Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:24

Россия Марказий Осиëдаги таъсирини қайта тиклашга уринмоқда.


Акрам Файзулло

Тожикистон Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Салоҳиддин Насриддинов Москва ва Душанбе ҳукуматлари Россиянинг Тожикистондаги янги ҳарбий базаси борасидаги келишув шартларини муҳокама қилаëтганини тасдиқлади. 1999 йилда бундай база ташкил қилиш ҳақида қарор берилган эди:

“1999 йилда умумий келишув имзолаган эдик. Ҳозир биз мазкур келишувга оид янги ҳужжатлар устида ишлаяпмиз. Икки томон база қуриладиган жой ва бу базада жойлаштириладиган Россия аскарлари сони ҳақида келишиб олиши керак”, - деди Салоҳиддин Насриддинов.

Кузатувчиларга кўра, Қўшма Штатлар ва бошқа Ғарб давлатларининг диққат-эътибори Ироққа қаратилган бир пайтда, Москва қулай фурсатдан фойдаланиб, ўзининг Марказий Осиëдаги таъсирини қайта тиклашга ҳаракат қилмоқда.

Россия Қирғизистоннинг Кант шаҳрида ҳам янги ҳаво базасини қурмоқда. Бишкек яқинидаги ушбу базада Россия ҳарбий учқичларини ва 500 нафар аскарини жойлаштиришни режалаштирган.

Яқинда Бишкек ва Кантда бўлиб қайтган Россия ҳаво кучлари қўмондони Владимир Михайлов Москва ҳеч қачон Қирғизистондан воз кечмаганини қайд этди:

“Биз ҳеч вақт Қирғизистондан узоқлашганимиз йўқ. Россия бу мамлакатга қайтаяпти, деб айтиш нотўғридир. Бу масалаларни ҳал этишни даврнинг ўзи талаб қилаяпти”, - деди Владимир Михайлов.

Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин, Россия Марказий Осиëда, хусусан Тожикистонда ўзининг кучли мавқеини сақлаб қолди.

Ҳозир Тожикистонда Россиянинг 25 мингдан ортиқ аскари бор. Бу аскарлардан бир қисми Тожикистоннинг Афғонистон билан чегарасини қўриқламоқда.

Аммо Қўшма Штатлар Афғонистонда аксил-террор кампания бошлагандан сўнг, вазият кескин даражада ўзгарди. Ўшандан буëн Марказий Осиëнинг уч мамлакати Американинг янги стратегик иттифоқдошларига айланди. Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистонда АҚШ етакчилигидаги коалиция кучлари жойлаштирилди.

Бунинг эвазига ушбу давлатлар Вашингтондан катта ҳажмда молиявий ëрдам олмоқдалар.

Айрим кузатувчиларга кўра, Россия худди Қўшма Штатлардек Марказий Осиë давлатларига ëрдам беролмайди ва шунинг учун Москванинг минтақадаги таъсир доираси тораймоқда.

Душанбелик таҳлилчи Қиëмиддин Сатторий, ҳозир Россия бутун Марказий Осиë минтақаси у ëқда турсин, ҳаттоки Тожикистондаги манфаатларини тўлиқ ҳимоя қилишга қодир эмаслигини гапиради:

“Менимча, Россия Тожикистондаги ўз ҳарбий позициясини мустаҳкамлаш масаласида кечикди. Руслар буни 2001 йил 11 сентябридан олдин ўйлашлари керак эди. Америка аллқачон Марказий Осиë минтақасида ўз ҳарбий мавқени мустаҳкамлаб олди. Ўзбекистон ва Қирғизистонда Америка ҳарбий базалари ташкил қилинди”, - деди Қиëмиддин Сатторий.

Хўш, Душанбе ҳукумати Россиянинг Тожикистонда ўз мавқеини мустаҳкамлаш борасида қилаëтган уринишларига пировардида қандай муносабат билдириши мумкин? Россия матбуотида тарқатилган хабарларга қараганда, Ташқи ишлар вазири Игор Иванов Тожикистон раҳбариятини Қўшма Штатлар билан ҳамкорликни чеклашга кўндира олмаган.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Салоҳиддин Насриддинов бу хусусда муносабат билдиришдан бош тортди. Унга кўра, Душанбе ҳукумати Тожикистонда Россиянинг янги ҳарбий базасини ташкил қилиш тўғрисидаги 1999 йил келишувини амалга оширади, аммо қўшимча базалар қурилишига рухсат бермайди:

“Тожикистонда Россиянинг бошқа ҳарбий базаларини ташкил қилиш ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Тожикистон томони бунга тайëр эмас”, - деди Салоҳиддин Насриддинов.

Кузатувчилар фикрича, Россия Тожикистондан осонликча воз кечмайди. Россия Ташқи ишлар вазири Игор Иванов яқинда Душанбе сафарини якунлагандан кейин, расмий Москва Тожикистон билан бўлган алоқаларни янада ривожлантириш учун барча имкониятлардан фойдаланишини билдирди.
XS
SM
MD
LG