ва бир неча ОАВ сайтлари ишламаган.

Киберхавфсизлик миллий маркази директори Йонас Скардинскасга кўра, ҳужумлар Россиядан туриб амалга оширилган. Ҳужумлар учун масъулиятни кремлпараст Killnet ҳакерлар гуруҳи ўз зиммасига олган. Гуруҳ ўз телеграм-каналида эълон қилган видеода Литвадан “Калининградни қамалдан чиқариш”ни талаб қилган, акс ҳолда эса ҳужумлар давом этажаги ҳақида огоҳлантирган.

Йонас Скардинскас катта эҳтимол билан яқин кунларда мамлакатнинг транспорт, энергетика ва молия тармоқларига оид сайтларга ҳужумлар уюштирилади, деган фикрда.

Ҳакерлар “Калининград қамали” деганда Литва санкция остига тушган юклар ортилмиш Россия юк поездларини ўз ҳудуди орқали Калининград вилоятига ўтказишдан бош тортаётганини назарда тутишган. Литва орқали Калининградга ташиш тақиқланган юклар орасида кўмир, металл, цемент, ёғоч ва юқори технологик буюмлар мавжуд.

Литванинг LTG темир йўл ширкати вакили Мантас Дубаукас ўз ширкати Европа Иттифоқининг Россияга қарши июнь ойи ўрталаридан тўлиқ кучга кирган санкцияларига риоя этажагини таъкидлаган. Москва гап импорт ҳақида эмас, балки Россиянинг бир ҳудудидан бошқа ҳудудига юкларни транзит қилиш ҳақида бораётганини эслатиб, Литва қарорига қатъий қарши чиққан ва қаттиққўллик билан жавоб чораларини кўришни ваъда қилган.

Москвада мухолифатчи Илья Яшин қўлга олинди

Илья Яшин (архив сурати)

Россия пойтахти Москвада мухолифатдаги сиёсатчи Илья Яшин тутиб кетилди. Бу ҳақда журналист Ирина Баблоян ўз Телеграм-каналида маълум қилди. Баблоян мухолифатчи ўзи билан паркда айланиб юрган жойидан полициячилар томонидан ҳеч бир изоҳсиз олиб кетилганинин қайд этган.

Мазкур маълумотни “ОВД-Инфо” лойиҳасига Яшиннинг дўсти ҳам тасдиқлаган. Унга кўра, сиёсатчи Лужникидаги полиция бўлимига олиб кетилган.

Май ойида Москвадаги туман судларидан бири Яшинга Россия Қуролли кучларини “обрўсизлантирганлик”ка оид иш бўйича 90 минг рубль (1600 АҚШ доллари) миқдорида жарима тайин қилган эди. Ўшанда у ўз телеграм-каналида, жумладан, америкалик хиппилар Вьетнамдаги урушга қарши норозилик билдираётган фотосурат илова қилинмиш постни ёйинлаганликда айбдор деб топилган эди.

Путин Тожикистон ва Туркманистонга расмий сафар билан боради

Владимир Путин ва Эмомали Раҳмон.

Россия президенти Владимир Путин Украина уруши бошланганидан бери илк маротаба хорижга сафар қилади, деб хабар берди Reuters агентлиги ўз манбасига таянган ҳолда. Хабарда билдирилишича, Путиннинг жорий ҳафтада Тожикистон ва Туркманистонга расмий сафар билан бориши кутилмоқда.

Душанбеда Путин Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон билан музокаралар ўтказади. Шундан сўнг Путин Ашхободда Озарбайжон, Қозоғистон, Эрон ва Туркманистон лидерлари билан Каспий бўйи давлатлари саммитида иштирок этади.

Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков мазкур учрашувларда қандай масалалар муҳокама этилиши тўғрисидаги саволларга жавоб бермади.

Бунгача Путин июнь ойи охирларида Беларусга сафар қилиши хабар қилинганди. Бироқ кейинроқ Беларус ва Россия президентлари ўртасидаги учрашув онлайн тарзда ўтказилиши маълум қилинди.

Россия Украинага бостириб кирганидан сўнг қатор давлатлар, жумладан, АҚШ ва Канада Путинга ўз ҳудудига киришни тақиқлаган эди.

БМТ: Афғонистондаги зилзила оқибатида 155 бола ҳалок бўлди

Толибон ҳукумати зилзиладан 1150 киши ўлганини билдирган.

Афғонистондаги зилзила оқибатида 155 бола қурбон бўлди, 255 бола жароҳатланди. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар ташкилотининг гуманитар мувофиқлаштириш агентлиги 26 июнь куни маълум қилди.

Толибон ҳукумати Афғонистоннинг Пактика ва Хўст вилоятларида 22 июнга ўтар кечаси юз берган зилзилада 1150 киши ҳалок бўлгани ва 1600 га яқин киши жароҳатланганини билдирган эди. БМТ ҳисоб-китобича ер қимирлашидан қурбон бўлганлар сони 770 кишидир. Бу рақам яна кўпайиши мумкин.

БМТнинг таъкидлашича энг кўп бола Пактика вилоятининг Ғивон туманида нобуд бўлди. Бундан ташқари бу ерда 65 бола ота-онасидан ажраб қолган.

БМТнинг Афғонистондаги ходимлари зилзиладан кейинги бошоломонда ота-онасини йўқотган болаларга яқинларини топишда кўмак кўрсатмоқда.

Жанубий Африка полицияси 21 ўсмирнинг оммабоп барда сирли тарзда ўлганини тергов қилмоқда

Ос-Лонден шаҳридаги барлардан бирида ҳалок бўлган ўсмирларнинг 13 нафари ўғил, 8 нафари қиз бола.

Жанубий Африка полицияси Ос-Лонден шаҳридаги барлардан бирида 21 кишининг сирли тарзда ҳалок бўлганини тергов қилмоқда. Барда ҳалок бўлганларнинг барчаси ўсмирлардир.

Генерал Тембинкоси Кинана 26 июнь куни бар мижозлари ўлимига нима сабаб бўлганини айтишга эрталигини, ҳозирда ўлим сабаблари аниқланаётганини билдирди. Генералга кўра, ўсмирлар мазкур барда мактабни битириш оқшомини ўтказаётган эдилар.

Ҳалок бўлганларнинг танасида жароҳат излари топилмаган. Уларнинг жасадлари столда, стулда, ерда ётган ҳолатда топилган. Ўлимларга заҳарланиш сабаб бўлиши мумкинлиги ҳам таҳмин қилинмоқда.

Ҳукумат расмийларига кўра, ҳалок бўлганлардан 13 нафари ўғил, 8 нафари қиз боладир. Улардан 17 нафари барда, уч нафари эса касалхонада ўлган.

Норвегияда 25 июндаги террор қурбонлари хотирланди

Норвегияда террор қурбонларини хотирлаш куни.

Норвегия пойтахти Ослода 26 июнда бир кун аввал содир этилган террор қурбонлари хотирланди. Ослонинг учта жойида, жумладан, гей барда 25 июнь куни кечқурун террорчилар отган ўқдан икки киши ҳалок бўлди ва 21 киши яраланди.

Осло черковида бўлиб ўтган хотирлаш маросимида Норвегия валиаҳд маликаси Метте-Марит ва бош вазир Йонас Гар Стёре иштирок этди. Черков меҳробига камалакранг мато тўшалди. Норвегия протестант черкови «бутун мамлакат мотамда» деб эълон қилди.

Бош вазир Стёре ўз нутқи давомида «тунги отишма гей параддан сўнг бўлиб ўтди, аммо бу воқеа бизни дискриминацияга, бидьат хурофотларга қарши курашдан ва бу курашни янада кучайтиришдан тўхтатиб қололмайди», деб айтди.

25 июнда Осло кўчаларида ўқ отган шахс кўп ўтмай полиция томонидан қўлга олинди. У келиб чиқиши эронлик бўлган 42 ёшли норвегиялик экани билдирилди.

Истанбулдаги гей парадда камида 200 киши қўлга олинди

Истанбул. Гей парад иштирокчилари қўлга олинаётган пайт.

Истанбул полицияси 26 июнь куни рухсат берилмаган гей парад иштирокчиларини тарқатиб юборди ва камида 200 кишини қўлга олди. Истанбул ҳокимияти Тақсим майдонида гей парад ўтказишни тақиқлаганига қарамай, бу ерга камалакранг байроқларни кўтарган юзлаб киши йиғилган эди.

Гей парад ташкилотчилари полиция камида 200 кишини қўлга олганини таъкидлар экан, уларнинг олдига адвокатлар киритилмаётганини билдирди. Айрим қўлга олинганлар бир неча соат полицияда ушлаб турилгач, уйларига қўйиб юборилган.

Туркия журналистлар иттифоқининг маълум қилишича, қўлга олинганлардан кўпчилиги полиция томонидан калтакланган. Истанбул ҳокимияти ҳам, полиция ҳам қўлга олинганлар бўйича бирорта маълумот бермади.

Европа Кенгашининг инсон ҳуқуқлари бўйича комиссари Дунья Миятович 24 июнь куни Туркия ҳукуматини гей парадга рухсат бериш ва унинг хавфсизлигини таъминлашга чақирган эди.

Туркияда 2003 йилдан бошлаб гей парадлар ўтказишга рухсат берилган. Бироқ 2015 йилдан бошлаб хавфсизлик нуқтаи назаридан гей парадлар ўтказиш тўхтатиб қўйилган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG