Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:29

Халқаро Жиноий суд ҳакамлари қасамëдга келтирилди.


Акрам Файзулло

Сешанба куни Ҳаагада Халқаро Жиноий суднинг 18 нафар ҳаками қасамëдга келтирилди. Шу муносабат ўтказилган маросимда юзлаб фаҳрий меҳмонлар, шу жумладан, БМТ Бош котиби Кофи Аннан иштирок этди.

Human Rights Watch ташкилоти расмий вакили Ричард Дикерсон (Ricard Dickerson) Халқаро Жиноий судни инсон ҳуқуқлари соҳасида эришилган буюк муваффақият деб ҳисоблайди:
“Халқаро Жиноий суднинг 18 ҳаками қасамëдга келтирилгани тарихий воқеадир. Мазкур ташкилотни 50 йил ичида биринчи марта яратилган энг муҳим инсон ҳуқуқлари механизми дейиш мумкин”, - деди Ричард Дикерсон.

Human Rights Watch сингари инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи гуруҳлар ва қатор нодавлат ташкилотлар 2002 йил июл ойида Халқаро Жиноий суд ташкил қилинганини мамнуният билан қабул қилдилар. Ҳозирча 89 давлат аъзо бўлган маҳкама уруш жиноятлари ва инсониятга қарши жиноятлар содир қилганликда айбланган шахсларни жавобгарликка тортади.

Ушбу маҳкама маслаҳатчиси Факисо Мочочоко (Phakiso Mochochoko) ҳозир суд олдида асосан ташкилий ишлар турганини қайд этди:
“Эндиликда асосий диққат-эътибор суднинг маъмурий структурасини ташкил қилиш ишларига қаратилган”, - деди Факисо Мочочоко.

Аммо ҳозирча Халқаро Жиноий суд Бош прокурор идораси бўм-бўшлигича қолмоқда. Суд маслаҳатчиси Факисо Мочочокога кўра, келаси ойда Бош прокурор тайинланганидан кейингина, терговчиларни ишга олиш жараëни бошланади:
“Ҳозирча Халқаро Жиноий суд Бош прокурори тайинланмагани туфайли, бирор-бир жиддий иш қилинаëтгани йўқ. Бош прокурорнинг тасдиқи билан ходимлар ва терговчилар ишга олиниши керак, бу жараëн эса бир неча ой давом этиши мумкин”, - деди Факисо Мочочоко.

Кузатувчиларга кўра, маъмурий ишларни ташкиллаштиришдан ташқари, Халқаро Жиноий суд қаршисида бошқа айрим жиддий муаммолар ҳам турибди. Гап шундаки, халқаро саҳнада муҳим рол ўйновчи Америка Қўшма Штатлари Халқаро Жиноий судга қўшилишдан бош тортмоқда.

АҚШнинг собиқ президенти Билл Клинтон Халқаро Жиноий суд келишувини имзолаган эди. Лекин АҚШ Конгресси Америка ҳарбий хизматчилари сиëсий сабабларга кўра жазога тортилиши эҳтимолидан хавотирланиб, келишувни тасдиқламади. Қўшма Штатларни мазкур келишувдан чиқарган президент Жорж Буш кўрсатмасига биноан, Вашингтон тахминан 20 кичик давлат билан улар АҚШ фуқароларини Халқаро Жиноий судга топширмасликлари тўғрисида шартнома имзолади.

Human Rights Watch ташкилоти расмий вакили Ричард Дикерсон Оқ уйнинг ушбу маҳкама масаласида тутган позициясини танқид қилди.

“Агар Қўшма Штатлар Халқаро Жиноий судга нисбатан салбий муносабатда бўлмаганда эди, ушбу маҳкама таъсирчан фаолият кўрсатиш имкониятига эга бўларди. Менимча, Буш маъмурияти судга қаршилик кўрсатаëтгани орқали нотўғри позиция танлаган”, - деди Ричард Дикерсон.

Қўшма Штатлардан ташқари, Россия, Хитой, Ҳиндистон, Исроил ва Ироқ ҳам Халқаро Жиноий судга қўшилгани йўқ.
XS
SM
MD
LG