Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:47

Қозоғистонда мухолифат йўқ қилиндими?


Фарангис Саид

15 апрел – чоршанба куни кўплаб қозоғистонликлар Республика Адлия вазирлиги эълонини катта диққат билан эшитдилар. Бу куни Адлия вазири муовини Жоган Меркел Қозоғистонда қайта рўйхатдан ўтган партиялар номларини маълум қилди:

“Республикамизда ўтган йил 19 июлга қадар фаолият кўрсатиб келган партияларни қайта рўйхатдан ўтказиш иши якунланди. Ўша кунга қадар фаолият олиб борган 19 партиядан 11таси қайта рўйхатдан ўтиш учун ҳужжатлар топширган. Бу 11 партиядан 7таси қайта рўйхатдан ўтишга муваффақ бўлган”.

Адлия вазири муовини бу 7 партия номларини айтиб ўтди: улар Ак жол, Отан, Ватанпарварлар партияси, Оул, Фуқаролар партияси, Қишлоқ хўжалиги партияси ва Коммунистлар партиясидир. Сиёсатшунослар фикрича, уларнинг бари ҳукумат тарафдорлари ҳисобланади.

Ак Жол партияси вакили Айдос Саримов рўйхатдан қайта ўтилганидан кейин қандай ишлар олиб борилиши кераклиги ҳақида гапиради:

“Партиямиз расман рўйхатдан ўтди. Энди биз мамлакатнинг барча вилоятларида бўлимлар очишимиз ва уларни ҳам рўйхатдан ўтказишимиз лозим. Шундан сўнг партиямиз қайта рўйхатдан ўтгани ҳақдаги расмий ҳужжатлар қўлимизга берилади”.

Ўтган йил июл ойида Қозоғистон ҳукумати партиялар қайта рўйхатдан ўтиши кераклигини эълон қилганида, ҳукуматга мухолиф партиялар улар учун рўйхатдан ўтиш эҳтимоли жуда камлигини яхши тушунганлар.

6 партия раҳбарияти Адлия вазирлигига ҳужжатларни топширмасликка қарор қилди. Қолган иккиси эса Отан партиясига қўшилди. Отан ўтган сайловларда президент Нурсултон Назарбоев номзодини президентликка таклиф этган партиядир.
Тўрт бошқа партия Адлия вазирлиги рўйхатидан ўтиш талабларига жавоб бермаган. Адлия вазири муовини Жоган Меркелнинг таъкидлашича, улар ё рўйхатдан ўтиш қоидаларини бузганлар ёки бўлмаса Фуқаровий кодексга хилоф иш қилганлар.

Ватандошлар партияси раисдоши Жаксебай Базилбайнинг айтишича, у бошқараётган партия уч марта рўйхатдан ўтишга уринган:

“Ватандошлар партиямиз икки марта рўйхатдан ўтишга ҳаракат қилган. 14 апрелда биз барча ҳужжатларни, шу жумладан етишмаётган қоғозларни учинчи марта Адлия вазирлигига топширдик. Улар эса бизга сиёсий дастуримиз акс этган матнда нотўғри сўзлар ва иборалар қўлланилганини рўкач қилдилар. Адлия вазирлиги Қозоғистон миллати манфаатларини ҳимоя қилмоқчи бўлган партияларни рўйхатдан ўтказмаяпти”.

Базилбай Қозоғистон Адлия вазирлиги уларга ҳамон қатъий жавоб бермаганини билдиради. Рўйхатдан ўтишга умиди қолмаган партия раисдоши эндиликда бошқа йўл тутиш керак, деб ҳисоблайди:

“Рўйхатдан қайта ўтмаган ёки бунинг фойдасизлигини тушуниб, Адлия вазирлигига ҳужжатларни топширмаган партиялар учун бир имкон бор. Партиялар шаклини ўзгартириши, яъни ижтимоий гуруҳ ёки бошқа тузилмага айланиши мумкин. Эндиликда улар сиёсий партия бўлолмайдилар”.

Рўйхатдан ўтмаган партиялар шаклини ўзгартирадиларми ёки йўқ, ҳозирча номаълум. Қизиғи шундаки, рўйхатдан ўтолмаган партияларнинг ҳанузгача парламентда депутатлари бор. Уларнинг тақдири нима бўлади? Улар йўқ қилинган партия вакиллари-ку! Партиялар қайта рўйхатдан ўтиш учун қачон ҳужжатларни Адлия вазирлигига топширишлари мумкинлиги ҳам ҳозирча ноаниқ. Аниғи шуки, Нурсултон Назарбоев ҳукуматига мухолиф бўлган, нуфузли ва кўп сонли Республика халқ партияси, Қозоғистон демократик танлови ҳаракати ва баъзи бошқа партиялар ноқонуний бўлиб қолди.
XS
SM
MD
LG