Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:53

Қозоқистон ва Хитой ўртасида муштарак ҳамкорлик шартномаси имзоланди.


Акрам Файзулло

Душанба куни Пекинда Қозоқистон президенти Нурсултон Назарбоев ва Хитой президенти Цзянь Цземинь “яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик” шартномасини имзоладилар.

Икки томон мазкур шартномада терроризм, сепаратизм ва экстеримизмга қарши курашда ҳамкорлик қилиш, ҳарбий-техникавий, савдо, фан ва технология ҳамда бошқа қатор соҳалар бўйича алоқаларни янада ривожлантириш тўғрисида келишиб олди.

Назарбоевнинг Хитой сафаридан олдин, Қозоқистоннинг Пекиндаги элчиси Жанибек Карибжанов Назарбоевнинг ташрифи Қозоғистон ва Хитой орасидаги муносабатлар учун бурилиш нуқтаси бўлишини қайд этган эди.

Аммо Халқаро муносабатлар бўйича Москва давлат институти қошидаги тадқиқот маркази директорининг ўринбосари Артëм Малгинга кўра, ташриф Назарбоев учун Хитой Коммунистик партиясининг янги раҳбари ва келаси йилда Хитой президенти бўлиши кутилаëтган Ху Цинтао билан биринчи марта учрашув ўтказишига имконият бергани билан янада аҳамиятлидир.

“Қозоғистон президенти учун Хитой Коммунистик партиясининг янги раҳбари Ху Цинтао билан учрашиш муҳимдир. Ху Цинтао Хитойнинг навбатдаги президенти бўлиши кўпчиликка маълум. Буни икки президентнинг танишув учрашуви дейиш мумкин”, деди таҳлилчи Артëм Малгин.

Оксфорд университетида Хитой масалалари бўйича мутахассис Рана Миттерга кўра, Хитой ҳукумати ўзининг марказий осиëлик қўшнилари билан савдо ва хавфсизлик соҳасидаги алоқаларини ривожлантиришга ҳаракат қилар экан, Назарбоевнинг Пекин ташрифи асосан ўзаро ишончни оширишга қаратилган. Унинг қайд этишича, ўтган 10 йил мобайнида Марказий Осиë Хитой учун айниқса хавфсизлик борасида муҳим минтақага айланган.

“Гап шундаки, Хитой ўзининг ғарбий чегара ҳудудларидаги вазиятдан жиддий хавотирланмоқда. Чунки Шинжон вилоятидаги мусулмон аҳоли Хитойдан мустақил бўлишни истайди. Шу боисдан, ғарбий чегарада назоратни мустаҳкамлаш Хитой учун муҳимдир”, деди мутахассис Рана Миттер.

Дарҳақиқат, Назарбоевнинг Пекин ташрифи давомида Қозоқистон ва Хитой орасидаги ҳарбий алоқалар муҳим мавзу сифатида муҳокама қилинди.

Қозоқистон Мудофаа вазири Мухтор Олтинбоев ва унинг хитойлик ҳамкасби Чи Шаотиян муштарак чегара бўйида назоратни кучайтириш ва қонунсиз қуроллар савдосининг олдини олиш бўйича ахборот алмашиш хусусида келишув имзоладилар.

Москвадаги Карнеги тадқиқот маркази таҳлилчиси Алексей Малашенко икки мамлакат ўртасида хавфсизлик борасида ҳамкорлик қилиш аҳамияти хусусида тўхталиб, қуйидагиларни таъкидлади.

Унга кўра, “хавфсизлик борасида Қозоқистонни Ўзбекистонга ëки Тожикистонга қиëслаб бўлмайди. Бу икки мамлакатда исломий гуруҳлар кенг тарқалган. Аммо Қозоқистоннинг жанубий ҳудудларда айрим исломий гуруҳларнинг фаолияти аста-секин кучайиб бормоқда ва бу расмий Остонани ташвишлантирмоқда”.

Ўтган майда Хитой ва Қозоқистон ўртасида имзоланган демаркация келишувига кўра, 1.740 километр узунликдаги муштарак чегарага тааллуқли бўлган барча масалалар ҳал этилди.

Ўзаро ишончни мустаҳкамлаш ва чегара худудларида ҳарбий кучлар сонини қисқартириш тўғрисидаги 1996 ва 1997 йилларда тузилган шартномаларга мувофиқ, 2000 йилда Хитой ва Қозоғистон бир-бирларининг чегара бўйидаги ҳарбий кучларини текширишни бошлади.

Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигида Қозоқистон Хитойнинг иккинчи йирик савдо шериги саналади. Жорий йилда икки мамлакат орасидаги савдо обороти ҳажми 1 миллиард 500 миллион доллардан ошди.
XS
SM
MD
LG