Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:10

Ойни этак билан ёпиб бўлмайди


Ироқда ҳарбий ҳаракатлар якуний босқичга ўтар экан, Ироқ ҳукуматига қарашли махвий архивлар тақдири хамон номаълум. Ушбу арҳивлар Саддам Хусайн ҳукуматининг кўплаб ишларига ёруғлик киритиши мумкин.

Ҳукуматга қарашли архивларнинг фош бўлиши қатор мамлакатлар, айниқса Россияни хавотирга солаётган кўринади. Чунки узоқ йиллар давомида Россия Саддам Хусайн раҳбарлигидаги Ироқ ҳукумати билан яқин алоқада бўлиб келган ва Москва буни ҳеч кимдан яширмаган. Қолаверса, Россия 1991 йилги Кўрфаз урушидан кейин Ироққа нисбатан жорий этилган БМТ санкцияларига хилоф равишда Бағдодга қурол-аслаҳа сотгани ҳақида ҳам гумонлар йўқ эмас. Ироқда топилажак архив ҳужжатлари нималарни фош этиши ҳақда гапириш ҳозирча эрта. Бироқ, айни масала аллақачон айрим таҳлилчилар орасида бахс-мунозаралар мавзусига айланиб улгурди.

Москвадаги Сиёсий технологияар маркази директори ўринбосари Дмитрий Орлов Россия Совет Иттифоқи давридан буён Ироқ ва Яқин Шарқдаги бошқа давлатлар билан яқин муносабатлар қуриб келганини инкор этмайди. Ва, ўз навбатида, Оролов Россия БМТ санкцияларига қатъий риоя этиб келганини ва шу боисдан Бағдод архивидан Россияни халқаро ҳамжамият олдида ноқулай аҳволга солиб қўядиган бирон ҳужжат топилиши мумкинлиги юзасидан шубха билдиради.

"Яқин Шарқда таъсир доираси кенгайишидан манфаатдор бўлган Совет Иттифоқи Ироқ ва унинг раҳбари Саддам Хусайн режими махсус ҳизматлари билан фаол ҳамкорлик қилиб келган. Қолаверса, бу иш билан ўша пайтда олий мартабали КГБ офицери бўлган Евгений Примаков шуғуллангани ҳеч кимга сир эмас. Ва умуман, бу ерда эътиборни тортувчи жиддий бир нарса кўрмаяпман. Минтақада манфаатлар кураши бўлган ва у ҳозир ҳам давом этмоқда".

Рус таҳлилчисига кўра, Ироқда ҳукумат архивларининг фош бўлиши нафақат Москва ҳукуматини, балки бошқа давлатлар, шу жумладан АҚШ ҳукуматининг ҳам хавотирларига сабаб бўлиши мумкин. "Чунки, - дейди Орлов, - Ироқ ва унинг Баас партияси бутун дунёдаги ҳукуматлар билан яқин алоқа ўрнатишга ҳаракат қилиб келган".

"Аминманки, Ироқ архивида ҳали фош этилмаган махфий ҳужжатлар талайгина. Ироқнинг бошқа давлатлар билан ҳамкорлик алоқалари, қолаверса Саддам Хусайннинг Баас партияси бошқа ҳукуматлар билан алоқа қуриш механизмлари, хуллас буларнинг бари ҳақида сўзловчи ҳужжатлар Россия қатори бошқа давлатлар хавфсизлик ҳизматларини ҳам қизиқтирмоқда. Менимча, ҳозир ўша архив ҳужжатларини қўлга киритиш учун қизғин кураш бораётганга ўхшайди", - дейди Москвадаги Сиёсий технологияар маркази директори ўринбосари Дмитрий Орлов.

Бироқ, таниқли россиялик ҳарбий таҳлилчи Павел Фелгенгауер Орлов айтган фикрларга қўшилмайди. Унинг таъкидлашича, Россиянинг Ироқ урушига эътирозлари ортида нафақат сиёсий сабаблар турибди. Москвани Саддам Хусайн режими билан яқин ҳамкорлик алоқаларининг айрим жиҳатлари фош бўлиши ҳам ташвишга солмоқда. Павел Фелгенгауер ўз исмини фош этишни истамаган Россия ташқи ишлар вазирлигидаги манбаъга таяниб, рус ҳарбийлари Саддам Хусайн режими билан ғайриқонуний тарзда ҳамкорлик олиб борганликларини айтади.

"Бу ҳақдаги барча далилий ҳужжатларни йўқ қилишнинг деярли иложи йўқ. Ҳар бир давлатда, айниқса Баас партияси раҳбарлигидаги бюроктартлашган Ироқда архивлар тарқоқ, чунки уларн муайян соҳалар бўйича тузишган. Ироқда ҳар хил идоралар мавжуд ва ўша идоралар қандайдир шартнома имзоласалар, шу ҳужжат турли архивларда ўз аксини топади. Айни холат коммунист режимлар, ҳусусан Шарқий Германиянинг қулашидан кейин ҳам кузатилди. Бу давлатларда архивларни йўқ қилиш ҳеч қандай натижага олиб келмади. Яъни, ҳар бир ҳужжат нусҳалари турли идоралар ва вазирликлар архивларидан топилган. Хуллас, буларнинг барини йўқ қилиб чиқишнинг ўзи бўлмайди".

Бу таниқли россиялик ҳарбий таҳлилчи Павел Фелгенгауер фикрлари эди.

Россия Ироқ билан ҳарбий соҳада ҳамкорлик қилган-қилмагани ҳақида таҳлилчилар ўртасида тортишувлар давом этар экан, ана шундай ҳамкорлик бўлганидан далолат берувчи ҳужжатларнинг бир учи чиқиб улгурган кўринади. "Озодлик" мухбирининг хабар беришича, Бағдодда Америка аскарлари қурол савдоси билан шуғулланувчи Россия ширкати тарафидан юборилган бир мактубни топишган. Россия генерал-полковники Владислав Ачалов имзоси билан ёзилган ўша мактубда қиймати бир неча миллион долларга тенг оддий турдаги қурол-аслаҳалар Ироқ раҳбариятига таклиф этилади. Мактуб 2001 йилнинг июл ойида юборилган бўлиб, унда генерал-полковник Ачалов Москвадаги FTW Systems Ltd. қурол савдоси билан шуғуланувчи ширкат раҳбари сифатида қайд этилади.

Ироқда арҳив ҳужжатларини топиш ҳаракатлари давом этар экан, Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти "Хьюман райтс уотч" АҚШ ва унинг иттифоқчиларини Ироқ ҳукумати архивлари талон-тарож қилинишига йўл қўймасликка чақирди. Ташкилот раҳбари ўринбосари Кеннет Роз номидан эълон этилган баёнотда Ироқдаги ҳукумат архивлари йигирма беш йиллик жабр-зулмлар қурбони бўлган миллионлаб ироқликлар тақдирини аниқлашда катта аҳамият касб этиши таъкидланади.
XS
SM
MD
LG