Линклар

Шошилинч хабар
02 июл 2022, Тошкент вақти: 01:25

Халқаро хабарлар

Филиппин жанубидаги Давао шаҳрида, аэропорт яқинида портлаш юз берди.

Натижада камида 19 киши нобуд бўлган. 100дан зиёд одам жароҳатланган. Нобуд бўлганлар орасида камида 1 АҚШ фуқароси бор.
Маҳаллий полиция портлаш йўловчиларнинг кутиш залида юз берганини маълум қилмоқда. Бомбада қандай турдаги портловчи модда қўлланилгани, бу акт учун ким жавобгарлиги ҳали номаълум. Филиппин президенти Глория Арройо ҳодисани террорчилик акти, деб атади ва “жавобгарлар жазосиз қолмайдилар”, деди. Унинг маълум қилишича, “ушбу қотилликни уюштирганликда гумон қилинаётган бир неча киши полиция томонидан сўроқ қилинмоқда”.
Филиппин пойтахти Маниладан 1000 километр нарида жойлашган Давао Минданао оролининг энг йирик шаҳри бўлиб, унинг аҳолисини асосан насронийлар ташкил этади.
Филиппинда рўй берган яна бир ҳодиса: Давао яқинидаги Тагум аҳоли пунктида, автобус станциясида портлаш юз берган. Натижада 3 киши жароҳатланган.

Кун янгиликлари

Қозоғистон Африкага тинчликпарвар кучларини жўнатади

Қозоқ ҳарбийлари.

Қозоғистон парламенти Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тинчликпарвар кучлари миссиясидаги қозоқ ҳарбийлари сонини кўпайтириш тўғрисида президент Қасим-Жомарт Тоқаев таклифини маъқуллади.

Парламент тасдиқлаган ҳужжатга мувофиқ, бундан буён Қозоғистон Қуролли кучлари Жанубий Африка республикаси, Мали, Конго ва Ливандаги тинчлик ўрнатиш миссияларида иштирок эта олади.

Мудофаа вазири Руслан Жаксиликовга кўра, бундан аввал ҳам қозоқ аскарлари тинчликпарварлик миссияларида иштирок этиб келган.

“Халқаро вазиятнинг оғирлашиб бораётгани ортидан Қозоғистон президенти номи айтилган тўрт мамлакат ҳудудидаги БМТ тинчликпарвар миссияларида қозоқ аскарлари сонини кўпайтиришни таклиф қилмоқда”,-деди Жаксиликов. Унга кўра, мазкур миссияларда иштирок этган қозоқ аскарлари уч баробар кўпроқ иш ҳақи олади.

Мудофаа вазирлигининг билдиришича, 2014 йилдан бери Қозоғистоннинг 45 зобити БМТнинг Ғарбий Сахрои Кабир, Кот-д Ивуар ва Ливандаги миссияларида ҳарбий кузатувчи бўлиб ишлаб келмоқда.

2018 йилдан эса 520 қозоқ аскари БМТнинг Ливандаги муваққат кучлари қаторида хизмат ўтамоқда.

Одесса яқинидаги қишлоқнинг Россия томонидан бомбардимон қилиниши оқибатида камида 17 киши ҳалок бўлди

Россия томонидан бомбардимон қилинган уй.

Украина расмийлари Одесса яқинидаги қишлоқнинг Россия томонидан бомбардимон қилиниши оқибатида камида 18 киши ҳалок бўлгани ва 30 киши яраланганини билдирди. Уларнинг барчаси тинч аҳоли бўлган. Россия кўп қаватли уйни ва дам олиш масканини бомбардимон қилган.

"1 июль тунги соат бирларда Белгород-Днестр туманига қарашли шаҳар типидаги посёлканинг бомбардимон қилиниши оқибатида 9 қаватли турар жой биноси қисман вайрон бўлди, уйга туташ дўкон ёниб кетди. Иккинчи ракета эса дам олиш масканига тушган”,-дейилади Украина Фавқулодда вазиятлар хизмати хабарида.

Украина ҳарбий қўмондонлигининг билдиришича, Россия бу манзилларни Х-22 русумидаги ракетлар билан Ту-22 самолёти воситасида бомбардимон қилган. Россия Мудофаа вазирлиги ҳозирча бу хабарга муносабат билдирмади.

Ҳуқуқ ҳимоячилари: Эронда ўн нафар маҳкум яширин равишда қатл этилди

Иллюстратив сурат.

Эрондаги инсон ҳуқуқлари вазиятини кузатиб келаётган Норвегия ҳуқуқ ҳимояси ташкилоти 29 июнь куни Караж шаҳридаги қамоқхонада сақланаётган ўн нафар маҳкум яширин равишда дорга осиш йўли билан қатл қилинганини билдирди.

Iran Human Rights ташкилотининг 30 июнда билдиришича, дорга осилганлардан 8 нафари қотилликда, икки нафари жинсий зўравонликда айбланиб судланган эди.

Баёнотда таъкидланишича, жорий йил бошидан июнь ойининг охиригача Эронда жами 239 маҳкум қатл қилинди. Июнь ойида кунига уч маҳкум қатл қилинган.

Ҳуқуқ фаоллари фикрича, Эронда ўлим ҳукмларининг 85 фоизи яширин равишда, яъни жамоатчиликка ошкор қилинмаган ҳолда амалга оширилади.

Каспийбўйи мамлакатлари “бир-бирларининг ички ишларига аралашмаслик”ка келишиб олишди

Каспий денгизи (иллюстратив сурат)

Ашхободда 29 июнь куни бўлиб ўтган Каспий саммитида Озарбайжон, Россия, Туркманистон, Эрон ва Қозоғистон президентлари Каспийбўйи давлатлари “бир-бирининг суверенитетини, ҳудудий яхлитлигини, давлатларнинг суверен тенглигини ҳурмат қилиш, бир-бирига куч ишлатмаслик ёки куч ишлатиш билан таҳдид қилмаслик, ўзаро ҳурмат, ҳамкорлик, бир-бирининг ички ишларига аралашмаслик тамойиллари асосида” фаолият юритишини тасдиқлашди. Бу ҳақда Оқўрда сайтида маълум қилинган.

Каспий саммитида Озарбайжон президенти Илҳом Алиев, Россия президенти Владимир Путин, Туркманистон президенти Сардор Бердимуҳамедов, Эрон президенти Иброҳим Раисий ҳамда Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаевлар иштирок этишган. Хусусан, Путин мазкур саммитда қатнашиш учун Украинада уруш бошланганидан бери илк бор хорижга сафар қилгани айтилмоқда.

Маълум қилинишича, томонлар яна қуйидаги принципларга риоя қилиш юзасидан келишиб олганлар:

Каспий денгизидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш, уни тинчлик, яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик ҳудудига айлантириш, Каспий денгизига алоқадор барча масалаларни тинчлик билан ҳал қилиш;

Каспийбўйи давлатларининг қуролланишида барқарор мувозанатни таъминлаш, ҳарбий қурилишларни барча соҳилбўйи давлатлар манфаатларидан келиб чиққан ҳолда мантиқий масофа доирасида амалга ошириш, бир-бирининг хавфсизлигига путур етказмаслик;

Каспий денгизида соҳилбўйи давлатларига тегишли бўлмаган қуролли кучлар бўлишига йўл қўймаслик;

Соҳилбўйидаги бирон-бир давлатнинг ўз ҳудудини исталган соҳилбўйи давлатига қарши агрессия ва бошқа ҳарбий ҳаракатларни амалга ошириш учун бошқа давлатларга бермаслиги;

ҳар бир соҳилбўйи давлати кемаларининг ўз ҳудудий сувлари сарҳадларидан ташқарида эркин сузиши;

Каспий денгиздан бошқа денгизлар ҳамда Дунё океанига эркин ўтиш ва қайтиш ҳуқуқи;

соҳилбўйи давлатининг Каспий денгизи экотизими етказган зарари учун жавобгарлиги.

Ҳужжатда жами 17 та банд мавжуд.

Бу Каспийбўйи мамлакатларининг ҳисоб бўйича олтинчи саммитидир. Аввалги саммитлар Ашхобод (2002 йил), Теҳрон (2007), Боку (2010), Астрахань (2014) ва Ақтау (2018) шаҳарларида ўтказилган.

2018 йил 12 августида Каспийбўйидаги беш мамлакат президентлари Каспий денгизининг ҳуқуқий мақоми тўғрисидаги конвенцияни имзолаган. Бироқ Эрон парламенти мамлакат Каспий денгизи ҳудудининг энг кам қисмига эгалик қилишини айтиб, ҳали мазкур ҳужжатни ратификация қилган эмас. Аммо Озарбайжон, Россия, Туркманистон ва Қозоғистон парламентлари конвенцияни тасдиқлаган.

Конвенцияга кўра, Каспий денгизи суви юзасининг асосий қисми кўл эмас, балки денгиз деб ҳисобланади. Каспий денгизи умумий фойдаланишда қолади, унинг туби ва қазилма бойликлари ҳудуддаги қўшни давлатлар ўртасида ўзаро шартномалар ва халқаро ҳуқуқ асосида тақсимланади. Кемачилик, балиқчилик, илмий тадқиқотлар ҳамда магистрал қувурлар ётқизиш ишлари ўзаро келишилган қоидалар асосида амалга оширилади.

Индонезия президенти Путинга Зеленскийнинг хабарини етказди

Индонезия президенти Жоко Видодо Москвада Владимир Путин билан музокаралар чоғида унга Украина президенти Владимир Зеленскийнинг “бир хабари”ни етказган. Бу ҳақда Видодонинг ўзи матбуотга маълум қилди.

Индонезия раҳбари хабар мазмунини очиқламаган, бироқ Россия ва Украина ўртасидаги урушни тўхтатиш учун бажонидил воситачилик қилажагини билдирган. Видодо Путин билан музокаралардан бир кун аввал, яъни 29 июнь куни Украина президенти Владимир Зеленский билан учрашган эди.

Путин билан Видодонинг учрашуви 30 июнь куни Кремлда бўлиб ўтган. ОАВлар қайдича, Индонезия президентини кутиб оларкан, Путин уни Россияда кўришдан мамнунлигини ва “бу унинг мамлакатга илк ташрифи эканини билиши”ни айтган. Ҳолбуки, Путин билан Видодо 2016 йил майида Сочида учрашган эдилар. Ўшанда ҳам Россия президенти Видодога уни қабул қилишдан жуда мамнун эканини изҳор этган.

Кечаги музокаралар чоғида Путин Видодога Индонезияга қишлоқ хўжалиги ўғитлари етказиб бериш давом эттирилишига ваъда берган, бу савдо алоқалари уруш туфайли оқсаб қолган эди. Айни пайтда Россия раҳбари Ғарб мамлакатларини глобал озиқ-овқат инқирозини юзага келтиришни истаётганликда айблаган.

Индонезия ҳозирда G20 (“Катта йигирматалик”) гуруҳига бошчилик қилмоқда. Жорий йилнинг ноябрида Индонезиянинг Бали оролида G20 саммити ўтказилиши белгиланган. Анжуманга Владимир Зеленский ҳам таклиф этилган. Бироқ у Владимир Путин ҳам саммитда бўлиши эҳтимолини назарда тутиб, ўз иштироки “у ерда кимлар бўлишига” боғлиқлигини урғулаган. Россия G20 гуруҳининг доимий аъзоси бўлиб ҳисобланади.

Аввалроқ Жоко Видодо “Катта йигирматалик”нинг Балидаги саммитида Владимир Путин шахсан қатнашишини истисно этиб, Россия президенти билан мулоқот видеоалоқа орқали ташкил қилиниши билдирган эди.

Байден: “Россия Украинага бостириб киргани учун катта бадал тўлайди”

Жо Байден НАТО саммитидан кейин ўтказилган матбуот анжуманида, Мадрид, 2022 йил 30 июни

Яқин кунларда Вашингтон Украинага ракетага қарши мудофаа тизимлари дохил қурол-аслаҳа соҳасида 800 миллион долларлик қўшимча ёрдам кўрсатишини эълон қилади. Бу ҳақда АҚШ президенти Жо Байден Мадриддаги НАТО саммити якунларига кўра ўтказилган матбуот анжумани чоғида билдирди.

“Биз Украинага қанча керак бўлса, шунча дастак берамиз”, деди Байден.

Оқ уй етакчисига кўра, Россия қўшни давлат ҳудудига бостириб киргани учун катта бадал тўлайди, уруш эса Украина мағлубияти билан тугамайди.

Ўз сўзида Байден урушнинг Россияга кўрсатишга улгурган таъсирига ҳам эътибор қаратди: мамлакат 15 йилда эришган иқтисодий ютуқларини бой берган, санкциялар туфайли қатор технологияларга йўл тўсилгани учун Москва нефть қазиб олиш соҳасида қийинчиликларга дуч келмоқда.

“Украина Россияга кучли зарбани аллақачоноқ бериб бўлди — Россия ўзининг халқаро майдондаги эътиборидан жудо бўлди. Россия шундай вазиятдаки, бутун дунё унга қараб: “Сиз бутун мамлакатни ишғол қилишга уриндингиз, Киевни эгаллаб олишга ҳаракат қилдингиз, аммо мағлуб бўлдингиз. Сиз Донбассни эгаллаб олишга уриндингиз ва ҳали ҳам бу ишни уддалай олганингиз йўқ”, деб айтаётгандай”, деди АҚШ президенти.

Байденга кўра, у уруш бошланмасидан олдин Россия президенти Владимир Путинни “агар у Украинага бостириб кирса, бундан НАТО нафақат кучлироқ, балки унинг сафи янада жипсроқ бўлиши” ҳақида огоҳлантирган.

“Путин альянсимиз ичига нифоқ сола оламан, деб ўйлаган. У бизни заифлаштираман ва альянс бўшашиб қолади, деб ўйлаган. Аслида у бунинг бутунлай тескариси бўлган натижага эга бўлди. У НАТОни финляндизация қиламан, деб ўйлаганди, аммо аксинча Финляндиянинг натолизациясига эришди”, дея билдирган Байден.

У Швеция ва Финляндиянинг альянсга таклиф қилиниши ортидан НАТО чегаралари яна 800 милга кенгайганини қўшимча қилган.

Франция президенти: Россия Украина билан урушда ғалаба қозонмаслиги шарт

Франция президенти Макрон НАТО саммитида нутқ сўзламоқда.

Россия Украина билан урушда ғалаба қозонмаслиги шарт, негаки бу Европа Иттифоқи хавфсизлиги учун таҳдид бўлади. Франция президенти Эммануэль Макрон НАТОнинг Мадридда ўтаётган саммитида мана шундай баёнот берди.

Макрон саммит иштирокчиларига НАТО шарқий йўналишда ўз кучларини кучайтириш тўғрисида қарор қабул қилганини ва бу қарор Москва таҳдидлари ортидан қабул қилинганини эслатиб ўтди.

Макрон фикрича, Россиянинг Украинага уруш очганини, Кремль иддао қилганидай, НАТОнинг Россияга агрессия қилиши эҳтимоли билан оқлаб бўлмайди.

Франция президенти ўз нутқи давомида Европа Иттифоқи Россиядан нефть ва газ сотиб олишни қисқартириш мақсадида ўз ички энергетика бозорини ислоҳ қилиши зарур.

Бундан аввал Макрон 15 июнь куни Украина президенти ва ушбу мамлакатнинг бошқа вакиллари “қачондир” Россия билан сулҳ музокаралари олиб боришига тўғри келиши ҳақида гапирган эди. Макроннинг бу каби баёнотлари Киевда норозилик уйғотган.

НАТО Бош котиби Столтенберг жорий саммит натижаларига баҳо берар экан, уни тарихий дея баҳолади. Унга кўра, НАТОга аъзо давлатлар лидерлари саммити кўп нарсаларни ўзгартирди. Жумладан, Россия иттифоққа таҳдид солувчи давлат сифатида тан олинди.

Саммитда Украинани бундан буён ҳам қўллаб-қувватлаш тўғрисида қарор қабул қилинди. Саммит иштирокчилари Украинага яқин кунларда яна 400 миллион евролик ёрдам кўрсатишга келишиб олди.

Бундан ташқари саммитда НАТОни кенгайтириш тўғрисидаги қарор маъқулланди. Россия Украинага бостириб кирганидан сўнг Швеция ва Финляндия ташкилотга аъзо бўлишга ариза берди.

НАТО аъзоси бўлган Туркия дастлаб бунга қарши чиқди, аммо 28 июнда Анқара бу икки давлат билан муросага эришди. Швеция ва Финляндиянинг НАТОга аъзо бўлиши тўғрисидаги протокол 5 июль куни имзоланиши кутилмоқда.

ОАВ: Honor Россияга смартфонларни Ўзбекистон орқали экспорт қилмоқчи

Хитойнинг смартфонлар ишлаб чиқарувчи Honor ширкати ўз маҳсулотини Россия бозорига тўғридан-тўғри экспорт қилишни тўхтатди, деб хабар берди Москванинг “Ведомости” нашри 30 июнь куни.

Нашр бу маълумотни Honor ширкати дистрибюторларидан биридан олганини, Honor бу борада “Ведомости” сўровига жавоб қайтармаганини таъкидлаган.

Хабарда айтилишича, Honor март ойидаёқ экспортни тўхтатгани аниқ бўлган. Айни пайтда ширкат ўз маҳсулотини Россияга “параллел импорт” қилиш учун Арманистон ва Грузиядан ҳамкор изламоқда.

“Параллел импорт доирасида смартфонларни Россияга экспорт қилиш борасида Ўзбекистон билан келишувга эришилди”,-деб айтган “Ведомости” манбаси.

Нашрнинг ёзишича, Honor “паралел импорт”ни ташкил қилиш ортидан АҚШ санкцияларини четлаб ўтишни кўзламоқда.

Ўзбекистон томони ҳозирча бу хабарга муносабат билдирмади. Аввалроқ АҚШ Россиянинг “Радиавтоматика” ширкатига микросхемалар сотган ва бу билан ширкатга санкцияларни четлаб ўтишга кўмаклашган Ўзбекистоннинг Promcomplektlogistic компаниясини санкциялар жорий этилган корхоналар рўйхатига киритгани хабар қилинган эди.

Россия Бош вазири Михаил Мишустин 30 март куни “параллел импорт” учун жавобгарликни бекор қилиш тўғрисидаги қарорни имзолаган. Бироқ Давлат думаси “параллел импорт”га рухсат берувчи қонунни 21 июнда тасдиқлади. “Параллел импорт” деганда маҳсулотларни Россияга ишлаб чиқарувчининг ва маҳсулотни ишлаб чиқариш ҳуқуқига эга бўлган шахснинг рухсатисиз олиб кириш тушунилади.

Иқтисодчиларнинг билдиришича, 2022 йилнинг иккинчи чорагида Honor Россия смартфон бозорида 4,2 фоиз улушга эга бўлган ва 5-ўринни эгаллаган.

Қозоғистон: Январь воқеаларида қўлга олинган олти киши қийноқлар оқибатида ўлган

Январь воқеалари пайтида Толдиқўрғон шаҳрида собиқ президент Нурсултон Назарбоев ҳайкали қулатилган эди.

Қозоғистонда Январь воқеалари пайтида қўлга олинганлардан олти нафари қийноқлар оқибатида ҳалок бўлгани тўғрисида 29 июнь куни Бош прокурор ўринбосари Асет Чиндалиев хабар берди.

Унга кўра, қўлга олинганларни ҳибсда қийноққа солганликда гумонланган Миллий хавфсизлик қўмитасининг 8 зобити ва бир нафар полиция ходими қамоққа олинди. Бундан ташқари яна 15 зобит “митингга чиққан одамларни қийнаган”ликда ва “уларни ноқонуний равишда сўроқ қилган”ликда гумонланмоқда.

Аввалроқ Бош прокуратура Январь воқеаларида қўлга олинган 25 киши қийноққа солингани тасдиқлангани, терговчилар уларнинг танасига иссиқ дазмол босгани ҳақида билдирган.

Бош прокурор ўринбосари Асет Чиндалиев январдаги тартибсизликлар пайтида 232 киши ҳалок бўлганини айтди.

Бундан аввал қозоқ ҳукумати 230 киши ҳалок бўлгани, уларнинг 19 нафари ҳуқуқ-тартибот ходими эканини билдирган. Биргина Олмаотанинг ўзида 149 тинч фуқаро ўлгани айтилади.

Манғистау вилоятининг Жанаўзен шаҳри аҳолиси 2 январь куни газ нархи қимматлаганига норозилик сифатида намойишга чиқан эди. Кейинроқ бу намойишлар бутун мамлакатга ёйилди. 5 январдан сўнг қатор шаҳарларда, жумладан, Олмаотада намойишлар тартибсизликларга айланиб кетган ва ўқ отилган.

БМТ Украинанинг 30 шаҳрида тинч аҳоли ўлдирилганини тасдиқлади

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича бошқармаси мониторинг хизмати Украинадаги урушда инсон ҳуқуқлари бузилишига оид ҳисоботни 29 июнь куни эълон қилди. Ҳисоботда 24 февралдан 15 майгача бўлган давр қамраб олинган.

Мазкур давр мобайнида БМТ экспертлари Украинада тинч аҳолидан 3924 киши ҳалок бўгани ва 4444 киши яраланганини аниқлаган. Ҳисоботда қурбонлар сони бундан кўпроқ экани, ҳисоботга фақат тасдиқлашга мувофиқ бўлинган рақамлар киритилгани қайд этилади.

БМТ экспертларига кўра, Украинанинг 30 та шаҳрида берилган қурбонлар учун Россия томони масъул экани таҳмин қилинади. Жумладан, Россия ҳарбийлари томонидан қочқинлар кетаётган автомобиллар ўққа тутилган.

“Биргина Буча шаҳрида Россия уни назорат қилиб турган пайтда 50 киши ўлдирилгани тасдиқланди”,-дейилади ҳисоботда.

БМТ, шунингдек, 108 та жинсий зўравонлик ҳолатлари тасдиқланганини, улардан 78 таси бевосита жинсий зўрлаш эканини билдирди. 23 ҳолатда гуруҳ бўлиб зўрлаш, қийноққа солиш ҳолатлари содир этилган. Зўрланганлар орасида эркаклар ҳам бор.

Жинсий зўрлашларнинг 87 таси Россия ҳарбийлари томонидан амалга оширилгани тасдиқланди. Айни пайтда Украина ҳарбийлари, ҳудудий мудофаа бўлинмалари ва украин ҳуқуқ-тартибот тузилмалари томонидан ҳам жинсий зўрлаш ҳолатлари бўлган.

Ҳисоботда ҳар икки томонда ҳарбий асирларга ноинсоний муносабатда бўлингани, судсиз қатллар, қийноқлар содир этилгани ва тегишли даражада тиббий ёрдам кўрсатилмагани ҳам қайд этилган.

Ҳарбий ҳаракатлар натижасида 182 та тиббиёт ва 230 та ўқув муассасаси вайрон этилган. БМТ экспертлари Россия босиб олган ҳудудларда одамларни ўғирлаш ҳолатлари кўпайганидан ташвиш билдирган. Экспертлар Россия босиб олган ҳудудларда 248 киши ўғирлангани тасдиқланганини, улардан 6 нафари (бир аёл ва беш эркак) ўлик ҳолда топилганини маълум қилди.

Мониторинг хизмати Украина ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан 12 киши ўғирланганини ҳам таъкидлаган.

БМТнинг билдиришича, июнь ойи охирига келиб Украинада тинч аҳолидан 4731 нафари ҳалок бўлган, 5900 киши яраланган. Ҳалок бўлганлар орасида 289 нафари болалардир.

Париж суди 2015 йилги террор ҳужумларига оид иш бўйича ҳукм чиқарди

2015 йил 13 ноябрида Парижда содир этилмиш террор хуружида айбланганлар

Париждаги Адлия саройида 29 июнь куни 2015 йили Франция пойтахтида содир этилган террор хуружларига оид иш бўйича ҳукм ўқилди. Йигирма айбланувчидан ўн тўққиз нафари айбловнинг барча бандлари бўйича айбдор деб топилди, уларга бир неча йилдан умрбод қамоққача бўлган жазолар тайинланди.

2015 йил 13 ноябрида орасида ҳудкушлар бўлган бир гуруҳ жиҳодчи “Стад де Франс” стадиони атрофида қатор террор хуружларини амалга оширган эди. Хусусан, ҳудкуш стадионга киришда портлатиш мосламасини ишга туширган. Шундан сўнг унинг шериклари ён-атрофдаги хўрандалар билан тўла қаҳвахона ва ресторанларга қарата ўт очганлар, кейин эса рок-концерт бўлаётган “Батаклан” мусиқа клубига бостириб кириб, томошабинларни гаровга олганлар. Портлашлар ва отишма натижасида 130 киши нобуд бўлган, 350 киши яраланган. Бу Францияда Иккинчи жаҳон урушидан сўнг юз берган энг йирик террорчилик акти саналади.

2021 йил сентябрида бошланган суд эса замонавий Франция тарихидаги энг катта маҳкама жараёни бўлди. Суд давомида бир миллион саҳифадан зиёд гувоҳликлар тақдим қилинган, 2.5 минг даъвогар гувоҳлик кўрсатмаси берган, ишда жами 300 нафар адвокат қатнашган.

Террорчилик хуружларининг тирик қолган ягона иштирокчиси Салаҳ Абдеслам муддатидан олдин озодликка чиқиш имконияти истисно қилинган ҳолда умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилган. Бундай ҳукм Франция тарихида бор-йўғи бешинчи марта чиқарилган. Бельгияда туғилган, Франция фуқароси бўлмиш Абдеслам сўнгги сўзида ҳужумлар учун “Ислом давлати” гуруҳи жавобгар экани, ўзи эса “гуруҳ аскари эканидан фахрланиши”ни айтган.

Яна 18 нафар экстремист террор хуружларига ҳозирлик кўришда иштирок этганликда айбдор деб топилиб, турли муддатларга қамалган (олти нафари – сиртдан). Судланувчилардан бири – Фарид Хархашга қўйилган айблов тасдиқланмаган, бироқ у фирибгарлик мақсадида жиноий тил бириктирганликда айбдор деб топилган.

Путин Кременчуг воқеаси ҳақида: Россия фуқаровий объектларга зарба бермайди

Кременчугдаги савдо маркази вайроналари

Президент Владимир Путин Россия томонидан 27 июнь куни Украинанинг Кременчуг шаҳрига йўлланган ва камида 20 киши умрига зомин бўлган ракета зарбаси юзасидан изоҳ берди. Путинга кўра, Кременчугда ҳеч қанақа террорчилик хуружи бўлмаган, Россия армияси эса фуқаровий объектларга зарба бермайди.

Путин ўз сўзида Россия ҳарбийлари илгари Украинанинг фуқаровий объектларини ўққа тутишганини тан олган, аммо, унинг айтишича, бунақа объектлар – ёнида қурол-аслаҳа ва ҳарбий техника жойлаштирилгани сабабли нишонга айланган. “Бизда ҳеч ким шунчаки, “дуч келган жой”ни ўққа тутмайди”, деган президент.

Путин бу фикрларини Ашхободда, Каспий саммити якунланганидан сўнг журналистлар билан мулоқот чоғида айтган. Бу унинг Украинада уруш бошланганидан бери илк хорижий сафаридир.

Украина ҳукумати Россияни Кременчугдаги савдо марказига қасддан зарба беришда айблаб, буни террорчилик деб атамоқда. Россия ракетаси портлаганидан сўнг савдо марказининг бир қисми вайрон бўлган ва ёниб кетган. Россия Мудофаа вазирлиги Кременчугга зарба йўлланганини тан олган, бироқ бу зарба қурол-аслаҳа омборига йўналганини, савдо маркази эса снарядлар портлаши оқибатида ёниб кетганини иддао қилган. Аммо кўча камераларидан олинган видеода ракеталардан бири савдо марказининг ёнгинасига келиб тушганини кўриш мумкин.

Путин илгари Буча аҳолиси қатлиом қилинганини ҳам инкор этган, Россия ҳарбийлари эса Мариуполдаги туғруқхона ва драма театри биноларига зарбалар берилганига доир хабарларни “фейк” деб аташган.

Путин Ашхободдаги мулоқот чоғида Украинадаги “махсус ҳарбий амалиёт” режа бўйича кетаётганини, амалиёт мақсадлари эса ўзгармаганини билдирган.

АҚШ Россия Марказий банки ва олигархларининг 330 миллиард долларлик активларини музлатиб қўйди

АҚШ расмийлари томонидан ҳисбга олинган Amadea суперяхтаси (иллюстратив сурат)

АҚШ Молия вазирлиги Россия Марказий банки ва россиялик олигархларга тегишли 330 миллиард долларлик активларни музлатиб қўйган.

Вазирлик сайтида маълум қилинишича, бу иш билан АҚШ Молия вазирлиги қошида ташкил этилган Россия активларини қидириб топиш бўйича гуруҳ (REPO) шуғулланган. АҚШ молия ва адлия вазирларидан ташқари мазкур гуруҳга Еврокомиссия, Британия, Канада, Австралия, Германия, Италия, Франция ва Япония вакиллари кирган.

Баёнотда қайд этилишича, бир неча мамлакат вазирлик ва идораларининг 100 кунлик саъй-ҳаракатлари натижасида REPO вакиллари қуйидагиларга эришганлар:

Россия Марказий банкининг 300 миллиард долларлик активларини музлатиш;

Россиялик олигархларга тегишли 30 миллиард доллардан кўпроқ активларни музлатиш ёки блокировка қилиш;

Олигархларга ёки уларга алоқадор шахсларга тегишли яхталарни (Amadea, Tango, Amore Vero, Rahil ва Phi кабилар шулар жумласидан) ҳибсга олиш, блокировка қилиш ёки тўхтатиб қолиш;

Олигархларга қарашли виллалар, ҳашаматли уйлар ва бошқа кўчмас мулк объектларини ҳибсга олиш;

Россиянинг глобал молия тизимларидан фойдаланиш имкониятларини чеклаш, бу Москванинг Украинада ҳарбий ҳаракатлар олиб бориши учун зарур бўлган технологиялардан фойдаланишни сезиларли даражада қийинлаштирган.

АҚШ Молия вазирлиги REPO гуруҳи россиялик олигархлар активини қидириш бўйича фаолиятини давом эттиришини таъкидлаган. Россиялик олигархларга қарши чоралар кўрилиши ҳақида аввалроқ президент Жо Байден ҳам билдирган эди.

НАТОнинг янги концепциясида Россия “хавфсизликка тўғридан-тўғри таҳдид солувчи” мамлакат ўлароқ эътироф этилди

НАТОнинг Мадрид саммити иштирокчилари, 2022 йил 29 июни

НАТОга аъзо мамлакатлар янги стратегик концепцияни маъқуллашди – унда Россия “хавфсизликка тўғридан-тўғри таҳдид солувчи” мамлакат деб аталган.

“У [Россия] мажбурлаш, қўпорувчилик ҳаракати, тажовуз ва аннексия йўли билан таъсир ва бевосита назорат доираларини барпо этишга уринмоқда. Унинг ўз сиёсий мақсадларига эришиш учун куч ишлатишга ҳозирлиги, риторикаси ва мажбурловчи ҳарбий позицияси таомилларга асосланган халқаро тартибни емирмоқда”, дейилган ҳужжатда.

Янги стратегик концепцияда НАТО Россия билан низолашишга интилмаётгани ва унга хавф туғдирмаслиги урғуланган, айни пайтда ташкилот “Россия тажовузи ва унинг душманона хатти-ҳаракатларига жавоб беришда давом этиши” қайд этилган. Янги концепция 2030 йилгача амалда бўлади.

НАТОнинг Мадрид саммити декларациясида альянсга аъзо давлатлар Россиядан Украинадаги урушни зудлик билан бас қилишни, Беларусдан эса "бу урушда иштирок этиш"ни тўхтатишни талаб қилишган.

Саммитда НАТО давлатлари Финляндия ва Швецияга расман аъзолик таклиф қилишга қарор қилишган.

Филиппин ҳукумати Нобель лауреати Мария Рессанинг сайтини ёпди

Мария Ресса.

Филиппин ҳукуматининг қимматбаҳо қоғозлар ва биржалар бўйича комиссияси Нобель Тинчлик мукофоти лауреати Мария Рессанинг Rappler интернет нашрига берилган лицензияни бекор қилиш тўғрисидаги 2018 йилда чиқарилган қарорни тасдиқлади. Бу ҳақда ОАВга Рессанинг ўзи хабар берди.

Комиссия 2018 йилдаги қарорида Rappler нашри хориж фуқароси маҳаллий оммавий ахборот воситасига эгалик қила олмаслиги тўғрисидаги қонунни бузганини билдирган. Комиссиянинг таъкидлашича, 2015 йилда нашр eBay асосчиси Пьер Омидьярга тегишли фонддан маблағ олган. Ўшанда комиссия Омидьяр нашр устидан назоратни қўлга киритмаслиги шарти билан бунга рухсат берган. 2018 йилда эса битим бўйича муаммолар пайдо бўлган пайтда Омидьяр Rappler акцияларини нашр ходимларига қайтарган.

Ресса Rappler нашрини ёпмаслигини ва бу қарор устидан судга шикоят киритишини билдирди.

Rappler нашрини ёпиш тўғрисидаги қарор одамларни судсиз қатл қилиш ва мухолифатчиларга босим кўрсатиши билан танилган Филиппин президенти Родриго Дутерта ваколатлари якунланишига бир кун қолганида тасдиқланди.

Филиппин ҳукумати 2012 йилда асос солинган Rappler нашрини узоқ йиллардан бери ёпишга ҳаракат қилиб келади. Ҳукумат Рессани солиқларни тўлмаганликда, тухмат қилишда, қатор қонунларни бузганликда айблаб келади. Бунинг ортидан Ресса 6 йилга қамалган. Айни пайтда у гаров эвазига қамоқдан озод қилинган.

Мария Ресса 2021 йилда Россиядаги “Новая газета” бош муҳаррири Дмитрий Муратов билан биргаликда Нобель Тинчлик мукофотига сазовор бўлган эди. Россия Украинага уруш очганидан сўнг ҳукумат “Новая газета”га нисбатан босимни кучайтирган ва нашр ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлганди.

Июнь ойида Дмитрий Муратов Нобель мукофоти медалини 103, 5 миллионга ким ошди савдосида сотди ва пулни Украина болаларига кўмак кўрсатиш мақсадида ЮНИСЕФга ўтказиб берди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG