Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:45

Қозоғистон: терроризмга қарши урушми, терроризм соясига қаршими?


Фарангис Саид

Маълумки, Марказий Осиё республикалари 11 сентябр ҳодисаларидан сўнг аксилтеррор коалицияга қўшилишга ва халқаро терроризмга қарши бошланган урушни бошқа давлатлар билан биргаликда олиб боришга интилдилар. Қозоғистон ҳам бундан истисно бўлмади. Бироқ “аксилтеррор кампания” деганда қозоғистонликлар – оддий одамлар учун ҳам, сиёсатчилар учун ҳам нима тушунилишини аниқлаш қийин кўринади.

Исломий фундаментализм ва халқаро терроризм каби иборалар қозоғистонликларнинг аксарияти учун нотаниш ва ўта мавҳум тушунчалар бўлса ажаб эмас. Баъзи сиёсатшунослар АҚШ етакчилигида Толибон, “Ал-Қоида” ва халқаро терроризмни ташкил этувчи бошқа гуруҳларга қарши бошланган уруш Қозоғистон геосиёсий аҳамиятини янада оширди, деб таъкидлаётган, сиёсатчилар эса аксилтеррор урушдан Қозоғистоннинг халқаро саҳнадаги мавқеини ошириш учун фойдаланишга уринаётган бўлсалар-да, оддий одамлар терроризмга қарши уруш ҳақида фақат газета ўқиб, телевизор кўрганларида ўйлайдилар. Бироқ, Қозоғистон телевидениесининг барча каналлари жаҳон сиёсатидаги жараёнлар ҳақида қозоғистонликларни бохабар қилиб туришни ўзлари учун бирламчи вазифа, деб биладиган кўринадилар. Тренинг ўтаётганда противогазлар кийган аскарлар, Усама бен Ладен ва у каби душманларга қарши курашаётганларини тасаввур қилаётгган ҳарбийлар, уларга буйруқ бераётган раҳбарлар - булар телевидение орқали ҳафтада камида бир марта кўрсатилади. Мудофаа вазири армия шай ҳолатга келтирилганини бир неча марта такрорлаган. Оддий қозоғистонлик эса шай ҳолатга келтирилган аскарларнинг ҳарбий тайёргарликлари ишқилиб ҳеч қачон амалиётда қўлланилмасин, деб ўйласа керак.

1999 йилда Тошкент шаҳрида бомбалар портлагани, 1999 ва 2000 йилларда эса Ўзбекистон исломий ҳаракати жангарилари Боткен ва Фарғона водийсига киришга ҳаракат қилганларида, расмий Астана икки қўшни давлатнинг ички ишларига аралашмаслик тактикасини танлаган эди. Лекин 11 сентябр ҳодисаларидан сўнг Қозоғистон глобал аксилтеррор коалицияга қўшилмаса бўлмаслигини тушунди. Бундан ташқари Астана расмийлари аксилтеррор кампаниядан бошқа - терроризмга алоқаси бўлмаган муаммоларни ҳам ҳал этиш учун фойдаланиш мумкинлигини пайқадилар. Улар терроризмга алоқаси бор масалалар сирасида армияни кучайтириш ва ҳарбий инфратузилмани замонавийлаштириш, терроризмга алоқаси бўлмаган масалалар орасида эса диссидентларга қарши сиёсатни кескинлаштириш мумкинлигини англадилар.

Уруш ва тинчлик тадқиқотлари институти сиёсий таҳлилчиси Досим Сатпаевнинг фикрича, терроризмга қарши урушда ким ғалаба қозониши ҳамон ноаниқ, бироқ унинг якунида Қозоғистоннинг сиёсий қудратига қудрат, иқтисодий кучига куч қўшилиши, унинг минтақада етакчи мамлакатга айланиши шубҳасиз. Астана расмийлари сиёсатшуноснинг бу фикрларига қўшиладиларми йўқми, айтиш қийин, лекин сўнгги пайтларда улар қўшни республикалар билан алоқаларни яхшилашга уринаётганлари ва бунда маълум муваффақиятларга эришганларини инкор этиб бўлмайди. Масалан, апрел ойида Қозоғистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг чегараларни аниқлаш бўйича мутасаддилари учрашуви бўлиб ўтди. 9 сентябрда эса Астанада Қозоғистон-Ўзбекистон саммити ўтказилди. Унда икки республика президентлари чегараларнинг можароларга сабаб бўлаётган сўнгги ҳудудларини ҳам делимитация ва демаркация қилишга муваффақ бўлдилар. Саммитдан икки кун олдин расмий Астана 1999 йил феврал ойидаги Тошкентдаги портлашларни уюштирганликда айбланаётган ака-ука Маллаевларни Тошкентга экстрадиция қилган эди. Чегараларни аниқлаш бўйича шартнома имзоланмагунига қадар ака-укалар уч йил давомида сохта паспортлар билан Қозоғистонда яшаганлар, уларни на полиция, на бошқа расмийлар безовта қилишган.

11 сентябр ҳодисаларидан сўнг расмий Тошкент АҚШ қўшинларининг Ўзбекистон ҳудудида жойлаштирилишига розилик берган, Қозоғистон расмийлари эса буни маълум норозилик билан қабул қилган эдилар. Эндиликда эса АҚШ ҳарбий учқичлари Қозоғистон ҳаво ҳудудларини бемалол кесиб ўтмоқдалар. Астана расмийлари аксилтеррор кампаниянинг муҳимлиги, унда иштирок ҳам катта аҳамиятга эгалигини таъкидлашда давом этсалар-да, ўтказилган сўровлар натижаларига кўра, қозоғистонликларнинг 67 фоизи террор ҳуружлар эҳтимоли расмийлар ички ва ташқи сиёсатда жиддий хатоларга йўл қўйган тақдирда ошишини айтган. Сўралганларнинг 17 фоизи эса Қозоғистонда террор таҳликаси йўқ, деб жавоб берган.
XS
SM
MD
LG