Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:53

Ироқда худкуш террор ҳужумида беш нафар Америка аскари ўлди.


Ўтган кеча кундузда АҚШ етакчилигидаги коалиция кучлари Бағдод томон ҳужумни давом эттирдилар. Сўнгги саотлар давомида ахборот агентликлари эътибор қаратган ҳодиса - Ироқда бир ҳудкуш террорчининг ҳужуми натижасида америкалик беш аскарнинг нобуд бўлгани бўлди. АҚШ ҳарбийларига кўра, шанба куни бир такси ҳайдовчиси Нажаф шаҳри яқинидаги текширув пункти олдида тўхтаб, қўлини силкиб АҚШ аскарларини ёрдамга чақирган. Беш аскар ҳайдовчи олдига яқинлашганида такси портлаган. Бу Ироқ уруши бошланганидан бери амалга оширилган биринчи худкуш террорчи ҳужумидир.

29 март куни эрта тонгда Бағдод яна кучли ҳаво ҳужумига учради: Ироқнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Бағдод осмонида парвоз қилаётган АҚШ учқичларини ўққа тутди. Шанба куни Ироқнинг Ахборот вазирлиги биноси ракета ҳужумига учради. Ундан бир кун олдин шаҳар бозорига ракета тушиб портлагани оқибатида тинч аҳолидан 58 киши нобуд бўлган, юзлаб одам ярадор бўлган эди. АҚШ қўшинларининг Қатардаги Бош қўмондонлиги, Бағдод бозорида ракета портлагани воқеаси ўрганиб чиқилаётганини билдирди.

Шанба куни Ироқнинг Карбало ва Насирия шаҳарлари атрофида жанглар давом этди. АҚШ ҳаво кучлари Бағдодни мудофаа қилаётган Ироқнинг Республикачилар Гвардияси қўшинлари эгаллаган позицияларни кучсизлантириш мақсадида уларга қарши ҳаво ҳужумлари уюштирди. Ироқнинг марказий минтақаларида жанг олиб бораётган АҚШнинг айрим ҳарбий қисмлари эса ҳарбий таъминот етиб келгунига қадар ҳужумларни бир оз сусайтирди.

Ироқ урушининг бориши ҳақида жума куни Пентагонда матбуот брифинги бўлиб ўтди. Унда сўзлаган АҚШ Мудофаа вазири Доналд Рамсфелд Сурия Ироққа ҳарбий ёрдам кўрсатаётгани ҳақида АҚШда разведка маълумотлари борлигини маълум қилди: “Биз ҳарбий ускуналар Суриядан Ироққа олиб ўтилаётгани ҳақидаги разведка маълумотларига эгамиз. Улар орасида тунда кўриш асбоб ускуналари ҳам бор. Бундай амалиёт коалиция кучларига бевосита тахдид солади. Биз буни душманлик ҳаракати деб биламиз. Унинг масъулияти Сурия ҳукумати зиммасига тушади”,-деди.

Жума куни АҚШ президенти Жорж Буш, уруш режага мувофиқ бораётганини маълум қилди. Оқ уйда Фаҳрийлар ташкилотлари вакиллари билан учрашган пайтида сўзлаган нутқида АҚШ президенти Жорж Буш Ироқ уруши ҳақида гапириб: “Бутун Ироқни террор исканжасида ушлаб туришни хоҳлаган режим ҳозирда мамлакатнинг кичик қисмини назорат қилмоқда. Коалиция қўшинлари бир маромда ҳужумларни давом эттириб Бағдодга яқинлашмоқда. Биз душман кучларига қақшатқич зарба беряпмиз”,-деди.

Шанба куни Бағдодда бўлиб ўтган матбуот конференциясида Ироқнинг Ахборот вазири Муҳаммад Саид ал-Саҳҳаф: “Улар мамлакатимизни босиб олиб, Бағдод сари яқинлашмоқдалар. Улар худди бўғма илонга ўхшайдилар. Унинг узунлиги 500 километр. Биз бу илонни майда-майда қилиб ташлаймиз”,-деди.

Ироқда уруш ҳаракатлари давом этар экан, АҚШ ҳарбийлари учирган бир нечта ракета белгиланган нишонга етмай, Ироққа қўшни давлатлар ҳудудларига тушди. Масалан, Туркиянинг шарқий қисмида жойлашган Урфа вилояти ҳокими Шукру Кўчатепа шанба куни Ройтер ахборот агентлиги муҳбирига, Ўрта ер денгизидаги АҚШ ҳарбий кемасидан учирилган “Томогавк” русумидаги ракета жума куни вилоятнинг аҳоли сийрак яшайдиган қисмига тушгани, аммо портлаш юз бермаганини айтган. Ундан олдин АҚШ ҳарбийлари, ўтган якшанбада иккита ракета Туркия ҳудудига тушганини маълум қилган эдилар.

29 март куни АҚШ ҳарбийлари тарқатган маълумотда, Ўрта ер денгизидан Ироққа отилган бир нечта қанотли ракета Саудия Арабистони ҳудудларига тушгани билдирилган. Қатарда бўлиб ўтган матбуот конференциясида АҚШ армияси генерали Виктор Ренюарт бу маълумотни тасдиқлади.
XS
SM
MD
LG