Линклар

Шошилинч хабар
03 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:40

БМТ Хавфсизлик кенгаши аъзолари Ироқ масаласи юзасидан келиша оладиларми?


Фарангис Саид

Жаҳон ҳамжамиятининг энг қудратли давлатлари орасида кўплаб тортишувлар ва мубоҳасаларга сабаб бўлаётган Ироқ масаласининг БМТ Хавфсизлик кенгашида ҳал этилиши вақти яқинлашаётган кўринади. Франция раҳбарияти резолюциянинг сўнгги – АҚШ ва Британия томонидан тақдим этилган лойиҳаси қониқарли бўлгани, яъни унда Франция талаблари ва таклифлари инобатга олинганини эътироф этди. Шундай қилиб резолюцияни қабул қилишдан бош тортаётган ягона давлат – Россия бўлиб қолмоқда. Хўш, эндиликда бу жараён қандай ривожланиши мумкин? АҚШ ва Британия Кремлни резолюцияни қабул қилишга кўндира оладими?

Озодлик радиосининг БМТдаги мухбири Роберт МакМахоннинг хабар беришича, чоршанба куни АҚШ ва Британия Ироқ бўйича резолюциянинг тарафлар таклифларини инобатга олган ҳолда қайта кўриб чиқилган лойиҳасини Хавфсизлик кенгашига тақдим этдилар. Франция янги лойиҳа унинг талабларини қондирганини эътироф этиб, резолюцияни қўллаб-қувватлаяжагини билдирди. Чунки кўриб чиқилган лойиҳада АҚШ Ироққа автоматик равишда ҳужум қилиш ғоясидан воз кечган ва Бағдодга нисбатан икки босқичли ёндашув қўлланилиши кераклигини баён этган. Биринчи босқичда Ироққа қуролсизланиш имкони берилади. Бу талаб бажарилмаган ҳолда, Бағдодга ҳужум қилиш масаласининг яна кўриб чиқилиши кўзда тутилган. Бу АҚШнинг илк таклифи, яъни Бағдод резолюцияга амал қилмаган тақдирда, унга қарши ҳужумларни автоматик равишда бошлаш керак, деган таклифидан кескин фарқ қилади. Шундай бўлса-да, резолюциянинг сўнгги лойиҳаси Россияни қониқтирмаяпти. Чунки Москва вакилларининг таъкидлашларича, резолюцияда Ироққа қарши куч ишлатиш эҳтимоли кўзда тутилмаган бўлиши лозим.

Британиянинг БМТдаги элчиси Жереми Гринсток эса резолюциядан муддао автоматик ҳужумларни амалга ошириш-оширмаслик эмас, балки Ироқни қуролсизлантиришдадир, деб таъкидлади.

“Резолюциядан мақсад автоматик равишда ҳужум қилиш ёки куч ишлатишда эмас. Резолюциядан мақсад Ироққа қуролсизланиш имкониятини беришдир. Резолюция мазмуни айнан шунда”, - деди Британия элчиси.

Резолюция лойиҳаси жума куни БМТнинг Хавфсизлик кенгашида овозга қўйилади. Кенгашга аъзо 15 давлат бу масалага ўз муносабатини билдиради. Вето ҳуқуқига эга бўлган 5 давлат, яъни АҚШ, Британия, Франция, Россия ва Хитойдан бири резолюцияга қарши чиқса, у қабул қилинмайди.

Франциянинг БМТдаги элчиси Жан-Давид Левитт етти ҳафта давом этган музокаралар натижасида Франция ўз мақсадига эришгани, яъни резолюциянинг сўнгги лойиҳасида унинг таклиф ва талаблари инобатга олинганини маълум қилди. Таклифлар хусусида эса элчи мана бундай деди:

“Биз Ироққа БМТ инспекциялари ёрдамида қуролсизланиш учун сўнгги имконият яратамиз. Муҳокамаларнинг илк кунларидан буён таъкидлаётганимиздек, инспекциялар фаолияти учун қулай шароитлар яратиш лозим. Франция инспекция раҳбари Ханс Бликсни қўллаб-қувватлайди”.

Бликс эса Хавфсизлик кенгашининг янги резолюцияси лойиҳасини кўриб чиққанидан кейин, хавотири камайганини билдирди. Айни вақтда у резолюциядаги Бағдодни кимёвий, биологик ва ядровий қуроллар дастури бўйича ҳисоботни 30 кун ичида беришга мажбур қиладиган талабни бажариш жуда қийин ва шу боис муддатни ўзгартириш керак, деб ҳисоблаётганини айтди.

“Мен 30 кунлик муддатни узайтириш ҳақда таклиф киритдим. Нефт-кимё саноати бўйича ҳисоботни 30 кун ичида бериш жуда қийин. Буни ўзгартириш лозим. Менинг таклифим ҳамон муҳокама қилинмоқда”, - деди БМТ инспекторлари бошлиғи Ханс Бликс.

Янги резолюция лойиҳасида, жумладан, инспекторларга Ироқ президенти Саддам Ҳусайн саройларига кириш ва уларни текшириш ҳуқуқи ҳам берилган. Бундан олдин ўтказилган инспекциялар фаолияти, хусусан, уларга бундай ҳуқуқ берилмагани боис муваффақиятсиз бўлган эди. Бликснинг айтишича, инспекторлар Ироққа резолюция қабул қилинганидан сўнг 10 кун ўтиб етиб боришлари мумкин.

Резолюция лойиҳасига кўра, у қабул қилинганидан сўнг Ироққа резолюцияни тан олиш ва унга риоя қилиш ҳақида ваъда бериш учун 7 кун берилади. Инспекторлар Ироқда 45 кун давомида ишлайдилар. Инспекторлар иш бошлаганларидан кейин ҳаммаси бўлиб 60 кун ўтганидан сўнг уларнинг Хавфсизлик кенгашига ҳисобот беришлари кўзда тутилган.
XS
SM
MD
LG