Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:27

Риёдда ғарбликларга қарши террор ҳужуми уюштирилди.


13 май куни АҚШ Давлат Котиби Колин Пауэллнинг Саудия Арабистонига аввалдан режалаштирилган сафари бошланди. Ундан кўзланган асосий мақсад – Исроил ва фаластинликлар ўртасида тинчлик ўрнатиш ҳақидаги АҚШ қўллаб-қувватлаган тинчлик дастурини Саудия раҳбарлари билан муҳокама қилишдан иборат эди.

Колин Пауэлл Риёдга келишидан олдин ҳудкуш террорчилар Ғарб фуқаролари яшайдиган биноларга қарши бомба ҳужуми уюштирди. Натижада, камида 29 одам, жумладан, етти америкалик қурбон бўлди. Ҳужум оқибатида яна салкам 200 одам яраланди.

Сешанба куни АҚШнинг Индианаполис шаҳрида мазкур террор ҳужумига муносабат билдирган АҚШ президенти Жорж Буш: “Саудия Арабистонида уюштирилган бугунги террор ҳужумлари – Америка ва бошқа давлатлар фуқароларининг шафқатсиз қотилидир. Бу терроризмга қарши кураш давом этаётганини англатади. Мазкур аянчли актни, ишончи нафратдан иборат бўлган қотиллар амалга оширди. Америка Қўшма Штатлари қотилларни албатта топади ва улар Америкача адолат қандайлигини тушунадилар”, - деди.

АҚШ Давлат котиби Коллин Пауэлл, мусулмонлар учун муқаддас тупроқда фақат Ал-Қайда ва унинг Саудияда туғилган раҳбари Усама бин Ладин бомба портлата олиши мумкинлигини айтди.

Ироқда уруш тугагани сабабли, АҚШ икки ҳафта олдин Саудиядан ўз қўшинларини олиб чиқа бошлаган эди. Риёддаги мазкур ҳужум, Ироқда уруш бошланганидан бери Ғарб фуқароларига қарши Саудияда уюштирилган биринчи бомба ҳужумидир.

Ғарбликлар Риёдда баланд деворлар билан ўралган катта ҳовлига қурилган учта кўп қаватли бинода яшардилар. Гувоҳларга кўра, террорчилар автомобилда ҳовли дарвозасини қўриқлайдиган қуролли соқчилар олдига келиб, уларга қарата автоматлардан ўқ узган. Сўнг улар автомобилда ҳовлига кириб, 3та бомба портлатишга муваффақ бўлганлар.

Иорданиядан Риёдга келган заҳоти АҚШ Давлат котиби Колин Пауэлл журналистларга: “Бу воқеа – терроризм глобал миқёсдаги муаммо эканини яна бир бор тасдиқлайди. Биз унга қарши курашишимиз лозим. Мен, тан жароҳати олганлар тез фурсатда соғайиб кетишларига умид қиламан ҳамда шундай ҳавотирли дамда оила аъзолари ва яқинлари уларга мададкор бўлишини тилайман”, - деди.

Пауэлл, террор ҳужуми оқибатида бошқа давлатлар фуқаролари ҳам қурбон бўлганини айтди. Ройтер ахборот агентлиги маълумотига кўра, Ички ишлар вазирлиги тарқатган баёнот сешанба куни Саудия телевидениеси орқали ўқиб эшиттирилган. Унда, террор ҳужумлари натижасида иорданиялик икки бола, икки Филиппин фуқароси, бир Ливан, бир Швейцария фуқароси, етти Саудия ва етти нафар АҚШ фуқароси қурбон бўлгани, камида 194 одам яралангани маълум қилинган. Австралия ҳукумати террор ҳужумида 1 австралиялик қурбон бўлганини эълон қилди. Маълумотларга кўра, аҳоли яшайдиган уйлар олдидан яна 9 шахснинг жасади топилган. Улар худкуш террорчилар, деб гумон қилинмоқда.

Портлаш натижасида чет элликлар яшаётган учта бино вайрон бўлди. Хонадонларнинг бири деворида осиғлик турган соат миллари 23:28да тўхтаб қолган. Кучли портлашдан бино олдида турган автомобиллар ҳам бир уюм темир-терсакка айланди. Кузатувчилар фикрича, мазкур ҳужум АҚШ Давлат котиби Колин Пауэлнинг Риёдга ташрифи арафасида атайин уюштирилган. Маълумки, яқинда АҚШ Давлат департаменти АҚШ фуқароларини Саудия Арабистонида террор ҳужуми уюштирилиши эҳтимоли ҳақида огоҳлантирган. АҚШ Давлат котиби Колин Пауэлл: “АҚШ мана шундай террор ҳужумларига қарамай, жаҳон бўйлаб ўзининг тинчлик ташаббусларини асло тўхтатмайди. Мен бу воқеани яна бир бор қоралайман”, - деди.

Риёд аэропортида Пауэллни кутиб олган Саудия Арабистони Ташқи ишлар вазири Сауд ал-Файсал худкуш террорчилар ҳужуми туфайли бегуноҳ одамлар қурбон бўлганидан чуқур афсусланиш билдирди. Кейинроқ Файсал, Риёд расмийлари мазкур ҳужумни уюштирганларга қақшатқич зарба беришга бел боғлаганини айтиб: “Биз қидирув-тергов ишларини кучайтирамиз. Биз – нафрат ва одамларни ўлдиришдан бошқа нарсани билмайдиган бу мақсадсиз қотилларга қарши туриш учун лозим бўлган барча зарурий чораларни кўрамиз”, - деди.

Ўтган ҳафтада Саудия хавфсизлик кучлари ҳужум уюштирилган жой яқинидан яшириб қўйилган салкам 400кг портловчи модда ва ўнлаб граната топган. Террорчиликда гумон қилинаётган 19 шахс, жумладан икки чет эллик, полиция таъқибидан қочиб қутулишга маваффақ бўлди.

Саудия Ички ишлар вазири шаҳзода Найиф бин Абдул Азиз “Ал Ватан” газетасига берган интервюсида, мазкур ҳужум ўтган ҳафтадаги воқеа билан боғлиқ эканини ва яқин келажакда шунга ўхшаш ҳужум яна амалга оширилиши эҳтимолдан ҳоли эмаслигини айтди. Дунё давлатлари, жумладан, Россия ва Хитой ҳам мазкур террор ҳужумларни қоралади.
XS
SM
MD
LG