Линклар

Шошилинч хабар
05 май 2024, Тошкент вақти: 10:00

Саддам Ҳусайн тақдирини ким ва қачон ҳал қилади?


Фарангис Саид

Саддам Ҳусайн ва Ироқнинг бошқа расмийлари тақдири нима бўлади? Уни ким ҳал қилади? Ҳозирга қадар бу саволга аниқ жавоб йўқ. Расмий Вашингтон эса уруш жиноятларида айбланаётган ироқликларни БМТ халқаро судида эмас, балки Ироқда суд қилиш кераклигини баён этди.

Бунга тушунтириш берар эканлар, Оқ Уй расмийлари адолатли ҳукм ироқликлар тарафидан чиқарилса тўғри бўлади, деб, айни вақтда Ироқда ўтказиладиган маҳкама жараёни бу мамлакатда янги адолатли суд тизимининг яратилишига туртки беради, деб фикр билдиришмоқда. Ироқ мухолифати вакиллари ва АҚШ БМТнинг жараёнга аралашишини истамаётган кўринадилар.

Бу қарор халқаро ҳамжамиятнинг кўплаб аъзолари томонидан танқид қилинмоқда.

Хьюман Райтс Уотч ташкилоти директори, Озод Европа-Озодлик радиоси мухбири Антуан Блуа билан суҳбатда бўлган Том Малиновски улар жумласидан. У Саддам Ҳусайн ва жиноятларда айбланаётган бошқа шахсларни АҚШ томонидан тайинланган Ироқ ҳукумати суд қилиши режасига қаршидир. Малиновски фикрича, ироқлик жиноятчиларни собиқ Югославия жиноятчилари каби Хаага судида суд қилиш керак:

“Ироқ собиқ расмийлари ишини кўриб чиқадиган суд Югославия учун таъсис этилган судга ўхшаши, яъни уни БМТ тузиши керак. Ёки Африканинг Сьерра Леоне мамлакатида тузилган суд каби, унинг таркибига халқаро ҳамда маҳаллий судьяларни киритиш лозим. Ана шунда ироқликлар жараённи назорат қилаётганларини сезадилар, айни вақтда суд халқаро тамойилларга кўра ўтказилади”.

Шундай дер экан, Том Малиновски Ироқнинг ўзида юқори малакали судьялар ва тажрибали ҳуқуқшуносларни топиш қийинлигини айтади. Саддам Ҳусайн етакчилигидаги кўп йиллик тоталитар режим суд тизимига ҳам салбий таъсир қилмай қолмаган, дейди Хьюман Райтс Уотч ташкилоти раҳбари.

Том Малиновски ҳам, бошқа инсон ҳуқуқлари фаоллари ҳам Ироқ аҳолисининг этник ва диний таркиби маҳкама жараёнини мушкуллаштиради, деб ҳисоблашмоқда. Саддам Ҳусайн даврида курдлар ва шиялар ҳуқуқлари поймол этиб келинган. Баас партияси аъзолари эса аксинча ҳокимиятда бўлганлар. Хўш, курдлар ва шиялар судья этиб тайинланадиларми? Баас партияси аъзолари-чи? Улардан таркиб топган суд адолатли ҳукм чиқара оладими? Муҳожиратда яшаётган ироқликлар-чи? Улар ҳам янги суд аъзолари этиб тайинланишлари керакми? Том Малиновски бунга танқидий ёндашади:

“Муҳожиратда яшаётган ироқликлар орасида жуда яхши ва софдил одамлар кўп бўлса-да, улар ҳамон Ироққа қайтиб бормадилар ва мамлакат ичида қонуний демократия ўрнатмадилар. Саддам Ҳусайн ва унинг ҳукумати аъзоларини суд қиладиган маҳкама эса қонуний ва ишончли бўлиши лозим”.

Бош қароргоҳи Лондонда жойлашган ва ҳозирда Ироқ ҳуқуқшуносларига даллиларни тўплашда кўмаклашаётган “Индикт” ташкилоти раҳбари Чарлз Форест бу фикрга қўшилмайди. Унинг фикрича, Том Малиновски таклиф этаётган халқаро трибунални ташкил этиш ниҳоятда қийин. Бу жуда кўп вақт олади ва катта маблағ талаб қилади, - дейди Форест:

“Менимча, судни тез ўтказиш ва Ироқ халқига мамлакатда адолат ҳамда қонун устуворлиги ўрнатилганини намойиш қилиш ниҳоятда муҳимдир. Агар суд бошқа мамлакатда хорижлик судьялар томонидан ўтказилса, бу мақсадга эришиб бўлмайди”.

Шундай дер экан, Чарлз Форест Ироқда тажрибали судьялар ва ҳуқуқшунослар етарли, деб таъкидлайди. Хорижий давлат кўмаги ва назорати эса суд адолатли ўтказилишини таъминлайди, дейди Ироқ ҳуқуқшуносларига даллиларни тўплашда кўмаклашаётган “Индикт” ташкилоти раҳбари Чарлз Форест.

Ироқ мухолифати аъзоларидан бири, “Адолат Халқаро альянси”, деб номланган ташкилот ижроия директори, кўп йиллардан буён муҳожиратда яшаётган Бахтиёр Амин Ироқ собиқ президенти Саддам Ҳусайн ва бошқа расмийларни суд қилиш ҳақда фикр билдирар экан, маҳкаманинг қайси мамлакатда ўтказилиши, унга кимлар киритилиши муҳим эмас, дейди:

“Бу махсус ишларни кўриб чиқиш учун тузилган ва бошқа мамлакатда жойлашган суд бўладими, ёки Ироқдами, унга ироқликлар киритиладими ёки хорижликларми, мен буни билмайман. Биз суд бошлаш ғоясини 80-йиллардан бугунги кунга қадар илгари суриб келганмиз. Халқаро ҳамжамият бизни қўлламади. БМТ Хавфсизлик кенгаши аъзолари орасида Ироқ масаласида катта тафовут мавжуд”.

Нафақат Ироқ, балки Саддам Ҳусайн ва бошқа расмийларни қаерда ва қайси йўл билан суд қилиш масаласида ҳам якдиллик йўқ. Биринчи суд жараёни қачон бошланиши ҳам ҳали номаълум.
XS
SM
MD
LG