Линклар

Шошилинч хабар
24 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:06

Ироқ урушининг Кавказ ва Марказий Осиё давлатларига таъсири.


АҚШ президенти Жорж Буш Ироқ диктатори Саддам Ҳусайнни ҳокимиятдан ағдариш учун 20 март куни Ироққа қарши ҳужум бошлаш ҳақида буйруқ берганидан сўнг Марказий Осиё ва Кавказ давлатлари хавфсизлик чораларини кучайтирди. Фақатгина Грузия ва Ўзбекистон президент Буш маъмуриятининг Ироққа қарши урушини қаттиқ қўллаб-қувватламоқда. Бошқалар эса, можаронинг оқибатлари хусусида эҳтиёткорлик билан фикр билдирмоқдалар. Тожикистон радиоси Ироққа қарши урушни шарҳлар экан хатога йўл қўйилди, деб ҳулоса қилди.

Тожикистон Коммунистик партияси лидери Шоди Шабдолов Озод Европа - Озодлик радиосига берган интервюсида, АҚШ етакчилигида Ироққа қарши уруш, 1979 йилда Совет Иттифоқи Афғонистонни босиб олганини эслатишини айтди. Маълумки Афғонистон уруши Марказий Осиё минтақаси барқарорлигига таҳдид солган асосий омилдир. Шоди Шабдолов сўзига қўшимча қилиб: “Ироқда уруш ҳаракатларининг давом этиши Марказий Осиё, Афғонистон ва унга қўшни давлатлардаги барқарорликни издан чиқаради”,-деди.

Марказий Осиё ва Кавказ давлатлари ҳукуматлари ўз мамлакатларидаги АҚШ ва Британия элчихоналари, шунингдек, бошқа дипломатик идоралар хавфсизлигини таъминлаш учун соқчи-милиция ходимлари сони оширилганини маълум қилдилар. Қирғизистон расмийлари эса, Бишкек ташқарисидаги АҚШ ҳарбий учқичлари жойлаштирилган ҳаво базаси хавфсизлиги кучайтирилганини айтдилар. Айни пайтда, Қозоғистон мамлакат ҳаво кенглигини кузатиш кучайтирилганини билдирди. Расмийлар, Ироқдаги ҳарбий операциялар Марказий Осиё ва Кавказ давлатларига бевосита таъсир этмаслигини яхши тушунсаларда, Ироқ уруши билан боғлиқ айрим муаммолар юзага чиқиши мумкинлигидан хавотир билдирганлар.

ИТАР-ТАСС ахборот агентлиги маълумотига кўра, Қирғизистон Хавфсизлик хизматининг юқори лавозимли расмийси Борис Полуэктов қўшни давлатлар фуқаролари республикага назоратсиз кириб келишлари мумкинлигидан ташвиш билдирди.

Ироқ уруши Озарбайжон ва Қозоғистонга салбий таъсир этиши мумкин. Чунки ҳар икки мамлакат ҳам ўз иқтисодини ривожлантиришда ўзининг нефт ва газ соҳаси келтирадиган даромадга таянган.

Қозоғистонда президент Нурсултон Назарбоев маъмурияти, нефт нархи глобал миқёсда бирмунча муддатга пасайиши мумкинлигидан хавотир билдирди.

Қозоғистон Сенати раиси ўринбосари Ўмирбек Байгелди эса Америка етакчилигида Ироққа қарши бошланган урушни қоралади: “Ҳеч бир давлатга, жумладан, қудратли ҳисобланган Америкага ҳам уруш бошлаш ҳуқуқи берилмаган. Бу урушдан кейин дунё аввалгидек бўлмаслиги ва дунёда жуда кўп ўзгариш бўлишига имоним комил”.

Президент Жорж Буш маъмуриятининг ҳатти ҳаракатларини асосан, Грузия ва Ўзбекистон қўллаб-қувватлади. Масалан, Ўзбекистон телевидениеси ўзининг 15 март кунги кўрсатувида Саддам Ҳусайнни собиқ Совет Иттифоқи диктатори Иосиф Сталинга тенглаштирган.

Ўзини бетараф, деб эълон қилган Туркманистон эса, Ироқ урушига умуман муносабат билдирмади. Ҳозиргача Марказий Осиё давлатлари ичида фақат Тожикистон Буш маъмуриятининг Ироққа қарши бошлаган урушини танқид қилиб, уни “дипломатия муваффақиятсизлиги ” деб атади.

Кузатувчилар фикрича, Марказий Осиё ва Кавказ республикаларининг Ироқ уруши хусусида АҚШ билан ҳамфикр экани ҳар икки минтақадаги геосиёсий вазият билан боғлиқ. Масалан, Ўзбекистон ва Грузия ўзининг иқтисодий муаммоларини ечишга ҳаракат қилмоқда. Айни пайтда, Ироққа нисбатан ҳарбий куч ишлатишга қарши бўлган, шунингдек, Кавказ ва Марказий Осиёда ўз мавқеини қайта тиклашга уринаётган Россия билан Ўзбекистон ва Грузиянинг муносабати Кремлнинг кўнглидагидек эмас. Ушбу омиллар Тошкент ва Тбилиси расмий доираларини Вашингтон билан илиқ муносабатда бўлишга ундайди.

Минтақадаги бошқа давлатлар эса ёки Россия билан муносабатларини яхшилашга уринади ёки бъзи давлатлар, масалан Озарбийжон ва Қозоғистон каби Ироқ урушдан иқтисодий зарар кўришлари мумкин. Шу сабабли, Ироққа қарши ҳарбий ҳужум кучайгани сари уларнинг эҳтиёткорлиги ҳам тобора кучаймоқда.
XS
SM
MD
LG