Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:04

Ўзбекистон ва Тожикистон миллий армиялари ислоҳотларга муҳтож


Фарангис Саид

Жорий йилда Ўзбекистонда ҳарбий хизмат ўташ муддати ўзгартирилади. Ўзбекистон Мудофаа вазирлигининг матбуот котиби Комил Жабборов Озодлик радиосига мана буларни маълум қилади:

“Қонуннинг кучга кириши вақти баҳорги чақирувга белгиланган. Баҳорда хизматга чақирилган барча йигитларимиз 1 йил, олий маълумотга эгалар эса 9 ой хизмат қилади”.

Хўш, бу ислоҳотнинг сабаби нимада? Ҳарбий хизмат муддатининг қисқартирилиши қандай фойда келтиради?

Маълумки, бугунги кунда ўзбекистонлик йигитлар армияда хизмат қилишни хоҳламайдилар. Сўнгги йилларда чақирилувчиларнинг ҳарбий комиссарликлар – военкоматлар ходимларига пора беришлари ҳоллари жуда кўпайди. Ўзбекистон расмийлари фикрича, ҳарбий хизмат муддатини қисқартириш орқали йигитлар орасида армияда хизмат қилиш иштиёқини кучайтиришга ва айни вақтда порахўрликни камайтиришга муваффақ бўладилар. Ўзбекистон армиясида хизмат ўтаётган ёш аскар Равшан Норматов муддат қисқартирилган тақдирда, армиядаги “дедовшина”, яъни ёш аскарларнинг муддати тугай деб қолган аскарлар томонидан таъқиб қилиниши ҳоллари камаяди, деб ҳисоблайди.

“Бир йиллик хизматга ўтишнинг сабаби шундан иборатки, - деб фикр билдиради у, - совет пайтидаги каби “дедовшина” йўқ бўлади, деган хулосага келинди”.

Қўшни Тожикистон армиясидаги аҳвол Ўзбекистонникидан фарқ қилмайди. Кўплаб ёш тожикистонликлар ҳарбий хизмат ўтамаслик мақсадида Россияга кетмоқдалар. Бошқалари военкомат ходимларига пора бериб, армияда хизмат қилиб бўлганлари ҳақида сохта ҳужжатлар сотиб олишяпти. Бундай ҳужжат нархи 100 АҚШ долларига етар экан. Бу вазиятда армияга чақирилаётганлар сони йилдан йилга камайиб бораётир. Тожикистон Мудофаа вазири Шерали Хайруллоевнинг айтишича, совет даврида ҳар йили 120 минг тожикистонлик йигит армияда хизмат қилар эди. Ҳозирги кунга келиб бундайлар сони 20 мингга ҳам етмайди. Тақчиллик сабаб, военкомат ходимлари йигитларни кўчаларда тўхтатиб, военкоматларга юборишга, оила аъзоларига хабар бермай, армияга чақиртиришга мажбур бўляптилар.

Тожикистон армияси ҳам ислоҳотларга муҳтож экан-да, деганимизда, Мудофаа вазири Шерали Хайруллоев Тожикистон, Ўзбекистондан фарқли ўлароқ, яқин келажакда жиддий ислоҳотларни амалга оширишни режалаштирмаётганини маълум қилади.

“Ҳарбий хизмат муддати республикада икки йилга тенг бўлиб, яқин келажакда буни ўзгартириш режамиз йўқ. Армияларини ислоҳ қилаётган мамлакатларда, Тожикистондан фарқли ўлароқ, кўп йиллик уруш бўлмаган. Бундан ташқари, қўшни Афғонистонда ҳамон уруш давом этаяпти”, - дейди Тожикистон Мудофаа вазири.

Маҳаллий мутахассисларга кўра, фуқаролар урушида Тожикистон армияси катта тажриба орттирди. Собиқ аскар Аҳмад Баҳромов эса фуқаролар уруши давомида қийинчиликлардан бошқа ҳеч нарса кўрмаганини эслайди.

“Бизга нон, буғдой ёрмаси, қовоқ беришарди. Байрамларда гўшт ҳам бўлиб турарди. Овқат етарли бўлмаганида, биз қўшни қишлоқларга бориб, ўзимизга егулик топардик. Кийган формамиз ҳам етарли эмас эди. Уларнинг размери аскарларга тўғри келмас эди. Масалан, менинг размерим 42, формам эса 44 размер бўлган. Кейин бирданига ҳамма нарса яхши бўлиб қолди. Менга янги форма ва бир жуфт этик ҳам беришди”.

Аҳмад Баҳромов тилга олган бу кескин ўзгариш АҚШ бошчилигидаги коалиция Афғонистонга қўшинларини юборганида рўй берди. Тожикистон Марказий Осиёнинг бошқа республикалари қаторида аксилтеррор коалицияга қўшилгани туфайли, унинг армиясига маблағ ажратилди. Масалан, АҚШ Тожикистон чегара хизматига 1,8 миллион долларга тенг замонавий ҳарбий жиҳоз ва ускуналар берди.

Тожикистон Мудофаа вазири Шерали Хайруллоевнинг айтишича, молиявий ёрдамдан ташқари АҚШ ва Франция ҳарбийлари тожикистонлик аскарлар учун тренинглар ўтказяптилар. Ўтган йилдан бошлаб Тожикистон ҳарбийларига инглиз ва француз тиллари ўргатила бошланди. Бу эса уларга келажакда хорижий ҳарбий мактабларда ўқиш имконини беради.

Тожикистон ҳам, Ўзбекистон ҳам келажакда профессионал армия барпо этишни режалаштирмоқдалар. Расмийларнинг таъкидлашларича, профессионал армия миллий ҳамда минтақавий хавфсизликка таҳдид солаётган терроризм ва бошқа хатарларга қарши курашни олиб боришга қодир бўлади. Ўзбекистонда аскарлар сонини камайтиришга киришилди. Бундан ташқари, аста-секин ҳарбийларнинг контракт асосида хизмат ўташлари амалиётини қўллаш кутилмоқда. Ҳар иккала давлат расмийлари армия ислоҳотлари учун Ғарбдан молиявий ва ҳарбий ёрдам олишга муваффақ бўлишларига шубҳа қилмаяптилар.
XS
SM
MD
LG