Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:49

Жаҳоннинг мусулмон давлатлари Чеченистондаги урушга бефарқ бўлиб қолмоқдалар.


Акрам Файзулло

Яқинда Ироқ Россиянинг Чеченистонда олиб бораëтган ҳарбий кампаниясини қўллаб-қувватлади. Ироқнинг Москвадаги элчиси Аббос Халафга кўра, чечен жангчилари Россия Федерациясига зарар етказишмоқда ва Ироқ Россиянинг заифлашишини хоҳламайди.

Кузатувчилар фикрича, расмий Бағдод ўзининг даъво қилинаëтган оммавий қирғин қуроллари борасида Америка билан бўлган ҳозирги бўҳронда Россия ëрдамини олиш учун чечен жангчиларини “террорчилар” сифатида қоралаëтган бўлиши мумкин. Аммо Ироқ Чеченистон урушида Россия кучлари томонидан содир этилаëтган қирғин-баротларга панжа орасидан қараëтган ягона мусулмон мамлакати эмас. Саудия Арабистони, Эрон, Миср ва Ливия каби давлатлар Чеченистондаги уруш ҳақида бирор бир салбий муносабат билдирганлари йўқ.

Россиянинг Чеченистондаги хатти-ҳаракатларини асосан Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Европа Кенгашининг парламент ассамблеяси, Европа парламенти ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи гуруҳларгина танқид қилмоқда.

Чеченистоннинг Россия давлат думасидаги ягона депутати Асламбек Аслахановга кўра, мусулмон давлатлари орасида Чеченистондаги уруш борасида расмий хавотир билдириш, умуман мавжуд эмас.

“Мисол учун, мен бирор бир мусулмон давлати Чеченистонда фуқароларнинг ҳалок бўлишига йўл қўймаслик керак, тинч аҳолини азоб-уқибатлардан қутқариш зарур, деган расмий баëнот берганини эшитганим йўқ”, - дейди Асламбек Аслаханов.

1990 йилларда кўплаб мусулмон мамлакатлари Босния мусулмонларини ва косоволик албанларни сиëсий томондан қўллаб-қувватладилар ва улар бугун фаластинликларни мунтазам равишда қўллаб-қувватлашда давом этмоқдалар. Хўш, чеченлар мусулмон бўла туриб, нима учун бундай ëрдамни ололмаяптилар? Аслаханов бу саволга шундай жавоб беради:

“Мусулмон давлатлари ўз аҳолисини Чеченистондаги ҳақиқий вазиятдан огоҳ қилмаяпти. Бу давлатлар Россия билан муносабатлар ëмонлашишини хоҳламайдилар”.

Лондондаги “Economist Intelligence Unit” тадқиқот маркази таҳлилчиси Николас Редман (Nicolas Redman) бу фикрга қўшилади. Унга кўра, Россиянинг жаҳондаги таъсири камайганига қарамай, мусулмон давлатлари Россияга содиқ бўлиб қолмоқдалар.

“Ўзининг дипломатик таъсир доираси кичрайганига қарамай, Россия Яқин Шарқда ҳали ҳам муҳим рол ўйнамоқда. Эндиликда Россия нефт ишлаб чиқариш бўйича дунëда биринчи бўлган Саудия Арабистони билан бирлашган ҳолда, жаҳон нефт нархига сунъий равишда таъсир кўрсатиш имкониятига эга. Қолаверса, Яқин Шарқдаги кўплаб давлатлар Россиядан қурол сотиб олишни давом эттирмоқдалар”, - дейди мустақил таҳлилчи Николас Редман.

Британиядаги “Уруш ва Тинчлик” тадқиқот маркази (Institut for War and Peace reporting) таҳлилчиси Томас де Валнинг (Thomas de Waal) қайд этишича, мусулмон давлатлари Чеченистонда инсон ҳуқуқлари поймол этилаëтганига бефарқ бўлиб қолмоқдалар.

Кавказ борасидаги кўплаб китобларнинг муаллифи Томас де Вал БМТ инсон ҳуқуқлари комиссиясининг ўтган йиллик йиғилишида Чеченистон ҳусусидаги овоз бериш жараëнини афсусланиб тилга олади:

“Ўшанда барча Европа давлатлари Россияни қоралаб, овоз бердилар, мусулмон давлатлари эса Россия фойдасига овоз бердилар”, - дейди таҳлилчи Томас де Вал.

Чеченистон сепаратчи ҳукуматининг Ташқи ишлар вазири Илëс Аҳмедовга кўра, чеченлар кўплаб марта мусулмон давлатлари ва ташкилотларига мурожаат қилиб, ëрдам сўраган, аммо бундан натижа бўлмаган.

“Биз мусулмон давлатларидан ҳеч қандай ëрдам олганимиз йўқ. Четдан Чеченистонга катта миқдорда пул жўнатилмоқда, деб айтилаëтган гаплар мутлақо нотўғридир. Ҳеч бир араб ëки мусулмон давлати Чеченистондаги вазият юзасидан ҳаттоки бир оз хавотирланиш ҳам билдиргани йўқ”, - дейди Илëс Аҳмедов.

Яқинда Европа Кенгашининг парламенти махсус резолюция қабул қилиб, Россияни 23 март куни Чеченистонда янги конституция борасида референдум ўтказиш учун зарур бўлган шароитларни яратишга етарли вақт берилмаганидан огоҳлантирди.

Мазкур ташкилот Москва ҳукуматини Россия аскарлари Чеченистонда инсон ҳуқуқларини поймол этгани, қирғин-баротлар содир қилгани, ҳамда айрим фуқароларнинг дараксиз йўқолгани хақидаги айбловлар юзасидан текширув ишлари олиб бормагани учун танқид қилди.

Венадаги инсон ҳуқуқлари бўйича Халқаро Хелсинки Федерацияси ўтган ойда бир баëнот тарқатиб, Россия аскарлари чечен фуқароларини ўғирлаб кетишни, калтаклашни ва ўлдиришни давом эттираëтганларини билдирди.
XS
SM
MD
LG