Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:46

Исроил Бош вазири Ариел Шарон келаси ҳафтада Вашингтонга сафар қилади.


Исроил Бош вазири Ариел Шарон келаси ҳафтада Вашингтонга сафар қилади. Шарон Оқ Уйда АҚШ президенти Жорж Буш билан учрашган пайтда, Давлат котиби Колин Пауэлл назоратдан чиқиб кетаётганига дўсти Бушни ишонтиришга ҳаракат қилади. Маълумки, Колин Пауэлл ўтган ҳафтада Яқин Шарққа сафари чоғида Шарон билан учрашиб, Исроил ва фаластинликлар ўртасида давом этаётган зўравонликларга чек қўйишга қаратилган янги Яқин Шарқ тинчлик дастури масаласини маҳокама қилган. Бу дастур тўртлик, яъни АҚШ, Европа Иттифоқи,БМТ ва Россия томонидан ишлаб чиқилган. Режа тўртлик томонидан ишлаб чиқилгани – Исроил Бош вазирининг эътирозига сабаб бўлмоқда. Шаронга кўра, Европа Иттифоқи, БМТ ва Россия антисемит бўлмаса ҳам, Исроилга қаршидир. Исроил Бош вазири Яқин Шарқ музокараларида тўртлик эмас, фақат АҚШнинг ўзи воситачи бўлишини, бошқалар эса бу ишга аралашмаслигини хоҳлайди.

Яқинда Парижда БМТнинг Фан ва Маданият масалалари бўйича ташкилоти – ЮНЕСКО ҳомийлигида уч кунлик халқаро анжуман бўлиб ўтди. Унда дунё давлатларида антисемитизм кескин даражада кучайгани таъкидланди. Қизғин муҳокамалардан сўнг айрим иштирокчилар, мазкур анжуманга делегат бўлиб келган Натан Шаранскийга ҳужум қилдилар. Маълумки, Шаранский Исроил ҳукуматида Қуддус шаҳри масалалари бўйича мутасадди раҳбардир. Шаранский Фаластин давлати барпо этилиши ва Қуддусда фаластинликлар яшаши борасида ёнбосишни хоҳла-магани учун айрим делегатлар унга ўз норозиликларини билдирдилар.

Ариел Шарон Исроил Бош вазири лавозимини эгаллаганидан бери Исроил ва фаластинликлар ўртасида зўравонликлар авжига чиқди. Ўз навбатида бу, дунё бўйлаб антисемитизмнинг кучайишига туртки бўлди. АҚШ Давлат котиби Колин Пауэлл ва тўртлик аъзолари минтақадаги айнан шу зўравонликларни тўхтатишга уринмоқдалар. Қуддус шаҳрида бўлиб ўтган матбуот конференциясида шу ҳақда гапирган Колин Пауэлл: “Тинчлик сари боришда президент Жорж Буш, вазир айтганидек, олдинга юришнинг аниқ йўлини кўрсатиб берди. Қўлимиздаги дастурил амал - менимча, асосий мақсад, яъни икки халқ тинч-тотув, ёнма-ён яшаши учун қандай ишлар амалга оширилиши лозимлигини аниқ кўрсатган”, - деди.

Бироқ Исроил Бош вазири Ариел Шарон, фаластинликлар Яқин Шарқ минтақасида Исроил давлати мавжудлигини ҳеч қачон тинч йўл орқали қабул қила олмаслигига ишонади. Қуддусда бўлиб ўтган матбуот конференциясида Исроил Ташқи ишлар вазири Силван Шалом: “Агар фаластинликлар Исроил фуқароларига қарши ғаламислик, терроризм ва зўравонликларни тўхтатса, Исроил фаластин-ликларга нисбатан гуманитар соҳада кўмак беришга тайёр”, - деди.

Айни пайтда, Исроил қўшинлари Фаластин ерларида турли операциялар ўтказишни давом эттирмоқда. Пайшанба куни телевидение орқали халққа қилган мурожаатида Фаластин лидери Ясир Арафат: “Биз Исроил қўшинларининг Фаластин ва араб ерларидан тўлиқ олиб чиқилиши эвазига тинчлик, ҳар томонлама тинчликка эришиш тарафдоримиз”, - деди.

Исроил Бош вазири Ариел Шарон Фаластин ерларига яҳудийларни кўчириб келтириш Исроил давлати ва уни муҳофаза қилишнинг ягона йўли эканига ишонади. АҚШ президенти Жорж Буш эса, яҳудийларнинг Фаластин ерларига кўчириб келтирилиши, тинчлик жараёнига тўсиқ эканини очиқдан-очиқ айтган. Шу муаммо фаластинликларнинг Исроил фуқароларига қарши ҳужум уюштиришига туртки бўлмоқда.

Исроил Бош вазирининг келаси ҳафтада Вашингтонга сафаридан асосий мақсад - АҚШ президенти Бушни янги тинчлик дастурида тавсия этилган айрим чораларни амалга оширмасликка ундашдан иборат бўлиши мумкин. Июн ойи бошида Яҳудий-Америка ташкилотларининг йирик гуруҳлари Вашингтонда йиғиладилар. Уларнинг асосий мақсади – Шарон олиб бораётган сиёсат, шунингдек, Америка-Исроил жамоат ишлари қўмитасига норозилик билдиришдан иборат. Президент Буш раҳбар бўлган Республикачилар партиясидаги айрим йирик яҳудий банкирлар ҳам Шарон сиёсатига қаршилар. Буларнинг барчаси ҳисобга олинса, Шароннинг Оқ Уйга бу галги сафари аввалгиларига қараганда анча оғир бўлиши мумкин.
XS
SM
MD
LG