Линклар

Шошилинч хабар
27 январ 2021, Тошкент вақти: 00:51

Халқаро хабарлар

Қозоғистондаги суд коррупцияда айбланиб етти йил қамоқ жазосига хукм қилинган муҳолифот аъзосининг шикоят аризасини рад этди.

Павлодар шаҳридаги суд, Павлодар вилоятининг собиқ ҳокими Ғалимжон Жакиянов устидан чиқарилган аввалги суд қарори ўз кучида қолишини маълум қилди. Жакиянов ноябр ойида эгаллаб турган лавозимидан четлаштирилган.
Судда ўқиб эшиттирилган баёнотида Жакиянов, ўзига қарши бошланган суд сиёсий асосга эга эканини ва у президент Нурсултон Назарбоев томонидан рағбатлантирилганини айтган.

Кун янгиликлари

Ўзбек адибининг асари Қирғизистонда “Йил китоби” сифатида тан олинди

Бегижон Аҳмедов 12 асар муаллифи.

Қирғизистонлик ўзбек адиби Бегижон Аҳмедовнинг “Сайёҳ” (бошқа тилларда "Дербиш", "Странник", "Солик" ва бошқа номларда чоп этилган) қиссаси Ёзувчилар иттифоқи ва Чингиз Айтматов номидаги халқаро Иссиқкўл форуми томонидан “Йил китоби” деб топилди.

Қирғизистон тарихида биринчи марта ўзбек ижодкори томонидан ёзилган асар “Йил китоби” сифатида эътироф этилмоқда.

“Сайёҳ” китобининг тақдимоти 2019 йили Бельгия пойтахти Брюссел шаҳрида бўлиб ўтган эди. Ўшандан бери мазкур китоб “Дербиш” деган ном билан 8 тилга, жумладан, рус, қирғиз, турк, тожик тилларига таржима қилинган.

"Марқабой Ааматов таржима қилган Бегижон Аҳмедовнинг "Дербиш" қиссаси 2020 йилнинг энг яхши китоби деб топилди",-дейилади Қирғизистон Ёзувчилар миллий иттифоқи ва Чингиз Айтматов номидаги халқаро Иссиқкўл форуми қўшма қарорида.

Ҳозирга қадар Бегижон Аҳмедовнинг катта кўламдаги 12 китоби нашрдан чиқди. У “Руҳий бангилик” ҳужжатли фильмининг ва ва “Жалолиддин Румий” пьесасининг муаллифидир.

Бегижон Аҳмедов Халқаро Бобур жамғармаси, Қурвонжон Додҳо жамғармаси ва Қирғизистон Ёзувчилар миллий уюшмаси мукофотларининг совриндори.

Қирғизистон президенти фармони билан “Данк” (“Шуҳрат”) медали, Қирғиз Республикасининг Фахрий Ёрлиғи билан тақдирланган, Қирғизистон маданияти аълочиси унвонига эга.

Туркманистонда полиция соқоллиларга ароқ ичирмоқда

Туркманистоннинг Лебоп вилоятида маҳаллий полиция “исломий кўринишдаги шахслар”ни таъқиб қилмоқда, уларни соқолини олишга ва ароқ ичишга мажбурламоқда. Озодлик радиоси туркман хизматининг маълум қилишича, бу йўналишда полиция мунтазам рейдлар ўтказмоқда ва ўз чақимчиларидан фойдаланмоқда.

Радио мухбирларининг билдиришларича, ўтган ҳафтада асосан Фароп ва Чоржў этрапларида ўтказилган рейдлар давомида ёши 55 ёшдан ошган, анъанага кўра соқол қўйган ва намоз ўқийдиган одамлар маҳаллий ҳокимиятларга чақиртирилиб, улар билан “тушунтириш ишлари” ўтказилган.

Полиция рейд давомида кўчада бораётган бир нечта соқолли шахсни тўхтатиб, уларни “диний экстремистлик” ва “ваҳобийлик”да гумонлаб полиция бўлимига олиб борган. Шундан сўнг соқоллилар ароқ ичишга мажбурланган.

Фаропдаги рейд давомида полиция хусусий уйлардан бирида намоз ўқишга йиғилган 10 кишини қўлга олган. Уларнинг барчасига “карантин қоидаларини бузиш” айблови билдирилган.

Озодлик радиоси туркман хизмати мазкур воқа юзасидан расмийлардан муносабат олишга муваффақ бўлмади.

Туркманистонда соқол ҳукумат расмийларининг оғзаки буйруғи асосида бир неча йил аввал тақиқлангани айтилади. Бироқ расмийлар шу кунгача бу масалада тушунтириш бермаган.

Тожикистон президенти мамлакатда коронавирус қолмаганини билдирди

Бу ҳақда президент 26 январь куни парламентда гапирди.

Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон 26 январь куни парламентга қилган мурожаатида мамлакатда коронавирус беморлари қолмагани ҳақида гапирди.

Озодлик радиоси тожик хизматининг билдиришича, президент: “Январь ойи бошидан бери Тожикистонда биронта коронавирус инфекцияси қайд этилмади ва бизда коронавирус йўқ деб ишонч билан айтишимиз мумкин”,-деб айтган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги эса сўнгги 15 кун ичида Тожикистонда COVID-19га чалинган янги бемор аниқланмаганини билдирмоқда.

Бироқ экспертлар бу борадаги расмий статистикага шубҳа билан қарамоқда. Уларга кўра, беморлар ва ўлганлар сони Соғлиқни сақлаш вазирлиги эълон қилган рақамлардан кўпроқ бўлиши мумкин.

Раҳмон ўз сўзида фуқароларни санитария-гигиена қоидаларига қатъий амал қилишга ундади. Президент санитария-гигиена қоидаларига қатъий амал қилинмагунича, масжидлар очилмаслигини билдирди.

Тожикистонда пандемия муносабати билан ёпилган масжидларни 1 февралдан қайта очиш режалаштирилаётган эди.

Қозоғистонда коронавирусдан бир кунда 18 бемор ўлди, 1274 кишига вирус юқди

COVID-19дан 2495 киши, “ковиднамо зотилжам”дан 558 киши ўлгани қайд этилди.

Қозоғистонда ўтган бир сутка ичида 1 266 кишида COVID-19, 8 кишида “ковиднамо зотилжам” аниқланди. Беморлардан 18 киши вафот этди.

Қозоғистонда коронавирус ҳолати илк бор ўтган йилнинг март ойида аниқланган эди. Ўшандан бери мамлакатда 179 720 кишига вирус юқди, беморлардан 161 758 киши тузалди. COVID-19дан 2495 киши, “ковиднамо зотилжам”дан 558 киши ўлгани қайд этилди. Айни пайтда касалхоналарда коронавирусдан 27 134 киши даволанмоқда.

COVID-19 бўйича жаҳон статистикасини олиб бораётган АҚШдаги Жонс Хопкинс университети маълумотига кўра, пандемия бошидан бери жаҳон бўйлаб коронавирусга чалинганлар сони 99 миллион 700 минг кишидан ошган. Беморлардан 2 миллион 140 га яқини вафот этган.

Қирғизистоннинг янги президенти биринчи хорижий сафарини Россияга амалга оширади

Садир Жапаров.

Қирғизистоннинг янги сайланган президенти Садир Жапаров ўзининг биринчи давлат сафарини Россияга амалга оширади. Бу ҳақда 26 январь куни президент матбуот котиби Галина Байтерек маълум қилди.

“Айни пайтда сафарга тайёргарлик кўрилмоқда. Россия томони билан сафар кун тартибини аниқлаш бўйича иш олиб борилаяпти. “Россия Жапаровни қабул қилишга тайёр эмас” қабилида тарқатилаётган хабарлар асоссиздир. Жамоатчиликни бу каби ёлғон хаарларга ишонмасликка чақирамиз”,-деди Байтерек.

11 январь куни Садир Жапаров ўзининг биринчи хорижий сафарини Қозоғистондан бошлаши ҳақида қозоқ президенти расмий сайти хабар қилган эди. Хабарда айтилишича, қозоқ президенти Қосим-Жомарт Токаев телефон орқали Садир Жапаров билан гаплашган, уни президентлик сайловида ғалаба қозонгани билан қутлаган ва расмий сафар билан Қозоғистонга таклиф қилганди.

Хабарда Садир Жапаров Қозоғистон президентига ташаккур билдиргани ва биринчи сафари Қозоғистонга бўлишини айтгани маълум қилинган.

Садир Жапаров 10 январда ўтган президентлик сайловида 17 номзод орасида ғалаба қозонгани эълон қилинган. Уни қасамёдга келтириш маросими 28 январда ўтказилади.

Коронавируснинг Бразилияда аниқланган янги тури АҚШда ҳам пайдо бўлди

Коронавирусдан ўлган қариндошини дафн этаётган Бразилия фуқароси.

Коронавируснинг Бразилияда пайдо бўлган янги штамми Қўшма Штатларга ҳам кириб келгани маълум бўлди. Расмийларга кўра, 25 январь куни Бразилияга бориб келган Миннесота штатида яшовчилардан бирида янги штамм аниқланган.

Президент Жо Байден 25 январдан Британия, Бразилия, Ирландия ва Европанинг катта қисмида бўлган шахсларнинг АҚШга киришини тақиқлади.

Қарор билан коронавируснинг яна бир тури аниқланган Жанубий Африкада бўлган сайёҳларнинг ҳам АҚШга кириши тақиқланади.

Коронавируснинг Жанубий Африкада аниқланган тури жиддий хавотирларга сабаб бўлмоқда. Чунки мазкур вирусга коронавирусга қарши ҳозирда амалда бўлган вакциналар деярли таъсир қилмаслиги аниқланган.

Британияда аниқланган янги штамм эса аввалгисига қараганда тез тарқалувчан бўлиб чиқди. Коронавируснинг Британияда аниқланган янги штаммидан ўлганлар сони ҳам кўпамоқда.

Британия Бош вазири Борис Жонсон коронавирусга қарши чекловларни кучайтириш, жумладан, чегарадан ўтиш қоидаларини қийинлаштириш масаласи ўрганилаётганини билдирди.

Навальний тарафдорлари 31 январь куни “Россиянинг барча шаҳарларида” митинг уюштирмоқчи

Мухолифатчи Алексей Навальний минтақавий штаблари тармоғининг раҳбари Леонид Волков Твиттердаги ўз саҳифасида ҳибсхонада сақланаётган сиёсатчини дастаклаш учун “Россиянинг барча шаҳарларида” янги акциялар ўтказилиши ҳақида эълон қилди. Волковга кўра, митинглар 31 январь куни соат 12:00 га белгиланган.

“Нима учун 31 январь? Чунки 2 февраль куни Алексейнинг суди бўлади. Судга яқин талабимиз кучлироқ жаранглаши мумкин. Москвада эса, албатта, 2 февраль куни ҳам судга келиш керак”, деб ёзган Волков штаблар бор шаҳарларда одамларга йўналишлар берилиши, штаб йўқ шаҳарларда эса бориладиган жойлар мувофиқлаштирилишини билдирган. Волков акциялар ўтказилиши ҳақида расмийларга ариза топширилиш-топширилмаслиги тўғрисида маълумот берган эмас.

Шу йил 23 январь куни Россия бўйлаб Навальний ҳимояси учун ўтказилган норозилик акцияларида 100 мингдан зиёд одам қатнашган. Навальний штаблари вакиллари намойишларда 250 минг киши иштирок этганини иддао қилган. Акциялар Россиянинг 100 дан зиёд шаҳрида ўтказилган.

Норозилик чиқишлари чоғида 3,5 чоғли одам тутиб кетилган – бу эса Россиянинг энг янги тарихи учун рекорд кўрсаткич бўлиб ҳисобланади. “ОВД-Инфо” маълумотига кўра, қўлга олинганлар орасида 195 нафар вояга етмаган бола бор.

Байден трансгендерларнинг АҚШ армиясида хизмат ўташига қўйилган тақиқни бекор қилди

АҚШ президенти Жо Байден

АҚШ президенти Жо Байден 25 январь куни трансгендерларнинг қуролли кучларда хизмат қилишига салафи томонидан қўйилган тақиқни бекор қилди. Бу ҳақда “Америка овози” хабар берди.

Оқ уй баёнотида жинсий ўзига хослик ҳарбий хизмат ўташ учун тўсиқ бўлмаслиги кераклиги айтилган. Баёнотга мувофиқ, малакали америкаликларнинг барчасига ўз мамлакатига хизмат қилиш учун имконият яратиш қуролли кучларнинг янада самарадорроқ бўлишига кўмаклашиш демакдир.

Президент Барак Обама 2016 йили трансгендерларнинг ўз жинсий ўзига хослигини яширмаган ҳолда армияда хизмат қилишига рухсат берганди.

Кейинроқ президент Дональд Трамп трансгендерларнинг қуролли кучлар сафига қабул қилинишини тўхтатиб қўйган. Унинг фармонига мувофиқ, ҳужжат имзолангунича армия сафида юрганларгина ўз хизматини давом эттира олиши мумкин бўлган.

Дунё бўйлаб коронавирусга чалинганлар сони 100 миллионга етди

COVID-19 бўйича жаҳон статистикасини олиб бораётган АҚШдаги Жонс Хопкинс университети маълумотига кўра, пандемия бошидан бери жаҳон бўйлаб коронавирусга чалинганлар сони 99 миллион 700 минг кишидан ошган. Беморлардан 2 миллион 140 га яқини вафот этган.

Коронавирусга чалинганлар сони бўйича дунёда АҚШ биринчи ўринда боряпти. Қўшма Штатларда хасталик тарқала бошлаганидан бери 25 миллион 290 мингдан зиёд кишига коронавирус юққан.

Коронавирусга чалинганлар сони бўйича иккинчи ўринни Ҳиндистон (10,667 миллиондан ортиқ), учинчи ўринни Бразилия (8,871 миллиондан ортиқ), тўртинчи ўринни Россия (қарийб 3,7 миллион), бешинчи ўринни эса Буюк Британия (3,680 миллиондан ортиқ) эгаллаб турибди.

Коронавирус билан боғлиқ ўлим сони бўйича ҳам дунё бўйича АҚШ (420 минг 965 та ҳолат) олдинда. Бу кўрсаткич бўйича Бразилия (217 минг 664 та ҳолат) иккинчи ўринда, Ҳиндистон эса (153 минг 470 та ҳолат) учинчи ўринда бормоқда. Мексикада кейинги пайтда COVID-19 билан боғлиқ ўлим сони кўпайиб, шу кунда қурбонлар сони 150 мингдан ошган.

Москва судлари намойишга чиққанларни 15 суткагача қамаш бўйича 30 та қарор чиқарди

Москвадаги акциялар чоғида тутиб кетилаётган намойишчилардан бири, 2021 йил 23 январи

Москва судлари икки кун ичида 23 январдаги рухсат этилмаган норозилик акциялари чоғида йўл қўйилган қонунбузарликлар бўйича 100 га яқин материални кўриб чиқди. Москва шаҳар суди матбуот котиби Ульяна Солопова маҳкамалар томонидан маъмурий ҳибс жазосини тайин қилиш бўйича 30 та қарор чиқарилганини билдирди.

“Интерфакс” агентлиги хабарига кўра, олти киши полицияга бўйсунмагани учун, 24 киши эса оммавий тадбирларни ташкил этиш ёки ўтказиш тартибини бузгани учун 7 суткадан 15 суткагача ҳибс этилган. Шунингдек, намойиш иштирокчиларига нисбатан 10 мингдан 250 минг рублгача 64 та маъмурий жарима жазоси тайин қилинган.

Москва шаҳар суди матбуот котибига кўра, 25 январь ҳолатига Москва судларига маъмурий қонунбузарликка оид 448 та иш келиб тушган.

Россия Ички ишлар вазирлигининг Москва шаҳар бошқармаси 23 январь куни пойтахт кўчаларига 4 минг нафар норози чиққанини билдирган. Уларнинг мингдан зиёди қўлга олинган. Бу ҳақда журналистларга Москвадаги инсон ҳуқуқлари бўйича вакил Татьяна Потяева маълум қилган.

Бошқа манбалар маълумотига кўра, шанба куни Москвада бўлиб ўтган норозилик намойишларида 15 мингдан 20 минггача киши қатнашган.

Мексика президенти коронавирусга чалинди

Мексик президенти Андрес Мануэль Лопес Обрадор

Мексика президенти Андрес Мануэль Лопес Обрадор коронавирус юқтириб олган. Бу ҳақда у Twitter'даги ўз саҳифаси орқали маълум қилди.

“Таассуф билан сизга маълум қиламанки, мен COVID-19 га чалиндим. Асоратлари енгил, аммо мен даволана бошладим. Ҳар доимгидек кўтаринки руҳдаман. Ҳаммамиз биргаликда олға қараб юришда давом этамиз”, деб ёзган Мексика президенти. Обрадорга кўра, ҳозирча уни ИИВ раҳбари Ольга Санчес Кордеро тамсил этиб туради.

Аввалроқ Франция президенти Эммануэль Макрон, Британия бош вазири Борис Жонсон, Бразилия президенти Жаир Болсонару, Украина президенти Владимир Зеленский ва бошқалар коронавирус билан хасталаниб, тузалиб чиқишганди.

Жонс Ҳопкинс университети маълумотига кўра, пандемия бошидан бери Мексикада 1,7 миллион дан зиёд киши коронавирусга чалинган, 149 минг 600 нафардан кўпроқ одам қурбон бўлган. Ўтган йилнинг 24 декабридан бошлаб мамлакатда тиббиёт ходимлари орасида эмлов кампанияси бошланган.

Исроил бир ҳафтага дунё билан ҳаво алоқасини узади

Исроил бош вазири Бенямин Нетаняҳу (ўнгдан биринчи)

Исроил 25 январь оқшомидан халқаро авиаалоқани бир ҳафтага тўхтатади. Бу ҳақда якшанба куни мамлакат ҳукумати баёнот тарқатган.

Бош вазир Нетаняҳуга кўра, мамлакат “тақатақ ёпилади”, Исроил фуқаролари мамлакатга кириш-чиқиш учун ўта жиддий сабаб кўрсатишлари лозим бўлади.

Исроилда пандемия бошидан бери бунингсиз ҳам мамлакатга кириш-чиқиш бўйича кескин чоралар жорий қилинганди. Галдаги чеклов қадамларини расмийлар аҳоли эмланаётган муҳим бир паллада мамлакатга коронавирус янги штамми кириб келишининг олдини олиш зарурати билан изоҳлаганлар.

Исроил эмлов суръати бўйича айни пайтда дунёда биринчи ўринда турибди, мамлакат аҳолисининг 25 фоиздан кўпроғи камида бир доза вакцина олган. Расмийлар март ойи охиригача катта ёшдаги аҳолининг барчасини эмловдан ўтказишни режалаганлар. 24 январь куни 16 ёшдан 18 ёшгача бўлган ўсмирлар ҳам эмловдан ўтиши эълон қилинган.

Мамлакатда ҳозир кескин карантин чоралари жорий қилинган бўлиб, улар камида январь ойи охиригача давом этиши керак. Исроил аҳоли жон бошига хасталик юқтириш бўйича дунёда ўринда турган давлатлардан биридир. Айни пайтда у COVID-19 қурбонлари сони энг оз (1 фоиздан камроқ) мамлакатлардан бири бўлиб ҳисобланади.

Россия президенти “Путин саройи”га оид суриштирув юзасидан илк бор изоҳ берди

Геленжик яқинидаги "Путин саройи"

Россия президенти Владимир Путин Алексей Навальнийнинг Коррупцияга қарши кураш фонди (КҚКФ) томонидан амалга оширилган Геленжик яқинидаги саройга оид суриштирув ҳақида илк бор изоҳлади. Талабалар билан ўтказилган онлайн учрашув чоғида Путин суриштирув тўғрисидаги саволга жавоб берди.

Бу каби маълумотни кўриб чиқишга шунчаки бўш вақтим бўлмагани учун мен бу фильмни кўрмадим. Аммо ёрдамчиларим олиб келган видеоподборкаларни варақлаб чиқдим. Сизнинг саволингизга ҳаялламай жавоб беришни истайман: у ерда менинг мулким деб кўрсатилганларнинг ҳеч бири менга ҳам, менинг яқин қариндошларимга ҳам қарашли эмас ва ҳеч қачон менга тегишли бўлмаган. Ҳеч қа-чон”, деган Путин. У Суриштирувнинг ўзини эса Путин “компиляция” (мустақил тадқиқотларсиз, бошқаларнинг суриштирувлари асосида йиғилган демоқчи – таҳр.) деб атаган.

Шу йил 19 январида Коррупцияга қарши кураш фонди Геленжик яқинидаги Владимир Путиннинг саройи деб аталган бинога оид суриштирувини ёйинлаганди. Суриштирув Химки суди КҚКФ асосчиси Алексей Навальнийни Германиядан Россияга қайтганидан кейин 30 суткага тергов ҳибсхонасига йўллаш ҳақида қарор чиқарганидан бир кун ўтиб эълон қилинган. Ёйинланганидан бери ўтган 6 кун ичида YouTube тармоғида 86 миллион мартадан кўпроқ кўрилган фильм Навальний қўлга олинишига қадар ҳозирланган. Қарийб 2 соат давом этадиган ҳужжатли фильмда Навальнийнинг ўзи ҳам иштирок этган.

“Путин саройи” деб аталаётган бино 2005–2010 йиллар мобайнида Қора денгиз бўйича қурилган. Унинг Россия президенти учун қурилгани ҳақида 2010 йилда тадбиркор Сергей Колесников билдирган.

КҚКФ сарой қурилишини 100 миллиард рублга (тақрибан 1,35 миллиард АҚШ доллари) баҳолаган ва бино интерьерини намойиш қилган. Суриштирувда иддао қилинишича, “саройни безашда иштирок этган муҳим пудратчилардан бири” фондга мазкур объектнинг меъморий тархини тақдим этган. Саройда жами ўнлаб хона бўлиб, улар орасида “хизматчилар, яъни шифокорлар, бошқарувчилар, ошпазлар, официантлар учун кийиниш хоналари, гўшт-балиқ цехи, сабзавот цехи, новвойхона, тухумларга ишлов бериш цехи” кабилар бор.

КҚКФ хулосасига кўра, гарчи бошқалар номига расмийлаштирилган бўлса-да, Путин мазкур кўчмас мулкнинг асл соҳиби бўлиб ҳисобланади, сарой ва унинг инфратузилмаси эса коррупцион схемалар ҳисобидан қурилган.

Мухолифатчи Алексей Навальний 17 январь куни Берлиндан Москвага учиб келиши билан қўлга олинган. Германияга у ўтган йил ёзида “Новичок” моддаси билан заҳарланиши ортидан олиб кетилган ва ўша ерда даволанганди. Навальний Россия пойтахтида қўлга олинганидан бир кун ўтгач, у 30 кунлик ҳибс муддатини ўташ учун “Матросская тишина” тергов ҳибсхонасига йўлланган.

23 январь куни Россия бўйлаб Навальний ҳимояси учун ўтказилган норозилик акцияларида 100 мингдан зиёд одам қатнашган. Навальний штаблари вакиллари намойишларда 250 минг киши иштирок этганини иддао қилмоқда. Акциялар чоғида 3,5 чоғли одам тутиб кетилган – бу эса Россиянинг энг янги тарихи учун рекорд кўрсаткич бўлиб ҳисобланади.

Қирғизистонда коронавирус қурбонлари сони 1400 нафардан ошди

Ўзбекистонга қўшни бўлган Қирғизистонда ўтган кеча-кундузда пневмония дохил коронавирусга чалинганлар сони 71 нафарни ташкил қилган, хасталик туфайли бир киши вафот этган. Бу ҳақда 25 январь куни Коронавирус инфекциясига қарши кураш республика штаби маълумот тарқатди.

Сўнгги маълумотларга кўра, Қирғизистонда COVID-19 инфекциясини юқтириб олганларнинг умумий сони 83 минг 971 нафарга, қурбонлар сони эса жами 1 минг 401 нафарга етган.

Тиббиёт ходимлари ўртасида 24 январь куни коронавирусга чалиниш ҳолати қайд этилмаган. Пандемия бошидан бери эса 4 минг 168 нафар тиббиёт ходими вирусга чалиниб, улардан 4 минг 75 нафари тузалиб кетган.

Айни пайтда мамлакатда эпидемия аввалидан бери ҳаммаси бўлиб 80 минг 25 нафар бемор соғайгани айтилмоқда.

Россия Тергов қўмитаси намойишларда санитария тартиби бузилгани юзасидан жиноят иши очди

Алексей Навальнийни дастаклаш акциясидан лавҳа, Москва, 2021 йил 23 январи

Россия Федерацияси Тергов қўмитаси 23 январь куни мамлакатнинг ўнлаб шаҳрида мухолифатчи Алексей Навальнийни дастаклаш намойишлари ўтказилгани муносабати билан санитария қоидалари бузилиши (РФ Жиноят кодекси 236-моддаси) тўғрисида иш қўзғатган. Бу ҳақида Коррупцияга қарши кураш фонди (КҚКФ) юридик бўлими бошлиғи Вячеслав Гимади маълум қилди.

КҚКФ директори Иван Ждановга кўра, бу иш юзасидан фонд ходимларини сўроқ қилиш (ҳозирча гувоҳ сифатида) аллақачон бошланган. Жумладан, терговчилар Навальнийнинг матбуот котиби Кира Ярмиш, Навальнийнинг Москвадаги штаби координатори Олег Степанов ҳамда фонднинг суриштирувлар бўлими бошлиғи ўринбосари Георгий Албуровларни излаб келганлар ва ушбу ходимлар айни пайтда махсус ҳибсхонада сақланмоқда.

Жиноят кодексининг санитария-эпидемиология нормалари бузилиши тўғрисидаги моддасида икки йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси назарда тутилган. Мазкур қоидабузарлик эҳтиётсизлик туфайли одам ўлдиришга олиб келган тақдирда, айбдор етти йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Алексей Навальнийнинг тарафдорлари 23 январь куни мухолифатчини дастаклаб, умумроссия норозилик акциясини ўтказишган. Эслатиб ўтамиз, “Новичок” гази билан заҳарланган сиёсатчи Берлинда даволаниб қайтганидан кейин (2021 йил 17 январи) Москва аэропортидаёқ ҳибсга олинган бўлиб, ҳозирда тергов изоляторида сақланмоқда.

Оммавий ахборот воситалари ҳисоб-китобига кўра, Москвадаги намойишларда 40 минг нафаргача одам иштирок этган, “Белий счетчик” акция қатнашчилари сонини 20 минг нафаргача (ИИВ баёнотида — 4 минг) деб кўрсатган. "МБХ медиа" Россия бўйича норозилик чиқишларида 110 минг киши иштирок этгани, жами қўлга олинганлар сони эса 3,4 минг кишидан ортиқ эканини таъкидлаяпти.

Намойишлардан бир неча кун аввал Москва маъмурияти коронавирус эпидемияси муносабати билан оммавий тадбирлар тақиқланганини боис митинг ўтказиш тўғрисидаги аризаларга рад жавоби берилишини очиқлаган эди.

Намойишлар арафасида Тергов қўмитаси ахборот-коммуникация тармоқларидан фойдаланган ҳолда вояга етмаганларни уларнинг ҳаётига хавф туғдирувчи ноқонуний хатти-ҳаракатларга жалб этганликка оид (ЖК 125.2-моддаси 2-қисми "а" ва "в" бандлари) жиноят иши очганди.

Тергов қўмитасининг Москва бошқармаси ЖКнинг 318-моддаси (“Ҳокимият вакилига нисбатан зўравонлик ҳаракатларини содир этиш”), 167-моддаси (“Мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга шикаст етказиш”) ҳамда 213-моддаси (“Безорилик”) билан жиноят ишлари қўзғатган. Шунингдек, ЖКнинг 267-моддаси (“Транспорт воситалари ёки қатнов йўлларини яроқсиз ҳолга келтириш”) 2-қисми бўйича жиноят иши очган.

Владивостокда РФ Жиноят кодексининг 267.1-моддаси (“Транспорт воситаларидан хавфсиз фойдаланишга таҳдид солувчи хатти-ҳаракатлар содир этиш”) бўйича жиноят иши қўзғатилган. Яна икки жиноят иши ҳокимият вакилига нисбатан зўравонлик содир этиш (ЖК 318-моддаси 1-қисми) ҳолатлари юзасидан қўзғатилгани айтилмоқда.

Новосибирскда оммавий тартибсизликларга чақириш тўғрисида жиноят иши очилган. Тергов тахминига кўра, 2021 йил январида “номаълум шахслар” ижтимоий тармоқларда оммавий тартибсизликларга чорлаганлар. Бу хабарлар воситасида, Тергов қўмитаси иддаосича, гўё 23 январь куни Навальнийни дастаклаш намойишларига чиққанда зўравонлик, талон-торож қилиш, ўт қўйиш, мулкларни йўқ қилиш, қурол ва портловчи моддаларни қўллаш, шунингдек қуролли қаршилик кўрсатиш сингари жиноий хатти-ҳаракатларга даъват қилинган.

Қирғизистон пойтахти жаҳонда ҳавоси энг ифлосланган шаҳарга айланди

25 январь куни шаҳарда ҳавонинг ифлосланиши 279 даражада эканини қайд этди.

Жаҳоннинг йирик шаҳарларидаги ҳаво сифатини ўрганувчи World Air Quality ташкилоти Қирғизистон пойтахти Бишкекда ўрнатган мослама 25 январь куни шаҳарда ҳавонинг ифлосланиши 279 даражада эканини қайд этди.

Бу билан Қирғизистон пойтахти Бишкек жаҳонда ҳавоси энг ифлосланган шаҳарга айланди. Бишкекдан кейинги ўринларни биринчи ўнликда Ҳиндистоннинг Дели, Калькута, Мўмбай, Хитойнинг Шэнян, Пекин, Покистоннинг Лахор, Непалнинг Катманду, Бангладешнинг Дакка ва Вьетнамнинг Ханой шаҳарлари эгаллади.

Айни пайтда Бишкекнинг Ак-Ўргў мавзесида ҳавонинг ифлосланиш индекси 450 даражага, Қизил қурувчи мавзесида 428 даражага, Новопавловка қишлоғида 410 даражага етган. Бу ўта хафли даража ҳисобланади.

World Air Quality ҳисобича, ҳавонинг ифлосланиш индекси 50 даражадан паст бўлиши лозим. Айнан мана шу даража инсон саломатлиги учун хавфсиз ҳисобланади.

Бишкек ўтган йилнинг ноябридан бери жаҳонда ҳавоси энг ифлосланган шаҳарлар ўнлигидан тушмай келмоқда. Ўтган ҳафтада Бишкекда ҳавонинг яхшилангани кузатилган, аммо 24 январдан яна ифлосланиш даражаси кўпайди.

Россия Озодлик радиосига босим ўтказишда давом этса, АҚШ санкция жорий этиши мумкин

Озод Европа-Озодлик радиосининг Прагадаги бош қароргоҳи.

АҚШ конгрессменлари Кремль Озод Европа-Озодлик радиосининг Россиядаги фаолиятига тўсқинлик қилишда давом этадиган бўлса санкциялар жорий этишлари мумкин.

Конгрессменлар 22 январь куни президент Жо Байден маъмуриятига жўнатган мактубларида мана шу ҳақда билдирганлар.

Конгрессменлар мактубида Жо Байденни Озод Европа-Озодлик радиосининг Беларусдаги фаолиятини кўпроқ қўллаб-қувватлашга чақирди. Беларусда ўтган йилнинг августидан бери амалдаги президент Александр Лукашенко истеъфоси талаб қилинган намойишлар тўхтамаяпти.

Аввалроқ Роскомнадзор Озод Европа-Озодлик радиосини “хориж агентлари” тўғрисидаги қонунга амал қилмаётганликда айблаб, бир неча юз минг доллар миқдорида жарима солишини билдирган. Мазкур қонунга асосан Озодлик журналистлари жиноий таъқиб қилиниши ҳам мумкин.

Роскомнадзор Озодлик радиоси рус хизматидан ўз контентига “хориж агенти” белгисини қўйишни талаб қилмоқда. Радио бу талабни бажаришдан бош тортган.

Дейзи Синделар Озодлик радиоси президенти вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланди

Озод Европа-Озодлик радиоси президенти вазифасини вақтинча бажарувчи Дейзи Синделар.

АҚШ Глобал медиа агентлигининг янги раҳбари Келу Чао Озод Европа-Озодлик радиоси президенти вазифасини вақтинча бажарувчи этиб Дейзи Синделарни тайинлади.

Бундан ташқари 24 январь куни эълон қилинган буйруққа асосан Бэй Фанга Озод Осиё радиоси президенти, Келли Салливан Яқин Шарқ радиоэшиттиришлар тармоғи - Middle East Broadcasting Networks президенти вазифасини бажарувчи сифатида тайинланди.

Мазкур уч радио президентлари Чао томонидан 22 январда ишдан бўшатилган эди. Улар бу лавозимларга АҚШ Глобал медиа агентлигининг аввалги раҳбари Майкл Пак томонидан тайинланганига бир ой бўлган эди.

21 январь куни Келу Чао “Америка овози” раҳбари, унинг ўринбосари ва Кубага эшиттириш берувчи радио раҳбарини ишдан бўшатганди.

АҚШнинг янги президенти Жо Байден 20 январда ўз лавозимига киришганидан икки соат ўтгач АҚШ Глобал медиа агентлиги директори Майкл Пак ўз лавозимидан истеъфо беришга мажбур бўлган ва унинг лавозимини вақтинча Келу Чао бажармоқда.

2020 йилнинг 30 декабрида Озод Европа-Озодлик радиосининг 23 хизмати бош муҳаррирлари АҚШ глобал медиа агентлиги – USAGAM бош директори Майкл Пакка норозилик мактубини жўнатганди.

Мактубда агентлик раҳбари икки париявийлик принципидан “мисли кўрилмаган даражада воз кечганликда” ва “ўзи ҳимоя қилиши шарт бўлган оммавий ахборот воситаларининг мустақиллигига даҳл қилганликда” айбланди.

Ҳолландияда норозилик намойишлари тартибсизликларга айланиб кетди

Полиция норозиларга қарши сув пуркагичларни қўллади.

Ҳолландиянинг иккита шаҳрида 24 январь куни коронавирусга қарши чекловларга норозилик сифатида ўтказилган намойиш тартибсизликларга айланиб кетди.

Эйндховен шаҳрида юзлаб норози полициячиларни тошбўрон қилди ва айрим биноларга ўт қўйди. Полиция норозиларни тарқатиш учун кўздан ёш сиздирувчи газ ва сув пуркагичлардан фойдаланди. Ўнлаб норози қўлга олинди.

Пойтахт Амстердамда ҳам норозилик намойиши тартибсизликка айланиб кетгани ортидан юздан ортиқ одам қўлга олинди.

Намойишлар Голландия ҳукумати 9 февралдан бошлаб соат 21дан 4:30гача комендантлик соати жорий этгани оқибатида бошланиб кетди.

Европа Иттифоқида вируснинг Британияда аниқланган янги штамми тарқалишининг олдини олиш бўйича чоралар кўрилмоқда. Британияда мамлакатнинг катта қисмида вирус юқтирганлар ва нобуд бўлганлар сони ошиб бормоқда.

Озод Европа-Озодлик ва яна икки радио президенти лавозимга тайинланганидан бир ой ўтмай ишдан олинди

Америкалик журналист Тед Липиен Озод Европа- Озодлик медиакорпорацияси президенти лавозимига 2020 йил 19 декабрда тайинланган эди.

Озод Европа-Озодлик радиосининг яқинда тайинланган президенти, шунингдек, Озод Осиё ва Middle East Broadcasting Networks раҳбарлари АҚШ Глобал медиа агентлигининг янги директори томонидан 22 январда ишдан олинди.

АҚШ Глобал медиа агентлиги директори вазифасини бажарувчи Келу Чао Озод Европа-Озодлик радиосига бир ой олдин президент сифатида тайинланган Тед Липиенни Озод Осиё ва Middle East Broadcasting Networks раҳбарларини улар ўз лавозимига тайинланганидан бир ой ўтар-ўтамас лавозимидан бўшатган.

21 январь куни Келу Чао “Америка овози” раҳбари, унинг ўринбосари ва Кубага эшиттириш берувчи радио раҳбарини ишдан бўшатганди.

“Америка овози” ва Куба радиоэшиттириши АҚШ ҳукумати тасарруфидадир. Озод Европа-Озодлик, Озод Осиё ва Middle East Broadcasting Networks АҚШ Конгресси тарафидан молиялаштириладиган ташкилотлардир.

АҚШнинг янги президенти Жо Байден 20 январда ўз лавозимига киришганидан икки соат ўтгач АҚШ Глобал медиа агентлиги директори Майкл Пак ўз лавозимидан истеъфо беришга мажбур бўлган ва унинг лавозимини вақтинча Келу Чао бажармоқда.

2020 йилнинг 30 декабрида Озод Европа-Озодлик радиосининг 23 хизмати бош муҳаррирлари АҚШ глобал медиа агентлиги – USAGAM бош директори Майкл Пакка норозилик мактубини жўнатганди.

Мактубда агентлик раҳбари икки париявийлик принципидан “мисли кўрилмаган даражада воз кечганликда” ва “ўзи ҳимоя қилиши шарт бўлган оммавий ахборот воситаларининг мустақиллигига даҳл қилганликда” айбланди.

Майкл Пак президент Дональд Трамп томонидан 2020 йил июль ойида мазкур агентликка раҳбар сифатида тайинланган эди.

Президент Жо Байден Пакнинг ўрнига “Америка овози” радиосининг 30 йиллик тажрибага эга бўлган журналисти Чаони 20 январь куни тайинлади.

АҚШ Толибон билан эришилган тинчлик шартномасини қайта кўриб чиқади

Асирга олинган Толибон жанггарилари.

Америка Қўшма Штатлари Толибон ўз мажбуриятларини бажараётгани ёки йўқлигини аниқлаш мақсадида ўтган йили жангари гуруҳ булан тузилган келишувни қайта кўриб чиқади.

АҚШ президентининг Миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан афғонистонлик ҳамкасби Ҳамдулла Моҳиб билан ушбу масалада суҳбатлашган.

Ўтган йилнинг февраль ойида эришилган келишувга биноан, 2021 йилнинг май ойигача барча хорижий кучлар Афғонистонни тарк этишлари керак.

Байденнинг янги маъмурияти "тинчлик жараёнини тўлиқ ва минтақавий дипломатик саъй-ҳаракатлар билан қўллаб-қувватлайди, бу эса икки томон барқарор ва адолатли сиёсий келишувга ва доимий сулҳга эришишига ёрдам беради", дейилади Оқ уй баёнотида.

Ўтган йилнинг 29 февралида Қатар пойтахти Доҳада АҚШ расмийлари ва Толибон вакиллари ўртасидан тинчлик битими имзоланган эди.

Ҳужжатга мувофиқ, АҚШ ва унинг иттифоқчилари 14 ой ичида Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқиб кетиши керак. Толибон, ўз навбатида, келишувга тўлиқ амал қилган ҳолда Афғонистонда экстремизм уруғи сочилишига йўл қўймасликни зиммасига олган.

Пентатлон бўйича жаҳон чемпионати Беларусда ўтказилмайдиган бўлди

Пентатлон бўйича мусобақа.

Хоккей бўйича жаҳон чемпионатига мезбонлик қилиш ҳуқуқидан маҳрум қилинган Беларусь яна бир халқаро спорт мусобақасига мезбонлик қилиш имкониятини қўлдан бой берди.

Жорий йилнинг июнь ойида Минскда замонавий пентатлон ва лазер-ран мусобақалари бўлиб ўтиши режалаштирилган эди.

18 январь куни Халқаро хоккей федерацияси 2021 йили Минскда ўтказилиши режалаштирилган Жаҳон чемпионати бошқа мамлакатга кўчирилиши ҳақида эълон қилган.

Беларусда 2020 йил 9 августдан бери президент сайлови натижаларидан норози бўлган фуқароларнинг оммавий намойишлари ўтказиб келинмоқда. Мазкур сайловда мамлакатни 1994 йилдан бери бошқариб келаётган Александр Лукашенко ғолиб деб эълон қилинганди.

Мухолифат сайлов натижалари сохталаштирилишини билдириб, уни тан олишдан бош тортиб келади. АҚШ ва Европа Иттифоқи Лукашенкони президент сифатида тан олмаслигини билдирган.

АҚШ Хитойни Тайванга "босим ўтказишни" тўхтатишга чақиради

Тайван байроғи.

Америка Қўшма Штатлари Хитойдан Тайванга босимни тўхтатишни талаб қилди.

Бунга Хитой бомбардимончи ва қирувчи учоқлари Тайваннинг ҳаво мудофааси зонасига кириб боргани сабаб бўлди.

АҚШ Давлат департаменти расмий вакили Нед Прайс 23 январь куни эълон қилган баёнотда қайд этилишича, Вашингтон Пекинни "Тайванга қарши ҳарбий, дипломатик ва иқтисодий босимни тўхтатишга ва бунинг ўрнига Тайваннинг демократик йўл билан сайланган вакиллари билан мазмунли мулоқот қилишга" чақирган.

"АҚШ ХХРнинг [Хитой Халқ Республикаси] қўшниларини қўрқитишга қаратилган доимий уринишларини хавотир билан қайд этмоқда",- дейилади Прайс билдирувида.

Расмий вакил АҚШ Тайванга ўзини мудофаа қилишга кўмаклашишда давом этишини қўшимча қилди.

АҚШ ва Британия иқлим ўзгаришига қарши ҳамкорликда курашишга келишиб олди

АҚШнинг 46-президенти Жо Байден 20 январдан ўз лавозимига киришди.

23 январь куни Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон ва АҚШ Президент Жо Байден телефон орқали суҳбатлашиб, икки мамлакат ўртасидаги алоқаларни яхшилашга ва иқлим ўзгаришига қарши курашда ҳамкорлик қилишга келишиб олди.

Буюк Британия бош вазири маъмурияти эълон қилган баёнотда ёзилишича, икки раҳбар Буюк Британия ва Қўшма Штатлар ўртасида эркин савдо битимини имзолашни муҳокама қилганлар.

Европа Иттифоқини тарк этган Буюк Британия жорий ойда ўз миллий савдо сиёсати устидан назоратни тиклади.

22 январь куни Оқ уй матбуот котиби Жен Псаки янги келишув имзолаш учун муайян сана белгиланмаганини айтди

Суҳбат давомида Жонсон эндигина президентлик курсисига ўтирган Байденни табриклаган ҳамда уни собиқ президент Дональд Трамп фармонларини тезда бекор қилгани учун олқишлаган.

Коронавируснинг янги турлари хавотирга сабаб бўлмоқда

Коронавирусга қарши ишлаб чиқарилган вакциналардан бири.

Коронавируснинг янги вариантлари, хусусан, илк маротаба Буюк Британия, Жанубий Африка ва Бразилияда аниқланган штаммлари соғлиқни сақлаш мутахассисларини ташвишлантирмоқда.

Олимларнинг айтишича, вируснинг ушбу уч тури янада тез суратда тарқалмоқда. Бу эса бусиз ҳам оғир аҳволга тушиб қолган касалхоналар ва соғлиқни сақлаш тизимларига босимни кучайтириши мумкин.

Вируснинг Британияда аниқланган янги штамми ортидан мамлакатнинг катта қисмида вирус юқтирганлар ва нобуд бўлганлар сони ошиб бормоқда.

Бошида янги штамм аввалгисидан хавфли эмаслиги айтилган эди. Аммо 22 январь куни Буюк Британия ҳукуматининг бош илмий маслаҳатчиси Патрик Валланс дастлабки маълумотлар янги штамм хавфлироқ эканини кўрсатганини айтди.

Мавжуд вакциналар аҳолини вируснинг Британияда аниқланган туридан ҳимоя қила олади. Аммо Жанубий Африка ва Бразилияда аниқланган штаммлар хавотир келтириб чиқармоқда.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG