Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:08

“Вашингтон Пост”: АҚШ билан алоқалар Ўзбекистонда ислоҳотларни амалга ошириш ҳақидаги ваъдаларга илҳом баҳш этди


Фарангис Саид

Тошкентда бир такси ҳайдовчиси америкалик мижозларга қўлининг катта бармоғини кўрсатар экан, “Америка, ОК” дебди. АҚШнинг “Вашингтон Пост” газетаси мухбири Роберт Кайзер ўзининг 1 июл куни чоп этилган Ўзбекистон ҳақидаги мақоласини шу сўзлар билан бошлайди ва буни АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликнинг чуқурлашаётганидан дарак бераётган бир ҳодиса, дея баҳолайди. “АҚШ билан алоқалар Ўзбекистонда ислоҳотларни амалга ошириш ҳақидаги ваъдаларга илҳом баҳш этди,” деган сарлавҳа катта ҳарфлар билан ёзилган. Унинг тагидагисини, кичикроқ ҳарфлар билан ёзилганини эса пайқамай қолишингиз ҳам мумкин, ҳолбуки у биринчисига қараганда муҳимроқдир. “Коррупциялашган гуруҳлар ҳамон сиёсатда устувор”, дейилади мақоланинг иккинчи сарлавҳасида.

Сўнгги 12 йил давомида “мамлакат келажаги қандай”, деган саволга жавобни билмаган фуқаролар Ўзбекистоннинг АҚШ билан ҳамкорлигидан мамнунлар, деб ёзади муаллиф. Президент Ислом Каримов жорий йилнинг март ойида Оқ Уйнинг ҳурматли меҳмони бўлди. 1000 нафар америкалик аскар Ўзбекистон ҳудудида жойлаштирилган. Жорий йилда АҚШнинг Ўзбекистонга ёрдами уч баробар кўпаяди, Каримов эса инсон ҳуқуқлари борасида ислоҳотларни амалга оширишга тайёр тургандек кўринади. Шу қабилдаги фактларни бирма-бир тилга олар экан, Роберт Кайзер, АҚШ ва Ўзбекистон орасидаги янги ҳамкорликдан катта фойда олган одам – Михаил Ардзинов эканини айтади. Ардзинов раҳбарлик қиладиган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари мустақил ташкилоти Каримовнинг Вашингтонга жўнашидан олдин Ўзбекистон адлия вазирлигида рўйхатга олинди.

Уч йил олдин Ўзбекистон полицияси томонидан калтакланган Ардзинов 65 ёшда. Унинг оқармаган сочи қолмаган. У суҳбатлашишни яхши кўрадиган, хушфеъл одам. Уйининг шифтидаги бир тешикни кўрсатар экан, Михаил Ардзинов у тешик хавфсизлик хизмати ҳодимлари томонидан ўрнатилган микрофон олиб ташланганидан кейин қолганлигини айтади. Республикадаги жараёнлар ҳақида гапирар экан, инсон ҳуқуқлари фаоли сўнгги йилда сиёсий маҳбуслар сони кескин камайгани, бу йил январ ойидан бери 60 одам ҳибсга олингани, 1999 йил, Тошкентда портлашлар юз берганидан сўнг бу рақам 3 ярим мингга тенг бўлганини айтади. Бироқ ҳибсга олинганларнинг қариндошлари вазият яхшиланаётганини сезмаяптилар. “Хьюман Райтс Вотч” ташкилотининг Ўзбекистондаги вакили Матильда Богнер маҳбуслар рафиқалари билан учрашганида, аёллар АҚШ билан ҳамкорлик ҳусусида скептик фикр билдирганлар, деб ёзар экан, “Вашингтон Пост” мухбири, мусулмон ўзбеклар, буни очиқчасига айтишга қўрқсалар-да, аслида Толибон ҳаракатини қўллаб-қуватлайдилар, деган фикр билдиради.

“Ардзиновнинг хароба уйидан бир-икки километр нарида Ислом Каримовнинг Оқ Саройи жойлашган. Камтаргина қабулхонадан ўтиб, шоҳона саройга кирар экансиз, атрофини қўриқчилар, ёрдамчилар-у, маслаҳатчилар ўраган президентни кўрасиз”, - деб ёзади Роберт Кайзер.

Ёруғ хонада, оқ курсида ўтирган юртбоши АҚШ билан ҳамкорликнинг аҳамияти ҳақида гапиради ва мамнуният билан шундай дейди:

“Бу россияликларга ёқмаяпти. Бир неча йил олдин россияликлар Ўзбекистоннинг АҚШ ҳамкорига айланишини етти ухлаб тушларида ҳам кўрмаганлар. Икки тараф ўртасидаги баёнотни тайёрлаганида Ўзбекистон, унинг матнига демократлаштириш ва иқтисодий ислоҳотлар ҳақидаги ваъдаларни киритди. Бу эса АҚШ Давлат департаментини жуда ҳайрон қолдирди, америкаликлар бундай ваъдаларни кутмагандилар”.

“Шундай дер экан, Ислом Каримовнинг юзида яна мамнуният сезилади”, - деб ёзади мақола муаллифи.

Кўпчиликнинг фикрича, Ўзбекистон сиёсатида ҳамон кланлар ва гуруҳлар устувор бўлиб, бир Ғарб давлати дипломатининг сўзларига кўра, республикага келган хорижликка на кланлар ҳақида гапирилади, на сиёсий ўйинлар қоидалари тушунтирилади.

“Каримов Самарқанд кланига мансуб, - деб ёзади “Вашингтон Пост” мухбири Роберт Кайзер, - бироқ ҳозирги элитага баъзи тошкентлик тадбиркорлар ҳам кирган”.

“АҚШ Давлат департаментининг инсон ҳуқуқлари ҳақидаги ҳисоботига кўра, 1991 йилдан буён Ўзбекистонда очиқ ва адолатли сайловлар бўлмаган. Каримов рақибларига сайланиш имкониятини бермайди, оммавий ахборот воситаларини эса ўзи назорат қилади, - деб ёзади америкалик журналист, - Каримов портетларини ҳар бир расмийнинг хонасида кўришингиз мумкин, расмийлар гапирганларида, “ҳурматли президент айтганларидек”, деган сўзларни қўшиб ўтишни ўзлари учун вазифа деб билгандек кўринадилар”.

Иқтисодий аҳвол ҳақида ёзар экан, “Вашингтон Пост” газетаси мухбири Роберт Кайзер ўзининг 1 июлги мақоласида уни жуда ёмон, дея баҳолайди.

“Аҳолиси жуда зич жойлашган Фарғона водийсида, Жаҳон банки маълумотларига кўра, ишсизлик 40 фоизга етган. 25 миллионга тенг аҳолининг ярмини 19 ёшга кирмаганлар ташкил этади, иқтисодий бўҳроннинг олдини олиш учун кўплаб янги иш жойлари яратилиши лозим. Ҳозирги кунда аҳолининг аксарият қисми савдо-сотиқ билан кун кечиради”, - дер экан Роберт Кайзер, наманганлик рассом Исмоил Отабоевнинг еридан олган мева-сабзавотни бозорда сотишга мажбур бўлаётганини мисол келтиради.

Сўмнинг эркин конвертация қилинмаслиги сабабли хорижий сармоялар ҳажми жуда паст, сўмнинг долларга нисбатан бир неча курси мавжудлиги эса ҳукуматга поралар олиб, бойиш имконини бермоқда.

Бундай муаммолар ва қийинчиликларга қарамай, “Вашингтон Пост” мухбирига интервью берган ўзбекистонлик расмийлар ҳаммаёқ гуллаб-яшнаётгани ҳақида гапирганлар.

АҚШ билан ҳамкорлик ва аксил-террор кампания натижасида Ўзбекистон ҳукумати душмани бўлмиш Ўзбекистон Исломий ҳаракати раҳбари Жума Намангоний ўлдирилган. Жиддий таҳликанинг бартараф этилганини тан олар экан, Ўзбекистон мудофаа вазири Қодир Ғуломов 70 минг аскарга эга бўлган армияни қисқартириш режаси ҳақида гапиради.

“Ядровий физика бўйича мутахассис Қодир Ғуломов инглиз тилини жуда яхши билади”, - деб қайд этар экан, америкалик журналист, вазирнинг мана бундай сўзларини келтиради:

“Бизда эндиликда эътиборни каттароқ аҳамиятга эга бўлган иқтисодий муаммоларни ҳал этиш ва фуқаровий жамият қуришга қаратиш имкониятлари пайдо бўлди.”

Ташқи иқтисодий алоқалар вазири Элёр Ғаниев эса Роберт Кайзер билан учрашув давомида мана бундай деган:

“Ҳамон марказдан буйруқлар бериш орқали бошқариладиган, коррупциялашган иқтисодиётни эркинлаштириш учун барча тадбирлар амалга оширилиши лозим ва амалга оширилади. Президентимиз шундай буйруқ бердилар. Иқтисодий бошқариш тизими икки йил ичида қайта кўриб чиқилиши керак.”

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов эса сиёсий тизим ислоҳ этилиши лозимлигини тан олар экан, шундай дейди:

“Табиийки, биз демократик, фуқаровий, очиқ жамият қуриш ниятидамиз. Бироқ Ўзбекистон сиёсий тизими Ғарб сиёсий тизимларидан фарқ қилади. Унда ҳокимиятга муносабат анъанавий қолиши керак”.

Ташқи ишлар вазирининг бу сўзларини келтирар экан, “Вашингтон Пост” мухбири, “бу мамлакатда анъана дейилганида, хон ёки амирнинг на қонун билан чекланган, на бошқалар билан бўлинган ҳокимияти барчадан устувор бўлиши, одамлар эса унга бўйсунишлари кераклиги тушунилади”, деб ёзади.

Каримов эса Ўзбекистонда замонавий демократик мамлакат барпо этилажаги ҳақида гапирар экан, ҳозирги кунда бу ерда қонунларга бўйсунадиган, адолатли ҳукумат мавжудлигини айтади.

Каримов хорижий университетларда ўқиб келиб, Ўзбекистон ҳукумати идораларида ишлаётган ёшларга катта умид бағишлаётганини айтар экан, таълим соҳасига эътибор қаратиш лозимлиги ҳақида гапиради. “Вашингтон Пост” газетаси мухбири эса ҳақиқатдан ҳам Ўзбекистон Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари орасида таълим соҳасини ривожлантираётган давлат эканини ёзади.

Айни вақтда мухбир билан суҳбатда бўлган хорижликлар Ўзбекистон расмийлари хорижликлар эшитишни истаган гапларни гапиришга ўрганганлари, амалда эса вазият умуман бошқачалигини айтган.

“Чиройли сўзлар ва чиройли ваъдаларнинг кўпини эшитганман”, дейди бир хорижлик расмий Роберт Кайзерга.

Бундай деб ўйлайдиган хорижликлар жумласига Халқаро Қизил Хоч ташкилотини киритиш мумкин. 2001 йил январда ташкилот Ўзбекистон ҳукумати билан ҳибсхоналар ва қамоқларга ташриф буюриб, уларни кўздан кечириш, ҳамда маҳбуслар билан ҳусусий равишда суҳбатлашиш ҳақида келишган эди. Жорий йилнинг апрел ойида ташкилот раҳбарияти Ўзбекистон расмийлари шартномага риоя қилишни истамаётганларини айтиб, лойиҳанинг бажарилишини кечга қолдиришга мажбурлигини маълум қилди. АҚШ Давлат Департаменти ва бошқа халқаро ташкилотлар Ўзбекистон маҳбуслари қийноқларга солинаётганлари ҳақида кўп гапирадилар.

Роберт Кайзернинг ёзишича, куни кеча ташкилот аъзоларига Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг ҳозирги кунда ҳибсда бўлган собиқ вакиллари билан учрашиш руҳсат этилган. Бироқ Қизил Хочнинг Кайзерга интервью берган ҳодими Жером Фонтана учрашув Ўзбекистон ҳукумати ўтган йилда берган ваъдаларига мувофиқ бўлмаганини айтган:

“Апрелдан буён ҳеч нарса ўзгармаган. Ўзбекистон ҳукумати берган ваъдалари устидан чиқмас экан, Қизил Ҳоч вакиллари қамоқларга бормайдилар.”

“Вашингтон Пост” мухбири Ўзбекистондаги ижобий жараёнлар жумласида цензурага чек қўйиллганини ҳам айтиб ўтади.

Тушуниб бўлмайдиганлар жумласига эса журналист исломнинг мақомини киритган.

“Аҳолининг аксарият қисмини мусулмонлар ташкил этса-да, Ўзбекистон жамияти ҳамон дунёвий бўлиб қолаётир”.

Шундай фикр билдирар экан, Роберт Кайзер Тошкент муфтийси Абдурашид Бахромов билан учрашганида, унинг хонасида Ислом Каримов портретини кўргани, муфтий эса ҳар сўзида президентни тилга олгани ва расмий сиёсатни ижобий баҳолагани, мусулмонлар таъқиб қилинмаётганини таъкидлаганини айтади.

Хьюман Райтс Вотч ташкилотининг Ўзбекистондаги вакили Матильда Богнернинг бу ҳусусидаги фикри эса умуман ўзгача:

“Одамлар фақат намоз ўқиганлари учун ҳибсга олинадилар. Ўзбекистон қамоқларида 7 минг сиёсий ва диний маҳбус бўлиб, уларнинг аксарияти фақат диний эътиқодлари учун қамалган”.

Каримов эса тазйиқлар асосли, деган фикр билдирар экан, 11 сентябр ҳодисалари исломий экстремизмга қарши кураш шафқатсиз бўлиши лозимлигини намойиш қилганини айтиб, хавфли одамларга нисбатан бераҳм бўлиш кераклигини таъкидлайди.
XS
SM
MD
LG