Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:12

ЧИКАГО АНЖУМАНИ


Шарқ маданияти, хусусан Яқин Шарқ ва Марказий Осиё маданияти - дунё олимлари ҳар доим ҳам ошиғич қизиқиш билан ўрганиб келган объектдир. 11, 12 май кунлари АҚШнинг Чикаго шаҳрида бўлиб ўтган анжуманни ҳам аталган минтақада кечаётган жараёнларни ўрганиш истагини қондириш йўлида қилинган бир ҳаракатдир, дейиш мумкин.

Чикаго университетида ўтказилган "Яқин Шарқ. Тарих ва назария" мавзуидаги конференция йилда бир ўтказиладиган шундай анжуманларнинг
16-чисидир.

Конференцияда Яқин Шарқ ва Марказий Осиёнинг тарихи ва бугунги куни тўғрисида бир неча ўн маъруза, бу минтақаларнинг эртанги куни ҳақда олимларнинг прогнозлари тингланди.

"Тарихий контекстда шариат", "Яқин Шарқда архитектура ва жамият", "Санъат ва жамият", "Яқин Шарқ ва халқаро иқтисодиёт" - бу анжуман иштирокчилари мунозара қилган баъзи мавзулардир.

Булардан ташқари, Марказий Осиё мамлакатларининг қадимги ва энг янги тарихи ҳамда бугунига доир муҳим мавзулардаги бир қатор маърузалар, Чикаго анжумани иштирокчилари эътиборига ҳавола этилди.

"Қирғизистонда Хизб ут таҳрир", "Ўзбекистонда фуқаролар жамиятини шакллантиришда нодавлат ташкилотларининг роли", "Амир Темур давлатчилиги асослари" - бу энди Марказий Осиё бўйича анжуман иштирокчилари ҳукмига ҳавола этилган баъзи маърузаларнинг сарлавҳаларидир.
Чикаго анжуманига минтақадаги университетларда, илмий тадқиқот марказларида хизмат қилаётган олимлар, АҚШнинг бир қатор университетларида таҳсил олаётган талабалар ҳамда хизмат қилаётган марказийосиёлик олимлар иштирок этдилар.

Яқин Шарқ. Тарих ва назария мавзуидаги йиллик конференция ишида Озодлик радиоси мухбири Абдуғани Жиенбай ҳам қатнашиб, анжуман иштирокчиларини суҳбатга тортди.

Мухбиримиз суҳбатлашган олимлардан бири - доктор Қаған Ариқдир. У Чикаго университетида ўзбек ва қозоқ тилларидан дарс беради.

- Бу йилги конференциянинг иккита секциясида Марказий Осиё тўғрисида сўз бўлди. Ўзбекистондан икки, Қирғизистондан бир, Қозоғистондан бир олим келди. Минтақа ҳақида бу олимлардан ташқари бошқа олимлар ҳам маърузалар қилишди, деб маълумот берди Озодлик мухбирига Чикаго университетининг ўзбек тили ўқитувчиси доктор Қаған Ариқ.

У киши иштирок этган ва йилда бир бор ўтказиладиган конференция нафақат илмий анжуман, балки Яқин Шарқ ва Марказий Осиё халқлари санъати байрами ҳамдир.

- Уч йил аввал Қирғизистондан Элмира Кўчимқул қизи келган ва қирғиз мусиқаси концерти берган эди. Ўтган йили Нью Йоркдаги бухоролик ўзбеклар - Илёс Маллаев ва бошқалар иштирок этдилар. Висконсин штатида яшаётган бир қозоқ йигитимиз бор, у ҳам концерт берди. Бу йил эса Туркиядан "Бэнги" деган гуруҳни таклиф қилдик, дейди доктор Қаған Ариқ.

Шу ўринда, Марказий Осиё мамлакатлари халқлари тили ва маданияти АҚШда қандай ўрганилаётгани ҳам, Сиз тингловчи учун қизиқ бўлса керак. Бу ҳақда Чикаго университети профессори мана бундай дейди: "Ўзбек тили Чикаго университетида уч йилдан буён ўқитилади. Бу йил қозоқ тили сабоқларини ҳам бошладик. Шу кунда 20 нафардан зиёд талаба ўзбек ва қозоқ тилларини ўрганмоқда. Бундан ташқари Марказий Осиё тарихи, маданияти, оғзаки ижоди ва мусиқаси бўйича бир неча дарсимиз бор. Бу дарсларга 40 дан зиёд талаба бу йил жалб этилди".

Умуман, АҚШ бўйлаб шу кунда Марказий Осиё мамлакатларига қизиқиш жуда ортган. Кўплаб университетларда Туркистон тарихи ва маданиятини ўрганиш бўйича махсус дастурлар асосида иш олиб борилмоқда.

- Шу кунда Туркистонга қизиқиш мода бўлди, десак, нотўғри бўлмайди. Мен билган энг машҳур дастурлар Индиана университетида. Бундан ташқари Марказий Осиё бўйича махсус дастурлар Висконсин университети ҳамда Сиэтлдаги Вашингтон университетида мавжуд. Чикаго университетида ҳам Туркистонга доир махсус дастур бўйича иш бошлашга тайёргарлик кўраяпмиз, - деди "Яқин Шарқ. Тарих ва назария" мавзуида АҚШда бўлиб ўтган конференция иштирокчиси, Чикаго университетининг ўзбек тили ўқитувчиси доктор Қаған Ариқ.
XS
SM
MD
LG