Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:07

Ироқни қуролсизлантириш масаласи


А. Аррал

Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо давлатларнинг деярли аксарияти Ироқ буҳронини тинч йўл билан ҳал қилиш ташаббусига ҳамовоз бўлиб, БМТ Хавфсизлик Кенгашини ушбу ташаббусни таъқиқламасликка чақирдилар.

Сешанба куни Хавфсизлик Кенгашида икки кунлик баҳс-мунозаралар бошлаган 27 давлатнинг БМТдаги элчиларидан кўпчилиги инспекторлар Ироқда ўз текширув ишларини давом эттиришларини қўллаб-қувбатладилар.

Йиғилишнинг биринчи кунида маъруза қилганларнинг аксарияти Кенгашнинг доимий аъзолари Франция, Россия ва Хитой инспекторлар бошлиқларининг ўтган жума кунги учрашувида олға сурган мулоҳазаларига қўшилдилар.

Уларнинг айтишларича, инспекторлар Ироқнинг ядровий, биологик, кимëвий ва ракета дастурлари бўйича текширув ишларини кучайтирган бир пайтда ҳарбий чора кўриш масаласини муҳокама қилиш ўринсиз иш бўлади.

Кўпчилик элчилар, "Инспекторларга текширув ишларида янада кўпроқ ваколат бериш керак", деган Франция таклифига қўшилади. Жумладан, Жанубий Африканинг БМТдаги элчиси Думисани Кумало [Dumisani Kumalo] текширув жараëни самарали бўлаëтганига ишора қилади: "Инспекторлар бошлиқлари томонидан Хавфсизлик Кенгашига тақдим этилган маълумотларнинг биронтаси ҳам текширув жараëнини бекор қилиб, зудлик билан ҳарбий чора кўришга ўтиш керак, деган маънони англатмайди".

Кумалонинг баëн этишича, бир гуруҳ Жанубий Африкалик мутахассислар Ироққа қуролсизланиш масаласини ҳал қилишда ëрдам беришга киришган. Жанубий Африка эса, бундан ўн йилларча олдин ўзининг ядровий қуроллар дастурини бекор қилган эди.

Кумалодан кейин сўзга чиққан Ироқнинг бир қатор қўшнилари Бағдод ҳукумати сиëсатини танқид остига олиш билан бирга эҳтимолий уруш ҳақида ўз ташвишларини ҳам билдирдилар.

Эроннинг БМТдаги элчиси Жавод Зариф Ироқнинг ҳад-ҳаракатларини ҳам, АҚШ сиëсатини ҳам қаттиқ танқид қилди. Унга кўра,
1980 йилларда Эрон-Ироқ урушида эронликларга қарши Ироқ ишлатган кимëвий қуролларидан одамлар ҳали ҳам азоб тортмоқдалар. Жавод Зарифнининг айтишича, Эрон Ироқнинг қуролсизланиши тўғрисида чуқур ташвишланиш билдиради.

"Биз инспекциялар эмас, балки қуролсизланиш тўғрисидаги 1441 рақамли резолюцияни қабул қиламиз. Инспекторлар бошлиқлари текширув ишларини давом эттиришга интилаëтганини ҳам тушуниб етамиз. Аммо ҳарбий чора кўришга ҳеч қандай ўрин йўқ".

Йиғилишда нутқ сўзлаган Ироқнинг БМТдаги элчиси Муҳаммад ал Дурий эса, унинг мамлакати ҳеч қандай оммавий қирғин қуролларга эга эмаслигини таъкидлади. Айни пайтда у АҚШ ва Британиянинг Саддам Ҳусайн ҳукуматига қарши урушга киришини танқид қилди.

АҚШ президенти Жорж Бушнинг [George Bush] билдиришича, Ироққа қарши куч ишлатиш масаласида Вашингтон позицияси маълум, бироқ, Хавфсизлик Кенгаши уни ҳимоя қилиши керак.

"Иккинчи резолюция фойдадан холи эмас, аммо иккинчи резолюцияга бизнинг заруратимиз йўқ. Саддам ҳаттоки биринчи резолюцияни инобатга олмагани аниқ. Умуман олганда у БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 1441 рақамли резолюциясига амал қилмади. Биз ўзимизнинг дўстларимиз ва иттифоқчиларимиз билан бирга ишлаймиз. Қани иккинчи резолюцияни қўлга киритишга муваффақ бўламизми? Биз ҳозир худди шу борада ишлаяпмиз".

Сешанба куни Вашингтонда нутқ сўзлаган президент Буш Ироқ раҳбари Саддам Ҳусайн хусусида тўхталиб, уни тинчликка таҳдид солувчи шахс, дея таърифлади.

"Дунëда айрим кишилар Саддам Ҳусайнга тинчликка таҳдид солувчи шахс сифатида назар ташламайдилар. Мен улар билан асло келишолмайман.Саддам ўз халқини заҳарлади. У оммавий қирғин қуролларини қўлга киритди. Саддам БМТ қарорларига ҳурматсизлик қилди. У террористлар билан алоқа ўрнатиб туради. Саддам Ҳусайн Амрикага таҳдид солади ва биз у билан ҳисоб-китоб қиламиз",- дея баëн этди АҚШ президенти Жорж Буш.
XS
SM
MD
LG