Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:23

Президентсиз қолган мамлакат


Ўн учинчи январь куни Сербия президентлигига сайловларнинг иккинчи босқичи бўлиб ўтди. Бироқ, сайловчилар овоз беришга фаол қатнашмаганлари туфайли сайлов ўтказилди, деб тан олинмади. Давлат сайлов комиссияси маълумотларига кўра, овоз беришга мамлакатдаги сайловчиларнинг 45 ярим фоизи иштирок этди, холос. Сайлов ўтказилди, деб тан олиниши учун овоз бериш ҳуқуқи бор фуқароларнинг камида 50 фоизи сайлов қутилари олдига келиб кетишлари лозимдир. Шундай қилиб, Сербия президентлигига сайловлар яна бошидан, номзодлар кўрсатишдан бошланади.
Президентлик сайловларининг муваффақиятсизликка учраши туфайли Сербия ва Черногориянинг янги Конституциясини қабул қилиш ҳамда Югославиянинг Европа Кенгашига бу йил кириши масалалари муаммога айланди.
Сербия президентлигига икки номзод - Югославия президенти Воислав Коштуница ҳамда Югославия ҳукумати раиси муовини Миролюб Лабуслар даъвогарлик қилдилар.
Президентликка номзодлардан бири Воислав Коштуница: "Мен овоз беришга қатнашган Сербия фуқароларига, айниқса, ўз овозини менинг номзодим учун берган сайловчиларга миннатдорчилигимни билдириб қўймоқчиман. Камтарликка ётмасада, қарийб 2 миллион сайловчи мен учун овоз берганлигидан фахрланаман. Кези келганда ҳарифим Миролюб Лабусга ҳам миннатдорчилигимни билдираман", - деди.

Сербия президентлигига яна бир номзод Миролюб Лабус эса: "Албатта, мамлакатнинг президентсиз қолиши обрўмизни оширадиган ҳолат эмас. Бироқ, бундан мамлакатдаги жараёнлар тўхтаб қолмайди, деб ўйлайман. Ўтиш даври давом этаверади", - деди.

Сербия президентлигига сайловларнинг иккинчи босқичи муваффақиятсизликка учраши кузатувчилар томонидан башорат қилинган эди. Бундай башорат қилишга эса сайловнинг биринчи босқичига овоз берувчиларнинг 55 фойизигина иштирок этгани асос бўлган эди.
Президентликка даъвогарларнинг иккаласи ҳам сайловчиларни овоз беришга фаол қатнашишга мунтазам даъват қилиб келдилар. Даъвогарлардан бири - Воислав Коштуница сайловчиларни овоз беришга чақирар экан, агар президент сайланмай қолса, Сербияда беқарорлик, кескинлик ва хаос даври бошланади, деб уларни чўчитмоқчи бўлди. Коштуницанинг даъватларига ҳатто Серб православ черковининг етакчиси Павел ҳам қўшилди. Бироқ, шунга қарамай, сайловларнинг бир натижа билан тугаши амри-маҳол, деб ёзгандилар кузатувчилар ва уларнинг башоратлари тўғри чиқди.
Хўш, Сербия президентлигига сайловларнинг тугамай қолишидан кимлар манфаатдор эди?
Бу саволга жавоб изланар экан, мамлакатдаги бир неча кучнинг манфаатли эканлиги тўғрисида гапириш мумкин.
Биринчидан, ашаддий серб миллатчиси Воислав Шашель сайловнинг иккинчи босқичини бойкот қилишга чақирди. Чунки унинг ҳам ўз мўлжали бор - агар икки ойдан сўнг янги сайловлар эълон қилинадиган бўлса, Шашель Сербия президентлигига ўз номзодини қўймоқчи.
Сайловнинг иккинчи босқичини бойкот қилишга тиришган яна бир куч - Милошевичнинг пароканда бўлган Социалистик партиясидир.
Қолаверса, кузатувчилар сайловчилар рўйхатларига собиқ режим давридан буён ўзгартишлар киритилмаганлигини, уларда номи бору ўзи йўқ миллионга яқин сайловчи қайд этилганлигини таъкидлайдилар. Шунинг учун ҳам расмий рўйхатдаги 6 ярим миллион сайловчидан ярмининг овоз беришга қатнашишига ишониш қийин эди. Боз устига касаллиги, аристонлиги, талабалиги учун доимий яшаш жойида бўлмаган, бироқ овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган фуқаролар ҳам сайловда иштирок этолмадилар.
Шуниси қизиқки, президентлик сайловларининг иккинчи босқичи арафасида жамоат фикрини ўрганиш билан шуғулланувчи агентликлар ўзлари ўтказган сўров натижаларини эълон қилмадилар. Агентликлар умумий қилиб Воислав Коiтуница кўпроқ, Миролюб Лабус озроқ овоз олади, деб башорат қилгандилар. Натижа эса, охир-оқибат лавҳамизни бошлаётиб айтганимиздай бўлди.
Сербия президентлигига сайловларнинг иккинчи босқичи натижасиз тугади. Бу мамлакатда яна бир бошдан янги сайловлар ўтказилади.
XS
SM
MD
LG