Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:45

Марказий Осиёда мухолифат фаолияти


Фарангис Саид

Марказий Осиё республикаларининг мустақилликка эришганларига 10 йилдан ошган бўлса-да, сиёсатда мухолифат партиялари ва ҳаракатларининг роли сустлигича қолмоқда, ҳукуматлар олиб бораётган сиёсатга муқобил бўлган дастурлар ишлаб чиқиш каби масалалар эса умуман мухолифат фаолиятига кирмаган. Хўш, бунинг сабаблари нимада? Озод Европа - Озодлик радиоси мухбири Брюс Панниер айнан шу саволга жавоб излайди.

1997-2001 йиллар давомида Қозоғистоннинг Павлодар вилояти ҳокими бўлган Галимжан Жакиянов ва Қозоғистоннинг собиқ энергетика вазири Мухтор Аблазов ўтган йил ноябр ойида президент Нурсултон Назарбоев ҳукуматига мухолиф бўлган “Қозоғистон демократик танлови” ҳаракатига асос солдилар. Бу икки сиёсатчи президентнинг хорижий банклардаги ҳисобларига тушган маблағлар бўйича ҳисобот берилишини талаб қилганлар.

Март ойида қилган чиқишида Назарбоев “ички ва ташқи душманлардан эҳтиёт бўлиш лозим”лигини айтиб, айни вақтда ички тартибсизликлар ва қўпорувчилик эҳтимоли мавжудлигидан огоҳлантирган эди. Кўплаб кузатувчилар буни ҳукумат аъзолари фаолиятини ўрганишга ҳаракат қилмаслик учун огоҳлантириш, деб баҳоладилар. Ўша вақтда Жакиянов ва Аблазов устидан жиноий ишлар бошланиш арафасида эди. Ҳар иккала мухолифатчи уларга қарши жиноий ишлар негизида сиёсий сабаблар борлигини таъкидлаб келмоқдалар.

“Президент жамоатчиликка қилган мурожаати ва ундаги мухолифат лидерлари ва мустақил матбуотга қарши дўқ-пўписалар полиция хизмати ҳамда ижроия ҳокимиятнинг барча органлари учун буйруқ бўлди. Сохталаштирилган айбловлар асосида мухолифат лидерлари, мен ва Аблазовга қарши жиноий ишлар қўзғатилди. Бизнинг муовинларимиз ва ёрдамчиларимиз ҳибсга олиндилар. Мамлакат мустақил матбуотига қарши репрессиялар кучайтирилди. Биз Қозоғистоннинг барча фуқароларига мурожаат қилиб, мамлакат равнақи учун ҳукуматнинг зўравонликларига қарши чиқиш ва фаровон ҳаёт учун ҳуқуқларини талаб қилишга даъват этамиз,”- деди Галимжан Жакиянов.

Лавозимини суиистеъмол қилиш ва давлатга тегишли маблағларни ўзлаштиришда айбланган Албазовни суд олти йилга озодликдан маҳрум этиш ҳақида ҳукм чиқарди. Жакияновга ҳам ўхшаш айбловлар қўйилмоқда.

Марказий Осиё мамлакатлари мухолифати бошқа лидерларининг тақдири Жакиянов ва Албазовларникига жуда ўхшаб кетади. Бироқ мухолифат фаолияти самара бермаётганининг сабабини нафақат ҳукуматнинг уларга қарши репрессив сиёсати, балки уларнинг ўзларидан ҳам қидириш мақсадга мувофиқ бўлар эди. Мустақилликнинг илк йилларида вужудга келган мухолифат томонидан илгари сурилган ғоялар ва ишлаб чиқилган дастурларни ҳукуматлар ўзлаштириб олдилар. Мухолифатнинг эса ундан сўнг бошқа ғояларни таклиф этиб, халқ эътибори ва ҳурматини қозониш учун керакли бўлган муқобил йўлларни ишлаб чиқишга қудрати етмади. Ҳукумат оппонентлари мақсадлари, дастурлари ва фаолиятларини ўзаро мувофиқлаштиришда ҳам заифлик намойиш қилдилар. Аксарият ҳолларда бунда мухолифат лидерлари, уларнинг таъсир ва ҳокимиятни ўз қўлларида мужассамлашга қаратилган интилишлари тўсиқ бўлди.

1991 йилда МО республикалари мустақилликка эришганларида уларда бир неча мухолифат гуруҳи фаолият олиб бораётган эди. Бироқ на Ўзбекистондаги Бирлик ҳаракати, на Туркманистондаги Агзибирлик ҳаракати, на бошқа республикалардаги гуруҳлар бирдамлик ва ҳамкорликка интилдилар. Улар таклиф этаётган дастурларда эса асосий эътибор миллий тилларга давлат тили мақомини бериш, анъанавий жамиятни тиклаш (анъаналар орасида эса исломий урф-одатлар ҳам бўлган) каби мақсадларга қаратилган бўлиб, бу мухолифат ва коммунистлар давридан бери ҳокимият чўққисини эгаллаб келаётган элита орасидаги тафовутни янада чуқурлаштирди.

Буюк Британиянинг Ўзбекистон ва Тожикистондаги собиқ элчиси Пол Бергн Ўзбекистонда президент Ислом Каримов бу тафовутни камайтиришга ва мухолифат ғояларини улардан олиб қўйишга муваффақ бўлганини айтади.

“Менимча, бу муаммоларнинг бири бўлган. Каримов ва Ўзбекистон ҳукумати мухолифатчи партиялар сиёсий дастурларининг асосий қисмини, ҳусусан миллий масалалар, яъни тил, маданий ва миллий тарих, маданий ва миллий мафкурани ўзлариники сифатида халққа тақдим этдилар. Ҳукумат Бирлик ҳаракати ва Эрк партияси таклиф қилган ғоялар, масалан кўчалар номларини ўзгартириш ғоясини, умуман олганда эса, ўзбек миллий мафкурасини ўзлариники сифатида тақдим этди,”- деб фикр билдирди Пол Бергн.

Минтақанинг бошқа мамлакатларида ҳам айни жараён кузатилган. Миллий тилларга давлат тили мақоми берилди, кўчалар номлари ўзгартирилди, масжидлар очилди, минтақага руслар келишларидан олдинги давр тарихи ўрганила бошланди.

Бугунги кунда мухолифат партияларининг дастурлари нимадан иборатлиги деярли номаълум. Мухолифат лидерларининг баъзилари хорижда, мухожиратда яшамоқдалар. Улар жумласидан Туркманистоннинг икки нафар собиқ ташқи ишлари вазири – Авди Кулиев ва Борис Шихмуродов, Қозоғистоннинг собиқ ташқи ишлар вазири, Халқ демократик партияси етакчиси Акежан Кажегелдин ва Ўзбекистоннинг Эрк демократик партияси лидери Муҳаммад Солиҳни мисол келтириш мумкин. Туркманистоннинг Агзибирлик ҳаракати етакчиларидан бири Нурберди Нурмамедов ва Қирғизистоннинг Ор-Номус партияси лидери, собиқ ички ишлар вазири Феликс Кулов эса уй қамоғида сақланмоқда.

Бошқа мухолифат гуруҳлари фаолияти давом этаётган бўлса-да, уларнинг сиёсий программалари нимадан иборатлиги халқнинг аксарият қисмига номаълум.
Кўплар учун улар ҳукумат мухолифлари эмас, танқидчилари бўлиб қолмоқдалар. Борис Шихмуродов мухолифат тарафига ўтажагини эълон қилганида мана бундай деган эди:

“Мамлакатимдаги вазият мени нафақат уни яхшилашга қаратилган уринишларимини тўхтатишга, балки Туркманистон президенти Сапармурот Ниёзовга мухолиф бўлишга мажбур этди”.

Шимхуродовнинг мухолифат тарафига ўтгани ҳаммага маълум бўлса-да, унинг ғоялари ва дастури нимадан иборат экани, унинг тарафдорлари кимлар экани, агар Ниёзов ҳокимиятдан четлаштирилса, Шихмуродов нима қилажаги ноаниқ.

Абдумманоп Пўлат Бирлик ҳаракати асосчисидир. Ҳозирги кунда у Вашингтонда жойлашган Кенгашлар иттифоқининг Марказий Осиё инсон ҳуқуқлари информацион тармоғи доирасида фаолият олиб бормоқда. Бирлик аъзоси эмас, балки сиёсий кузатувчи сифатида шарҳ берар экан, Абуманноп Пўлат минтақа фуқаролари мухолиф партиялар ва ҳаракатлар етакчиларидан сўрашлари керак бўлган саволлар борлигини айтади:

“Ҳокимиятга қайси йўл билан келмоқчисиз? Қандай сиёсий ва ижтимоий пойдеворга асос солмоқчисизлар? Сиз керак деб ҳисоблаётган ўзгартиришлар учун қандай асос мавжуд? Ва ниҳоят, сиз ҳокимиятга келганингизда, илк қадамларингиз нимадан иборат бўлади?”

Абдуманноп Пўлатнинг фикрича, мухолифат коррупцияни йўқ қилиш, маошларни ошириш ҳамда демократия ва озодлик ҳақидаги яхши шиорларни илгари сурса-да, инфляция ва ишсизликка қарши қайси йўллар билан курашиш, соғлиқни сақлаш соҳасидаги аҳволни яхшилаш учун қандай тадбирларни амалга ошириш ва бошқа муҳим муаммоларни ҳал этиш учун нималар қилиш борасида реал таклифлар киритмаган. Ваҳоланки, мухолифат етакчилари бу саволларга жавоб бермас эканлар, халқ учун уларни тушуниб етиш қийин бўлиши мумкин.

МО мухолифатининг энг жиддий муаммоларидан бири – фаолиятни ўзаро мувофиқлаштирмай, бир-бири билан ҳамкорлик қилмасликдадир. Лондонда жойлашган Уруш ва тинчлик институтининг МО лойиҳаси раҳбари Сауле Муҳаметраҳимова бу ҳусусида шундай фикр билдиради:

“Бугунги кунда мухолифат гуруҳлари, ҳаракатлари ҳамда партияларининг маълум мамлакат ичида бирлашишлари катта аҳамиятга эга. Лекин менинг фикримча, минтақа мамлакатларида, ҳусусан Қирғизистонда бундай жараён кузатилмаяпти”.

Қирғизистон сиёсий тизими таркибида расман рўйхатдан ўтган 30та сиёсий партия ва ҳаракат бўлиб, улардан бор-йўғи икки ёки учтаси бирлашиб, блоклар тузган. Қолганлари эса сиёсий вазн ва таъсир жиҳатидан ҳукумат билан рақобат қила олмайдилар.

Қозоғистонда расман рўйхатдан ўтган 19 партия ва ҳаракат бўлиб, улар учун бирлашиш ва блоклар тузиш – сиёсий ҳаётни давом эттиришнинг ягона йўлидир. Куни кеча қабул қилинган қонунга кўра, расмий равишда рўйхатга олиниш учун партия аъзолари сони илгаригидек 3 мингга эмас, балки 50 мингга тенг бўлиши лозим. Мутахассислар фикрича, бундай қонун талабларига фақат ҳукуматга қарашли партиялар жавоб беради, ҳолос.

Инсон ҳуқуқлари халқаро Хелсинки федерацияси ўтган ой Венада “Туркманистонда инсон ҳуқуқлари” мавзуидаги икки кунлик халқаро конференция ўтказган эди. Борис Шихмуродов конференция арафасида журналистлар билан учрашиб, мазкур анжуман туркман мухолифатининг қудратини намойиш қилишини айтган. Бироқ бунга қарамай, Шихмуродовнинг ўзи анжуманда қатнашмади, жаҳон матбуоти эса конференцияга деярли эътибор қаратмади.

Харвард Университети қошидаги МО ва Кавказ дастури директори Жон Шоберлайн мухолифатнинг баъзи лидерлари сиёсий дастурлари туфайли эмас, характерлари туфайли халққа танилганларини айтиб, улар сиёсий таъсир ва нуфузни бошқа мухолифат аъзолари билан баҳам кўришни ёқтирмайдилар, дейди:

“МО мамлакатларининг деярли ҳаммасида мухолифат гуруҳлари орасида рақобат мавжуд. Мухолифат аъзоларининг кўпчилиги институт барпо этиш ва сиёсат ишлаб чиқиш орқали эмас, балки шахсий нуфуз ёки бошқа гуруҳларнинг таянчига эга бўлиш қобилиятидан фойдаланиб, фаолият олиб борадилар. Улар бир-бирларини мухолиф деб ҳисоблашади. Мухолифатга кўрсатилаётган таянч чекланган бўлгани боис улар бу таянч учун бир-бирлари билан курашадилар”.

Жон Шоберлайн айтаётган бундай рақобат Ўзбекистоннинг Бирлик ҳаракати ва Эрк партияси орасида ҳам кузатилган эди. Бирликнинг баъзи аъзолари ҳаракатдан ажралиб чиқиб, янги партия таъсис этганларидан сўнг улар орасида ҳеч қандай алоқа сақланмаган, ҳолбуки ҳаракат ва партия аъзоларининг кўпчилиги хорижда, сиёсий мухожиратда яшайдилар. Туркманистон мухолифати лидерлари Авди Кулиев ва Борис Шихмуродовлар ҳам ҳамкорлик қилиб, умумий дастур ишлаб чиқиш ҳақида ўйламаётган кўринадилар.

Шуни айтиб ўтиш жоизки, МО мухолифатининг барча лидерлари илгари ҳукумат аъзолари бўлганлар. Масалан, Акежан Кажегелдин Қозоғистонда ҳусусийлаштириш жараёни энг авжида бўлганида бош вазир лавозимини эгаллаган. Ўзининг бадавлат эканини инкор этмайдиган Кажегелдин бош вазир бўлиб тайинланишидан олдин тадбиркорлик билан шуғуллангани ва шу боис бойлик орттирганини таъкидлайди. Мухолифат тарафига ўтганидан сўнг ҳукумат Кажегелдинга қарши жиноий иш уюштирди ва лавозимини суиистеъмол қилганликда айбдор деб топди. Туркманистон ҳукумати мухолифат етакчиси Борис Шихмуродовни ноқонуний қурол-аслаҳа савдосига жалб этилганликда ва бу орқали 30 миллион долларлик бойлик орттирганликда айбламоқда. Қирғизистонлик мухолифатчи Феликс Кулов эса 90-йилларнинг ўртасида Чуй вилояти ҳокими бўлганида лавозимини суиистеъмол қилганликда айбланаётир.

Мухолифатнинг бу вакиллари сиёсий сабаблар билан қўзғатилган жиноий ишлар қурбонлари эканлари шубҳасиз бўлса-да, лекин нима сабабдан минтақанинг қашшоқликда яшаётган халқлари бу бадавлат одамларни қўллаб-қувватлашлари керак, деган савол ҳамон долзарблигича қолмоқда. Мухолифат вакиллари ҳукумат аъзолари бўлганларида, яъни халққа реал ёрдам кўрсатиш имконига эга бўлганларида оддий одамлар ҳақида ўйладиларми, халқ фаровонлиги ҳақида қайғурдиларми?

МОда ҳукуматга мухолиф бўлган гуруҳларнинг халқ томонидан қўллаб-қувватланаётгани ҳақида гапирсак, албатта икки гуруҳни тилга олишимиз лозим. Улар МОда исломий давлат барпо этишга интилаётган Ўзбекистон исломий ҳаракати ҳамда Хизб-ут-Таҳрир партиясидирлар. Харвард университети қошидаги МО ва Кавказ дастури директори Жон Шоберлайн фикр билдиради:

“Халқ ҳурмати ва таянчини қозонган ягона мухолифат – мамлакат ичида ноқонуний равишда фаолият олиб бораётган ва ҳукумат назарига тушмаган исломийлар бўлиб, барча ташкилотлар орасида уларнинг фаолияти энг самаралидир,” – дейди Жон Шоберлайн.

Қирғизистон ички ишлар вазирлигининг маълумотларига кўра, 2000 йилда ЎИҲ сафларида 7 минг жангари бўлган. Хизб-ут-Таҳрир партияси аъзолари сони номаълум.

Дунёвий мухолифат каби, исломий гуруҳлар дастурлари ҳам ошкор этилмаган. Исломий гуруҳлар шариат қонунлари устувор бўлган жамият барпо этиш ҳақида гапирадилар. Уларнинг кўплаб бошқа масалалар бўйича ёндашувлари қандайлиги аниқ эмас.

Дунёвий ва исломий мухолифатга ҳос бўлган бундай ноаниқлик ҳукуматларга уларни умумий бир хатар сифатида қабул қилишга асос берди. Мисол учун, Қирғизистонда депутат Азимбек Бекназаров тарафдорлари Президент Асқар Акаевга қарши норозилик намойишлари уюштирганларида, Акаев уларни “экстремистлар”, деб атади. Ҳолбуки, одатда минтақа давлатлари раҳбарлари бу иборани исломий жангариларга нисбатан қўллар эдилар. Ўзбекистон Эрк демократик партияси лидери Муҳаммад Солиҳнинг 1999 йил феврал ойида Тошкентда содир бўлган терактларни уюштирганликда айбланиб, суд қилиниши ва ЎИҲ ҳамда Хизб-ут-Таҳрир билан алоқада айбланиши эса Ислом Каримовнинг ҳам бундай сиёсатдан фойдаланаётганидан яна бир далилдир.

Шундай қилиб, бир тарафдан инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг МО ҳукуматлари мухолифатга тазйиқ-таъқиблар ўтказаётгани ҳақдаги баёнотлари асосли бўлса, бошқа тарафдан мухолифат ҳукуматлар сиёсатига муқобил бўлган йўлларни таклиф эта олмай, халқ ҳурмати ва таянчини қозона олмагани ҳақдаги фикрлар ҳам маълум асосга эга. Бирлик ҳаракати асосчиларидан бири Абдуманоп Пўлат айтганидек, МО мухолифатининг фаолияти ҳар доим ҳам ҳақиқий эркинлик ва демократия учун курашни англатмайди.
XS
SM
MD
LG