Линклар

Шошилинч хабар
05 май 2024, Тошкент вақти: 06:32

Ироқ уруши режалари.


Акрам Файзулло

Сешанба куни Ироқ президенти Саддам Ҳусайн мамлакатни тарк этмаслигини ва Ироқ армияси АҚШ етакчилигидаги қўшинларга қарши жанг қилишини эълон қилди. Маълумки, президент Жорж Буш, агар Саддам Ҳусайн ўз ўғиллари билан пайшанбагача Ироқдан чиқиб кетмаса, Америка қўшинлари Ироққа кириши ҳақида огоҳлантирган эди.

Оқ Уй матбуот вакили Ари Флэйшер, ҳаттоки Саддам Ҳусайн сўнгги дақиқада ўғиллари билан Ироқни тарк этган тақдирда ҳам, АҚШ кучлари оммавий қирғин қуролларини қидириб топиш учун Ироққа киришини таъкидлади:

“Саддам Ҳусайн мамлакатдан чиқиб кетган тақдирда ҳам, Америка етакчилигидаги коалиция кучлари Ироққа киради. Бу ҳолатда Ироқ армиясига ҳужум қилиш ҳақида буйруқ берилмаслиги туфайли, қон тўкилмаслигига ва Ироқни тинч йўллар билан қуролсизлантиришга умид қиламиз”, - деди Ари Флэйшер.

Ироқнинг БМТдаги элчиси Муҳаммад ал-Дури президент Бушнинг Саддам Ҳусайнга қўйган талабини қоралади:

“Биз мазкур агрессияга мутлақо қаршимиз. Бу уруш инсониятга қарши жиноятдир, буни ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди, кўплаб бегуноҳ одамлар нобуд бўлади”, - деди Муҳаммад ал-Дури.

Хўш, Ироқ армияси замонавий қуроллар ва ҳарбий техникага эга бўлган АҚШ етакчилигидаги қўшинларга қарши қандай жанг қилиши мумкин? Кузатувчиларга кўра, Ироқ президенти Саддам Ҳусайн стратегияси ўз рақиби борасида қандай қарашга эга эканига боғлиқдир. 1991 йилги Форс кўрфази уруши давомида АҚШ қўшинлари Ироқ кучларини Бағдодгача қувиб бормади ва Сомали можаросида рўй берган воқеада Американинг кўп сонли аскарлари ҳалок бўлди. Саддам Ҳусайн ушбу тажрибалардан келиб чиққан ҳолда, “Америка яна хатоларга йўл қўяди ва биз бу хатолардан унумли фойдаланимиз”, деб ўйлаëтган бўлиши мумкин.

Таҳлилчиларга кўра, Ироқ раҳбари, АҚШ қўшинлари мамлакатга кириши биланоқ, уларга қарши кимëвий ва биологик қуролларни қўллаши эҳтимолдан ҳоли эмас.

Бундан ташқари, Саддам Ҳусайн халқаро ҳамжамият аъзоларининг сезиларли қисми урушга қарши бўлгани ва Қўшма Штатлар дипломатик жиҳатдан яккаланиб қолганидан фойдаланишга уриниши мумкин. Бундай шароитда Ироқ президенти асосий диққат-эътиборни Бағдод мудофаасига қаратади, АҚШ қўшинлари қуршови остида қолган шаҳардаги ҳаëт эса ҳар дақиқада ойнаи жаҳон орқали намойиш этилади. Саддам Ҳусайн даҳшатга тушган халқаро ҳамжамият урушни тўхтатиш учун Қўшма Штатларга босим қилишига умидвор бўлади.

Саддам Ҳусайн Ироқнинг жанубий ҳудудларини жангсиз таслим қилмайдиганга ўхшайди. У яқинда ўз жияни Али Хасан ал-Мажидни жанубий ҳудудларга қўмондон этиб тайинлади. Ал-Мажид 1988 йилда ироқлик курдларга қарши заҳарли газ қўллагани билан танилган.

АҚШ қўшинлари Басра шаҳри томон ҳаракат қилиши биланоқ, Ироқнинг жанубий ҳудудларида шиддатли жанглар бошланади. Ҳозир Басра, Карбало ва жанубдаги бошқа шаҳарлар атрофида Ироқ ҳарбий кучлари жойлаштирилган.

Маълумотларга кўра, Ироқ армияси ва Гвардия кучлари тахминан 375 минг аскардан иборат. Мамлакат мудофаасига яна 650 минг одам сафарбар қилиниши мумкин. Ироқ ҳаво кучлари ва ҳаво мудофаасида 47 минг ҳарбий хизматчи бор. Ироқ шунингдек, 2 минг 200 танк, мингдан ошиқ қанотли ракеталар, олти мингта замбарак ва 400га яқин ҳарбий учқич ва вертолëтга эгадир.

Айрим кузатувчилар фикрича, Саддам Ҳусайн ўз фуқароларини нобуд қилиб, америкаликларни айблаши, шунингдек ўзининг президентлик саройлари, мудофаа вазирлиги ва полиция бошқармаларида одамлардан қалқон сифатида фойдаланиши мумкин.

АҚШ қўмондонлари бундай воқеалар руй беришидан олдин, шиялар, сунийлар ва курдлардан ташкил топган Бағдод аҳолиси Саддам Ҳусайн ҳукуматига қарши бош кўтаришига умид қилмоқдалар.

АҚШ ҳарбийлари Ироқ қўмондонларини таслим бўлишга даъват қилиш учун Бағдодни бир неча кун давомида тинимсиз бомбардимон қилишни режалаштирганлар. Агар шаҳардаги Ироқ кучлари ўз раҳбарини ҳимоя қилса, АҚШ махсус кучлари бош қўмондонлик қароргоҳларига, радио ва телевидение станцияларига ҳужум қилади. Мабодо ироқликлар қаршилик кўрсатишни давом эттирсалар, АҚШ қўшинлари тўрт томондан ҳужум қилишни бошлайди. Эндиликда Ироқ атрофидаги мамлакатларда АҚШнинг 300 мингга яқин қўшини, юзлаб учқич, танк ва бир неча ҳарбий кемалари Ироққа ҳужум қилишга шай бўлиб турибди. Бу қўшинлар орасида Британиянинг 45 минг ва Австралиянинг тахминан икки минг аскари ҳам бор.
XS
SM
MD
LG