Линклар

Шошилинч хабар
17 январ 2020, Тошкент вақти: 23:47

Халқаро хабарлар

Қозоғистон хукумати, ўтган йил давлат мустақиллигининг 10 йиллиги муносабати билан эълон қилинган амнистияга мувофиқ 10.500 маҳбус қамоқдан озод этилганини маълум қилди.

Қозоғистондаги жазо системаси бошлиғи Пётр Космаков, ўтган ой охирига қадар амнистияга тушган маҳбусларнинг 91 фоизи озод этилганини билдирди. Бироқ, инсон ҳуқуқлари фаоллари, амнистия маҳбуслар билан тўлиб тошган қамоқхоналардаги вазиятни енгиллатмаганини танқид қилдилар.
Қозоғистонда хар 100.000 кишига 528та қамалганлар тўғри келади. Қозоғистон аҳоли сон бошига қамалганлар кўплиги бўйича АҚШ ва Россиядан кейин дунёда учинчи ўринда туради.

Кун янгиликлари

Хитойда туғилиш кўрсаткичи 1949 йилдан бери энг паст даражага тушди

2019 йилда Хитойда туғилиш кўрсаткичи 1949 йилдан бери энг паст даражага тушди.

17 январь куни Хитой статистика миллий бюроси ўтган йили ҳар 1000 кишига 10,48 ни ташкил қилганини маълум қилди.

Бюро маълумотларига кўра, 2019 йилда умумий ҳисобда 14,65 миллион чақалоқ туғилган. Бу аввалги йилдагидан 580 мингтага оздир.

2019 йил охирида Хитой аҳолиси 1,4 миллиард кишини ташкил қилди.

Соғликни сақлаш, таълим ҳамда турар жой нархлари ошиб бораётгани оилаларни озроқ фарзанд кўришга ёки умуман бола қилмасликка ундамоқда.

Хитой ҳукумати 2015 йилда “бир оилага бир фарзанд” сиёсатини бекор қилди. Аммо статистика бу қарор туғилиш даражасига таъсир кўрсатмаганини кўрсатмоқда.

Аҳолиси энг кўп давлат ҳисобланувчи Хитойда қариялар сонининг ошиб бораётгани соғлиқни сақлаш ҳамда нафақа тизимларини мушкул аҳволга солиб қўйган.

Доҳада АҚШ ва Толибон вакиллари тинчлик музокараларини олиб бормоқда

Қатар. Толибоннинг Доҳа шаҳридаги қароргоҳи.

Толибон вакили Суҳаил Шаҳин Қатар пойтахти Доҳада АҚШ махсус вакили Залмай Ҳалилзод билан музокараларнинг иккинчи куни ўз якунига етганини маълум қилди.

- Ҳар икки тараф кеча ва бугун самарали музокара олиб борди. Музокаралар яна бир неча кун давом этади. Биз улар ҳақида маълумот бериб борамиз, — деб ёзди Шаҳин ўз Twitter саҳифасида.

Вакил музокаралар фойдали бўлганини ҳамда икки тараф келишув имзолашни муҳокама қилаётганини қўшимча қилди.

Ҳозирча АҚШ расмийлари музокаралар ҳақида баёнот бергани йўқ.
Шундай бўлса-да, Reuters агентлиги исми очиқланмаган манбаларга таянган ҳолда агар тарафлар келишувга эришса, Толибон 10 кунга ўт очишни тўхтатишини, Афғонистондан ҳужумларни озайтиришини ҳамда Афғонистон ҳукумати расмийлари билан музокара олиб боришини хабар қилди.

Таҳлилчилар Толибон билан тинчлик келишувини имзолаш мамлакатда тинчлик ўрнатилишига замин яратишини айтишмоқда.

Эрон олий раҳбари 8 йилда илк марта жума намозига имомлик қилди

Эрон олий раҳбари оятуллоҳ Али Хаменеий.

Эрон олий раҳбари оятуллоҳ Али Хаменеий саккиз йилдан биринчи марта жума намозида имом вазифасини бажарди.

17 январь куни Теҳроннинг Мосалла масжидида айтган ваъзида 80 ёшдаги Хаменеий Эрон Ироқдаги АҚШ ҳарбийларига ракета билан қилган ҳужум “димоғдор тузум юзига туширилган тарсаки” бўлганини айтди.Намоз кўп сонли полиция назорати остида ўқилди.

Эронда 11 январь куни расмийлар “Украина халқаро ҳаво йўллари” авиаширкатига қарашли Boeing 737-800 учоғини адашиб уриб туширганини тан олганидан бери мамлакатда норозилик намойишлари тинчимаяпти.

Эрон расмийлари аҳолини мамлакат ҳарбийлари ҳамда Ислом инқилоби муҳофазаси корпусини қўллашга чорлади.

“Украина халқаро ҳаво йўллари” авиаширкатининг Теҳрон-Киев йўналишидаги PS752 рейси 8 январь куни Теҳрон аэропортидан учиб чиққанидан кейин кўп ўтмай Эрон ҳарбийлари отган ракета туфайли қулаб тушган эди.

Эрон армияси “ғайриихтиёрий” равишда уриб туширилганини айтаётган учоқ бортидан 176 кишининг барчаси ҳалок бўлди.

Учоқ бортида 82 эронлик, 57 канадалик, 11 украиналик, 10 швециялик, 10 афғонистонлик, 3 германиялик ҳамда 3 нафар британиялик бўлган.
Теҳрон бошида ҳарбийлари учоқни уриб туширганини рад этди, аммо буни тасдиқловчи далил кўпайиши ортидан ракета “ҳарбийлар хатоси” туфайли уриб туширилганини тан олди.

Қозоғистон суди прокуратуранинг хитойлик этник қозоқни Хитойга топшириш тўғрисидаги талабини қондирмади

Тлек Табарак

Жаркент шаҳар (Қозоғистон) суди 16 январь куни “чегарадан ноқонуний ўтганлик”да айбланган хитойлик этник қозоқ Тлек Табаракни олти ой муддатга озодликдан маҳрум қилди ва суд залидан озод қилди.

Тлек Табарка 2019 йил 22 октябрдан бери ҳибсда ушлаб турилган, тергов изоляторида ўтказилган бир кун икки кунга ҳисобланади.

Судья Динара Куйкабаева енгиллаштирувчи вазиятни ҳисобга олганини айтди: Табарак аввал судланмаган, унинг қўлида Қозоғистонда яшаш хуқуқини берувчи муддати ўтиб кетмаган ҳужжат бор, бундан ташқари, у чегарани бузиб ўтар экан, ота-оналари - Қозоғистон фуқаролари билан кўришмоқчи бўлган/

Пайшанба куни прокурор суддан Табаракни олти ойга озодликдан маҳрум қилишни ҳамда беш йил муддатга кирмаслик шарти билан Қозоғистондан чиқариб юборишни сўраган эди.

Судланувчи Табарак судга мурожаат қилиб ўзини Хитойга топширмасликни сўради. Хуқуқ ҳимоячиларининг сўзларига қараганда, Хитойда уни шафқатсиз жазо кутмоқда, чунки ҳужжатсиз Хитой чегарасини бузиб ўтиш бу мамлакатда оғир жиноятлар турига киради.

Сўнгги икки йилда расмийлар хитойлик ўнлаб қозоқларни жавобгарликка тортди. Улар Шинжонда Пекин томонидан мусулмон бўлган туб туркий халқларга нисбатан олиб борилаётган сиёсат туфайли Қозоғистонга қочиб ўтишга мажбур бўлганликларини айтишади.

Украина бош вазири Интернетда тарқаган аудио сабабли истеъфо сўраб ариза ёзди

Украина бош вазири Олексий Гончарук

Украина бош вазири Олексий Гончарук Интернетда унинг гаплари эълон қилингани ортидан истеъфо сўраб ариза ёзди.

Номаълум шахс томонидан эълон қилинган аудиоёзувда Гончарук мамлакат президенти Володимир Зеленскийни иқтисодиётни тушунмайди, деган.

"Мен президент дастурини бажариш учун мансабга келганман, - деб ёзди Ганчарук ўзининг Фейсбукида. - У мен учун очиқлик ва ҳалоллик рамзидир. Бироқ, президентимизга бўлган ишонч ва ҳурматга шубҳа туғдирмаслик учун мен истеъфо сўраб ариза ёздим ва уни парламентга тақдим қилиш ҳуқуқи билан президентга топширдим".

"Украинская правда" нашрининг ёзишича, Украина қонунчилигига биноан ҳукумат фаолияти тўғрисидаги дастур тасдиқланган вақтдан бошлаб бир йил мобайнида ҳукумат истеъфосини муҳокама қилиш мумкин эмас. Шу тариқа, Гончарук ҳукумати 2020 йилнинг октябрига қадар иммунитетга эга.

Қирғизистон Олий суди умрбод қамалган Азимжон Асқаров ишини янги ҳолатлар бўйича кўриб чиқади

Азимжон Асқаров

Қирғиз Республикаси Олий суди янги очилган ҳолатлар бўйича умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилган ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаров ишини кўриб чиқади. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар қилди.

Азимжон Асқаров 2010 йил, июнь ҳодисаларидан кейин тартибсизликларни ташкиллаштириш ва милиция ходимини ўлдиришда қатнашганлик гумони билан қўлга олинган. Барча инстанциялардаги судлар қарори билан у умрбод қамоқ жазога ҳукм қилинган.

2016 йилнинг апрелида БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси Қирғизистон расмийларини инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси ишини қайта кўриб чиқишга чақирган. Қўмита ўз қарорини ноқонуний қўлга олиш, қийноқлар қўллаш ва Азимжон Асқаровни оғир шароитларда сақлаб турилиши билан асослаган. Қирғизистон суди ишни янги ҳолатлар бўйича қайта кўриб чиққан, бироқ ҳукмни ўзгаришларсиз қолдирган.

Қирғизистонда оилавий зўравонликдан жабр кўрганлар учун кўмак марказлари очилади

Иллюстратив сурат.

Қирғизистоннинг Бишкек ва Ўш шаҳарларида яқин орада давлатга тегишли иккита кризис маркази очилади. Бу ҳақда 16 январь куни бош вазир ўринбосари Алтинай Ўмурбекова Хотин-қизлар ва гендер масалалари бўйича Миллий кенгаш мажлисида маълум қилди.

Ҳукумат матбуот хизматига кўра, Ўмурбекова эри томонидан ўлдирилган икки аёл қисматига тўхталиб, оилавий зўравонлик муаммосини бартараф этишга давлат институтлари ва жамият аралашиши лозимлигини таъкидлаган.

“Масаланинг долзарблигини эътиборга олган ҳолда, прокуратура идораларини оилавий зўравонликка оид ҳар бир фактни назоратга олишга чақираман, қонун ижроси назорат қилиниши лозим, ИИВ раҳбарияти мунтазам равишда шахсий таркиб билан оилавий зўравонлик фактига алоҳида эътибор қаратиш юзасидан иш олиб бориши керак”, деди бош вазир ўринбосари.

Ўмурбековага кўра, Бишкек ва Ўш шаҳарларида давлатга қарашли иккита кризис маркази очилади, барча шаҳар ва қишлоқ ҳукуматларида оиладаги зўравонликларни бартараф этиш қўмиталари ташкил этилади. Бу маҳаллий ҳокимият идоралари, диний ва ноҳукумат ташкилотлари, шунингдек маҳаллий ҳамжамиятнинг бошқа фаолларидан ташкил топган доимий фаолият юритувчи коллегиал орган бўлади.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, мамлакатда оилавий зўравонликлар қурбонлари сони йилдан-йилга кўпайиб бормоқда. Агар 2012 йили оилавий зўравонлик бўйича 2415 та ҳодиса қайд қилинган бўлса, 2017 йили бу кўрсаткич 7114 тага, 2019 йилда эса 8159 тага етган.

Мишустин Россия бош вазири этиб тайинланди

Россиянинг янги бош вазири Михаил Мишустин.

Россия Давлат думаси бош вазир лавозимига Михаил Мишустин номзодини маъқуллади. Шундан сўнг Россия президенти Владимир Путин Мишустинни бош вазир этиб тайинлаш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Мишустиннинг бош вазир этиб тайинланиши ёқлаб Думадаги 383 нафар овоз берди, 41 депутат овоз беришдан тийилди.

53 ёшли Мишустин Россия Федерал солиқ хизматини 2010 йилдан бери бошқариб келган. Бунгача у инвестиция бизнеси билан машғул бўлган, солиқ хизмати ва ҳукуматда ишлаган.

Дмитрий Медведев бошчилигидаги Россия ҳукумати 15 январь оқшомида истеъфога чиққан. Ҳукумат истеъфоси президент Путин Федерал мажлисга йиллик мурожаатини ўқиб эшиттирганидан бир неча соат ўтиб эълон қилинган.

Халқаро ташкилотлар Бокуни журналист Исмоилованинг чет элга чиқишига рухсат беришга чақирди

Озарбайжолик суриштирув журналисти Хадича Исмоилова.

Нодавлат ташкилотлар Озарбайжон расмийларини суриштирув журналисти Хадича Исмоиловага нисбатан жорий этилган мамлакатдан чиқишга тақиқни бекор қилишга чақирди.

Исмоилова 2015 йилда 7,5 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди. Унга қўйилган айбловни кўпчилик сохта деб баҳолаган. 2016 йилда журналист шартли озодликка чиқарилди, аммо унинг хорижга чиқиши тақиланган.

15 январь куни уч халқаро ташкилот: Index on Censorship, Reporters Without Borders U.K. ҳамда Transparency International U.K. ташкилотлари қўшма баёнот эълон қилиб, Исмоилова озарбайжонлик депутат судга берган журналист ишида кўрсатма бера олиши учун мамлакатдан чиқишига рухсат берилишини сўрашганини маълум қилди.

Руминиялик журналист Пол Раду устидан суд кейинги ҳафтада бошланади. Суд Лондон шаҳрида бўлиб ўтади.

Transparency International U.K. директори Дэниэл Брюс Исмоилова Раду ишида кўрсатма беришига тўсқинлик қилинаётгани “ҳақиқатни фош қилишга уринганларни қўрқитиш уриниши эканлигини” таъкидлади.

Раду Уюшган жиноятчиликка қарши кураш Маркази (OCCRP) суриштирув гуруҳининг асосчиси ҳамда директоридир.

Ташкилот Озарбайжон парламенти аъзоси Жавансир Фейзиев ҳақида икки мақола чоп этиши ортидан депутат Раду устидан судга шикоят аризаси билан мурожаат қилган. Исмоилова OCCRP гуруҳининг Озарбайжондаги етакчи мухбири ўлароқ ушбу суд ишида муҳим гувоҳидир.

Эрон ядровий келишув шартларини бузишда давом этмоқда

Эроннинг Қум шаҳридаги уранни бойитиш ускуналари.

Эрон президенти Ҳасан Руҳоний Теҳрон қудратли давлатлар билан келишув имзоланган 2015 йилгача бўлган кўрсаткичдан ҳам кўпроқ кўламда уран бойитаётганини билдирди.

16 январь куни президент:

- Эронга босим кучаймоқда, аммо биз олға қадам ташлаяпмиз, — деди.

Эрон расмийлари бойитилган уран ишлаб чиқарилишига қўйилган барча чекловларни бекор қилган.

2018 йилда АҚШ президенти Дональд Трамп Эрон билан эришилган келишувдан Вашингтонни чиқариб қолиши ортидан Теҳрон унга қўйилган чекловларга амал қилишни тўхтатди. Хабарларга кўра, ҳозирги кунга келиб Эронда оғир сув, уран кўлами ҳамда центрифугалар сони рухсат этилганидан ошиб кетди.

Трамп Теҳроннинг ядровий дастурига муддатсиз чеклов қўювчи ҳамда мамлакатнинг баллистик ракета дастурини чекловчи янги шартнома имзоланишини истайди.

2015 йилги келишувни имзолаган Британия, Франция, Германия, Хитой ва Россия уни сақлаб қолишга уриниб келади. Аммо бу давлатлар Эронга ўз нефтини АҚШ санкцияларини четлаб ўтиб сотиш йўлини топиб бера олмади. Натижада Эрон валютаси кескин қадрсизланиб кетди.

Канадалик терговчилар Эронда Украина учоғи қулаган ҳудудга борди

Украина президенти Володимир Зеленский Канаданинг Киевдаги элчихонасида учоқда ҳалок бўлган канадаликлар хотирасига гул қўймоқда. 2020, 15 январь.

Канада терговчилари Эронга сафар қилиб, Теҳрон яқинида “Украина халқаро ҳаво йўллари” авиаширкатига қарашли Boeing 737-800 учоғини уриб туширилган ерга борди.

15 январь куни Канада транспорт вазири Марк Гарно Эрон ҳали учоқ қора қутиларидаги маълумотни уларга тақдим этмаганини билдирди..

“Украина халқаро ҳаво йўллари” авиаширкатининг Теҳрон-Киев йўналишидаги PS752 рейси 8 январь куни Теҳрон аэропортидан учиб чиққанидан кейин кўп ўтмай Эрон ҳарбийлари отган ракета туфайли қулаб тушган эди.

Эрон фожиани тергов қилишга отланган бир гуруҳ канадаликка виза берди.

Эрон армияси “ғайриихтиёрий” равишда уриб туширилганини айтаётган учоқ бортидан 176 кишининг барчаси ҳалок бўлди.

Учоқ бортида 82 эронлик, 57 канадалик, 11 украиналик, 10 швециялик, 10 афғонистонлик, 3 германиялик ҳамда 3 нафар британиялик бўлган.

- Эронликлар нафақат қора қутилар маълумотини расшифровка қилишда, балки уни таҳлил қилишда ҳам қатнашишимизни айтишди, - деди Гарно.

Гарно 16 январь куни Украина, Швеция, Афғонистон ҳамда Британия ташқи ишлар вазирлари учрашиб, Эрон расмийларининг тўлиқ ҳамкорлигини таъминлаш масаласини муҳокама қилишини айтди.

- Ишонинг, Канада бу ишнинг тагига етади, - дея қўшимча қилди расмий.

Теҳрон бошида ҳарбийлари учоқни уриб туширганини рад этди, аммо буни тасдиқловчи далил кўпайиши ортидан ракета “ҳарбийлар хатоси” туфайли уриб туширилганини тан олди.

Путин Россиянинг бош солиқчисини ҳукумат раҳбари лавозимига номзод ўлароқ кўрсатди

Михаил Мишустин.

Россия президенти Владимир Путин 15 январь куни Федерал солиқ хизмати раҳбари Михаил Мишустинни Давлат думасига бош вазир лавозимига номзод ўлароқ кўриб чиқиш таклиф қилди.

53 ёшли Мишустин солиқ хизматини 2010 йилдан бери бошқариб келади. Бунгача у инвестиция бизнеси билан машғул бўлган, Федерал солиқ хизмати ва ҳукуматда ишлаган. Уч вазир қўл остида солиқ ва йиғимлар бўйича вазир муовини вазифасида фаолият юритган.

2014 йил якунларига кўра, унинг рафиқаси амалдорларнинг энг бой хотинлари рейтингидан жой олган. Мазкур рейтингга Forbes журнали даромади йилига 160 миллион рублдан ошган шахсларни киритган.

Аввал хабар қилганимиздек, Россия ҳукумати 15 январь оқшомида истеъфога чиққан. Медведев кабинетининг истеъфоси президент Путин Федерал мажлисга йиллик мурожаатини ўқиб эшиттирганидан бир неча соат ўтиб эълон қилинган.

Трамп импичментига оид ҳужжатлар Сенатга йўлланди

АҚШ Конгресси Намояндалар палатаси спикери Нэнси Пелоси (ўртада) импичмент жараёнига бағишланган матбуот анжуманида, Вашингтон, 2020 йил 15 январи.

АҚШ Конгрессининг Намояндалар палатаси президент Дональд Трамп импичментига оид ишни кўриб чиқиш учун Сенатга юбориш масаласини овозга қўйди. Конгрессменлардан 228 нафари ишнинг Сенатга юборилишини ёқлаб овоз берди, 193 нафари эса бунга қарши чиқди, дея хабар қилади Associated Press.

Эндиликда сенаторлар давлат раҳбарига қўйилган айбловлар асосли ёки эмаслиги ҳамда унинг ўз лавозимида қолиш-қолмаслиги юзасидан қарор қабул қилишлари керак.

Президент ўз ваколатларини суиистеъмол қилганликда ва конгресс ишига тўсқинлик қилганликда айбланмоқда. Сенаторлар бу ишда ҳакамлик вазифасини ўтайди. Тингловда айблов томони конгрессменлар вакиллари бўлади, маҳкамага эса АҚШнинг бош судьяси Жон Робертс раислик қилади.

Конгрессменлар иддаолари сенаторларнинг учдан икки қисми томонидан эътироф этилган тақдирдагина қабул қилинади.

Сенатдаги кўпчиликни Трампни президентликка кўрсатган Республикачилар партияси вакиллари ташкил қилади. Конгрессдаги республикачилардан ҳеч қайсиси президентга қўйилган айбловни дастаклаган эмас. Таҳлилчиларнинг аксарияти Трампнинг оқланишига шубҳа қилмаяпти.

Қоҳирада полиция Туркиянинг Онадўли ахборот агентлиги ходимларини тутиб кетди

Иллюстратив сурат.

Миср расмийлари Туркия давлатига қарашли Онадўли ахборот агентлигининг Қоҳирадаги ваколатхонасига рейд уюштириб, бу ерда ишлаган тўрт ходимни қўлга олдилар. Бири Туркия, уч нафари Миср ватандоши бўлган журналистлар полиция 15 январь оқшомида таҳририятда тинтув ўтказганидан кейин тутиб кетилган. Ҳодиса икки давлат ўртасида Ливия борасида таранглик кузатилаётган бир пайтда рўй берди.

Журналистлар ушлаб кетилиши ортидан Туркия Ташқи ишлар вазирлигига Миср Ташқи ишлар вазирлигининг Анқарадаги вакили чақирилди.

“Бу турк матбуотига босим ўтказиш ва ҳуркитиш ҳаракатидир ва биз буни кескин қоралаймиз”, дейилади Туркия Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида. Вазирлик Миср расмийлари агентлик ходимларини зудлик билан озод қилишига умид билдирган.

Туркия ва Миср Ливияда қарама-қарши томонларни дастакламоқда. Анқара Триполидаги халқаро ҳамжамият томонидан тан олинган Миллий тотувлик ҳукуматини қўллаб-қувватлаётган бўлса, Қоҳира ливиялик исёнкор генерал Халифа Ҳафтарга кўмак кўрсатмоқда. Аввалроқ Анқара мисрлик ҳарбийлар томонидан 2013 йили ҳокимиятдан ағдарилган президент Муҳаммад Мурсийни ҳам дастаклаб келган.

Тожикистонда бешта янги рус мактаби қурилади

Душанбедаги парламент биноси.

Тожикистон парламентининг қуйи палатаси 15 январь куни Тожикистон ва Россия ҳукуматлари ўртасида эришилган бешта рус тилли мактаб қуриш ва моддий-техник таъминлаш борасидаги шартномани ратификация қилди.

Чоршанба куни ҳужжатни парламент депутатларига тақдим қилган Тожикистон таълим ва фан вазирининг ўринбосари Раҳматулло Мирбобоев янги мактаблар Душанбе, Кўлоб, Хўжанд, Бохтар ва Турсунзода шаҳарларида қад ростлашини айтган.

Ҳар бир ўқув муассасида 1200 нафаргача бола таълим олиши мумкин. Вазир ўринбосарига кўра, янги мактаблар яқин уч йилда фойдаланишга топширилади.

Россия томонидан Тожикистонда бешта рус мактаби қуриш борасидаги шартнома 2019 йил апрелида Россия президенти Владимир Путин ва Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ўртасидаги музокаралар якунида Москвада имзолаган эди.

“Мактаблар фойдаланишга топширилгач, бу таълим даргоҳларида Россия таълим стандартлари бўйича сабоқ берилади”, дейилади шартномада.

Россия ҳукумати истеъфога чиқди

Москва, 2020, 15 январь.

Россия ҳукумати истеъфога чиқди. Бу ҳақда бош вазир Дмитрий Медведев президент Владимир Путин билан учрашувда маълум қилди.

Медведев ҳукуматининг истеъфоси президент Путин Федерал Мажлисга йиллик мурожаатини ўқиб эшиттирганидан бир неча соат ўтиб эълон қилинди.

Путин мурожаати давомида конституцияга ўзгартиришлар киритишни таклиф қилди. Россия раҳбари таклиф қилаётган ўзгартишлар мамлакат сиёсий тизимини кескин ўзгартириши айтилмоқда.

Путин Хавфсизлик кенгашида раис ўринбосари лавозими жорий этилишини ва унга Дмитирий Медведевни тайинламоқчи эканлигини билдирди.

Путин 15 январь куни Федерал Мажлисда сўзлаган нутқида 1993 йилда қабул қилинган конституция ўзгартирилиши керак, деган фикрни билдирди. Хусусан, президент вазирларни ҳамда бош вазирни тайинлаш ҳуқуқи Россия парламентининг қуйи палатаси - Давлат Думасига ўтказилиши кераклигини айтди. Айни дамда уларни президент тайинлайди.

Аммо Путин бир вақтнинг ўзида Россия “кучли президент республикаси” бўлиб қолиши кераклигини айтди. Унинг сўзларига кўра, вазирларни ҳамда бош вазирни ишдан олиш ҳамда мудофаа ва хавфсизлик вазирларини тайинлаш ҳуқуқи президентда қолиши керак.

Эри Хитойдан қайтарилишини талаб қилиб, ёлғиз пикет ўтказган қозоғистонлик аёлни расмийлар огоҳлантирди

Фарида Қабилбек мухбирлар саволларига жавоб бермоқда.

Олмаота шаҳридаги Хитой консуллиги олдида Шинжонда қамалган эри озод қилинишини талаб қилиб бир ўзи акция ўтказган аёлни Қозоғистон расмийлари огоҳлантирди.

14 январь куни Фарида Қабилбек эрининг суратини танасига илиб, консуллик олдида пикет уюштирди. Олмаота шаҳар мэрияси расмийси Рита Эрманова консуллик олдига бориб, Қабилбек шаҳар расмийларидан рухсат олмаганини, шу сабаб унинг норозилик акцияси ноқонуний эканлигини айтди.

Қабилбекнинг сўзларига кўра, унинг турмуш ўртоғи Рақижан Зейнуллаули 2004 йилда Қозоғистон фуқаролигини олган. Ўша йили асл ватани бўлмиш Шинжонга борганида уни жосусликда айблаб, 13 йилга озодликдан маҳрум қилишган.

Қабилбек эри қамоқ муддатини тўлиқ ўтаганини, аммо Хитой расмийлари унга бошқа айблов қўйиб, яна 18 ой қамоқда ушлаб туришганини айтди. Қабилбек ҳозир эри уй қамоғида эканлигини айтиб, Хитой ва Қозоғистон расмийларини эрини Қозоғистонга олиб келишга кўмаклашишга чақирди.

Қабилбек билан сўзлашиш учун Хитой консуллигидан ҳеч ким чиқмади.

Кейинги ойларда Зейнуллаули каби Шинжонда қамалган этник қозоқларни Қозоғистонга қайтариш талаби билан бир неча акция ўтказилди.

Путин йиллик нутқида россияликларни туғишни кўпайтиришга чақирди

Россия президенти Владимир Путин

Россия президенти Владимир Путин парламент олдида сўзлаган йиллик нутқи давомида ички масалаларга, жумладан, Россия аҳолисининг озайиб бораётгани билан боғлиқ масалаларга тўхталиб ўтди.

Путин 15 январь куни Федерал Мажлис олдида сўзлаган нутқида туғилишни кўпайтириш ҳамда янги оилаларни қўллаб-қувватлаш учун расмийлар кўпроқ чора кўриши кераклигини таъкидлади.

Президентнинг сўзларига кўра, қисқариб бораётган маошлар аҳоли сони ўсишига тўсқинлик қилмоқда. Айни дамда Россия аҳолиси 147 миллион кишини ташкил қилади.

Россия президенти туғилишни кўпайтириш учун ҳукумат қўшимча субсидиялар жорий қилинишини билдирди.

Путиннинг нутқи Россия Қримни аннексия қилиб, Украина шарқида айирмачиларни қўллаётгани ҳамда АҚШ сайловларига аралашгани учун Ғарб давлатлари мамлакатга қарши санкция жорий қилган бир пайтга тўғри келди.

Иқтисодчилар Россияга қарши жорий қилинган санкциялар мамлакат иқтисодий ўсишини секинлатгани айтишмоқда. Хусусан, санкциялар туфайли мамлакатда камбағаллик ошиб бормоқда. Шунингдек, аҳоли ўртасида жорий ҳукуматдан норозилик ошиб бормоқда. Ўтган йилнинг ёзида пойтахт Москвада ва бошқа шаҳарларда кенг кўламли аксилҳукумат норозилик намойишлари бўлиб ўтди.

Эрон президенти: Учоқ ҳалокати ҳақида ёлғон гапирган ҳарбийлар узр сўраши керак

Эрон президенти Ҳасан Руҳоний

Эрон президенти Ҳасан Руҳоний мамлакат бўйлаб тинчимаётган норозилик намойишлари фонида эронликларни миллий бирликка чорлади.

Эрон расмийлари аввалига 8 январь куни Теҳрон аэропортидан учиб чиққанидан кейин кўп ўтмай қулаган “Украина халқаро ҳаво йўллари” авиаширкатига қарашли Boeing737-800 учоғини ракета уриб туширганини кескин рад этиб, кейинроқ эса учоқни мамлакат ҳарбийлари “ғайриихтиёрий” равишда уриб туширганини тан олди.

Натижада Теҳрон ва бошқа шаҳарларда норозилик намойишлари бошланди.

Аввалроқ Эрон ташқи ишлар вазири Жавод Зариф Ҳиндистонда бўлиб ўтган анжуманда одамлар уларга “ёлғон гапиришгани” учун намойишга чиқишганини таъкидлади.

Руҳоний 15 январь куни қилган чиқишида:

- Халқ расмийлар уларга самимий, тўғри ва ишончли муносабатда бўлишини хоҳлайди, — деди.

Президент Эрон армиясини узр сўраб, аслида нима содир бўлганини очиқлашга чақирди.

Уриб туширилган самолёт бортида бўлган барча 176 нафар йўловчи ва экипаж аъзоси нобуд бўлган.

Ҳалокат Эрон қўшни Ироқдаги АҚШ қўшинларига ракета билан ҳужум қилганидан кейин бир неча соат ўтиб содир бўлган.

“Украина халқаро ҳаво йўллари” авиаширкатининг PS752 рейси бортида 82 эронлик, 57 канадалик, 11 украиналик, 10 швециялик, 10 афғонистонлик, 3 германиялик ҳамда 3 нафар британиялик бўлган.

11 январь куни Эрон ҳарбийлари йўловчи учоқ “ғайриихтиёрий” равишда уриб туширилганини тан олганидан бери мамлакатда норозилик намойишлари тинчимаяпти.

Атамбаев 15 мартга қадар тергов ҳибсхонасида қоладиган бўлди

Алмазбек Атамбаев.

Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаевни Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси тергов ҳибсхонасида ушлаб туриш муддати суд томонидан 15 мартга қадар узайтирилди. Бу ҳақда унинг адвокати Замир Жўўшев маълум қилди.

Атамбаевнинг адвокатлари иддаосича, собиқ президентнинг саломатлиги ёмонлашган, шу туфайли уни ҳибсда ушлаб туриш мақсадга мувофиқ эмас.

Алмазбек Атамбаев уюшган жиноятчилар етакчиси Азиз Батукаевни қамоқдан ноқонуний бўшатилиши билан боғлиқ иш ва бошқа қатор моддалар билан айбланмоқда. Мазкур иш юзасидан собиқ бош прокурорлар Аида Салянова, Индира Жўлдубаева, ўндан зиёд мулозим ва шифокорга айблов билдирилган.

Батукаев 2013 йили “бедаво дардга йўлиққан”и боис муддатидан аввал қамоқдан озод бўлиб, Россияга учиб кетган. Ички ишлар вазирлиги мазкур ҳодиса юзасидан қайта тергов ўтказиб, ишни судга оширган.

Атамбаев ўтган йил август ойида Қўйтош қишлоғидаги уйида куч ишлатар идоралар томонидан ўтказилган махсус амалиёт чоғида ушланганидан бери МХДҚнинг тергов ҳибсхонасида тутиб турилибди.

Украина ўз йўловчи учоғини ракета уриб туширганини бошидан билган

Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Олексий Данилов

Украина 8 январь куни Теҳрон аэропортидан учиб чиққанидан кейин кўп ўтмай қулаган “Украина халқаро ҳаво йўллари” авиаширкатига қарашли Boeing 737-800 учоғини ракета уриб туширганини ўша куниёқ аниқлаган, аммо бу маълумотни дарҳол ошкор қилмаган. Бу ҳақда Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Олексий Данилов маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, Киев йўловчи учоқни Эрон ҳарбийлари уриб туширганини 9 январь куни тўлиқ тасдиқлаган. Эрон украиналик терговчиларни қабул қилишини таъминлаш учун ракета ҳужуми ҳақида жамоатчиликка вақтинча ошкор қилмасликка қарор қилинган.

Украина президенти Володимир Зеленскийни Эрон учоқни уриб туширгани ҳақида ўз вақтида халққа хабар бермагани учун мухолифатчи сиёсатчилар танқидига учраган эди.

Данилов Британия ва Канада бош вазирлари “сиёсий сабабларга” кўра ҳалокатда дарҳол Теҳронни айблаганини таъкидлади.

Уриб туширилган самолёт бортида бўлган барча 176 нафар йўловчи ва экипаж аъзоси нобуд бўлди. Уларнинг 11 нафари Украина фуқароси бўлган.

Россия: Генерал Ҳафтар тинчлик келишувини имзоламай, Москвани тарк этди

Ливия пойтахтидаги ҳукуматга қарши кучлар қўмондони генерал Халифа Ҳафтар Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан. Москва, 2020, 13 январь.

Ливия пойтахтидаги ҳукуматга қарши кучлар қўмондони генерал Халифа Ҳафтар Москвада бўлиб ўтган тинчлик музокараларини келишув имзоламасдан тарк этди. Бу ҳақда 14 январь куни Россия Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди.

Куни кеча Ливия пойтахти Триполида жойлашган бош вазир Фаёз Сарраж ҳукумати ҳамда Ҳафтар етакчилигида фаолият юритаётган рақиб администрация етакчилари тинчлик музокараларини олиб бориш учун Россия пойтахтига боргани хабар қилинган эди.

Музокараларда Сарраж ҳамда Ҳафтар юзма-юз учрашмаган. Икки тараф делегациялари аъзолари Россия ҳамда Туркия армиялари расмийлари иштирокида етти соат музокара олиб борган.

Кечга бориб Туркия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ҳамда Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли Сарраж тинчлик битимини имзолаганини, аммо Ҳафтар ўйлаб кўриш учун кўпроқ вақт сўраганини маълум қилишди.

12 январь куни кеча Ҳафтарнинг ўзини “Ливия миллий армияси” деб атовчи кучлари Триполидаги “Миллий муроса ҳукумати” номи билан маълум бўлган ҳукумат билан вақтинча ўт очишни тўхтатишга келишиб олгани хабар қилинган эди. Аммо ҳар икки тараф бир-бирини келишув шартларини бузишда айблади ва пойтахт яқинида тўқнашувлар тинчимади.

Кузатувчилар Ливияда қарама-қарши тарафлар ўртасидаги тафовут йирик эканлигини айтиб, ўт очишни тўхтатиш келишуви самара беришига ишончсизлик билан қарамоқда.

Трампга қарши импичмент жараёни марказида бўлган украин ширкатига рус ҳакерлари ҳужум қилди

Россия ҳарбий разведкаси (ГРУ) ҳакерлари АҚШ президенти Дональд Трампга қарши импичмент тергови марказидаги украин энергетика ширкатига ҳужум қилган. Бу ҳақда қароргоҳи Калифорнияда жойлашган Area 1 Security гуруҳи маълум қилди.

Гуруҳнинг 13 январь куни эълон қилинган ҳисоботида Burisma Holdings украин ширкатига қилинган ҳужумда ширкат ишчиларнинг электрон адреслари ўғирлангани айтилади. Аммо ҳакерлар яна қандай маълумотни қўлга киритгани ҳозирча номаълум.

АҚШ президентлигига демократлар партиясидан етакчи номзод Жо Байденнинг ўғли Ҳантер Байден 2014 йилдан 2019 йилгача Burisma Holdings директорлар кенгаши аъзоси бўлган.

Трамп ўтган йилнинг июль ойида Украина президенти Володомир Зеленскийдан Байденлар қўл урган ҳамда Burisma Holdings ширкатида содир бўлган қонунбузарликлар ҳақидаги иддаоларни тергов қилишга чорлаган.

Сентябрь ойида ушбу ҳаракати билан Трамп хизмат ваколатларини суиистеъмол қилганликда гумонланиб, унга қарши импичмент суриштируви бошланди.

АҚШ Конгрессининг Намояндалар палатаси 18 декабрь куни президентга импичмент эълон қилди.

14 январь куни импичмент иши Сенатга оширилади ва Сенат Трампни лавозимидан четлатиш масаласини кўриб чиқади.

Қирғизистон билан Тожикистон чегара бўйича музокара ўтказади

Тожикистон ва Қирғизистон бош вазир ўринбосарларининг чегарага оид музокараси Исфарада бўлиб ўтади.

Исфара шаҳрида 14 январь куни Тожикистон ва Қирғизистон бош вазирлари ўринбосарлари Азим Иброҳим ва Жениш Разақов бошчилигидаги делегациялар иштирокида музокаралар ўтказилиши режаланган. Бу ҳақда Озодлик радиоси тожик хизматига Азим Иброҳим маълум қилган.

Музокаралар икки мамлакат чегараларида бир неча кун аввал яна кескинлашган вазиятни барқарорлаштиришга қаратилган.

Бу галги таранглик 2020 йилнинг 9 январидан 10 январига ўтар кечаси бошланган бўлиб, ўша куни бу ерда яна ўқ овозлари эшитилди, чегара худудларида яшовчи аҳоли бир-бирларининг автомобилларини тошбўрон қилди. Ҳодисада ҳар икки томон бир-бирини айбламоқда.

Азим Иброҳимга кўра, қирғизистонлик ҳамкасблар билан учрашувда энг аввало чегарадаги сўнгги можаро билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинади.

"Аввал айтганимдек, ҳар икки томон хуқуқбузарлик содир этганларни жавобгарликка тортиши керак”, деди А. Иброҳим. Унга кўра, “чегарадаги муаммолар билан боғлиқ масалалар аввал имзоланган баённомалар ва ҳар икки томоннинг манфаатлари эътиборга олинган ҳолда музокаралар орқали ҳал қилиниши керак”. Вазир ўринбосари “устувор вазифа келажакда шу каби ҳодисаларнинг такрорланишига йўл қўймасликдан иборат”лигини таъкидлаган.

Озодлик радиосининг қирғиз хизмати ҳам 13 январь куни чегарадаги вазият Қирғизистон президенти Сўўрўнбай Жээнбековнинг Чегара хизмати, МХДҚ, ИИВ, ТИВ, Бош штаб ва Бош прокуратура раҳбарлари иштирокида ўтказган мажлисида муҳокама қилингани тўғрисида хабар қилган. Мажлисда Жээнбеков “ҳар икки томондан фитнага йўл қўймаслик мақсадида чегара можароларидан огоҳлантириш ва профилактика борасидаги барча ишлар тожик томони билан мустаҳкам ҳамкорлик асосида олиб борилиши керак”лигини урғулаган.

Исфарадаги учрашув чоғида тожик-қирғиз чегарасидаги вазият, уни барқарорлаштириш мақсадида амалга ошириладиган ишлар, чегара хавфсизлигини мустаҳкамлаш масалалари, чегара ҳодисаларидан огоҳлантириш борасида кўриладиган чоралар, шунингдек, тожик-қирғиз чегарасини делимитация ва демаркация ишларини фаоллаштириш масалалари муҳокама қилиниши кутилмоқда.

Тошкент-Москва поезди йўлдаги туя туфайли 44 дақиқага кечикди

Иллюстратив сурат.

Тошкент-Москва йўловчи поезди Астрахань вилоятида темир йўлга чопиб чиққан туя сабабли 44 дақиқага кечикди. Бу ҳақда РИА Новости “Россия темир йўллари” ширкатининг Приволжскдаги филиали матбуот хизматидан олинган маълумотга таянган ҳолда 13 январь куни хабар тарқатди.

Темир йўлда чопиб бораётган туя видеоси YouTube каналида аввалроқ пайдо бўлганди. Видео муаллифи ҳодиса Приволжск темир йўлларида содир бўлгани, “сурбет” туя туфайли поезд икки соатга кечикканини иддао қилганди.

Темирйўлчиларга кўра, мазкур ҳодиса 5 январь куни содир бўлган ва бошқа поездларнинг ҳаракат графигига таъсир кўрсатмаган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG