Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:28

"ҚОЗОҚГЕЙТ"


30 март куни Ню-Йўркдаги Жон Кеннеди аэропортида америкалик тадбиркор Жеймс Гиффен ҳибсга олинди.

Гиффен панжара ортида бир кечагина бўлди. Тонг отгач, 250 минг доллар нақд пул ва қиймати 10 миллион долларлик кўчмас мулкини гаровга қўйиш эвазига турмани тарк этди.

Хўш, марказийосиёлик муштарийимизга океан ортидаги бир тадбиркор ҳибсга олинишининг нима қизиғи бор?

Ўқийверингчи, балки қизиғи чиқиб қолар...

Ҳа, чиндан ҳам, нима қизиғи бор? Нима, минтақа мамлакатларида қамалаётганлар озми? Қамалаётганлар орасида тадбиркорлар озми? Гиффенку бутун мол-мулкини қонун асосида гаровга қўйиб, чиқибди турмадан. Марказий Осиёда пора эвазига жазодан мутлақо қутулиб кетаётганлар озми?

Ҳамма гап шундаки, Жеймс Гиффен пулини океан ортидагина топиб юрган, Америкадан ташқарига чиқмаган оддий миллионер эмас. Озодлик радиоси Қозоқ хизмати ва бошқа бир қатор манбалардан олинган маълумотларга кўра, у узоқ йиллар Қозоғистон президентининг энергетика масалалари бўйича маслаҳатчиси бўлиб ишлаган. Унинг киссасида ҳатто қозоқ паспорти ҳам бор. Оддий эмас, дипломатик паспорт. "Ассошиэйтед пресс" агентлигига кўра, ҳибсга ҳам Олмаотага учадиган учоққа чиқаётган пайтида олинди.

Жеймс Гиффеннинг Қозоғистон ҳокимияти йўлакларида ўз кучига нақадар ишонч билан юрганлиги, ваколатлари доираси нақадар кенг бўлганлиги тўғрисида Республика халқ партияси ижроия қўмитаси раиси муовини Амангелди Керимтаев радиомизга берган интервюсида шундай деди: "Қозоғистон мустақилликка эришган кездан бошлабоқ у президентимизнинг маслаҳатчиси бўлиб ишлади. 91 йилдан бошлаб Жеймс Гиффенни президент маслаҳатчиси эмас, балки ундан кейинги иккинчи шахс, деса ҳам бўлаверади."

Гиффен тўғрисидаги бундай фикрни бошқа манбалардан ҳам ўқиш мумкин. Мавқеи шу қадар баланд бўлган экан, Жеймс Гиффеннинг Қозоғистонда.

Хўш, нима айб иш қилибдики, уни ҳибсга олдилар? Ўринли савол. Турли манбаларга, жумладан "Время новостей" газетасига кўра, порахўрлиги ва порахўрликка воситачилик қилгани учун.

Маълумотларга қараганда, Гиффен 90-йилларнинг ўрталарида Американинг Mobil ширкатидан бир неча миллион доллар ақчани олгану, Қозоғистон олий раҳбариятининг Швейцариядаги банклардаги шахсий ҳисобларига ўтказган. Гиффенни ҳибсга олиш учун берилган ордерда бу раҳбарлар "КО-1" ва "КО-2" деган шартли номлар билан аталадилар. Бироқ, Ню-Йўрк шаҳри судяси Чин чиқарган ҳукмда, деб ёзади "Время новостей", мазкур шартли номлар аниқ келтирилади. Уларнинг биринчиси Қозоғистоннинг собиқ бош вазири Нурлан Балгимбаев, иккинчиси президент Нурсултон Назарбоевдир.

Умуман, бу можаро кеча пайдо бўлиб қолгани йўқ. "Қозоқгейт" номини олган мазкур можаронинг бошланганигаям, мана икки-уч йил бўлиб қолдиёв. Можаронинг бошланиб кетиши жуда қизиқ.

90-йиллар иккинчи ярмининг бошларида Қозоғистон Бош вазири Акежан Кажегелдин истеъфога кетади. 99 йилга келиб Кажегелдин Назарбоевнинг назарида навбатдаги президентлик сайловларида ўзи учун кучли ҳариф бўлиб кўрина бошлайди. Демак, ҳарифдан қутулиш лозим. Шу мақсадда Кажегелдин коррупционер, деб эълон қилинади. Бу даъвога далилий ашёлар топиш учун Қозоғистон прокуратураси Белгия расмийларига мурожаат қилади. Ки, Кажегелдиннинг мамлакатингиздаги виллалари тўғрисида мъалумот беринг, деб. Бироқ, бу мамлакатда Кажегелдинга тааллуқли мулк борлиги тўғрисидаги Остонанинг маълумотлари ўз тасдиғини топмайди. Бу хулоса Белгия суди ҳукми билан қонунийлаштириб ҳам қўйилган. Бироқ, Кажегелдиннинг мулкини излаган Белгия полицияси Қозоғистон раҳбариятининг Швейцария банкларидаги ҳисобларига хуфя ўтказилган пулларни топиб олади. Қазма – тушасан, ёқма – пишасан, дейдиларку.

Расмий Остона хуфя пуллар, яъни поралар тўғрисидаги маълумотларни яширишга ҳаракат қилди. Бироқ, қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилдаям чиқади, деганларидай, раҳбариятнинг порахўрлиги тўғрисидаги маълумотлар жамоатчилик қулоғига тушди. Уларни қозоғистонликлар эътиборига мустақил газеталар орқали ҳавола қилганлардан бири - журналист Сергей Дувановдир.
Бу иши учун Дуванов ўтган йил давомида бир неча бор "қалам ҳақи" олди. Аввалига, тилингни тийиб юр, деб, калтаклаб кетдилар. Сўнгра, президентнинг обрўси ва шаънини ерга урганликда айбладилар. Ва ниҳоят, октябрда вояга етмаган қизни зўрлаганликда айблаб, уч ярим йилга қамадилар.

Европа Иттифоқи, Европа парламенти, Европа кенгаши, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, АҚШ Конгресси, АҚШ Давлат департаменти, инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи дунёдаги барча халқаро ташкилотлар Сергей Дуванов устидан ўтказилган суд ишини жиноий эмас, сиёсий ишдир, деб баҳоладилар.

Ҳай, майли. Гиффенга қайта қолайлик. Бутун мол- мулкини гаровга қўйиш эвазига ҳибсдан озод қилинган Гиффен, яқин орада Америка судининг нохуш саволларига жавоб бера бошлайди. Кузатувчилар, у ўзини қутқариб қолиш учун Қозоғистондаги бошлиқларига қарши кўрсатмалар бера бошлайди, деб ҳисобламоқдалар.

Расмий Остона эса, кечаги маслаҳатчисини бугун бутунлай хотирасидан ўчириб ташлашга ҳаракат қилаётган кўринади.

Ҳарқалай, Қозоғистон президенти маъмурияти масъул ходими Озодлик радиоси мухбири саволига жавоб берар экан, Жеймс Гиффен ҳеч қачон Қозоғистон президенти маслаҳатчиси бўлиб ишламаган, деди.
XS
SM
MD
LG