Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:15

"Туркманистоннинг нураб бораётган диктатураси"


"Халқаро ҳамжамият Туркманистон раҳбари Сапармурод Ниёзов ва унинг мустабид режимига бошқа тоқат қилиб туролмайди". Бўҳронларни ўрганиш халқаро гуруҳининг Туркманистон бўйича чиқарган ҳисоботи шундай сўзлар билан бошланади.

"Туркманистоннинг нураб бораётган диктатураси" деб сарлавҳаланган ҳисоботда таъкидланишича, Ниёзов режими бутун Марказий Осиё барқарорлигини таҳлика остида қолдирмоқда. Сапармурод Туркманбоши ҳокимият тепасида қолар экан мамлакатда вазиятнинг яхшиланиши даргумон.

Бўҳронларни ўрганиш халқаро гуруҳи Осиё дастури раҳбари Роберт Темплерга кўра, Туркманистонда нобарқарор вазият ҳукмрон ва бу минтақа учун ўта таҳликалидир. Мамлакатда ички ва ташқи мухолиф кучлар фаолияти, айниқса, ноябр ойидан кейин анча сезилиб қолди. Темплернинг қайд этишича, Туркманистонда тинч эволюцион ўзгаришларга мойиллик сезилмаяпти.

Нефт, газ ва пахта хом ашёси эвазига Туркманистон ялпи ички маҳсулотда ўсишга эришаётган бўлсада, мамлакатда аксар аҳоли деярли қашшоқликда кун кечирмоқда. Чунки даромадлар, дейилади ҳисоботда, президент Ниёзов ва унинг бир ҳовуч ҳамкорлари назорати остида қолмоқда. Мамлакат ялпи ички даромадининг жуда оз қисмигина оддий халққа тегади. Ҳукумат учун ягона даромад манбаи нефт, газ ёки пахта хом ашёсигина эмас. Айрим маҳаллий ва халқаро кузатувчилар фикрича, Туркманистонда ҳукумат одамлари наркотик савдоси билан ҳам шуғулланишади. Мамлакатда инвестициялар учун етарли имкониятларнинг йўқлиги хориж сармоядорларининг кетишига сабаб бўлмоқда.

Ўзини бутун туркманлар отаси, деб эълон қилган Ниёзов шахсига сиғиниш авж олган. Туркманистонда ҳокимият мутлақ президент қўлида мужассамлашган. Унинг ҳаётини 3000 аскарли махсус гвардия қўриқлайди, уни етарли маълумотлар билан таъминлаб боради.

Бўҳронларни ўрганиш халқаро гуруҳи эълон қилган ҳисоботда Туркманистонда диктатура режимининг нурашига олиб келиши мумкин беш фактор тилга олинади. Булар, ҳам ички, ҳам ташқи мухолиф кучларнинг ҳокимият учун хуфёна кураши, хокимият доираларида, шу жумладан хавфсизлик ҳизматларида мавжуд тузумдан норозилик кайфиятнинг кучайиши, мамлакатдаги иқтисодий мураккабликлар, терроризм учун қулай шароит яратаётган заиф ва дисфункционал ҳукумат, гиёҳвандлик ва жиноятлар домига илинган жамиятнинг инқирозга юз тутаётгани ва этник гуруҳлар ҳамда кланлар ўртасидаги курашдир.

Бўҳронларни ўрганиш халқаро гуруҳининг Марказий Осиё бўйича таҳлилчиси Филип Нобелга кўра, бу зиддиятлар айниқса ўтган йил ноябр ойида авжига чиққан.

"25 ноябрда президент Ниёзов жонига қилинган суиқасд бу жамият деярли портлаш нуқтасига келиб қолганини намоён этди. Суиқасдни ким уюштиришидан қатъий назар, хоҳ ички мухолифатми, хоҳ ташқи, ҳоҳ бу уларнинг биргаликдаги иши бўладими, бўлиб ўтган воқеа туркман жамияти портлаш арафасида эканини кўрсатмоқда".

"Агар бугунги туркман жамиятига яхшилаб назар солсангиз, -дейди Нобел, - у ерда зўрайиб бораётган зиддиятларга дуч келасиз. Мамлакатда вазият шу қадар таранглашганки, у нафақат туркман жамиятига, балки қўшни давлатлар, жумладан, Ўзбекистонга ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда. Чунки, сўнгги пайтларда Туркманистон шарқида яшовчи этник ўзбекларнинг мамлакатни тарк этаётгани кузатилмоқда. Ўз навбатида Ўзбекистонда яшовчи этник туркманлар ҳам Туркманистонга қайтиб келмоқдалар. Икки давлат ўртасидаги чегара-тўсиқлар эса бу ерда яшовчи халқларнинг борди-келдиларига халақит бермоқда".

Филип Нобел этник ўзбекларнинг Туркманистондан чиқиб кетаётганига Туркманистон раҳбариятининг, жумладан Сапармурод Ниёзовнинг мамлакатда яшовчи ўзбекларга нисбатан хақоратомуз сиёсатини сабаб қилиб кўрсатади. Айниқса, келиб чиқиши ўзбек бўлган Туркманистон муфтийсининг ишдан олингани бунга мисол бўла олади, - дейди Нобел.

"Биласиз, яқинда президент Ниёзов, этник ўзбек бўлган мамлакат бош муфтийсини Туркманбоши Оллоҳнинг элчиси эканини тан олмагани учун лавозимидан четлаштирди. Бу эса Туркманистон раҳбарининг мамлакатдаги ўзбек жамоасига қандай муносабатда бўлаётганини кўрсатувчи омилдир", - қайд этади Бўхронларни ўрганиш халқаро гуруҳининг Марказий Осиё бўйича таҳлилчиси Филип Нобел.

Ҳисоботда таъкидланишича, Туркманистонда инсонларнинг фундаментал ҳуқуқлари пой мол этилаётгани билан боғлиқ масала шу йил феврал ойида БМТнинг инсон ҳуқуқлари комиссияси йиллик мажлисида кўтарилади. Зеро шу пайтгача Туркманистон ва унинг раҳбари Ниёзовнинг мустабид режими халқаро ҳамжамият эътиборидан четда бўлиб келди. Нобелнинг айтишича, халқаро ҳамжамият Туркманистонга нисбатан фаолроқ бўлиши керак.

"Мен яна бир бор қайтариб айтмоқчиман, босимлар деганда Туркманистонга нисбатан изоляция сиёсати ёки бўлмаса жазо чораларининг қўлланишини назарда тутаётганим йўқ. Бундан фақат оддий аҳолигина азият чекиши мумкин. Ўзи шундоғам мамлакат халқи дунё ҳамжамиятидан узилиб қолган. Мен халқаро ҳамжамиятнинг Туркманистонга нисбатан фаол сиёсатни қўллашини назарда тутяпман", дейди таҳлилчи.

Филип Нобелга кўра, халқаро ҳамжамият эътибори Туркманистондаги вазиятга қараётганинг ўзи катта ютуқ.
"Чунки, агар эсласангиз, 25 ноябр воқеаларидан олдин Туркманистонда календар номларининг ўзгаргани, Туркманбоши ой, ҳафта, кунлар номини онасининг номига ўзгартиргани ҳақидаги хабарлардан бошқа деярли маълумотни ололмасдик. Аммо сўнгги ойлар давомида халқаро ҳамжамият Туркманистон ва у ерда инсонларнинг фундаментал ҳуқуқлари пой мол этилаётганига эътиборни қаратмоқда. Шундай экан ҳозир Туркманистонга халқаро босимлар тўғрисида гапиришнинг айни пайти", - қайд этади Бўхронларни ўрганиш халқаро гуруҳининг Марказий Осиё бўйича таҳлилчиси Филип Нобел.
XS
SM
MD
LG