Линклар

Шошилинч хабар
28 май 2024, Тошкент вақти: 16:47

Халқаро хабарлар

Бугун Москванинг Твер суди Театр майдонида гаровга олинган шахсларга кўрилган моддий ва маънавий зарарларини ундириб бериш юзасидан дастлабки маълумотларни ўрганишга киришди.

Маҳкама 24 декабрга белгиланган. Октябр ойида чечен исёнчилари тарафидан гаровга олинганларнинг саккиз нафари Москва маъмуриятидан умумий миқдорда етти ярим минг доллар ундириб беришларини сўраб судга мурожжат этишган.

Кун янгиликлари

Нетаняҳу Рафаҳга берилган зарбани “бахтсиз тасодиф” деб атади

Рафаҳдаги қочқинлар лагерига берилган зарба оқибатлари
Рафаҳдаги қочқинлар лагерига берилган зарба оқибатлари

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу парламентда қилган чиқишида Ғазо сектори жанубидаги Рафаҳ шаҳрида жойлашган қочқинлар лагерига берилган зарба “бахтсиз тасодиф” бўлганини тан олди, бироқ “барча мақсадларга эришилмагунича” урушни давом эттиришга ваъда берди.

Исроил армиясининг 27 майга ўтар кечаси Рафаҳга берилган зарбаси чоғида, ҲАМАС назорати остидаги Ғазо сектори Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, ёш болалар дохил камида 45 киши нобуд бўлган, юзлаб одам яраланган.

Нетаняҳу ўз сўзида хато сабабига аниқлик киритмаган. Даставвал исроиллик ҳарбийлар ҲАМАС (АҚШ ва ЕИда террор ташкилоти деб тан олинган) мажмуасига аниқ авиазарба берилгани, унда гуруҳнинг икки нафар юқори лавозимли аъзоси ўлдирилгани ҳақида билдиришган. Ҳаво зарбаси ва ундан сўнг юзага келган ёнғинга оид тафсилотлар маълум бўлганидан кейин ҳарбийлар тинч аҳоли вакиллари ўлими юзасидан тергов бошлангани ҳақида баёнот берганлар.

Исроилнинг Рафаҳга берган зарбаси халқаро ҳамжамият, шу жумладан БМТ, ЕИ ва гуманитар ташкилотлар томонидан қоралаб чиқилди. Европа дипломатияси раҳбари Жозеп Боррель Исроил БМТ судининг Рафаҳга ҳужумни тўхтатиш мажбуриятига оид қарорини ҳурмат қилиши лозимлигини билдирди.

БМТ Хавфсизлик кенгаши 28 майга ошиғич йиғилиш чақирди, дея хабар қилди AFP. “Ёпиқ эшиклар ортида” учрашув ўтказишни айни пайтда Хавфсизлик кенгашининг нодоимий аъзоси бўлган Жазоир талаб қилган.

АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши Рафаҳга берилган зарба оқибатлари акс кадрларни “юракларни эзиб юборадиган” деб таърифлаган. Кенгаш баёнотида АҚШ содир бўлган воқеани баҳолаш устида исроиллик ҳарбийлар ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда ишлаётгани айтилган.

Франция президенти Эммануэль Макрон Исроилдан бу амалиётни тўхтатишни қатъийроқ талаб қилган. “Рафаҳда тинч аҳоли учун хавфсиз ҳудуднинг ўзи йўқ. Мен халқаро ҳуқуққа тўлиқ риоя қилиш ва ўт очишни зудлик билан тўхтатишга чақираман”, деб ёзган Макрон Х ижтимоий тармоғидаги ўз саҳифаси орқали.

Ғазода ўт очишни тўхтатиш ва ҲАМАС томонидан гаровда тутиб турилган кишиларни озод қилиш уринишларида асосий воситачи бўлган Қатар Рафаҳга берилган зарба шундоқ ҳам боши берк кўчага кириб қолган музокараларни “қийинлаштириб юбориши” мумкинлигини билдирган.

Исроил уруш қоидаларига риоя қилиш учун қўлидан келган барча ишни қилётгани, бироқ зиммасига ҳеч қанақа мажбурият олмаган душман билан тўқнаш келаётганини даъво қилмоқда. Исроилликлар иддаосига кўра, ҲАМАС Ғазо секторининг тинч аҳоли яшайдиган мавзеларига кириб олиб, гаровдагиларни шартсиз озод қилишдан бош тортиб келмоқда.

Исроилнинг Ғазо секторидаги амалиёти ҲАМАС вакиллари ўтган йил 7 октябрида Исроил жанубига ҳужум қилиб, 1200 дан зиёд тинч аҳоли вакилини ўлдиргани, 250 дан зиёд кишини гаровга олгани ортидан бошлаган. Исроил ҳарбий амалиётдан мақсад Ғазо секторида ҲАМАСни бутунлай йўқ қилиш эканини билдирган. Исроил Рафаҳни “жиҳодчиларнинг сўнгги таянч нуқтаси” деб ҳисоблайди.

ҲАМАС назорати остидаги Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги секторда жанговар ҳаракатлар бошидан буён 35 мингдан зиёд фаластинлик нобуд бўлганини иддао қилган.

Боррель: Украина қуролга кейинги йилда эмас, шу кунда муҳтож

ЕИ ташқи ишлар мутасаддиси Жозеп Боррель
ЕИ ташқи ишлар мутасаддиси Жозеп Боррель

Европа Иттифоқи ташқи ишлар мутасаддиси Жозеп Боррель Украина ўзини мудофаа қилиши учун зудлик билан етказилиши лозим бўлган ҳарбий ёрдамга кейинги йилда эмас, “ҳозирги кунда” муҳтож эканини билдирди.

Брюсселда журналистлар учун уюштирилган галдаги брифингда сўзлар экан, Боррель учрашув аввалида сўнгги икки сутка давомида Ғазо сектори ва Украинада “даҳшатли” воқеалар содир бўлганини урғулади.

Боррельга кўра, Украина ташқи ишлар вазири Кулеба яна Россия ҳаво ҳужумлари ва ракета зарбаларининг олдини олиш учун Киевга “Пэтриот” мажмуаларини етказиб бериш зарурлиги ҳақида гапирган.

Боррель Европадаги сиёсий доираларда Россия қўшинларига қарши ғарб қурол-аслаҳасидан кенгроқ фойдаланиш учун Киевга ҳуқуқ бериш ва чекловларни олиб ташлаш мавзуси тобора фаолроқ муҳокама қилинаётганини таъкидлаган.

Яқинда Швейцарияда бўлиб ўтиши кутилаётган Украина бўйича халқаро конференция масаласида эса Европа дипломатияси раҳбари Россия бир томондан тинчлик музокараларини бошлашни таклиф қилиб, бошқа томондан Харьковга зарбалар бераётганини қайд этган. Боррель Украина бўйича Швейцарияда бўлиб ўтажак саммитни қатъиян дастаклашини билдирган.

АҚШда пўртаналар оқибатида 20 дан зиёд одам ҳалок бўлди

АҚШнинг Арканзас, Оклахома, Техас ва Кентукки штатларида кузатилган кучли пўртаналар камида 21 кишининг умрига зомин бўлди, яна юзлаб киши тан жароҳати олди. Қурбонлар орасида болалар ҳам бор.

Кентукки штати губернатори Энди Бешир 27 май куни фавқулодда вазият тартибини эълон қилди. Кучли шамол вайрон қилувчи торнадолар юзага келишига сабаб бўлмоқда.

Табиий офат натижасида кўплаб тураржойлар ва ижтимоий биноларга шикаст етган. CBS хабарига кўра, 370 чоғли уй электрсиз қолган. Шу туфайли Арканзас касалхонасида камида бир бемор вафот этган: у уланган нафас олиш аппарати ишламай қолган. Айрим ҳудудларда электр таъминотини тиклашга бир неча кун кетиши мумкин, айниқса агар об-ҳаво шароити ўнгланмаса.

Метеорологлар тахминига кўра, бўрон камида яқин суткалар ичида давом этади, айни пайтда унинг маркази АҚШнинг аҳоли зич жойлашган шарқий соҳилига кўчиши мумкин.

Кучли шамол ва торнадо жорий йилнинг апрель ва май ойларида АҚШнинг кўплаб штатларига шикаст етказган. Ўтган ҳафтада Айова штатида улар туфайли камида беш киши ҳалок бўлган, Хьюстонда эса аввалроқ саккиз киши табиий офат қурбони бўлган.

АҚШнинг марказий штатлари иқлим ва рельеф хусусиятлари туфайли “торнадо камари” деб ҳисобланади. Бироқ сўнгги йилларда глобал иқлим ўзгариши сабабли бутун дунёда кучли довуллар тез-тез содир бўлиб, янада ҳалокатлироқ бўлиб бормоқда.

“Рафаҳ” НЎПда Миср ва Исроил аскарлари ўртасида отишма чиқди

“Рафаҳ” назорат-ўтказиш маскани Ғазо сектори тарафидан кўриниши (архив сурати)
“Рафаҳ” назорат-ўтказиш маскани Ғазо сектори тарафидан кўриниши (архив сурати)

Миср билан Ғазо сектори чегарасидаги “Рафаҳ” назорат-ўтказиш масканида исроиллик ва мисрлик ҳарбийлар ўртасида чиққан отишмада мисрлик бир аскар ҳалок бўлди, яна бир неча нафари яраланди. Исроилликлар орасида жабрланганлар йўқ.

Қоҳира содир бўлган ҳодисада Исроил томонини айблади - расмийлар отишмани исроиллик аскарлар бошлаганини маълум қилишди.

Ўз навбатида, Исроил мисрлик аскарлар ЦАХАЛ (Исроил армияси) аскарларини ташиган юк машинасига қарата ўт очганини, исроилликлар бунга жавобан қуролларини ишга солганини иддао қилмоқда.

Исроил нашрларининг ёзишича, Исроил ва Миср мамлакатлар ўртасида можаро келиб чиқишини истамаяпти ва ҳодиса юзасидан қўшма суриштирув олиб боришмоқда.

Исроил армияси май ойи бошида ҲАМАС гуруҳига (АҚШ ва Европа Иттифоқида террор ташкилоти деб тан олинган) қарши бошланган амалиёт доирасида Ғазо сектори тарафидан “Рафаҳ” назорат-ўтказиш масканини ўз назорати остига олган. Мазкур амалиёт ҲАМАС вакилларининг ўтган йил 7 октябрида Исроил жанубига ҳужум қилиб, 1200 дан зиёд тинч аҳоли вакилини ўлдиргани, 250 дан зиёд кишини гаровга олиб, Ғазога олиб чиқиб кетгани ортидан бошланган. Исроил ҳарбий амалиётдан мақсад Ғазо секторида ҲАМАСни бутунлай йўқ қилиш эканини билдирган. Исроил иддаосича, Рафаҳ жиҳодчиларнинг сўнгги таянч нуқтаси бўлиб ҳисобланади.

ҲАМАС назорати остидаги Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги секторда жанговар ҳаракатлар бошидан буён 35 мингдан зиёд фаластинлик нобуд бўлганини иддао қиляпти.

Дунёдаги кўплаб мамлакатлар Исроилни Ғазодаги тинч аҳоли вакилларига нисбатан ҳаддан зиёд шафқатсизликда айбламоқда. Исроиллик ҳарбийлар фақатгина ҲАМАС инфратузилмасига ҳужум қилаётганларини ҳамда гуруҳ тинч аҳолидан тирик қалқон ўлароқ фойдаланган ҳолда, ўз объектларини одамлар зич яшайдиган ерларга жойлаштираётганини даъво қилиб келяпти.

Геленжикда “Путин саройи” яқинидаги объектлар ҳужумга учради

Геленжикдаги “Путин саройи”
Геленжикдаги “Путин саройи”

Россиянинг Краснодар ўлкасида жойлашган Геленжик шаҳри ҳудудидаги объектлар 27 майга ўтар кечаси Украина дронлари ҳужумига нишон бўлди.

“Криница қишлоғида аппаратлардан бирининг парчалари қурилиши битмаган бинога шикаст етказди. Жанхот хуторида дрон дарахтлар устига қулаган, ёнғин сўндирилган. Дастлабки маълумотларга кўра, [ҳодиса чоғида] жабрланганлар йўқ”, дея билдирган ўлка губернатори Вениамин Кондратьев. Мулозим дронларнинг барчаси ҳавога қарши мудофаа кучлари томонидан уриб туширилганини иддао қилган.

Аввалроқ Россия Мудофаа вазирлиги Краснодар ўлкасида душанбага ўтар кечаси тўртта дрон йўқ қилинганини маълум қилган эди.

Жанхот хутори яқинидаги Идокопас бурнида, кўплаб тадқиқотларда иддао қилинишича, Россия президенти Владимир Путин учун қурилган сарой жойлашган. Криница қишлоғида мазкур сарой атрофида етиштирилган узумни қайта ишлаш учун “Старий Прованс” вино заводи қурилаётган эди.

Россия президент Владимир Путин 2021 йили “сарой” унга тегишли эмаслиги ва ҳеч қачон у ерда бўлмаганини айтган эди. Путин ҳақиқатан ҳам у бинода яшагани ёки бўлгани ҳақида очиқ-ойдин далил йўқ, бироқ ҳужжатлардан келиб чиқилса, бу саройга президентга ўта яқин бўлган кишиларнинг алоқаси бор. Путиннинг дўсти бўлган тадбиркор Аркадий Ротенберг бу бино унга тегишли эканини айтган. 2021 йилдан кейин у ҳам, Путин ҳам сарой ва унинг тақдири ҳақида оғиз очган эмас.

Май ойи бошларида президент Путин бешинчи марта қасамёдга келтирилиши арафасида россиялик мухолифатчи Алексей Навальнийнинг сафдошлари Геленжикдаги сарой интерьерлари экани иддао қилинган видео ва фотосуратларни ёйинлаган эдилар.

Путинга “Толибон”ни террор ташкилотлари рўйхатидан чиқариб ташлаш таклиф қилинди

Кобулда қўриқчилик қилаётган "Толибон" кучлари (архив сурати)
Кобулда қўриқчилик қилаётган "Толибон" кучлари (архив сурати)

Россиянинг Адлия ва Ички ишлар вазирликлари президент Владимир Путинга Афғонистондаги “Толибон” ҳаракатини тақиқланган ташкилотлар рўйхатидан чиқариб ташлаш мумкинлиги ҳақида ўз хулосаларини тақдим этишган. Бу ҳақда ТАСС агентлиги Россия ТИВ Осиё иккинчи департаменти директори Замир Кабулов сўзларига таянган ҳолда хабар қилди.

Дунёдаги аксар мамлакатларда террор ташкилоти деб топилган “Толибон” ҳаракати 2021 йил августида Кобулни эгаллаб олиб, Афғонистон бўйлаб ўз ҳукмронлиги ўрнатган эди. Ўшанда Афғонистон “Ислом амирлиги” деб эълон қилинган.

Ғарб мамлакатлари “Толибон”ни Афғонистоннинг машруъ ҳукумати деб тан олмайди. Россия Федерациясида ҳам террор ташкилоти деб топилганига қарамай, ўтган йиллар мобайнида “Толибон” делегацияси бир неча бор Москвага дипломатик ташрифларни амалга оширган.

Ўзбекистон расмийлари ҳам қарийб уч йилдан буён Афғонистонда ҳукмронлик қилиб келаётган "Толибон" ҳаракати билан муносабатларни бузмасликка уриниб келишмоқда. Расмий Тошкент 2021 йил сентябридан бери толибларга бир неча марта гуманитар ёрдам йўллаган, “Толибон” ҳаракати вакиллари билан кўплаб учрашувлар ўтказган ҳамда биргаликда қатор лойиҳаларни амалга оширишда давом этмоқда.

Еревандаги Пашинян сиёсатига қарши акцияларда юзлаб норози қўлга олинди

Еревандаги норозилик акциясидан лавҳа, 2024 йил 27 майи
Еревандаги норозилик акциясидан лавҳа, 2024 йил 27 майи

Арманистон пойтахти Ереван ва бошқа аҳоли пунктларида 27 май куни амалдаги бош вазир Никол Пашинян сиёсатига қарши “бўйсунмаслик акцияси” бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда Озодликнинг арман хизмати хабар қилди.

ТАСС агентлигининг Арманистон ИИВдан олинган маълумотга таянган ҳолда ёзишича, полиция Ереванда 220 дан зиёд норозини қўлга олган.

Митингчилар норозилик шиорларини ҳайқириб, кўчаларни автомобиллар ва чиқинди баклари билан тўсиб қўйишмоқда. Хусусан, норозилар Эронга кетадиган трассани ҳамда Еревандан Армавирга елтувчи автойўлни юк машиналари билан тўсиб қўйишган. Акцияни “Халқ жабҳаси” норозилик ҳаракати мувофиқлаштирмоқда.

Ереван вақти билан соат 10:30 гача камида 197 нафар фаол тутиб кетилгани ҳақида маълумотлар бор. Қўлга олинганлар орасида Арманистон парламентидаги мухолифатчи депутатлар Ашот Симонян ва Артур Саргсян ҳамда КХШТ собиқ бош котиби, Арманистон Қуролли кучлари бош штаби собиқ бошлиғи Юрий Хачатуровнинг ўғли Игорь Хачатуров ҳам бор.

Норозилик акцияларига чиққан одамлар Арманистон томонидан Озарбайжонга бир неча чегараолди қишлоғи берилишига қарши чиқишмоқда. Мухолифат бош вазир Никол Пашинянга қарши импичмент жараёнини бошлашга уриняпти. Ҳукмрон партия вакиллари эса черков намояндалари иштирокида давлат тўнтаришига ҳозирлик кўрилаётганини иддао қилмоқда.

Норозилик чиқишлари уюштирувчиси архиепископ Баграт Галстанян митингчилар номидан Арманистон бош вазири Никол Пашинян истеъфосини талаб қиляпти.

Норозилик акциялари чегараолди қишлоқларида ҳам бошланган. Дейлик, ана шундай акция чиққан Тавуш вилояти турғунлари Арманистон Озарбайжонга бу ҳудуддаги тўрт қишлоқни ўтказиб берганидан кейин ўз уйларидан айрилиб қолишдан чўчишмоқда. Норозилар Ереван томон юриш бошлашган, кейинроқ уларга Озарбайжонга ер берилишига қарши бўлган минглаб одам қўшилган.

Норозилик чиқишлари манзарасида Арманистон ва Озарбайжон ташқи ишлар вазирлари тинчлик шартномасининг асосий масалалари бўйича музокара ўтказиш учун Қозоғистонда учрашишган.

Литва: Гитанас Науседа президентликка қайта сайланди

Гитанас Науседа
Гитанас Науседа

Литвада бўлиб ўтган президент сайлови иккинчи босқичида амалдаги президент Гитанас Науседа ғалаба қозонди. Литва бош сайлов комиссияси маълумотига кўра, унга сайловчиларнинг 74,43 фоизи овоз берган. Унинг рақиби - бош вазир Ингрида Шимоните эса 24 фоиз овоз жамғарган. Овоз бериш куни давомат 49,6 фоизни ташкил этган.

60 ёшли Гитанас Науседа Литвага 2019 йил июлидан буён раҳбарлик қилиб келмоқда. Бу президентлик муддати унинг учун иккинчи ва охирги муддат бўлиб ҳисобланади. Литва конституциясига мувофиқ, президент кетма-кетига икки мартадан кўп сайлана олмайди.

Науседа ўзига билдирилган ишонч учун Литва халқига миннатдорлик билдирган. “Мен ўзимга билдирилган бу ишончни қадрлашим лозимлигини жуда яхши тушунаман”, деган у журналистлар олдида қилган чиқишида.

Сайланган президент Литванинг амалдаги ташқи сиёсий йўналишини давом эттиришга ваъда бериб, мамлакат Европа Иттифоқи ва НАТО билан ҳамкорликдан янада кўпроқ манфаат топишига умид билдирган.

Литва президентининг асосий ваколатлари ташқи сиёсат ва хавфсизлик сиёсати билан боғлиқ. Президент сайлови пойтасининг асосий мавзуси бу гал Россиянинг Украинага қарши уруши ҳамда бу урушнинг Литва миллий хавфсизлиги учун оқибатлари бўлди. Номзодларнинг ҳар иккиси ҳам Россия билан урушда Украинани дастаклаш ва НАТО мустаҳкамланишини ёқлаб чиқишган.

Науседа Россия босқинчилик урушидан ўзини мудофаа қилаётган Украинанинг қатъий тарафдори ўлароқ ном қозонган.

“Келинглар, Владимир Путин қандайдир тинчлик музокараларига тайёр, деган хомхаёлларга берилмайлик, — деган Науседа сайловнинг биринчи босқичидан кейин журналистлар билан суҳбатда. — Украинани самарали равишда қўллашдан бошқа буни тўхтатишнинг йўли йўқ, асосийси — бу ишни тезликда амалга ошириш лозим”.

Ингрида Шимоните Гитанас Науседани ғалаба билан табриклаган. Улар 2019 йилги президент сайловида ҳам овоз беришнинг иккинчи босқичига чиққан эдилар. Ўшанда Науседа 66 фоиз овоз олиб, ғалаба қозонган эди.

Бу галги сайловнинг биринчи босқичи дастлабки натижалари юзасидан изоҳ бераркан, Науседа бу сафар ўтган сайловдан яхшироқ позицияда эканини билдирган эди. Шимоните эса иккинчи босқичга чиқиш сайловнинг бу босқичида ўзининг асосий мақсади бўлганини қайд этган.

Грузия мустақиллиги кунига Тбилисида Озодлик марши бўлиб ўтди

Мустақиллик кунига бағишланиб Тбилисида ўтказилган юриш, 2024 йил 26 майи
Мустақиллик кунига бағишланиб Тбилисида ўтказилган юриш, 2024 йил 26 майи

Тбилисида 26 май оқшомида Грузиянинг Мустақиллик кунига бағишланган Озодлик юриши бўлиб ўтди.

Озодликнинг “Эхо Кавказа” лойиҳаси хабарига кўра, қўлларида Грузия ва Европа Иттифоқи байроқларини тутиб олган тадбир иштирокчилари турли шиорларни, шу жумладан “хорижий агентлар тўғрисидаги қонун”га қарши шиорларни ҳайқириб борганлар.

Юришга чиққанлар мобил телефонлари чироқларини ёқиб олиб, хусусан, “Россия қонунига йўқ деймиз!” ва “Россия режимига йўқ деймиз!” дея қичқирганлар.

Тадбир ташкилотчилари юриш миллий байрамга бағишланиб ўтказилаётгани учун унинг норозилик характерига эга ёки эмаслигига аниқлик киритмаганлар. Акцияда бир неча минг киши иштирок этган.

Зеленский МО раҳбарларини Тинчлик саммитига таклиф қилди

Украина президенти Владимир Зеленский, Харьков, 2024 йил 24 майи
Украина президенти Владимир Зеленский, Харьков, 2024 йил 24 майи

Украина президенти Владимир Зеленский Тинчлик саммитида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларини кўришни истайди. Бу ҳақда Зеленский марказий осиёлик журналистлар учун 24 май куни Харьковда ташкил этилган брифинг чоғида билдирди.

“Озодлик” журналистининг минтақадаги беш давлат ва Украина ўртасидаги муносабатлар ҳақидаги саволига жавоб берар экан, Украина президенти Марказий Осиё лидерларининг мувозанатга риоя қилолмаётгани урғулади.

Менимча, улар Кремлдан чўчигани учун руслар тарафга оғиброқ туришибди. Сўзларимга изоҳ бериб кетай… Бу менинг шахсий фикрим, ҳеч кимга таъна тошини отаётганим йўқ. Биз ўз танловимизни қилдик ва биз курашяпмиз. Мен шунчаки дилимда йиғилиб қолган гаплар билан ўртоқлашяпман.

Сизга бир мисол келтирай: Биз Тинчлик саммитини уюштиряпмиз, илк қадамларни қўймоқдамиз. Бу қадамлар ёш боланикидай атак-чечак, улар шаҳдам эмас, бироқ бу қадамларни дастаклаш муҳим, чунки улар тўғри қадамлардир. Улар аниқ олға қаратилган, аниқ тинчликка қаратилган қадамлардир. Улар аниқ урушга олиб бормайди.

Ана энди сизга бир мисол: биз [саммитга] лидерларни таклиф қиляпмиз, аввал битта стол атрофида ўтирмаган барча лидерларни. Улардан кимларнингдир ўз манфаатлари бор, кимдир санкция киритган, кимдир киритмаган… Биз барчани таклиф қилдик, шу жумладан Марказий Осиё лидерларини ҳам. Биз ҳаммани таклиф қиламиз, биз уларнинг ҳаммасини шу саммитда кўришни истаймиз”, деган Зеленский.

Украина президентига кўра, минтақа лидерларининг Тинчлик саммитида иштирок этишдан чўчишига асос йўқ.

“Бу ерда қўрқадиган нима бор? У ерда Путиннинг бўлмаслигигина қўрқувга сабаб бўляпти. Шугинани деб Путин танкка ўтириб, Марказий Осиё мамлакатларидан бирига бостириб борармиди? Йўқ, бу камлик қилади. Унда айтинг-чи, саммитга қўшилмаётганлар нимадан қўрқишяпти? Улар нималарнидир йўқотишдан чўчишмоқда. Улар ҳатто бугунги Кремль билан алоқани йўқотиб қўйишдан ҳам қўрқишяпти. Бу ҳолат урушни тугатишга ёрдам бермайди.

Худо сақласин-у, сизларнинг мамлакатларингиздан биттаси бизникидай ҳолатга тушиб қолганингизни тасаввур қилиб кўринг - мамлакатларингиз, халқингиз қўллов кўрсатмаган, қўллов кўрсатса-да саммитга қўшилмаган мамлакатларга қандай қараган бўларди? Санкцияни ҳукумат киритади, бироқ бу саммит тинчлик тўғрисидаги, мулоқот ҳақидаги саммитдир.

Исталган бир босқинчига қарши урушда ёлғиз қолганингизни тасаввур қилиб кўринг. Менимча, бу ожизлик белгиси. Биз Марказий Осиё мамлакатлари саммитда албатта бўлишларини, бу воқеанинг ўзини дастаклашларини истардик”, деган Украина президенти.

Зеленский назарда тутган Тинчлик саммитини жорий йилнинг 15-16 июнь кунлари Швейцарияда ўтказиш мўлжалланмоқда.

Украина президенти қатнашган Харьковдаги брифингда Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистондан журналистлар иштирок этишган. Матбуот анжуманидан бир кун аввал Харьковдаги нашриёт уйи Россия зарбасига нишон бўлган ва у ерда камида етти киши ҳалок бўлганди.

Матбуот анжумани чоғида Зеленский Украина ўз мустақиллиги учун оғир курашни бошдан кечираётганини қайд этиб, бу урушда ўз мамлакати “охир-оқибат ғалаба қозонажаги”ни ишонч билан таъкидлаган.

Дунёда конлару энергетика захираларига эга бўлмаган, аммо етакчи давлатларга айланолган кўплаб мамлакатлар бор. Чунки улар ҳеч кимга қарам эмас”, деб қўшимча қилган Зеленский.

Зеленскийнинг бу баёнотлари Россия раҳбари Путиннинг 26-27 май кунлари Ўзбекистонга сафари арафасида янгради.

АҚШ Грузия билан ҳамкорлик алоқаларни қайта кўриб чиқмоқчи

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен
АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен

“Хорижий агентлар”га оид қонун туфайли АҚШ Грузия билан ҳамкорлик масалаларини қайта кўриб чиқишни бошлаб, бу мамлакатнинг айрим фуқароларига нисбатан виза чекловини жорий қилади. Бунга оид қарор АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен томонидан очиқланди.

Виза чеклови “Грузияда демократияга путур етказишга алоқадор ёки бунга масъул шахслар” ва уларнинг оила аъзоларига қарши киритилади. Блинкенга кўра, “хорижий агентлар” тўғрисидаги қонун фикр ва уюшма эркинлигини бўғади ҳамда мустақил ОАВ фаолиятига тўсқинликлар яратади.

Биз аввалда бўлгани каби Грузия лидерлари қонун лойиҳасини қайта кўриб чиқишлари ҳамда мамлакатнинг демократик ва евроатлантик интилишларини илгарилатиш йўлида қадам қўйишларига умид қиляпмиз”, дея қўшимча қилган АҚШ Давлат котиби.

Блинкен аввалроқ Конгрессда қилган чиқишида Грузия парламенти томонидан ўтган ҳафта қабул қилинган “Хорижий таъсир шаффофлиги тўғрисида”ги қонунни “Россия дарслигидан олинган кўчирма” деб атаган эди.

Мазкур қонуннинг Россиядаги “хорижий агентлар”га оид репрессив қонун билан ўхшаш эканини мамлакат ичидаги танқидчилар ҳам таъкидлашмоқда. Қонун лойиҳасига қарши бўлган ўн минглаб одам қарийб бир ярим ойдан буён Грузиянинг Тбилиси ва бошқа шаҳарлари кўчаларига чиқишиб, “Россия қонунини қабул қилмаслик”ни талаб қилиб келишяпти.

Қонун лойиҳаси Европада ҳам қораланган. Еврокомиссия қонуннинг қабул қилиниши “Грузиянинг европача истиқболига салбий таъсир кўрсатиши”ни қайд этиб, расмий Тбилисини ҳужжатни қабул қилишдан бош тортишга чақирган. Еврокомиссия вакилларига кўра, қонун лойиҳаси Грузиядаги фуқаровий жамиятга путур етказади ва ОАВ эркинлигига хавф солади. Ўтган йили Грузия Европа Иттифоқига кириш учун номзод мақомини олган, бироқ бу борадаги музокаралар ҳали бошланган эмас.

Қонун лойиҳаси ташаббускори бўлган “Грузия орзуси” ҳукмрон партияси халқаро босимни қоралаб чиққан. Партия мазкур қонун ташкилотларнинг хориждан молиялаштирилиши шаффофлиги ва мамлакат суверенитетини ҳимоя қилиш учун зарурлигини иддао қилмоқда. Россия ТИВ вакиласи Мария Захарова Москва “Грузия орзуси” позициясини дастаклашини билдириб, ғарб мамлакатларининг қонун лойиҳасига муносабатини “шантаж” деб атаган.

Грузия президенти Саломе Зурабишвили қонун лойиҳасига вето қўйган. Бироқ “Грузия орзуси” партияси президент ветосини айланиб ўтиш учун парламентда етарли овозга эга. Ҳукмрон партия бу ишни кейинги ҳафтада — 28 май куни амалга оширишни режаламоқда.

Путин Россиядаги АҚШ мулкларини мусодара қилишга рухсат берди

Владимир Путин ўз фармони билан АҚШ ва америкалик фуқароларнинг Россиядаги мол-мулкидан фойдаланишга рухсат берди. Ҳужжатга мувофиқ, мазкур рухсат россиялик олигархлар ва Россия Марказий банкининг АҚШдаги активлари мусодара этилишидан кўрилган зарарни қоплаш учун берилган.

Фармонда РФ ҳукумати АҚШнинг “дўстона бўлмаган ва халқаро ҳуқуққа зид бўлган” хатти-ҳаракатлари туфайли Россияга етказилган зарарни қоплаш бўйича махсус тартиб ўрнатиши шартлиги таъкидланган.

Россия Вазирлар Маҳкамаси томонидан тузилган махсус комиссия АҚШ юридик шахсларига тегишли қимматбаҳо қоғозлар дохил мулкларни аниқлайди, бу мулклардан кўрилган зарарни қоплаш учун фойдаланилиши мумкин.

Фармонга кўра, зарарни қоплаш учун Қўшма Штатларга ёки АҚШ фуқароларига тегишли кўчувчи ва кўчмас мулк, Қўшма Штатларга ёки АҚШ фуқароларига тегишли қимматбаҳо қоғозлар ҳамда уларнинг Россия юридик шахслари устав капиталидаги улушлари, Қўшма Штатларга ёки АҚШ фуқароларига тегишли мулк ҳуқуқидан фойдаланиш мумкин.

Жорий йилнинг 24 апрелида АҚШ Сенати Россиянинг музлатилган активларини Украинага ўтказиб бериш тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллаган эди. Аввалроқ АҚШ Конгресси Намояндалар палатаси томонидан қабул қилинган мазкур қонун лойиҳасини ҳали президент Жо Байден имзолаган эмас.

Россия қўшинлари Украинага кенг кўламли босқин бошлаган 2022 йил февралидан кейин АҚШ, ЕИ ва бошқа мамлакатлар РФ ва россиялик олигархларга қарши санкциялар жорий қилиб, уларга тегишли активларни музлатиб қўйган эди. 2023 йил ёзида АҚШ Молия вазирлиги россиялик олигархлар ва РФ Марказий банкига қарашли бўлган ва умумий қиймати 330 миллиард доллардан ошган активлар блокировка қилингани ҳақида билдирган.

Аввалроқ Financial Times нашри “Катта еттилик” давлатлари Россиянинг музлатилган активларининг бир қисмини Украина ўтказиб беришга оид музокараларни жадаллаштиргани ҳақида ёзиб чиққан. Нашр манбалари маълумотларига кўра, АҚШ Россия Марказий банкининг Европадаги музлатилган активларини жанговар ҳаракатлар натижасида етказилган зарар учун тўланажак товоннинг “аванс”и ўлароқ Украинага ўтказиб беришни таклиф қилган. FT суҳбатдошлари фикрича, Россия ҳар қанақа ҳолатда ҳам бу маблағларни Украинага тўлаб беришга мажбур бўлади.

БМТ қарори: Сребреница қатлиоми 11 июль куни хотирланади

БМТ Бош ассамблеяси 23 май куни Сребреницадаги қатлиомни хотирлаш кунини таъсис қилиш учун овоз берди.

Бунга оид БМТ резолюцияси 84 та овоз билан қабул қилинган, 19 та давлат резолюцияга қарши чиққан, 68 та мамлакат овоз беришдан тийилган. Ташаббусга Сербия давлати ва босниялик серблар раҳбарияти кескин қарши чиққан.

Сребреницадаги қатлиомни хотирлаш кунини таъсис қилиш таклифи Германия ва Руандадан чиққан. Қабул қилинган ҳужжат 11 июльни халқаро хотира куни деб эълон қилади. Чора тарафдорларига кўра, хотира кунининг таъсис этилиши Сребреницада босниялик мусулмонлар қирғин қилинганини инкор қилмаслик ва эсдан чиқармаслик учун зарур. Сербиялик вакиллар мазкур қарор уларнинг ҳаммасига геноцид (қатлиом) учун масъул халқ ёрлиғини ёпиштириб қўйишидан хавотир билдиришган.

Сербия президенти Александр Вучич мунозаралар чоғида, агар қатлиомни хотирлаш куни таъсис этиладиган бўлса, бу қадам “эски яраларни очади ва тўла сиёсий хаосга туртки беради”, деб айтган.

Болқон уруши чоғида 1995 йил июлида Сребреницада содир бўлган воқеалар Ҳаагадаги халқаро судлар томонидан геноцид ўлароқ тан олинган – Сребреницадаги воқеалар чоғида босниялик серблар босниялик мусулмон бўлган 8 мингдан зиёд қуролсиз эркак ва ўғил болани қатл этишганди. Оммавий қатлиом айблови билан сербларнинг сиёсий лидерлари ва армиянинг юқори лавозимли зобитлари судланган – улардан айримларига нисбатан умрбод қамоқ жазоси тайинланган.

Босния ва Герцеговинада Сребреницадаги қатлиомни инкор қилиш қонун билан тақиқланган. Шунга қарамай, 2024 йил апрелида Сербия Республикаси парламенти геноцидни рад этувчи ҳисоботни тасдиқлаган, маҳаллий сербларнинг россияпараст лидери Милорад Додик эса очиқдан-очиқ Сребреницадаги жиноят геноцид бўлиб ҳисобланмаслигини билдирган.

Москва вилоятидаги мигрантлар яшаган уйда чиққан ёнғинда 8 киши нобуд бўлди

Истра шаҳридаги ёнғин содир бўлган уй
Истра шаҳридаги ёнғин содир бўлган уй

Россиянинг Москва вилояти Истра шаҳрида жойлашган хусусий уйда 23 май тонгида чиққан ёнғин оқибатида саккиз, Россия ФВВ маълумотига кўра, киши нобуд бўлган. Қайд этилишича, мазкур уйда мигрантлар учун ҳостел ташкил қилинган эди.

“РИА Новости” агентлигининг тезкор хизматларидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилишича, ёнғинга каминдан сачраган ўт сабаб бўлган бўлиши мумкин,

Shot телеграм-канали маълумотига кўра, ҳодиса чоғида одамлар тириклайин ёниб кетган, иккинчи қаватдан сакраган бир аёл эса жароҳат олган. У бош мия чайқалиши, ёпиқ бош мия жароҳати, елка суягининг синиши ва ёнган жисмлардан ажраган дуддан заҳарланиш каби ташхислар билан касалхонага ётқизилган.

Тергов қўмитаси Россия Жиноят кодексининг 109-моддаси 3-қисми (Эҳтиётсизлик оқибатида икки ёки ундан ортиқ шахс ўлимига сабаб бўлганлик) бўйича жиноят иши қўзғатган.

23 ёшли йигит томонидан ижарага олинган хусусий уй Россия ҳудудида қайддан ўтмаган хорижлик фуқароларга ижарага бериб келинган, дея маълум қилган Москва вилояти прокуратураси. Маҳаллий телеграм-каналлар уйни ижарага олган йигит ўзбекистонлик экани ҳақида ёзишмоқда. Прокуратура ноқонуний миграция ташкил этиш (РФ ЖКнинг 322.1-моддаси 2-қисми “а” банди) бўйича жиноят иши очган.

Ёнғин чоғида қурбон бўлганларнинг қайси мамлакат фуқаролари бўлгани расман очиқланган эмас, бироқ уларнинг ҳам Ўзбекистон фуқаролари бўлгани ҳақида тахминлар айтилмоқда. Shot телеграм-канали манбалари ёнғинда қурбон бўлганлар куйиб кетган уйдан тақрибан 10 километр нарида жойлашган OZON омборхонаси ходимлари бўлганларини айтишган.

Кейинги ҳафтадан россияликларнинг Норвегияга кириши тақиқланади

Норвегия-Россия чегарасидаги Стурског назорат-ўтказиш маскани (архив сурати)
Норвегия-Россия чегарасидаги Стурског назорат-ўтказиш маскани (архив сурати)

Норвегия Россия фуқароларининг мамлакатга кириши бўйича қўшимча чекловларни жорий қилди. Жорий йилнинг 29 майидан Норвегияга туризм ёки “биринчи даражали бўлмаган аҳамиятга эга” мақсадларда келаётган россияликларнинг мамлакатга кириши тақиқланади. Истисно тариқасида фақат яқин қариндошлариникига келаётганлар ёки Норвегия ва Шенген ҳудудида ишлаш ва ўқиш мақсадида келаётганлар россияликлар учунгина мамлакатга киришга рухсат берилиши мумкин.

Норвегия ҳукумати хабарномасида мазкур чеклов 2022 йил баҳоригача Норвегия томонидан берилган визага эга бўлганларга ҳам, Шенген шартномасини имзолаган бошқа мамлакатлар томонидан берилган визага эга бўлган фуқароларга ҳам тегишли экани қайд этилган.

Норвегия Москва қўшинлари Украина ҳудудига кенг кўламли босқин бошлаган 2022 йил февралидан кейин россияликларнинг мамлакатга киришига чеклов жорий қилган ва туристик визалар беришни қарийб тўхтатиб қўйган эди.

Аввалроқ Ғарбий Норвегиядаги полиция хавфсизлик хизмати (PST) раҳбари Торгилс Лутро NRK телеканалига берган интервьюсида минтақада Россия разведкаси агентлари фаолият юритаётганини айтган эди. Мулозимга кўра, Россия ўта муҳим бўлган инфратузилма объектларига қарши диверсиялар ҳозирлаши мумкин.

Ғарбий Норвегияда Шимолий Европадаги энг йирик Хоконсверн ҳарбий-денгиз базаси ҳамда муҳим нефть-газ объектлари, электр станциялари ва электр таъминоти билан боғлиқ бошқа объектлар жойлашган.

PST сўнгги пайтларда Россиянинг бир неча агенти фош қилинганини билдирган, бироқ улар сонига аниқлик киритган эмас.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG