Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:36

Қозоқистонда гиёҳванд моддалар истеъмоли қонунийлаштириладими?


Фарангис Саид

Маълумки, сўнгги йилларда Марказий Осиё республикаларига турли мамлакатлар, асосан Афғонистонда етиштирилган гиёҳванд моддалар катта миқдорда олиб келинмоқда. Бунинг оқибатида аҳоли, хусусан, ёшлар орасида наркотик моддаларни истеъмол қилаётганлар сони тобора ошиб бораётир. Минтақа давлатлари ҳукуматлари гиёҳвандликка қарши турли йўллар билан курашишга ҳаракат қилар эканлар, Қозоғистонда бу борада янги бир тадбир бошланган кўринади.
Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев наркотик моддаларнинг баъзи турларини қонунийлаштирган мамлакатлар тажрибасини ўрганиб, наша каби гиёҳванд моддалар истеъмолини Қозоғистонда ҳам қонунийлаштириш эҳтимолини ўрганиб чиқишни буюрди.


Қозоғистон адлия вазири Георгий Ким бунга тушунтириш берар экан, республика раҳбари Хавфсизлик кенгашидан гиёҳвандликка қарши курашнинг икки йўлини ўрганишни сўраганини, бу йўллардан бири – наркотик моддалар истеъмоли учун жазони кучайтиришдан иборат бўлса, иккинчиси - аксинча, истеъмолни қонунийлаштиришни кўзда тутишини айтади. Шундай қилиб, Қозоғистон собиқ совет республикалари орасида гиёҳванд моддалар контрабандасига қарши курашнинг янги - наркотикларнинг баъзи турларини қонунийшлаштириш йўлини ўрганиб чиқадиган биринчи республика бўлди. Хўш, Қозоғистонда наркотик моддалар истеъмоли қоунийлаштириладими ёки йўқ? Бу саволга жавоб ҳозирча номаълум. Бироқ мутахассислар мазкур масалани ўрганиб чиқиш ҳақида кўрсатма олдилар.

Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида жойлашган БМТнинг Тараққиёт дастури молиявий ёрдамида фаолият олиб бораётган наркоклиника директори Мамасобир Бурхонов Голландияда наркотик моддаларнинг истеъмоли қонунийлаштирилганидан сўнг бу иллатга қарши кураш енгилроқ кечганини айтади:

“Баъзи мамлакатларда наша савдоси қонуний бўлиб, у истеъмол учун етарли бўлган дозаларда сотилиши ва сотиб олиниши мумкин. Масалан, Голландияда наша истеъмоли қонунийлаштирилганидан сўнг унинг истеъмоли ошмаган. Яъни наркоманлар, хусусан ВИЧ вирусига чалинган наркоманлар сони у ерда кўп йиллар давомида ошмаяпти”, - дейди қирғизистонлик эксперт.

Голландияда 70 йилларда наша ва шу турдаги “енгил” гиёҳванд моддалар савдоси ҳамда истеъмоли қонунийлаштирилган эди. Голландияда жойлашган Тримбос – саломатлик ва наркомания институти ҳодими Харалд Вигел бу тадбир героин ва бошқа “оғир” наркотиклар истеъмолининг камайишига олиб келганини айтади:

“Голландия ва унинг атрофидаги мамлакатларни олсангиз, бошқа мамлакатларда наркотиклар истеъмоли ошганига амин бўласиз. Аммо Голландияда героин каби “оғир” наркотиклар истеъмоли кўплаб йиллардан бери бир даражада қолмоқда, бошқа мамлакатларда эса унинг истеъмоли анча ошган. Биз ўзгартиришлар киритаётганимизда, “енгил” наркотикларни истеъмол қилаётган одамларни “оғир” наркотиклардан сақлаб қолишни мақсад қилиб олган эдик ва биз бу борада сезиларли муваффақиятга эришдик”, - деб таъкидлайди голландиялик мутахассис.

Марказий Осиёни оладиган бўлсак, бу ерда гиёҳванд моддалар истеъмоли узоқ тарихга эга. Кўкнор ва наша азалдан шамоллаган, совуқ қотган ёки бирор ери оғриётган беморларга дори сифатида берилган. Аҳолининг юқори табақаси орасида ҳам кўкнор ва наша истеъмоли тарқалган бўлган. Бироқ гиёҳванд моддалар истеъмоли қонун билан бўлмаса-да, балки ижтимоий ва диний одатлар билан чегараланиб келган. Нашаванд бангилар сони аҳолининг жуда кичик қисмини ташкил этган. Совет даврида гиёҳванд ўсимликларни етиштириш, гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш, сотиш ва сотиб олиш ман қилинган, бундай фаолиятга қўл урганлар жиноий жазога тортилганлар. 1991 йилда Марказий Осиё республикалари мустақилликка эришганларидан сўнг бу амалиётни давом эттирдилар, наркотиклар савдоси ва истеъмолига аралашган одамларни жазолаш давом этди.

Толибон даврида Афғонистонда гиёҳванд ўсимликлар экиш ва наркотик моддалар, ҳусусан героин каби “оғир” наркотиклар ишлаб чиқариш авж олди. БМТнинг маълумотларига кўра, Толибон ҳаракати ҳокимиятдан ағдарилганидан кейин Афғонистонда наркотик моддалар камроқ эмас, балки кўпроқ ишлаб чиқарилмоқда. Марказий Осиё эса афғон героини учун нафақат транзит ҳудуд, балки катта бозорга ҳам айланди. Бунга қарши курашиш лозимлиги шубҳасиз. Бироқ наркотикларни қонунийлаштириш бундай курашнинг йўли эканлиги тўғрими? Бу саволга турли мутахассислар турлича жавоб бермоқдалар.

БМТнинг наркотиклар ҳақдаги конвенциясини амалга оширишни мақсад қилиб олган Наркотиклар назорати халқаро кенгаши деб номланган мустақил ташкилот котиби Херберт Шеп Голландияда қабул қилинган қонун халқаро конвенцияларга тўғри келмаслигини айтади. Унинг таъкидлашича, Голландияда наркотиклар истеъмоли ва савдоси қонунийлаштирилганидан сўнг наркоманияга алоқаси бўлган жиноятчилик авж олган. Агар Қозоғистон раҳбарияти Голландия тажрибасини ўзлаштиришга қарор қилса, бу жиддий муаммоларга олиб келади, дейди Шеп.

“Халқаро конвенцияларга кўра, гиёҳванд моддаларни дори-дармон сифатида эмас, балки наркотиклар сифатида истеъмол қилиш, уларга эгалик қилиш, уларни етиштириш ва ишлаб чиқариш ҳамда тарқатиш ноқонуний ҳисобланади ва жазоланиши шарт. Қозоғистонда эса кўкнор етиштириш учун ўта қулай шароитлар мавжуд. Кўкнор ҳамма ёқда ўсади. Агар янги қонун қабул қилиниб, унга кўра кўкнорни экиш ва етиштириш, ундан ҳосил олиш жазога тортилмайдиган амалиётга айланса, Қозоғистон бутун дунё наркоманлари ва контрабандачилари учун жаннатга айланади”, - дейди Наркотиклар назорати халқаро кенгаши котиби Херберт Шеп.

Голландияда жойлашган Тримбос – саломатлик ва наркомания институти ходими Харалд Вигел ҳам Голландия тажрибасини Қозоғистонда қўллаб бўлмайди, деган фикрга қўшилади:

“Асосий омил - одамлар нима сабабдан наркотиклар истеъмол қилишларини аниқлашдир. Голландиядаги вазиятни Қозоғистон билан солиштириб бўлмайди. Дам олиш учун наркотик қабул қилаётган билан героин истеъмол қилаётган одам орасида фарқ бор, албатта. Голландияда дам олиш учун наркотикларни истеъмол қиладиганлар йўқ. Героинни истеъмол қилганлар ҳамма нарсани ёддан чиқаришни истайдилар. Улар кўкнор истеъмол қилмайдилар”, - деди мутахассис ва гиёҳвандликка қарши кураш доирасида нафақат наркотиклар истеъмоли, балки бошқа муаммоларни ҳам эътиборга олиш лозимлигини айтади. “Улар орасида ишсизлик, камбағаллик ва бошқалар бор”, - дейди Вигел.

Ўшдаги наркоклиника директори Мамасобир Бурхонов эса наркотикларни қонунийлаштириш режасининг камчиликлари бор, деган фикрни инкор этмаса-да, Марказий Осиёдаги вазиятни ўрганиб, у бу қадам тўғрилигига ишонганини айтади:

“Менинг фикримча, агар гиёҳвандликни назорат қилиш ва унга қарши курашишнинг йўллари қолмаган бўлса, наркотикларни қонунийлаштиришдан бошқа чора йўқ. Баъзи наркотиклар истеъмолини қонунийлаштириш орқали вазиятни назорат қилиш мумкин. Бундай шароитда икки хатардан бирини танлашга тўғри келади ва сиз, албатта, кичикроқ хатарни танлайсиз”.

Бурхонов, шунингдек, Қозоғистон аҳолисининг 2 фоизи героин истеъмол қилишини, бошқа мамлакатларда эса аҳвол бундан ҳам ёмон бўлиши мумкинлигини айтади.
XS
SM
MD
LG