Линклар

Шошилинч хабар
09 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:12

БМТ Хавфсизлик Кенгашига аъзо давлатлар Ироқни қуролсизлантириш методлари хусусида келиша олмаяптилар.


Акрам Файзулло

БМТ Хавфсизлик Кенгашига аъзо давлатлар Ироқнинг оммавий қирғин қуролларига эга бўлишига йўл қўймаслик масаласида ҳануз келиша олмаяптилар.

АҚШ Давлат котиби Колин Пауэлл ва Британия Ташқи ишлар вазири Жак Строу Ироқнинг инспекторлар билан ҳамкорлик қилиш борасидаги уринишларини танқид қилдилар. Уларга кўра, Ироқнинг уринишлари талабга жавоб бермайди ва ҳарбий куч қўллаш масаласини кўриб чиқиш вақти яқинлашиб келмоқда.

Аммо Франция ва Германия Ташқи ишлар вазирлари Доменик де Вильпен ва Йошка Фишер ҳарбий куч қўллашга қарши эканликларини таъкидладилар. Россия ва Хитой Ташқи ишлар вазирлари эса бўҳронни ҳал этиш учун кўпроқ вақт берилиши зарурлигини айтдилар.

Вазирлар халқаро терроризмга қарши кураш тадбирларини яхшилашга бағишланган БМТ Хавфсизлик Кенгаши учрашувида иштирок этиш учун Нью-Йоркка келишди. Душанба кунги очиқ мажлисда Ироқ бўҳрони масаласи кўтарилди ва бу икки томонлама музокараларда бош мавзу сифатида муҳокама қилинди.

Пауэлл БМТ Хавфсизлик Кенгашини Ироқни қуролсизлантириш борасидаги ўз мажбуриятларини бажаришга чақирди. Мажлисдан кейин мухбирлар олдида сўз юритган Пауэлл, Ироқ БМТ Хавфсизлик Кенгашининг сўнгги резолюциясига жиддий эътибор бермаëтганини таъкидлади.

“Ироқ ниҳоятда жиддий бир вазиятда қолганини ҳали ҳам англамаяпти ва биз Ироқнинг БМТ ва халқаро ҳамжамиятни обрўсизлантиришига йўл қўймаймиз”, деди Колин Пауэлл.

Қўшма Штатлар БМТ Хавфсизлик Кенгашининг рухсатисиз, Ироқни қуролсизлантириш учун коалиция кучларига етакчилик қилишга тайëр эканини билдирди. АҚШ ва унинг энг яқин иттифоқдоши Британия Ироққа қарши ҳужум қилиш эҳтимоли учун Форс кўрфази минтақасига минглаб қўшинларини келтирди ва келтирмоқда.

Душанба куни БМТ Хавфсизлик Кенгаши учрашувида чиқиш қилган Строу, 1441 рақамли резолюция, агар Ироқ қуролсизланмаса ҳарбий куч қўллашга рухсат беришини қайд этди.

“Ироқ президенти Саддам Ҳусайн БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюцияларига ўз вақтида амал қилиш ва инспекторлар билан тўлиқ ҳамкорлик қилиш билан бўҳронни тинч йўллар орқали ҳал этиши керак, акс ҳолда, БМТ Хавфсизлик Кенгаши қабул қилган 1441 рақамли резолюцияда огоҳлантирилгани каби, ëмон оқибатларга, жумладан ҳарбий ҳужумга учрайди”, деди Жак Строу.

Аммо БМТ Хавфсизлик Кенгашига аъзо бўлган бошқа давлатлар, яқиндагина тўлиқ кучга эга бўлган инспекторларга Ироқда ядровий, биологик ëки кимëвий қуроллар бор-йўқлигини текшириш борасидаги ўз ишларини ниҳоясига етказиш учун имконият берилишига чақирмоқдалар.

Россия Ташқи ишлар вазири Игор Иванов БМТ Хавфсизлик Кенгашига Россия Ироқ бўҳронига сиëсий ечим топилишига тарафдор эканини айтди. Хитой Ташқи ишлар вазири Танг Жияксуаннинг қайд этишича, БМТ инспекторлари бошлиғи Ханс Бликс ва БМТнинг Атом энергияси бўйича халқаро агентлик директори Муҳаммад Ал Барадей келаси душанба куни биринчи йирик ҳисоботни тақдим этганларидан кейин, Ироқдаги инспекторларга қўшимча вақт берилиши керак.

Шу ойда Германия БМТ Хавфсизлик Кенгашига вақтинчалик аъзо бўлган давлатлар сафига қўшилди. Мамлакат Ташқи ишлар вазири Йошка Фишер инспекторлар ишини юқори баҳолаб, Германия ҳарбий куч қўллашга қарши эканини яна такрорлади.

“Германия Федерал республикаси ҳарбий кампанияда иштирок этмайди ва биз 1441 рақамли резолюция инспекторлар ишига асосланган ҳолда муваффақиятли амалга оширилиши орқали ҳарбий ҳужум четлаб ўтилишига тарафдормиз”, деди Йошка Фишер.

Унга кўра, Германиянинг бош мақсади халқаро терроризмга қарши курашишдир ва агар Ироққа қарши уруш бошланса, бу кураш ўз аҳамиятини йўқотади.

Франция Ташқи ишлар вазири Доменик де Вильпен Ироқ инспекторлар билан тўлиқ ҳамкорлик қилиши кераклигини таъкидлади. Аммо унга кўра, ҳеч нарса ҳарбий ҳужумни оқлолмайди.

“Биз Ироқни тинч йўллар орқали қуролсизлантира оламиз. Шунинг учун ҳам бегуноҳ фуқаролар ëки аскарларнинг ҳаëтини хавф остида қолдирмаслик ва минтақа барқарорлигига зарар етказмаслик керак”, деди Доменик де Вильпен.

Ироқ бўхронини тинч йўллар орқали ҳал этиш масаласини илгари суриш учун Миср, Сурия, Эрон, Саудия Арабистони, Иордания ва Туркиянинг юқори лавозимли расмий вакиллари иштирокида пайшанба куни Анқарада учрашув ўтказилиши билдирилди.
XS
SM
MD
LG