Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:32

ИРОҚЛИК ШИАЛАР


Ироқ бўйича статистик маълумотларга кўра, бу мамлакат аҳолисининг тахминан 75 фоизи араблар, қарийб 20 фоизи курдлардир. Аҳолининг қолган 5 фоизини бошқа миллатлар вакиллари ташкил қилади.

Кўпчиликни ташкил қилувчи араблар сунний араблар ҳамда шиа арабларга бўлинадилар.

Суннийлар Ироқ аҳолисининг 20 фоизинигина ташкил қилганига қарамай, сўнгги қарийб бир аср давомида шиалар ва курдлар устидан ҳукмронлик қилиб келдилар. Бироқ, суннийлар ҳукмронлигининг илдизлари аслида 16 асрга, бу минтақада Усмонли суннийлар ҳукмронлик қила бошлаган даврга бориб тақалади.

1968 йили Ироқ Баас партияси қўлига ўтгач, суннийлар ҳукмронлиги янада мустаҳкамланди. Баас партияси раҳбари Саддам Ҳусайннинг ўзи сунний араблар вакили эди.

Шиалар Ироқ аҳолисининг 55, 60 фоизини ташкил қилади. Улар, асосан, мамлакатнинг жануби- шарқида, Басра шаҳри атрофларида истиқомат қиладилар. Бироқ, шиалар Бағдодда ҳам оз эмас.

Тарихда ироқлик шиалар ўз ватандошлари суннийлар босими остида яшаганлар, улар ҳукуматни идора қилишга қатнаштирилмаган, деб гувоҳлик берадилар тарихчилар.

Шиаларнинг бундай ҳолатда қолиши мухолифатчи гуруҳларнинг пайдо бўлишига олиб келди ва Саддам Ҳусайн режими бундай гуруҳларнинг қатор лидерларини қатл этди.

Натижада, ироқлик шиалар Эроннинг кўмагини олишга интила бошладилар. Бу эса 70-йиллардан бошлаб минглаб шиаларнинг мамлакатдан бадарға қилинишига олиб келди.

Ироқдаги "Исломий инқилоб олий кенгаши", деб аталувчи ташкилот мамлакатдаги шиаларнинг энг йирик сиёсий ташкилотидир. Маълумотларга қараганда, у Эрон томонидан қўллаб-қувватлаб келинади.

Ироқлик шиаларнинг ташкилотлари, жумладан Исломий инқилоб олий кенгаши ҳам Ироқда янги ҳукумат тузишга АҚШнинг аралашувига қаршидир.

"Биз Ироқни исломий раҳбар бошқаришини истаймиз. Биз бу ерда америкаликларнинг бўлишини истамаймиз. Бизга Саддам ҳам, амеркаликлар ҳам керак эмас. Чунки улар динсиздирлар", дейди Карбало шаҳрини тавоф қилиш учун келган минглаб ироқликлардан бири.

Бундай қараш шу кунда ироқлик шиаларнинг шуурини банд этгандир. Сўнгги чорак аср давомида шиаларнинг диний байрамлари таъқиқлаб қўйилган Ироқда Саддам Ҳусайн режимига барҳам берилгач, шиалар ўзлари учун муқаддас бўлган Карбало шаҳрига йиғилдилар. Ва ҳозиргина эшитганингиз фикр ироқлик шиаларнинг фикру ёдини банд этмоқда.

Бундан ташқари Бағдодда ҳам шиаларнинг норозилик митинги бўлиб ўтди. Акцияда иштирок этганлар, ўзларининг диний лидерларидан бири Муҳаммад ал Фартусийнинг озод этилишини талаб қилдилар.

Хуллас, бир неча ўн йиллик давомида Ироқнинг собиқ лидери Саддам Ҳусайн истибдоди остида яшаган шиалар ўзларининг диний байрамларини нишонлаш билан бирга сиёсий талабларини ҳам қўя бошладилар. Шиалар лидерларининг аксарияти Ироқни Эрондай исломий давлатга айлантириш тарафдорларидир.

АҚШ Конгресси қошидаги Тадқиқотлар марказининг Яқин Шарқ минтақаси бўйича эксперти Кеннет Кацман:"Сиёсийлашган шиалар динни давлатдан ажратишни истамасликлари мумкин. Мен учун шу кунда бир нарса аниқ эмас: АҚШ шиаларнинг таклифларини рад этадими ёки улар билан ҳамкорлик қиладими? Бу қарор Ироқнинг келажаги учун муҳим роль ўйнаши мумкин", дейди.

Бироқ, ироқлик шиалар ўртасида келишмовчиликлар, позициялар зиддияти, бўлинишлар бор.
Бир неча йиллик сургундан сўнг Лондондан Ироққа қайтиб келган шиалар лидерларидан бири Абдулмажид ал Хоий 10 апрел куни Нажаф шаҳрида диндош рақиблари томонидан ўлдирилди.

Шиаларнинг нуфузли лидерларидан яна бири - Оятуллоҳ Али Систоний шу ойда Нажаф шаҳридаги уйи қуролли гуруҳ азолари томонидан қуршаб олинганидан сўнг яширинди.

Систоний диндорларнинг сиёсатга аралашмасликлари тарафдоридир. Бироқ, шиаларнинг 1999 йили қатл этилган йирик лидери ўғли, 22 ёшли нажафлик Муктадо Садр, аксинча фикрни билдиради.

Хуллас, ироқлик лидерлар орасида шу кунда якдиллик йўқ.

Вашингтондаги Стратегик ва халқаро тадқиқотлар маркази ходими Ширин Хюнтер мазкур ҳолатни шарҳлар экан:"Ироқ учун характерли бўлган уруғлар, аймоқлар, оилалараро тиғиз алоқалар шиаларнинг орасида ҳам кучлидир. Аймоқлараро тафовутларни уларнинг ичида ҳам кузатиш мумкин", деган фикрни билдирди.

Шу кунда ҳаводан Карбалога қараган одам минглаб ироқлик шиаларни кўриши, улар бир мақсад йўлида ҳаракатланаётган қудратли куч бўлиб туюлиши мумкин. Аслида эса, бутун ироқликлар орасидаги ўзаро зиддиятлар мамлакат шиалари учун ҳам характерлидир.
XS
SM
MD
LG