Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:17

ҚИРҒИЗИСТОН АСОСИЙ ҚОНУНИГА ЎЗГАРТИШ КИРИТМОҚДА.


Марказий Осиё минтақаси мамлакатларидаги сиёсий ижтимоий жараёнларни кузатиб келаётган бўлсангиз, келаси ойнинг бошида, 2 февраль куни Қирғизистонда референдум ўтказилишидан хабарингиз бордир.

Хўш, қирғизистонликлар 2 февраль куни овоз бериш участкаларига боргач, қандай масалаларга ўз муносабатларини билдиришлари лозим?

Мазкур референдумни ўтказишга қандай зарурат туғилди?

Референдум ўтказиш заруратини расмийлар қандай тушунтирадилару унга мухолифат қандай муносабат билдираяпти?

Қуйида мана саволларга жавобини излаймиз.

***

Маҳаллий кузатувчиларнинг аксарияти қирғизистонликларнинг ўзлариям 2 февраль куни овоз бериш участкаларига боргач, нимага розилик беришлари керагу нимани рад этишлари лозимлигини тушуниб етмаётганликларини таъкидламоқдалар.

Хўш, Қирғизистонда янги конституция жорий этилаяптими? Ёхуд унга ўзгартишлар киритилади холосми? Бу саволга Қирғизистон Миллий университети юридика факультети декани, мамлакат конституцияси бўйича экспертлар гуруҳи аъзоси, профессор Суярқул Қасақов мана бу жавобни берди: "Бу янги конституция эмас, гап унга киритиладиган ўзгартишлар устида бормоқда",- дейди Суерқул Қасанов.

Қирғизистон конституцияси 1993 йили қабул қилинган, бироқ унга 96, 98 йиллари ҳамда яқинда, 2002 йили ўзгартишлар киритилган эди. Профессор Қасақовга кўра, қирғизистонликлар 2 февраль куни мамлакат асосий қонунидаги ўша ўзгартишларга ўз муносабатларини билдирадилар.

Бироқ, Қирғизистон парламенти - Жогорку Кенеш депутати Адаҳам Мадумаров бу фикрни рад этади:
"Мен бу фикрга қўшила олмайман, чунки конституция тубдан ўзгармоқда, шунинг учун уни янги конституция, деб атаса бўлаверади", - дейди депутат Мадумаров.

Республика президенти Асқар Ақаевнинг фармони билан 2002 йилнинг августида Конституциявий кенгаш тузилган ва унинг зиммасига мамлакатнинг асосий қонунига ўзгартишлар киритиш вазифаси юклатилган эди. Ўтган муддат ичида кенгаш ўз таклифларини ишлаб чиқди. Янги йил бошида, 3 январь куни эса, президент Ақаев мазкур масала юзасидан экспертлар гуруҳини тузди ва у ҳам ўз таклифларини ишлаб чиқди.

Алтай Бўрубаев Қирғизистон Жогорку Кенеши Халқ вакиллари палатаси раиси. У ҳам августда тузилган Конституциявий кенгаш аъзоси эди. Жаноб Бўрубаев жамоатчиликнинг мамлакат асосий қонунига ўзгартишлар киритиш жараёнига фаол қатнашганини айтади. Қирғизистонликларнинг 11 мингдан ортиғи ўз таклифларини матбуот орқали билдирдилар дейди у.

Қирғизистон конституциясининг умумхалқ овозига қўйилаётган янги таҳририда қандай принципиал ўзгаришлар бор? Бугун, албатта, шу саволга ҳам жавоб излаб кўрамиз.

Ҳозирча эса, нима учун мамлакат раҳабарияти бирдан конституцияни ислоҳ қилишни ҳоҳлаб қолди, деган масалага тўхталайлик. Бу хусусда, Жогорку Кенеш депутати Адаҳам Мадумаров мана бу фикрни билдирди: "Асосий сабаб шуки, дейди,- депутат Мадумаров, мамлакатдаги сиёсий вазият кескинлашиб кетди, ижроия ҳокимият фаолиятидан норозилик республиканинг барча минтақаларида кучайди. Бу норозиликка асосий туртки Ахси воқеалари бўлган эди. Конституцияга ўзгартишлар киритишга қарор қилинган экан, бу, Ақаевнинг, "кел, конституцияни бир ўнглаб қўяй", деганидан эмас, ҳаётнинг ўзи шунга мажбур қилди", - дейди депутат.

Мана энди таклиф қилинаётган принципиал ўзгаришлар тўғрисида икки оғиз сўз.
Шу пайтгача Қирғизистон парламенти икки палатали - Қонун чиқарувчилар ва Халқ вакиллари палаталаридан иборат, ҳар икки палатага ҳаммаси бўлиб 105 депутат сайланар эди. Конституциянинг умумхалқ овозига қўйилаётган янги таҳририда парламент бир палатали бўлиши таклиф қилинмоқда. Янги вариант бўйича Жогорку Кенешга 75 депутат сайланади. Парламент палатаси раиси Алтай Бўрубаев бу янгиликни тўғри деб ҳисоблайди.

Конституциянинг умумхалқ овозига қўйилаётган янги таҳририда ўзгартишлар жуда кўп, бироқ уларга бир чеккадан тўхталиб ўтиришга мақоламизнинг формати йўл қўймайди.

Мавзуни якунлаш олдидан эса республика парламентининг бир қатор депутатлари, қатор сиёсий партиялар ҳамда нодавлат ташкилотларининг лидерлари ҳозир референдум ўтказишнинг мавриди эмаслиги, Конституциянинг қабул қилинажак янги варианти президент ваколатларини кенгайтириб юбориши, демократиянинг таназзулга юз тутиши тўғрисида баёнотномалар тарқатганликлари, Қирғизистон халқига мурожаатномалар билан чиққанликларини айтиб ўтмоқчимиз.

Референдум ўтказилишига қарши бўлган сиёсий кучларнинг позицияси ҳамда ҳар икки томон, ҳокимият ва мухолифатнинг иддаоларига халқаро ташкилотларнинг муносабати масаласига кейинги мақолада тўхталамиз.
XS
SM
MD
LG