Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:07

Халқаро амнистия: “уруш соясида инсон ҳуқуқларига ҳужум”


Фарангис Саид

“Уруш соясида инсон ҳуқуқларига ҳужум” номи остида 30 март куни эълон қилинган ҳисоботида “Халқаро амнистия” ташкилоти Ироқдаги уруш бошланганидан буён инсон ҳуқуқларининг поймол этилиши ҳоллари анча кўпайгани, бундай ҳоллар нафақат Ироқ, балки бошқа мамлакатларда ҳам кузатилаётганини қайд этади.

“Халқаро амнистия” ташкилоти жаҳон миқёсида инсон ҳуқуқларига ҳужум бошланганидан жиддий хавотирда. Инсон ҳуқуқларининг бўзилиши Ироқ билан чекланмай, жаҳоннинг бошқа мамлакатларида ҳам - Мисрдан АҚШгача, Белгиядан Судангача кузатилмоқда”.

Шундай дер экан, бош қароргоҳи Лондонда жойлашган “Халқаро амнистия” ташкилотининг матбуот котиби Тереза Ричардсон, инсонларнинг энг асосий ҳуқуқлари бўлмиш сўз эркинлиги ва намойишлар уюштириш ҳуқуқлари поймол қилинаётганини қайд этади.

Ташкилот бу соҳада фуқаролар ҳуқуқларини энг кўп бузаётганлар рўйхатига 14 мамлакатни киритган. Улардаги вазият ҳақида батафсил маълумот берар экан, Тереза Ричардсон Белгия, Миср, Иордания, Туркия, Буюк Британия ва АҚШда фуқароларнинг норозилик намойишларини уюштириш ҳуқуқи ва сўз эркинлиги поймол этилаётганини айтади. “Халқаро амнистия” вакилига кўра, бу мамлакатлар ҳукуматлари норозилик намойишларини уюштиришда тўсқинлик қилганлар, журналистлар, ҳуқуқшунослар ва мухолифат вакилларига тазйиқлар ўтказганлар, урушга қарши чиқаётганларга нисбатан аксил-террор кураш ҳақдаги қонунларни қўллаб, уларни ҳибсга олганлар.

“Халқаро амнистия” ташкилоти матбуот котиби Тереза Ричардсон бунга мисол сифатида Белгияни келтиради:

“Белгияда полиция урушдан норозилик тариқасида намойиш уюштирган 450 одамни маъмурий ҳибсга олган. Бу превентив, яъни олдини олиш чораси бўлиб, одамлар 12 соатлаб ҳибсхонада ушлаб турилган”.

Полиция томонидан намойишчиларга нисбатан куч ишлатиш ҳоллари ҳам “Халқаро амнистия” ташкилоти танқидига учради.

20 мартдан буён жаҳон бўйлаб миллионлаб одамлар Ироқдаги урушга қаршилик тариқасида намойишлар уюштириб келмоқдалар. Дунёнинг 7 мамлакатида полиция намойишчиларга қарши куч ишлатишда ўз салоҳиятини оширган. Бу кўплаб одамлар ўлимига олиб келган. Қурбонлар орасида 11 ёшлик бола ҳам бор. Минглаб намойишчилар полиция томонидан калтакланган, бошқалари ҳибсга олинганлар. Ҳибсдагиларнинг қийноққа солингани ҳоллари ҳам қайд этилган. “Халқаро амнистия” ташкилоти вакили Тереза Ричардсон бу борада шундай дейди:

“Мисрда урушга қаршилик билдириб, намойишларга чиққан юзлаб одамлар ҳибсга олинганлар. Улардан кўплари қийноққа солинганлар. 21 март куни Яманда 11 ёшлик бола ва яна икки намойишчи полиция томонидан отиб ўлдирилган. Судан пойтахти Хартумда намойишга чиққан уч талаба ўлдирилган. Полиция томонидан калтакланган уч нафар грециялик намойишчи ҳамон касалхонада”, - деб, ҳисоботда қайд этилган баъзи мамлакатларни тилга олади “Халқаро амнистия” матбуот котиби Тереза Ричардсон.

Ташкилот ҳисоботида айтилишича, Ироқда уруш бошланганидан буён инсоннинг яна бир ҳуқуқи – сиёсий бошпана олиш ҳуқуқи поймол этилаётир. Европа Иттифоқи, Дания, Норвегия, Швеция ва Британия ҳукуматлари ироқликларга сиёсий бошпана бериш масаласининг кўриб чиқилишини вақтинча тўхтатиб қўйган. Расмий Вашингтон сиёсий бошпана беришни сўраб, АҚШ чегарасини кесиб ўтган ироқликлар ва бошқа 33 мамлакат фуқароларини ўша заҳотиёқ ҳибсга олиш ҳақда қарор қабул қилди.

Демак, баъзи ҳукуматлар Ироқ уруши бошланганидан буён, фуқаролар ҳуқуқларини поймол қилиб келяптилар. Бундай қилаётган ҳукуматлар қайсилар? АҚШ ва Британиянинг уруш режалари ва ҳарбий операцияларини қўллаб-қувватлаб келаётганларми? Ҳукуматларнинг урушга муносабати билан уларнинг намойишчиларга тазйиқлар ўтказиши орасида боғлиқлик борми? Бу саволга “Халқаро амнистия” ташкилоти матбуот котиби Тереза Ричардсон жавоб беради:

“Афсуски, мен бундай боғлиқлик бор дея олмайман. Норозилик намойишлари Иордания, АҚШ ва Буюк Британияда ҳам кузатилмоқда. Германияда полиция намойишчиларга нисбатан куч ишлатган. Менимча, ҳукуматнинг Ироқдаги урушни қўллаб-қувватлаётгани ёки, аксинча, унга қарши чиқаётгани билан фуқаролар ҳуқуқларини поймол қилаётгани ўртасида алоқа йўқ. Афсуски, бу умумжаҳон муаммодир”.

“Халқаро амнистия” ташкилоти 30 март куни эълон қилинган ҳисоботида Ироқда уруш бошланганидан буён инсон ҳуқуқларини поймол қилиб келаётган ҳукуматлар рўйхатида Марказий Осиё давлатларини қайд этмаган. Бунинг сабаби нимада? Марказий Осиё ҳукуматлари урушга қарши чиқаётган фуқаролар ҳуқуқларини поймол қилмаяптими?

Бу ҳақда Тереза Ричардсон мана бундай дейди:

“Ҳисоботимизда келтирилган рўйхат тўла эмас. Рўйхатга, асосан, урушга қарши намойиш уюштирганлар ҳуқуқларини поймол этган мамлакатлар киритилган. Бу қисқа ҳисоботда қайд этилмаган мамлакатларда ҳам инсон ҳуқуқларига оид вазият уруш бошланганидан буён ёмонлашган бўлиши мумкин”.

Шундай дер экан, Тереза Ричардсон “Халқаро амнистия” ташкилоти урушнинг дунё мамлакатларида инсон ҳуқуқлари вазиятига қандай таъсир қилишини кузатиб бориш ниятида эканини билдиради ва келаси ҳисоботлар бу сафаргидан кўра тўлароқ бўлиши мумкинлигини айтади.
XS
SM
MD
LG