Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:43

ХОНОБОДДА ТОПИЛГАН ХАНДАЛ ГАЗИ ИЗЛАРИ У ЕРГА КИМЁВИЙ ҚУРОЛЛАР КЎМИЛГАНИДАН ДАРАК БЕРМОҚДАМИ?


АҚШ қўшинлари жойлаштирилган Ўзбекистоннинг Хонобод ҳарбий базасида асаб тизимини фалаж қилувчи газ излари аниқлангани ҳақида хабарлар тарқалди. Шундан сўнг, ҳаво базасидаги барча америка аскарлари эвакуация қилиниб, база худудларида текширув ишлари бошлаб юборилди. АҚШ ҳарбий қўмондонлиги матбуот вакили Френк Мерименнинг "Озодлик" мухбирига маълум қилишича, ҳарбий базанинг икки участкасида олиб борилган текширувлар натижасида база ҳаво бўшлиғида асабга кучли таъсир этувчи ва кўздан ёш чиқарувчи хандал газ концентратлари борлиги аниқланган. Мерименга кўра, бу заҳарли газлар Совет Армияси химиявий – биологик қуроллари қолдиқлари бўлиши эҳтимолдан холи эмас. "Базага шундоққина кираверишда жойлашган бункерларнинг бирида асаб тизимига салбий таъсир қилувчи хандал газ излари аниқланди. Шанба куни эса бундай газ излари база штаб-квартираси яқинида ҳам кузатилди. Бу заҳарли газлар база жойлашган худудларга кўмилган Совет Армияси химиявий – биологик қуроллари асоратлари бўлиши мумкин". Ҳақиқатан ҳам Ўзбекистон Хонобод базасида 1991 йилдан буён кимёвий қуроллар сақлаб келиндими? Буни аниқлаш учун ҳозирда мутахассислар тупроқ таркибини ўрганмоқдалар. Френк Меримен база хаво бўшлиғида заҳарли газларнинг пайдо бўлишини ҳавонинг исигани билан изоҳлайди. "Бунга атроф-муҳит кучли таъсир этган бўлиши мумкин, - дея сўзини давом эттиради АҚШ кучлари вакили сўзида давом этиб. Ёзда ҳаво ҳароратининг кўтарилиши билан тупроқ таркибидаги намдан химиявий элементлар буғлана бошлаган. Бу эса база ҳудудларига химиявий – биологик моддалар кўмилганини яққол кўрсатиб турибди", деб қайд этади Френк Меримен.

Бағрам ҳаво базаси бош хирурги Дуг Линга кўра заҳарли газ таъсирида америка аскарларидан ҳеч бирига шикаст етмаган, агар шикаст етган бўлса ҳам улар жуда кам дозада заҳарланган. Асаб тизимини фалаж қилувчи газ инсон организмига кучли таъсир қилиб, мускул фаолиятини ишдан чиқаради. Баъзи холларда эса у ўлимга ҳам сабаб бўлиши мумкин. Гарчи рус генераллари, жумладан Россия Мудофаа вазирлигининг химиявий ва биологик қуроллардан ҳимоя қилиш департаменти раҳбари Генерал Виктор Холстов Ўзбекистонда Совет давридан буён қандайдир заҳарли биологик моддалар сақланиб қолгани борасида гап ҳам бўлиши мумкин эмас, деб таъкидлаган бўлсада, Хонобод базаси 1979 йилда Совет Армияси Афғонистонга бостириб кирганида муҳим плацдарм бўлгани аниқ. Буни Харвард университетининг Совуқ уруш тадқиқотлари лойиҳаси раҳбари, Совет ва рус армияси билимдони Марк Крамер ҳам тасдиқлайди. Крамерга кўра Хонобод базасида кимёвий қуроллар кўмилгани учун заҳарли газлар пайдо бўлган. Уни террорчилар олиб келгани борасидаги таҳминлар эса ҳақиқатдан йироқ, дейди таҳлилчи. "Кимёвий моддаларнинг бу ерга террорчилар томонидан олиб келингани борасидаги таҳминлар нотўғри бўлиши мумкин, чунки Ўзбекистонда "Ал-Қаида", Толибон гуруҳлари борлиги ҳозирча ноаниқ. Бас шундай экан, заҳарли газлар база атрофларига кўмилган кимёвий моддалардан чиқаётгани тўғрисидаги таҳминлар ҳақиқатга яқинроқ кўринади", - деб қайд этади Крамер.

Бироқ, рус ҳарбий шарҳловчиси Александр Гольц Марказий Осиё худудларида химёвий қуроллар заҳиралари бўлмаганини, улар махсус, ўта махфий харбий базаларда сақланганини айтади. Гольцга кўра, Совет даврида химиявий қуроллар сақланадиган омборлар ўта махфий объектлар бўлган. Шунинг учун ҳам бундай қуроллар оддий харбий базаларда эмас, махсус махфий базаларда сақланган. Совет Иттифоқида эса бундай базалар саноқли бўлган, Ўзбекистонда ва Марказий Осиё минтақасида кимёвий қуроллар умуман бўлмаган. "Ўйлашимча таҳлилчилар қаердадир ҳатога йўл қўйган. Хонободдаги хандал гази излари у ерларга биологик-ҳужумкор қуроллар кўмилганидан дарак бераётгани ҳусусидаги тахминларга ишониш қийин", - деб таъкидлайди рус таҳлилчиси. Ўзбекистоннинг Хонобод ҳаво базасида асаб тизимини фалаж қилувчи газ қолдиқлари борлиги аниқланганидан сўнг у ердаги қўшинларнинг асосий қисми Афғонистондаги ҳарбий базаларга олиб ўтилди. Инцидент сабаблари АҚШдан келган махсус комиссия томонидан ўрганиб чиқилмоқда.
XS
SM
MD
LG