Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:34

ТУРКИЯ ВАШИНГТОН БИЛАН ҲАРБИЙ ҲАМКОРЛИККА РОЗИ.


Агар Саддам Ҳусайн режимини қуролсизлантириш учун уруш ҳаракатларига зарурат туғилса Анкара ҳукумати АҚШ билан ҳамкорлик қилишга тайёр. Бу ҳақда Туркия ташқи ишлар вазири Йасар Йақиш АҚШ мудофаа вазири ўринбосари Пол Вулфовиц билан сўзлашувлар сўнгида баён қилди.
"Агар сўнгги чора уруш бўладиган бўлса, албатта биз Қўшма Штатлар билан ҳамкорлик қиламиз, чунки Вашингтон бизнинг катта Иттифоқчимиз", - деб қайд этди Йасар Йақиш.
Туркия Ташқи ишлар вазирининг бундай баёноти тез орада катта шов-шувга сабаб бўлди. Аммо кейинчалик расмий Анкара Йақишнинг сўзларига аниқлик киритиб, унинг баёноти "эҳтимоллик майили"да айтилганини қайд этди. Яъни, урушга зарурат туғилсагина, Туркия АҚШ учқичларига Ироқни бомбалаш учун ўз ҳаво базаларини бўшатиб бериши мумкин.
Сўнгги ойлар давомида АҚШ Форс кўрфази атрофларида ўз ҳарбий мавқини мустаҳкамлашга киришди. Қатар, Кувайт, Уммон, Бахрайн, қисман Саудия Арабистони Ироққа қарши урушда АҚШ билан ҳамкорлик қилишлари мумкин. Вашингтон учун эса Ироққа қарши ҳарбий ҳаракатларда геополитик жиҳатдан Туркиянинг жойлашуви қулайроқ кўринади. Бироқ Анкара АҚШ қўшинларининг Туркия тупроқларига киритилишига қарши. Туркия ташқи ишлар вазири Йасар Йақиш, - "минглаб америка пиёдаларининг тупроқларимиз орқали Ироққа ҳужум қилишларини тасаввур ҳам қилолмайман. Бунга аҳолининг аксар қисми қарши, Туркия тупроқларидан Ироққа биронта ҳам тош отилмаслиги керак, деб қайд этди ва Ироқ масаласининг иложи бор қадар тинч йўл билан ҳал этилишига умид билдирди.
Сешанба куни Туркия ташқи ишлар вазири билан музокараларда бўлган АҚШ мудофаа вазири ўринбосари Пол Вулфовиц ҳамда Давлат котиби ёрдамчиси Марк Гроссманлар уруш олдини олиш учун Саддам ўз феъл-атворини тубдан ўзгартириши кераклигини таъкидлашди.
"Мақсадимиз Ироқ ва у солаётган оммавий қирғин қуроллари хавфини тинч бартараф этиш экан, кўп нарса Саддам Ҳусайнга, унинг ўзини қандай тутишига боғлиқ. Бу эса Саддамдан туб ўзгаришларни талаб этади", - деб қайд этди АҚШ мудофаа вазири ўринбосари Пол Вулфовиц.

Вашингтондаги Минтақалараро тадқиқотлар марказининг Туркия дастури раҳбари Булент Алиризога кўра, Вашинтон ва Анкара ўртасидаги сешанба кунги музокаралар ва унда кўрилган масалалар биз ўйлагандан кўра анча мураккаб. Алиризонинг "Озодлик" мухбирига айтишича, Туркия АҚШга Йақиш айтаётганиданда кўра кўп нарсани ваъда қилган.

"Туркия нималар тўғрисида келишиб олгани олдимиздаги бир неча кун ичида маълум бўлади. Аммо, менимча, улар биз ўйлаётгандан кўра кўпроқ нарсалар ҳақида келишиб олганлар", дейди Булент Алиризо.
Ҳозирча Саудия Арабистонининг Ироққа қарши урушда қандай рол ўйнаши номаълум. Маълумки, АҚШ 1991 йилги Кўрфаз урушида асосан Саудия Арабистонидаги ҳарбий базаларидан фойдаланган эди. Бироқ, бу сафар Эр-Риёд америкаликлар билан ҳамкорлик қилишни унчалик истамаётган кўринади. Саудия Арабистони Қиролининг сиёсий масалалар бўйича маслаҳатчиси Абдул ал-Зубайр бу ҳусусдаги ўз қарашларини шундай ифода этди.

"Биз олдин ҳам айтганмиз, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти аъзоси сифатида бу борада БМТ чиқарган ҳар қандай қарорни қўллаб-қувватлаймиз. Ҳамкорлик тўғрисида гапирадиган бўлсак вақти – чоғи келганида ҳамма нарсани тарозига солиб қарор берамиз", деди Абдул ал-Зубайр.
Таҳлилчилар фикрича, Риёд АҚШ қўшинлари учун ўз тупроқларидан жой бермаган тақдирда ҳам, Америка газеталари ёзаётганидек, Вашингтоннинг яқин иттифоқчиси Туркия уларга Ироққа қарши ҳам шимолдан ҳам жанубдан ҳужум қилишлари учун имконият яратиб беради. Аммо Пентагон иккинчи олий мартабали расмийсининг Анкара ташрифи Ироқ масаласи билангина чекланиб қолмади. Душанба куни Туркияга келатуриб Вулфовиц Лондонда қилган чиқишида Европа Иттифоқини Туркия учун эшикларини очишга чақирди. Вашингтон кўпдан буён демократик ва секуляр Туркия бошқа мусулмон давлатларга ўрнак сифатида Европа Иттифоқига қабул қилиниши кераклигини таъкидлаб келди. Европа Иттифоқи расмийлари эса бу борада Туркия билан музокаралар бошлаш кунини 12 декабрда очиладиган Иттифоқнинг Копенгаген саммити давомида маълум қилажакларини айтишди. Вашингтон агар Анкаранинг Европа ҳамжамиятига қўшилиш умидлари пучга чиқса, Туркияда ғарбга қарши кайфиятлар кучайишидан хавотирда. Асли келиб чиқиши турк бўлган америкалик таҳлилчи Алиризо АҚШнинг хавотирлари ўринли эканини айтади.

"Туркияга бўлган ҳар қандай ксенофобик қарашлар ҳозирги Анкара ҳукуматини АҚШ эхтиёжларига бефарқ қилиб қўйиши, унинг ҳамкорликка бўлган интилишларини сўндириши мумкин", дейди таҳлилчи.
Копенгаген саммитида Европа Иттифоқига Шарқий ва Марказий Европанинг 10 давлатини 2004 йилда ташкилотга қўшиш масаласи кўрилади. Бу давлатлар орасида 1974 йилда иккига ажралган Қибрис оролининг Юнон томони ҳам бор. Европа Иттифоқи эса бу оролни яхлит холда Иттифоққа қўшилишини истамоқда. Аммо бунга турк томони қарши. Иттифоққа раҳбарлик қилаётган давлат Дания ташқи ишлар вазири Пер Стиг Моллер Қибрис мақоми ҳал бўлмас экан Туркия билан музокаралар бўлмайди, деб қайд этди. Анкаранинг эса Европа Иттифоқи расмийларининг ваъдаларига учиб Қибрисни бой бериб қўйгиси йўқ.
XS
SM
MD
LG