Линклар

Шошилинч хабар
21 октябр 2020, Тошкент вақти: 19:06

Халқаро хабарлар

Бугун Грузия президенти Эдуард Шеварднадзе Грузиянинг АҚШ билан бўлган муносабатларини юқори баҳолади.

АҚШ томонидан жамғарма билан таъминланган Грузия кучларини аксилтеррор тактикалари бўйича тайëргарликлардан ўтказиш дастурининг амалий қисми бошлангани муносабати билан чиқиш қилган Шеварднадзе, Грузия-АҚШ муносабатларида янги бир давр бошланаëтганини айтди ва бунга мазкур дастурни далил сифатида кўрсатди.
Аксилтеррор дастурининг қўмондони, америкалик майор Девид Грассонинг айтишига кўра, ушбу тайëргарликлар АҚШ Грузиянинг суверентлигини ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб- қувватлашини намойиш этмоқда.

Кун янгиликлари

Қирғизистон: Садир Жапаров иқтисодий афв эълон қилди

Садир Жапаров.

Қирғизистон президенти вазифасини бажарувчи бош вазир Садир Жапаров 21 октябрь куни иқтисодий амнистия эълон қилди.

Давлат раҳбари матбуот хизмати томонидан ёйинланган видеомурожаатда Жапаров амнистиядан мақсад макроиқтисодий кўрсаткичларини яхшилаш ва давлат қарзини тўлаш учун ноқонуний равишда хорижга олиб чиқиб кетилган маблағларни Қирғизистонга қайтариш, мамлакат бюджетини тўлдириш ва қўшимча даромад олиш эканини қайд этган.

У сўнгги 30 йил ичида энергетика, божхона ва солиқ хизматида, кончилик, дори-дармон таъминоти ва лизенция бериш соҳаларида коррупцияга оид схемалар гуллаб-яшнаганини билдирган.

“Жиноий схемалар ташкил қилган коррупциячиларга, турли ширкатлардан улуш олиб ўтирган собиқ амалдорларга, йирик корхоналар акцияларига рейдерлик йўли билан эга бўлиб олган мансабдорларга, солиқ тўлашдан бўйин товлаётган тадбиркорларга, қонунчиликка зид иш қилаётган мулозимларга, вазирлик ва муассасалар раҳбарларига, божхоначиларга ва молиячиларга ҳақиқий маълумотларни тақдим этиш учун 30 кун муҳлат бераман. Давлатдан олган, хазинадан еган ҳар бир тийинни ўз ихтиёрларинг билан ўрнига қўйиб қўйинглар. Яширилган мулк, ҳақиқий капиталингларни очиқланглар. Қисқа вақт ичида иқтисодий амнистия ҳамда пуллар, кўчмас ва ҳаракатдаги мулкни қонунийлаштириш учун ҳуқуқий асос ҳозирланади”, деган С. Жапаров.

Президент вазифасини бажарувчи бош вазир бунинг бир марталик тадбир эканини, бу амнистиядан фойдаланиб қолмаганлар ноқонуний мулк ва капитали аниқлангудек бўлса, қонун доирасида жавоб беришини қўшимча қилган.

Покистон: Карачидаги портлашда камида уч киши нобуд бўлди

Карачида портлаш содир бўлган бино, 2020 йил 21 октябри.

Покистоннинг Карачи шаҳридаги портлаш оқибатида, сўнгги маълумотларга кўра, камида 3 киши нобуд бўлган, ўндан зиёд одам тан жароҳати олган. Шаҳарнинг шарқий қисмида жойлашган Гулшани Иқбол мавзеида 21 октябрь куни кўп қаватли уйда кучли портлаш содир бўлган.

Портлаш бўлган ҳудуд хавфсизлик кучлари томонидан ўраб олинган. Полиция портлашнинг эҳтимолий сабабини очиқламаган.

“Мазкур портлаш эрта тонгда – одамлар ишга кетаётган пайтда содир бўлди. Вайроналар остидан уч одамнинг жасадини чиқариб олдик, 15 чоғли одам турли даражада тан жароҳати олган”, деди қидирув-қутқарув ишларида иштирок этаётган “Эдха жамғармаси” нотижорат ташкилоти вакили Сайёд Али.

У жароҳатланганлардан камида ярмининг аҳволи оғирлигини, шу сабабли қутқарувчилар қурбонлар сони ошиши мумкин, деб ҳисоблаётганларини қўшимча қилган. Алига кўра, бир неча киши бинода ҳамда қуйи қаватдаги банк хоналарида қамалиб қолган бўлиши мумкинлигига оид хавотирлар бор.

Қирғизистон парламентига қайта сайлов 20 декабрда ўтказилади

Қирғизистондаги сайлов участкаси.

Қирғизистон марказий сайлов комиссияси 21 октябрь куни ўтган йиғинида парламентга қайта сайловни 20 декабрда ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилди.


Қирғизистонда навбатдаги парламент сайлови 4 октябрда ўтказилган эди. Сайловда қатнашган 16 партиядан ҳокимиятга яқин бўлган 4таси ғалаба қозонгани эълон қилингани ортидан Қирғизистонда норозилик намойишлари бошланиб кетган.


6 октябрга ўтар кечаси норозилар президент ва парламент фаолият юритувчи Оқ Уйни эгаллаб олиши ортидан мамлакатда сиёсий инқироз юзага келган эди. Бунинг ортидан Марказий сайлов комиссияси 4 октябрда ўтган сайлов натижаларини бекор қилган.


Айни пайтда Қирғизистон президенти Соорлнбай Жээнбеков ҳам истеъфо берган. Қонун бўйича янги президент сайлови уч ой ичида ўтказилиши лозим.

АҚШ "Аэрофлот"нинг контрабандада гумонланган 113 ходими визасини бекор қилди

Россиянинг "Аэрофлот" ширкати ҳозирча мазкур хабарга муносабат билдирмади.

Нью-Йорк штатининг Шарқий округи прокуратураси Россия фуқаролари экани таҳмин қилинаётган 10 шахсга нисбатан ўғирланган электроника маҳсулотлари контрабандаси билан шуғулланганлик айбловини билдирди.

Тергов материалларига қараганда, улар Apple ширкати ишлаб чиқарган электроника маҳсулотларини ўғирлаб, “Аэрофлот" ходимлари кўмагида АҚШдан ташқарига олиб чиқиб кетишган. Айни пайтда Давлат департаменти "Аэрофлот"нинг 113 ходими визасини бекор қилди.


Саккиз гумонланувчи қўлга олинган, бир гумонланувчи қидирувга берилган. Тергов мазкур гуруҳ томонидан АҚШда ўғирланган 50 миллион долларлик Apple маҳсулотлари – планшетлар, телефонлар ва Apple соатларини Россияга контрабанда қилганини билдирмоқда.


Россиянинг "Аэрофлот" ширкати ҳозирча мазкур хабарга муносабат билдирмади. Россиянинг Нью-Йоркдаги Бош консуллиги жиноят иши бўйича маълумотларни ўрганаётганини маълум қилди.

ТАСС билан суҳбатлашган Россия дипломати аввалроқ "Аэрофлот"нинг Нью-Йоркдан Москвага учаётган рейси бир соатга ушлаб қолингани ва ФБР агентлари йўловчилар багажини текширганини билдирди.

Тихановская Беларус ҳуқуқ-тартибот органларини 25 октябргача халқ томонига ўтишга чақирди

Светлана Тихановская норозилик намойишига чиққани учун полиция томонидан калтакланганлардан бирининг суратини кўрсатмоқда.

Беларус президентлигига собиқ номзод Светлана Тихановская ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларини 25 октябргача халқ томонига ўтишга чақирди.

Аввалроқ Тихановская президент Александр Лукашенкога ҳам 25 октябргача ҳокимиятни топшириш тўғрисида “халқ ультиматуми”ни йўллаган эди.


“Агар сиз жиноий буйруқларни бажаришни истамасангиз, уларни бажарманг! Режим ўлаётганини билиб турибди ва у ўз тақдирини сизлар билан бирга бўлишмоқчи. Янги Беларусга сиз кераксиз, куч ишлатар тузилмалар керак. Шунинг учун биз билан, фондлар билан алоқа ўрнатинг, ўз халқингизни қўллаб-қувватлашингиз тўғрисида баёнот беринг”, -деб билдирди Тихановская.


Светлана Тихановская 14 октябрда норозилик намойишлари иштирокчилари президент Александр Лукашенкога Халқ ультиматуми йўллади ва ундан 25 октябргача истеъфо беришни талаб қилди.


Тихановская ўз Телеграм-каналида бу талаблар бажарилмаса 26 октябрь куни “барча корхоналарда иш ташлашлар бошланиши, йўллар тўсиб қўйилиши ва давлат дўконларидан халқ маҳсулот сотиб олмаслиги”дан огоҳлантирди.


Беларусда норозилик намойишлари 9 август куни ўтган президентлик сайловида мамлакатни 26 йилдан бери бошқариб келаётган Александр Лукашенко ғолиб бўлгани эълон қилингани ортидан бошланиб кетган.

Лукашенконинг сайловдаги асосий рақиби Светлана Тихановская овоз бериш натижалари сохталаштирилганини айтиб, уни тан олишдан бош тортди.

АҚШ ва Европа Иттифоқи Лукашенкони президент сифатида тан олмаслигини билдирган.

Франция ўқитувчилари ижтимоий тармоқлар таъсири кучайиб бораётганидан ташвишда

Плакатда "Мен ўқитувчиман", деб ёзилган. Ўқитувчи Самюэл Пати хотираси учун ўтказилган намойиш. Париж, 18 октябрь 2020 йил.

Францияда тўрт кун олдин ўлдириб кетилган ўқитувчининг ҳамкасблари бўлиб ўтган воқеа юзасидан матбуотга илк маротаба баёнот беришди. Баёнотда Буа-д’Ольн коллежи ўқитувчилари ҳалок бўлган ҳамкасбининг оиласига таъзия изҳор қилдилар ва ижтимоий тармоқларнинг таъсири кучайиб бораётганидан ташвиш билдирдилар.


Ўлдириб кетилган ўқитувчи Самюэл Патининг ҳамкасблари республика ва дунёвий давлат қадриятлари халқ таълими пойдевори эканини қайд этдилар. Баёнотда таъкидланишича, Самюэл Пати ўқувчиларга сўз эркинлиги ҳақида ҳикоя қилаётганида, айни мана шу қадриятларга таянган.


Ўқитувчилар ижтимоий тармоқларнинг ўқувчиларга таъсири кучайиб бораётганидан ташвиш билдирган. Аввалроқ Патини ўлдирган ўқувчи ўқитувчи Муҳаммад пайғамбарга чизилган карикатураларни кўрсатгани ҳақида қариндоши ижтимоий тармоққа жойлаган видеодан хабардор бўлгани билдирилганди.


Ўқитувчи Пати ўлдириб кетилганидан сўнг Франция ҳукумати ижтимоий тармоқларни “ўқитувчининг адабини бериб қўйиш”га чақирилган видеони ўчириб ташламагани учун танқид қилди.


Франция адлия вазири Эрик Дюпон-Моретти Европа Иттифоқини ижтимоий тармоқлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи янги қонунларни қабул қилишга чақирди.


47 ёшли Пати 16 октябрь куни ўлдирилганди. Ўлимидан аввалроқ у ўқувчиларига Charlie Hebdo журналида босилган ва Муҳаммад пайғамбарга нисбат берилган карикатураларни ўқувчиларига кўрсатган ҳамда улар билан сўз эркинлиги мавзусини муҳокама қилган. Шундан сўнг унга таҳдидлар бошланган.


Ўқитувчининг ўлимида Москвада туғилган Абдуллоҳ Анзоров гумонланмоқда. Унинг оиласи 2008 йили Франциядан бошпана сўраганди.

У Твиттердаги ўз саҳифасига боши танасидан жудо қилинган Патининг суратини жойлаб, у пайғамбарни ҳақорат қилгани учун “қатл этилгани”ни билдирганди. Полициячилар Анзоровни қўлга олишга уринганлар, бироқ у пневматик тўппонча ўқталгани учун отиб ўлдирилган.

АҚШ Адлия вазирлиги судга Google қидирув тизимига қарши даъво аризаси киритди

Google ширкатининг даромади 2019 йилда 162 миллиард долларни ташкил қилган.

АҚШ Адлия вазирлиги 11та штат билан ҳамкорликда Google қидирув тизими монополиясига қарши судга даъво аризаси киритди. Бу сўнгги йигирма йил ичида Googleга нисбатан энг йирик суд жараёни бўлиши кутилмоқда.


Адлия вазирлиги 20 октябрда берган баёнотида Google шубҳасиз миллиардлаб фойдаланувчилар учун Интернетга кириш манбаси бўлиб хизмат қилаётгани, аммо ширкат рақобатчиларни бостириш учун ўз устуворлигидан фойдаланаётгани қайд этилади.


“Google ширкатининг рақобатчиларга қарши бундай фаолиятини тўхтатиш вақти етиб келди”,-дейилади даъво аризасида.


Google ширкатининг даромади 2019 йилда 162 миллиард долларни ташкил қилган. Унинг бош шўъбаси бўлган Alphabet эса 1 триллион долларга баҳоланган.


Google Адлия вазирлиги баёнотига жавоб қайтарар экан: “Одамлар Googleдан муқобил тизимни топа олмаётгани учун эмас, балки фойдаланишни истагани учун фойдаланмоқда”,-деб билдирди.


Мазкур суд 1999 йилдан бери АҚШда монополияга қарши биринчи йирик жараён бўлади. 1999 йилда АҚШ ҳукумати компьютер операцион тизимлари бозорида монополист деб тан олинган Microsoft Corp ширкатига қарши мана шундай даъво аризаси киритганди.


АҚШда 1974 йилда AT&T ширкатига қарши олиб борилган мана шундай суд жараёнидан сўнг Bell System телефон алоқа гиганти парчаланиб кетган эди.

Қирғизистон: Раим Матраимов яшаш жойини тарк этмасликка оид тилхат асосида қўйиб юборилди

Раим Матраимов Бишкекдаги Биринчи май туман суди биноси олдида, 2020 йил 20 октябри.

Бишкекнинг Биринчи май туман суди Қирғизистон Давлат божхона хизмати раисининг собиқ ўринбосари Раимбек Матраимовни турар жойини тарк этмаслик ҳақидаги тилхат асосида озод қилиб юборди.

Қайд этилишича, суднинг 20 октябрдаги қарори билан Бош прокуратуранинг тезкор-қидирув фаолияти ва тергов устидан назорат бошқармаси катта прокурори илтимосномаси қондирилган.

“Гумонланувчига судгача тергов ҳаракатлари тугагунига қадар доимий яшаш жойини тарк этмаслик тўғрисидаги тилхат шаклида эҳтиёт чораси қўлланилди”, дейилади туман суди хабарномасида.

Суд маълумотларига кўра, гумонланувчи терговчи, прокурор, суд рухсатисиз вақтинча яшаш жойини тарк этмаслик, судгача тергов юритилишига тўсқинлик қилмаслик, чақирилган пайтда айтилган муддатга етиб келиш каби мажбуриятларни зиммасига олган.

Эслатиб ўтамиз, Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Давлат божхона қўмитасидаги коррупция фактлари бўйича 17 октябрь куни очилган судгача тергов доирасида 20 октябрь куни Раимбек Матраимов қўлга олингани ҳақида маълум қилганди. Хабарномада бу коррупцион схемаларга алоқадор 40 чоғли киши аниқлангани, уларнинг қаерда экани ва шахси маълумлиги ҳақида билдирган.

Кейинроқ МХДҚ Р. Матраимов тергов ҳисоб-китобига кўра 2 миллиард сўм (тақрибан 25 миллион АҚШ доллари) миқдоридаги давлатга етказилган зарарни шу йил ноябрь ойи охиригача қоплашга тайёрлиги, 80 миллион сўм (тақрибан 1 миллион доллар) миқдоридаги биринчи тўлов қўмита депозит ҳисоб рақамига келиб тушганини маълум қилган.

Сешанба оқшомида Биринчи май туман суди биносига кираётган пайтда Р. Матраимов Озодлик қирғиз хизмати мухбирининг: "2 миллиард сўмни тўлаб бераман, дебсиз? Бу пулни қаердан олиб тўлаб берасиз? 80 миллионни қаердан олдингиз? Шу саволга жавоб бера оласизми?" каби саволларини жавобсиз қолдирган.

Раим Матраимов Озодлик радиосининг қирғиз хизмати, Уюшган жиноятчилик ва коррупцияни тадқиқ қилиш дастури (OCCRP) ҳамда Бишкекдаги Kloop ахборот сайти 2019 йилдан бери ҳамкорликда ўтказган журналистик суриштирувлар натижасида бир қатор коррупцион схемалар орқали ноқонуний бойиганлиги иддао қилиб келинаётган эди.

Мазкур журналистик суриштирув ортидан Қирғизистонда коррупцияга қарши кўп минг кишилик намойишлар бўлиб ўтган.

АҚШ “Аэрофлот”нинг контрабандага алоқадорликда гумонланган 113 нафар ходими визасини бекор қилди

Иллюстратив сурат.

АҚШнинг Нью-Йорк штати Шарқий округи прокуратураси Россия фуқароси экани тахмин этилган ва ўғирланган электроник жиҳозлар контрабандаси билан шуғулланган 10 нафар гумонланувчига айблов эълон қилди. Тергов вакиллари мулоҳазасича, улар “Аэрофлот” авиаширкати ходимлари хизматидан фойдаланган ҳолда АҚШдан ўғирланган Apple жиҳозларини олиб чиқиш билан шуғулланганлар. Шу важдан авиаширкатнинг 113 ходимига берилган АҚШ визалари чақиртириб олинган.

Гумонланувчилардан 8 нафари ҳибсга олинган, яна икки нафарига нисбатан қидирув эълон қилинган. Иддаоларга кўра, улар АҚШдан Россияга қиймати тақрибан 50 миллион долларлик ўғирланган электроник жиҳозларни олиб чиқиш схемасини ташкил қилганлар. Бу ерда гап асосан Apple планшетлари, телефонлари ва соатлари ҳақида бормоқда. Жиҳозлар “Аэрофлот”нинг собиқ ва амалдаги ходимлари багажида ташилган. Суриштирув натижасида АҚШ Давлат департаменти авиаширкатнинг 113 чоғли ходими визасини бекор қилган.

“Аэрофлот” ҳали вазият юзасидан изоҳ берганича йўқ. Россиянинг Нью-Йоркдаги бош консуллиги ТАСС агентлигига жиноят ишига оид маълумот текширилаётганини билдирган. Агентлик суҳбатлашган россиялик дипломатга кўра, куни кеча Нью-Йоркдан Москвага парвоз қилаётган “Аэрофлот” рейси Федерал тергов бюроси агентлари томонидан йўловчиларнинг багажи текширилгани сабабли бир соатга ушлаб қолинган.

Қирғизистон Олий суди Жапаровни ҳокимиятни эгаллаб олиш уринишига оид иш бўйича оқлади

С. Жапаров (чапда), Қ. Ташиев (ўртада) ва Т. Мамитов (ўнгда) Бишкекда ўтказилган матбуот анжуманида, 2013 йил 19 июни.

Қирғизистон Олий суди президент вазифасини бажарувчи Садир Жапаровни 2012 йилдаги ҳокимиятни куч билан эгаллаб олишга уринишга оид иш бўйича оқлади. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати Россиянинг ТАСС агентлигига маълум қилган.

Коллегия бу қарорни “жиноят унсури бўлмагани учун” қабул қилган. С. Жапаров билан бирга Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев ҳамда депутат Талант Мамитов ҳам оқланган.

Жапаров, Ташиев ва Мамитовга қарши жиноят иши 2012 йилда қўзғатилганди. Ўшанда улар томонидан Бишкекда уюштирилган митинг иштирокчилари ҳукумат биносига киришга уринган, бироқ қўриқчилар ҳужум уринишини қайтариб қолган.

2013 йил 17 июнида Бишкек шаҳар суди митинг ташкилотчиларининг уччаласи ҳақида ҳам оқлов ҳукми чиқарган. Улар суд залидан озод қилинганлар. Аммо ўша йил августида Олий суд шаҳар суди қарорини бекор қилиб, уларга бир йилу бир ойлик қамоқ жазосини тайинлаган. Жазо муддати тугагани учун учовлон суд залидан озод қилинган, бироқ улар депутатлик мандатидан маҳрум этилганлар.

Ҳозирда суд Жапаровга қарши гаровга олиш бўйича яна бир ишни кўриб чиқмоқда. Тергов тахминига кўра, 2013 йили Қоракўл шаҳрида бўлиб ўтган митингда Жапаров ўз тарафдорлари билан бирга ҳукуматнинг Иссиқкўл вилоятидаги мухтор вакилини гаровга олган. Бу иш бўйича сиёсатчи 2017 йили 11,5 йилга қамалган эди. Қирғизистонда октябрь ойи бошида юз берган норозилик акцияларидан кейин у намойишчилар томонидан қамоқдан озод қилинган. Кўп ўтмай у бош вазир этиб тайинланган, президент Сооронбай Жээнбеков истеъфосидан кейин эса унинг вазифасини вақтинча бажара бошлаган.

Францияда сўз эркинлигига оид дарси сабабли ўлдирилган ўқитувчи Фахрий легион ордени билан тақдирланди

Париж яқинидаги Конфлан-Сен-Онорин шаҳарчасида боши танасидан жудо қилинган Самюэл Пати Франциядаги энг олий мукофот — Фахрий легион ордени билан тақдирланди. Бу ҳақда BFM TV канали эфирида мамлакат таълим вазири Жан-Мишел Бланке маълум қилди.

Мукофотни топшириш маросими 20 октябрь куни Париж марказидаги Сорбоннада бўлиб ўтади.

47 ёшли Пати 16 октябрь куни ўлдирилганди. Ўлимдан аввалроқ у ўқувчиларига Charlie Hebdo журналида босилган ва Муҳаммад пайғамбарга нисбат берилган карикатураларни ўқувчиларига кўрсатган ҳамда улар билан сўз эркинлиги мавзусини муҳокама қилган. Шундан сўнг унга таҳдидлар бошланган.

Ўқитувчининг ўлимида Москвада туғилган Абдуллоҳ Анзоров гумонланмоқда. Унинг оиласи 2008 йили Франциядан бошпана сўраганди. У Твиттердаги ўз саҳифасига боши танасидан жудо қилинган Патининг суратини жойлаб, у пайғамбарни ҳақорат қилгани учун “қатл этилгани”ни билдирганди. Полициячилар Анзоровни қўлга олишга уринганлар, бироқ у пневматик тўппонча ўқталгани учун отиб ўлдирилган.

Мазкур жиноят террор хуружи ўлароқ тергов қилинмоқда. Ҳодиса ортидан Франция шаҳарларида Пати хотирасига кўп кишилик акциялар ўтказилган.

Қозоғистон собиқ президенти Назарбоевнинг смайликчаларини чизган дизайнер уриб ўлдирилди

Bisen тахаллуси билан машҳур бўлган дизайнер Сабит Сирахан Нурсултон Назарбоевнинг смайликчаларини чизган.

Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида собиқ президент Нурсултон Назарбоевнинг смайликчаларини чизган ва Bisen тахаллуси билан машҳур бўлган дизайнер Сабит Сирахан номаълум шахслар томонидан калтаклаб ўлдирилди. Бу ҳақда унинг дўстлари ижтимоий тармоқларда хабар бердилар.


“Бисен энди биз билан эмас! Дўстимни тепкилаб кетишибди! Ҳайвонлар! Бирорта соғ жойи қолмабди! Уни пойабзалидан танидик”,- деб ёзди Instagram саҳифасида рэпер Бекболат Кайдаров.


Олмаота полицияси Сабит Сираханни ўлдирганликда гумонлаб дизайнер билан юрган қизнинг акаси қўлга олинди.

Полициянинг билдиришича, гумонланувчи дастлабки терговда дизайнерни калтаклаб ўлдирганини тан олган.


Ҳозирча 31 ёшли Сабит Сирахан қайси мотивлар асосида ўлдирилгани номаълум.

Беларусда Лукашенкога қарши ва уни қўлловчи пенсионерлар намойишга чиқди

“Донолик марши”да иштирок этган пенсионерлар “Лукашенко кет!” деган шиор остида йиғилдилар. Лукашенко тарафдорлари эса “Тинчлик, фаровонлик ва анъанавий қадриятлар учун” деган шиорни танладилар.

Беларус пойтахти Минскда 19 октябрь куни амалдаги президент Александр Лукашенко истеъфосини талаб қилган ва уни қўллаб-қувватлаган бир неча минг пенсионер алоҳида-алоҳида намойиш ўтказди.


“Донолик марши”да иштирок этган пенсионерлар “Лукашенко кет!” деган шиор остида йиғилдилар. Лукашенко тарафдорлари эса “Тинчлик, фаровонлик ва анъанавий қадриятлар учун” деган шиорни танладилар.


Бундан ташқари Беларуснинг бошқа шаҳарларида ҳам норозилик намойишлари бўлиб ўтди.

Ички ишлар вазирлигининг билдиришича, 19 октябрдаги намойишларда 280 киши ушланди. Улардан 215 нафари Минскда қўлга олинган.

Қўлга олинганлардан 237 нафарининг иши судга юборилган ва улар ҳибсда сақланмоқда.

АҚШ Россия ҳарбий разведкасининг 6 ходимига айблов билдирди

АҚШ расмийларига кўра, уларнинг барчаси Россия ҳарбий разведкасининг 74455 қисми ходимларидир.

АҚШ Адлия вазирлиги 19 октябрда Россия ҳарбий разведкасининг олти зобитига нисбатан йирик киберҳужумларни амалга ошириш айбловини билдирди.

Ҳужжатда таъкидланишича, уларнинг фаолияти оқибатида АҚШ миллиардлаб доллар зарар кўрган.


Прокурорларнинг билдиришича, айбланувчилар Кремлнинг 2016 йилдаги АҚШ президентлик сайловига аралашиши бўйича йирик амалиётларни ҳам бажарган. Улар Демократик партия арбобларининг электрон ёзишмаларини ўғирлаган.


Ҳужжатда айбланувчилар 2017 йилда Франция президентлик сайлови ташкилотчилари компьютерларига киберҳужумлар уюштиргани ҳам қайд этилган.


Бундан ташқари Россия ҳарбий разведкасининг олти ходими Британияда собиқ рус разведкачисининг заҳарланишини ўрганаётган тергов органлари, 2018 йилда Пхёнчханда ўтган Қишки Олимпия ўйинлари ташкилотчилари, Украина парламенти, Украина Молия вазирлиги ва Украина электр таъминоти тизимига киберҳужумлар уюштирган.


Америка овози радиосининг билдиришича, АҚШ расмийлари айбланаётган шахслар Юрий Андриенко, Владимир Детистов, Павел Фролов, Анатолий Ковалёв, Артём Очиченко ва Пётр Плискин эканини билдирмоқда.

АҚШ расмийларига кўра, уларнинг барчаси Россия ҳарбий разведкасининг 74455 қисми ходимларидир. Америка овози радиоси АҚШ расмийларига таянган ҳолда улар келтирган зарар 10 миллиард доллар эканини билдирди.

БМТ Хавфсизлик кенгаши Тоғли Қорабоғдаги вазиятни муҳокама қилди

Тоғли Қорабоғ харитаси.

БМТ Хавфсизлик кенгаши 19 октябрда ёпиқ эшиклар ортида ўтган маслаҳатлашувлардан сўнг Арманистон ва Озарбайжон ҳукуматларини Тоғли Қорабоғда оташкесим битимига амал қилишга чақирди.


Тоғли Қорабоғда 17 октябрда томонлар навбатдаги оташкесимни эълон қилган эди. Бироқ 19 октябрь куни эрталаб Озарбайжон ва Арманистон кучлари ўртасида яна отишма содир этилди. Томонлар бир-бирларини оташкесимни бузганликда айбламоқда.


Айни пайтда БМТ Хавфсизлик кенгашига раислик қилаётган Россия Тоғли Қорабоғда сулҳга эришиш юзасидан баёнот лойиҳасини тайёрламоқда.

AFP агентлигининг хабар беришича, баёнотда Арманистон ва Озарбайжон Минск гуруҳига кирган Россия, Франция ва АҚШ воситачилигида музокараларни қайта бошлашга чақирилади.


Озарбайжон президенти Илҳом Алиев ва Арманистон Бош вазири Никол Пашинян ТАССга берган интервьюсида Москвада музокаралар ўтказишга тайёр эканликларини билдирганлар.


Тоғли Қорабоғда жанглар 27 сентябрь куни бошланган эди. Халқаро миқёсда Озарбайжон ҳудуди ўлароқ тан олинган Тоғли Қорабоғни 1994 йилдан бери Арманистон дастаклаб келаётган арманлар бошқариб келади.

Қирғизистон: Парламент қонунчиликка ўзгартиш киритган тақдирда, Жапаров сайловда қатнашишга ҳозир

Садир Жапаров.

Қирғизистон президенти вазифасини бажарувчи бош вазир Садир Жапаров “Россия 24” телеканалига берган интервьюсида президент сайловида қатнашишга тайёр эканини билдирди.

Журналистларнинг саволига жавоб берар экан, у Конституция унинг президентликка номзод бўлишига имкон бермаслигини қайд этди..

“Конституцияга мувофиқ, президент вазифасини бажараётган шахс сайловда иштирок этолмайди. Ҳозирги пайтда парламентда депутатлар ва президент сайлови тўғрисидаги қонунчиликка ўзгартишлар ҳозирланмоқда. Агар бу қонундаги бу ўзгартишлар натижасида сайловда иштирок этишга имкон туғилса, мен сайловда қатнашаман, бироқ ҳозирча бу ҳақда гапиришга эрта, бу масала бўйича қарор ҳали қабул қилинганича йўқ”, деди Жапаров.

“Адилет” ҳуқуқий клиникаси ўз таҳлилида Қирғизистон Конституциясининг 68-моддасига мувофиқ, президент вазифасини бажарувчи мансабдор шахслар парламентга муддатидан олдин сайлов белгилаш, ҳукуматни истеъфога чиқариш, муддатидан аввалги сайловда президентликка номзод бўлиш ҳуқуқига эга эмаслигини урғулаган.

Қирғизистонда 4 октябрь куни бўлиб ўтган парламент сайловидан кейин юзага келган сиёсий бўҳрон президент, парламент спикери ва бош вазир истеъфосига сабаб бўлган. 16 октябрь куни парламент депутатлари Сооронбай Жээнбековнинг истеъфосини қабул қилганлар. Унинг ўрнига ғалаён чоғида қамоқдан озодликка чиққан ва парламент томоидан бош вазирликка сайланган Садир Жапаров президент вазифасини бажарувчи мақомини олган.

Лукашенко билан тергов ҳибсхонасида учрашган сиёсий маҳбуслардан 3 нафари қўйиб юборилди

Александр Лукашенконинг мухолифатдаги сиёсий ҳаракатлар вакиллари билан учрашуви, 2020 йил 10 октябри.

Беларусда мухолифатдаги Мувофиқлаштирувчи кенгаш раёсати аъзоси Лилия Власова, адвокат Илья Салей ва сиёсий технолог Виталий Шкляров тергов ҳибсхонасидан уй қамоғига чиқарилди.

Шу тариқа, Беларусь мухолифатининг Александр Лукашенко билан 10 октябрь куни КГБ тергов ҳибсхонасида учрашган 12 вакилидан беш нафари учун эҳтиёт чораси ўзгартирилди. Яна етти нафари, шу жумладан Сергей Тихановский, Виктор Бабарико ва учрашувдан бош тортган Мария Колесникова ҳибсхонада қолмоқда.

Янги президент сайлови ўтказиш талаби билан бир қаторда сиёсий маҳбусларни озод қилиш ҳам беларуслик мухолифатчиларнинг талабларидан бири эди. Бу талабларнинг бажарилиши учун президентликка собиқ номзод Светлана Тихановская Лукашенкога 25 октябргача муҳлат берган, улар рад этилган тақдирда умуммиллий иш ташлаш бошланиши ҳақида билдирган.

Лукашенконинг тергов ҳибсхонасида мухолифатчилар билан нима ҳақида гаплашгани расман очиқланган эмас. Маҳбусларнинг адвокатларига кўра, гап мухолифатнинг янги конституцияни ҳозирлашдаги муҳтамал иштироки ҳақида кетган, айни пайтда 9 августда бўлиб ўтган президент сайловидан бери мамлакатда давом этиб келаётган норозилик намойишлари тўхтатилиши назарда тутилган.

Озарбайжон Эрон чегарасидаги кўприк устидан назоратни қўлга киритди

Тоғли Қорабоғдаги жанглар манзараси.

Озарбайжон ҳарбийлари Тоғли Қорабоғда 18 октябрь куни олиб борилган жанглар давомида Эрон чегарасидаги Аракс дарёси устидан ўтувчи Худаферин кўприги назоратини қўлга киритди.


Озарбайжон президенти Илҳом Алиевнинг бу баёнотини Арманистон Мудофаа вазирлиги ҳам тасдиқлади.

Арманистон Мудофаа вазирлиги бир кун аввал эришилган отшкесим битимига қарамай, Озарбайжон қўшинлари фронтнинг жанубий участкасида ҳужумга ўтганини таъкидлади.


Мазкур кўприк 1993 йилдан бери Арманистон назорати остида эди. Бу кўприк бевосита Тоғли Қорабоғда эмас, балки Озарбайжоннинг Жебраил туманида жойлашган.

Аввалроқ Боку 1990 йиллар бошидан бери Арманистон босиб олган Жебраил ва Фузули туманларини озод қилгани ҳақида билдирганди.


XII асрда қурилган Худаферин кўпригининг қўлга киритилиши, Озарбайжон армияси 27 сентябрда бошланган жанглар давомида шу кунгача 25-30 километр олға силжиганини билдиради.


Аввалроқ Озарбайжон ва Арманистон Ташқи ишлар вазирликлари 18 октябрь соат 00дан бошлаб Тоғли Қорабоғда оташкесим битими кучга киришини билдирган. Бироқ якшанба куни эрталаб томонлар бир-бирини битимни бузганликда айблади.


Тоғли Қорабоғ урушида Озарбайжонни қўллаб-қувватлаётган Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон 18 октябрда конфликтни бартараф этишда воситачилик қилаётган Франция, АҚШ ва Россияни Арманистонга қурол етказиб бераётганликда айблади.


Туркия мазкур конфликт юзасидан музокараларда воситачи давлатлар қаторидан ўрин олмоқчи. Бироқ Арманистон Туркияни Озарбайжонга ҳарбий кўмак кўрсатаётганликда айблаб, унинг воситачи давлатлар қаторига киритилишига қаршилик қилмоқда.

Москвада меҳнат муҳожирлари сони 40 фоизга озайди

Москва мэри Сергей Собянин.

Москва мэри Сергей Собянин “Россия-1” телеканалида қилган чиқишида, пандемия туфайли пойтахтда меҳнат муҳожирлари сони 40 фоизга озайганини билдирди. Унга кўра, бунинг ортидан Москва ҳокимияти “қўл ишларни бажариш” учун Россиянинг бошқа ҳудудларидан одамларни жалб қилишга мажбур бўлмоқда.


Собянин: “Москвада қўлига белкурак, супурги ёки лом олишни истаган одамлар камдан -кам топилади”, -деб айтди.


Собянин ҳар йили қиш мавсумида Москва кўчаларини тозалашга бошқа ҳудудлардан минглаб одамлар қўшимча тарзда жалб қилиниши ҳисобга олинса, жорий йилда кўчаларни тозалаш масаласида “қатор қийнчиликлар” пайдо бўлишини айтди.


Мэрнинг таъкидлашича, муҳожирлар сони камайгани оқибатида қурилишларда ҳам “ўн минглаб” ишчи кучи етишмовчилиги пайдо бўлди.

Чехияда спорт ишқибозлари ва полиция ўртасида тўқнашув содир этилди

Чехия пойтахти Прагада спорт ишқибозлари норозилик намойишига чиқди.

Чехияда коронавирусга қарши янги чеклов чораларига қарши намойишга чиққан футбол ва хоккей ишқибозлари полиция билан тўқнашди.


18 октябрь куни футбол ва хоккей ишқибозларидан икки мингдан ортиқроғи 19 октябрдан кучга кирадиган икки ҳафталик чеклов чораларига қарши намойишга чиққан эди.

Улар икки ҳафта мобайнида спорт мусобақалари тақиқланиши тўғрисидаги қарорга норозилик билдирди.


Норозилар полиция махсус отрядига ёнувчи шишалар ва бошқа буюмларни отди.

Полиция норозиларга қарши сув пуркагичлар ва шовқинли гранатларни қўллади.


Тўқнашув оқибатида бер неча киши, жумладан, полиция ходимлари жароҳатлангани билдирилди.

Европада коронавирусга чалинганларнинг кундалик кўрсаткичи 44 фоизга кўпайди

АҚШда бир кун ичида 679 одам вафот этди ва ўлганлар сони деярли 220 минг кишини ташкил қилди.

Европа Иттифоқида, 2020 йилнинг 18 октябрь ҳолатига қараганда, коронавирусдан ўлганлар сони 250 минг кишига етди. Европа давлатлари коронавируснинг навбатдаги ҳуружини жиловлаш мақсадида бир қатор чекловларни қайта жорий этмоқда.


Айни пайтда Исроил ва Австралияда коронавирусга чалиниш ҳолатлари озайгани муносабати билан карантин чораларини юмшатди.


Европа давлатларида сўнгги бир ҳафта ичида COVID-19га чалинишнинг кундалик кўрсаткичи 44 фоизга кўпайди.


АҚШда эса 17 октябрь куни 52 минг кишида коронавирус аниқланди. Бу сўнгги 14 кун ичдаги энг юқори кўрсаткичдир. Бу билан коронавирусга чалинишнинг кундалик кўрсаткичи ўртача 28 фоизга ўсди.


АҚШда бир кун ичида 679 одам вафот этди ва ўлганлар сони деярли 220 минг кишини ташкил қилди.

Навальний Россияга қайтиш фикридан воз кечмаганини билдирди

Мухолифатчи 19 сентябрь куни “Шарите”дан соғайиб чиққан ва ҳозирда Германияда қолиб, соғлиғини тиклаяпти.

Россия мухолифатчиси Алексей Навальний Кремль унинг Россияга қайтмаслги учун бор имкониятларни ишга солаётганини билдирди. Бироқ у бу уринишларга қарамай, Москвага қайтишини режалаштираётганини айтди.


АҚШнинг CBS телеканалига 18 октябрда интервью берган Навальный Россияга икки ойдан кейин қайтишни ва ўз фаолиятини давом эттиришни режалаштираётганини маълум қилди.


Навальний CBSга Берлиндан туриб интервью берди. У Россияда заҳарланганидан сўнг бу ердаги “Шарите” касалхонасига олиб келинган ва даволанган.


Навальний “Шарите” касалхонасида 32 кун ётганидан сўнг 22 сентябрь куни чиқарилган эди.


Коррупцияга қарши кураш жамғармаси асосчиси Алексей Навальний заҳарланиш асоратлари билан 20 август куни Омскда касалхонага ётқизилганди – унинг аҳволи Томскдан Москвага парвоз қилаётган учоқнинг ичида ёмонлашган. 22 август куни мухолифатчи Берлиндаги “Шарите” клиникасига кўчирилган. У икки ҳафтадан кўпроқ комада ётган.

Мухолифатчи 19 сентябрь куни “Шарите”дан соғайиб чиққан ва ҳозирда Германияда қолиб, соғлиғини тиклаяпти.

Касалхонадан чиққанидан кейин берган бир неча интервьюсида Навальний соғлиғи тез тикланиб бораётгани айтиб, сиёсий фаолиятини давом эттириш учун Россияга қайтмоқчи эканини қайд этган.

Президент Трамп уч кунда тўрт штатда ралли ўтказди

АҚШ президенти Дональд Трамп Айовада, 14 октябрь, 2020

17 сентябрь куни АҚШ президенти Дональд Трампнинг матбуот котиби президентлик сайловига икки ярим ҳафта қоларкан, Трамп ўз сайлов кампаниясига «борини бераётганини» айтди.

Президент уч кунда тўрт штатда ралли ўтказган. Хусусан, 17 октябрь куни у Мичиган ва Висконсинда ралли ўтказган.

Иккинчи марта сайланишга уринаётган президент 18 октябрь куни Невада, 19 октябрь куни эса Аризонада ралли ўтказади.

Мичиганда Трамп демократлар номзоди Жо Байден ғалаба қозонса, мамлакат қандай зиён кўриши ҳақида сўзлади.

Трамп демократлар «Америка тарихини ўчиради, Америка қадриятларини йўқ қилади, Америкача яшаш тарзини барбод қилади», дея таъкидлади.

Трампнинг раллисида қатнашаётган аксарият тарафдорлари, мамлакатда коронавирус тез суратда тарқалаётган бўлишига қарамасдан, ниқоб тақмаган ёки ижтимоий масофа сақламаган ҳолда кўринмоқда.

Трампнинг рақиби Байден 17 октябрь куни дам олди, лекин 18 октябрь куни унинг Шимолий Каролинада ралли ўтказиши кутилмоқда.

COVID-19: Австралияда чекловлар юмшатилди, Европада эса кучайтирилмоқда

Франция, COVID-19 пандемияси боис комендантлик соатлари амал қилмоқда, октябрь, 2020

18 октябрь куни Австралия расмийлари Мельбурн шаҳрида коронавирусга чалиниш ҳолатлари озайиб бораётгани учун айрим чекловлар бекор қилинганини эълон қилди.

Хусусан, шаҳарларда ташқарида ўтказиш мумкин бўлган соатларга қўйилган чеклов бекор қилинди.

Биргина Виктория штати ҳокими барча чекловларни бекор қилиб, ресторанларни очишдан бош тортди.

Айни дамда кўплаб Европа давлатларида вирусга чалинганлар сони тобора кўпайиб бормоқда. Шу сабабдан Испаниядан тортиб, Британиягача бўлган мамлакатларда вирус тақалиши олдини олиш учун чекловлар қайта жорий қилинди.

Францияда Париж ва яна саккиз шаҳарда кечки соат 21:00 дан эрталабки соат 6:00 гача комендант соати жорий қилинди.

Германияда ҳам коронавирусга чалиниш ҳолатлари ошиб бормоқда. 17 октябрь куни мамлакатда бугунга қадар вирусни юқтирганлар сони 361 974 га етгани хабар қилинди.

Хабаровскликлар 99- кун норозилик намойишига чиқди

Хабароскликларнинг августдаги намойишларидан бирида олинган сурат.

Россиянинг Узоқ Шарқдаги Хабаровск шаҳрида яшовчи юзлаб киши қамоққа олинган минтақа собиқ губернатори Сергей Фургал ҳимоясига яна норозилик намойишига чиқди. Хабаровскдаги бундай акциялар қаторасига 99 кундан бери давом этмоқда.

Одам энг кўп йиғиладиган акциялар одатда шанба кунлари бўлиб ўтади. 10 октябрда ўтказилган намойишни ОМОН аскарлари куч ишлатиб тарқатган эди. Шунга қарамай, бугунги акцияга бир ҳафта олдингига қараганда, кўпроқ киши қатнашгани хабар қилинди.

Сергей Фургал 2018 йилда губернатор этиб сайланган эди. У сайловда 70 фоиз овоз тўплаб, «Единая Россия» номзоди устидан ғалаба қозонган.

Фургал 9 июль куни Хабаровскда қўлга олиниб, Москвага йўлланди.
Пойтахтда суд сиёсатчини икки ойга ҳибсга олиш ҳақида қарор чиқарди. У 15 йил аввал тадбиркорларнинг ўлдирилишини уюштирганликда айбланяпти.

Сергей Фургал қўлга олинганидан бери Хабаровск ўлкасида уни озодликка чиқариш ҳамда Путин истеъфоси талаби билан ўтказилаётган норозилик намойишлари тинчимаяпти.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG