Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:52

Ироқнинг АҚШдан яширадиган нарсаси йўқ...


Ироқ мамлакатда оммавий қирғин қуроллари йўқлигига халқаро ҳамжамиятни ишонтириш учун АҚШ ва Британия разведка хизматларининг ҳам Бағдодга киритилишига қарши эмас. Бу ҳақда Саддам Ҳусайннинг энг яқин маслаҳатчиларидан бўлган генерал Амир Саади якшанба куни баён қилди. Ироқнинг ҳарбий дастурлари тўғрисидаги 12 минг саҳифалик ҳисобот тўғрисида гапирар экан генерал Саади: "Бизда шундан бошқа ҳужжат йўқ. Аммо очиқ қолган ҳар қандай масала юзасидан БМТ инспекторлари билан ҳамкорликни давом эттиришга тайёрмиз", дея қайд этди.

"Ироққа қарши ушбу мудҳиш ўйин иштирокчилари америкаликлар ва британияликлардир. Улар БМТ атом энергияси бўйича халқаро агентлик вакилларини ҳамда қурол аслаҳа инспекторларини Бағдодга олиб келиб, халқаро ҳамжамиятни Ироқ оммавий-қирғин қуролларини яшираётгани тўғрисидаги ўзларининг зирҳлаб қўйилган далилий маълумотларига ишонтиришга уриндилар", деб таъкидлади генерал Амир ал-Саади жумладан. Бағдод расмийсига кўра, БМТ инспекторларининг сўнгги тўрт ҳафта ичида Ироқда олиб борган тафтиш ишлари Америка ва Британия расмийларининг иддаолари бўҳтондан бошқа нарса эмаслигини кўрсатган. Агар ҳақиқатан ҳам АҚШ шубҳа билдирса, биз Марказий разведка бошқармаси вакилларига ҳам ўз эшикларимизни очишга тайёрмиз, деди Амир ал-Саади.

Олдинроқ БМТ қурол инспекторлари гуруҳи раҳбари Ханс Бликс Америка Қўшма Штатлари ва Британия расмийларидан Ироқнинг ҳарбий дастурлари тўғрисида қўшимча разведка маълумотларини сўраган эди. Бликсга кўра, Ироқ тақдим этган ҳисоботда жуда кам маълумот берилган ва унинг асосида Ироқда оммавий-қирғин қуроллари бор-йўқлигини текшириш анча мушкул. Куни-кеча Вашингтон БМТ инспекторларига қандайдир маълумотларни ваъда қилди. АҚШ разведка маълумотлари БМТ гуруҳига Ироқда химиявий-биологик қуроллар яширилган ҳудудларни бориб кўриш имконини беради. Аммо Саадига кўра, Ироқ ҳақиқатан ҳам саксонинчи йилларнинг ўрталарида бойитилган уран сотиб олишга ҳаракат қилиб кўрган, аммо Бағдоднинг бу режаси охиригача амалга ошмаган. Шунингдек, Ироқ расмийси 1990 йилда асабга салбий таъсир қилувчи 1.5 тонна химиявий модда ишлаб чиқиш бўйича дастур ҳам амалда рўёбга чиқмаганини таъкидлади. Аммо, АҚШ ҳисоботларида, Ироқ 3.9 тонна ана шундай химиявий модда ишлаб чиқаргани айтилади.

Ўтган уч ҳафта ичида БМТнинг Атом энергияси бўйича халқаро агентлиги мутахассислари Ироқнинг 27 жойидан тупроқ ва сув намуналарини олиб, уларни лаборатория таҳлили учун марказга жўнатдилар. Тупроқ ва сув таркибида ядровий элементлар бор-йўқлигини таҳлил хулосалари кўрсатади. Халқаро қурол инспекторларининг 13 вакили Бағдодни аллақачон тарк этди. Яқин кунлар ичида текшириш ишларининг дастлабки натижалари маълум бўлиши керак. Аммо Вашингтон расмийлари Ироқда инспекция ишларини олиб бораётган БМТ вакиллари сони икки баробар оширилиши кераклигини айтишмоқда. Якшанба куни АҚШ президентининг хавфсизлик масаласи бўйича маслаҳатчиси Кондолиза Райс бу ҳақда баён қилди ва БМТ инспекторларини Ироқда оммавий қирғин қуролларини қидиришда фаолроқ бўлишга чақирди. Ҳозирча, БМТ инспекторлари Ироқда оммавий-қирғин қуроллари борлигидан дарак берувчи асосли маълумотни топишганларича йўқ. Шунга қарамай, АҚШ Давлат котиби Колин Пауэл ва Буюк Британия ташқи ишлар вазири Жэк Строулар Ироқни БМТ Хавфсизлик кенгашининг #1441 резолюцияси бандларини бузганликда айблашди. Аммо, Россия ташқи ишлар вазири Игор Иванов якшанба куни қилган чиқишида, унинг давлати Ироққа қарши ҳарбий ҳаракатлар бошлаш учун асос кўрмаётгани ҳақида гапирди. Ивановга кўра, Ироққа қарши ҳар қандай ҳарбий амалиётлар унинг давлати манфаатларига зиддир.

Кузатувчилар эса, Ироққа қарши дастлабки зарбалар 2003 йилнинг февралида берилишини башорат қилмоқдалар. Кувайтнинг Ироқ билан туташ ҳудудларида эса аллақачон ҳарбий учқичлар овози эшитила бошлади. Шу кунларда АҚШ армияси Қувайтда ҳарбий ўқув машғулотлари ўтказмоқда. Кузатувчилар фикрича, ушбу машғулотлар сўнгги ўн йил давомидаги амалиётларнинг энг йиригидир. Унда минг нафар АҚШ қўшини, юзлаб танк, бронетехника ва ҳарбий вертолёт иштирок этмоқда. Пентагон расмийларига кўра, январ ойига келиб Форс кўрфазидаги АҚШ қўшинлари сон 110 мингга етиши мумкин. Ҳозирда минтақада 50 минг америка қўшини борлиги айтилмоқда.
XS
SM
MD
LG