Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:05

КАСПАРОВ ЯНА ВИРТУАЛ РАҚИБИГА ҚАРШИ ДОНА СУРМОҚДА


Шахмат ўйини қачон пайдо бўлгани ҳақида ҳалигача ҳеч ким аниқ маълумот беролмайди. Айрим манбааларга кўра, шахматнинг пайдо бўлиши эрамиздан аввалги мингинчи йилларга тўғри келади. Афсонада айтилишича уни қандайдир ҳинд математики ўйлаб топган экан. Бир куни шоҳ ўша олимни ўз ҳузурига чорлабди.

"Хўш бу ихтироинг учун сени нима билан мукофотлай?" – деб сўрабди шоҳ.

Математик сира иккиланмай, "Шоҳим, менга сиздан катта мукофот керак эмас. Шахмат доскасининг биринчи қаторининг биринчи катагига битта дон, иккинчи катагига иккита, учинчисига учта ва ҳоказо донларни қўйиб чиқамиз. Менга шахмат доскасининг барча 64 квадратига қўйилган донларнинг квадратлар йиғиндисини берсангиз кифоя" – дея жавоб қайтаради бу марҳаматга.

Ҳукмдор гап-бир икки қоп дон ҳақида бораётган бўлса керак, деб хурсанд бўлибди. Кейин шоҳ вазирини чақириб: "Бу одам қанча дон истаяпти ўзи? - дея сўраганида, вазир "Шоҳим, 64 катакдаги донларнинг квадрат йиғиндиси бутун дунёдаги донлар йиғиндисидан-да кўп", - дея жавоб қилади. Хуллас, ҳиндистонлик математик ўз саҳоватини кўрсатмоқчи бўлган шоҳни шу тарзда мот қилибди. Ўшандан бери бу ўйин номи жаҳоннинг кўпгина тилларида шахмат, яъни "шоҳ мот" деб аталиб келинмоқда.

Аммо, бугунги суҳбатимиз шахмат ўйинининг тарихи эмас, балки унинг тобора компютерлашиб бораётган бугуни ва келажаги ҳақида. Бугунги кунда инсон қўли билан яратилган компютерлар ўз яратувчисини мот қилмоқда.

Инсон ва компютер ўртасидаги шахмат ўйини дастлаб 1997 йилда бўлиб ўтди. Ўшанда жаҳон гроссмэйстери Гарри Каспаров биринчи бор IBM лабораториясида ихтиро қилинган "Deep Blue" компютерига қарши дона сурган эди. Аммо, биринчи ўйиндаёқ аломат компютер 26 юришда жаҳон гроссмэйстерини мот қилган эди.

Аммо, йиқилган курашга тўймас деганларидек, Гарри Каспаров ҳали ҳам компютерни енгиш фикридан қайтмади. Эндиликда унинг рақиби "Deep Blue" эмас, "Deep Junior" компьютеридир.

Ўтган жума Каспаров яна компютерга қарши от суришни бошлади. Ўйиннинг охирги дақиқаларида гроссмэйстер олдида партияни иложи бор қадар дуранг якунлаш вазифаси турарди. Жума кунги ўйин Каспаров уринганидек дуранг натижа билан якун топди. Каспаровнинг айтишича, компютер билан шахмат ўйнаш осон иш эмас. "Виртуал рақибим, - дейди гроссмэйстер, - менинг кичкина хатомдан унумли фойдаланишга ҳаракат қилади. Шунинг учун ҳар қандай майда хато мени катта мағлубиятга элитиши мумкин".

Каспаровга кўра, инсон билан шахмат ўйнаганда рақибингизни тушунишингиз мумкин, компютерни эса тушуниб бўлмайди. "Жонли рақиб билан шахмат доналарини сурганимда мен уни доим хис қиламан ва шунга қараб сипоҳларни жойлаштиришга уринаман. Аммо компютернинг юришини олдиндан сезиш имконсиз ва ундан ҳар нарсани кутса бўлади," - дейди жаҳоннинг биринчи шахматчиси.

Халқаро шахмат устаси Георгий Назаровнинг таъкидлашича, компютер билан иложи борича оддий позицияларда ўйнаш керак. Мураккаб позицияларда инсон у билан баҳслашиши жуда қийин.
"Халқаро гроссмэйстерлар Крамник ва Каспаровлар компютер билан оддий позицияларда ўйнаш кераклигини яхши тушундилар. Чунки компютер бир дақиқада миллион вариантни ўйлаш қобилиятига эга. Инсон эса жисмонан бунга қодир эмас. Фақат оддий позициялар билан компютерни мот қилиш мумкин", - дейди Георгий Назаров.

Суҳбатдошимиз айтганидек, ўйин давомида Каспаров виртуал рақиби "Deep Junior" ҳужумларига ўзининг энг оддий комбинациялари билан жавоб қайтаришга ҳаракат қилди. Ва 23- юришдаёқ Каспаров сипоҳни отга алмаштириб, ҳужумга ўтишни бошлади. Бироқ шахмат устасининг бу урунишлари натижа бермади. Каспаров 28- юриши билан компютерга дурангни таклиф қилди ва бу таклифини унинг виртуал рақиби қабул қилди. Ҳисоб 3:3. Шунга қарамай ҳеч ким ўйиндан совринсиз чиқмади. Каспаров ва "Deep Junior" ихтирочилари 250 минг доллардан пул мукофотлари оладиган бўлдилар.

Шахмат турнирлари тобора компютерлашиб борар экан, келажакда шахмат гроссмэйстерлари ўрнини оддий темир қутича эгаллаши мумкинлиги айтилмоқда.

"Пессимистлар фикрича, компютершалув жараёни келажакда шахматнинг барбод бўлишини англатади. Бир неча йилдан сўнг инсонлар уддабуррон компютерларни сотиб оладилар. Бу эса уларнинг фикрлашларига хожат қолдирмайди", - дейди халқаро шахмат устаси Георгий Назаров.

Аммо, кузатувчилар фикрича шахмат қанчалик компютерлашмасин, у ўз анъанавий шаклини йўқотмайди.

"Велосипед, автомобил ихтиро қилинганидан кейин енгил атлетика, югуриш мусобақалари бекор қилинмадику! Шундай экан шахмат мусобақалари ҳам илгариги холича қолаверади", - дейди халқаро шахмат устаси Георгий Назаров.
XS
SM
MD
LG