Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:46

БМТ Хавфсизлик кенгаши Ироққа қарши жорий этилган барча иқтисодий санкцияларни бекор қилиш ҳақидаги резолюцияни бир овоздан қабул қилди.


22 май куни БМТ Хавфсизлик Кенгаши Ироқни қайта тиклаш ҳақидаги резолюцияни тасдиқлади. Мазкур хужжат - Ироқ хусусида бир неча ой давом этган бўлиниш ва 13 йиллик иқтисодий санкцияларга чек қўйди. Ироққа нисбатан ҳарбий куч ишлатилишига қарши бўлган Франция, Россия ва Германия ҳам резолюция учун овоз беришда АҚШ ва Британияга қўшилдилар. Урушдан олдин дипломатик соҳада курашган мазкур давлатлар дипломатлари эндиликда, АҚШ ва Британия раҳбарлигидаги халқаро ҳамжамият вакиллари Ироқни қайта қуриш ишларида иштирок этиши учун қонуний асосга эга, деган фикрдалар.

Британиянинг БМТдаги элчиси Жереми Гринсток пайшанба кунги овоз беришни: “БМТ мазкур муҳим масалада ўз позициясини қайта тиклади. Бугун БМТ учун муваффақиятли кун бўлди”, - деб баҳолади.

БМТ Хавфсизлик Кенгашида қабул қилинган резолюцияга мувофиқ, Ироқ нефтидан олинган даромад Ироқнинг Марказий банкидаги янги тараққиёт фондига ўтказилади. Бу маблағ, асосан, мамлакатни қайта қуриш ва гуманитар мақсадларда ишлатилиши кўзда тутилган.

Франция ва Россия Ироқ нефтини назорат қилиш ва қайта қуриш ишларида БМТга кўпроқ салоҳият берилишини хоҳлади. Ироқ ҳукуматини ташкил этишда БМТ расмийлари фаол иштирок этиши маълум бўлганидан сўнг, Россия ва Франция бундан қониқиш ҳосил қилди. Франция, Россия ва Германия таклифига кўра, Хавфсизлик Кенгаши БМТ қурол-аслаҳа инспекторларининг мандати масаласини ҳам келгуси йиғилишларнинг бирида кўриб чиқади.

Франциянинг БМТдаги элчиси Жан-Марк де Ла Саблиер, мазкур ўзгаришлар ва Ироқда халқнинг ёрдамга муҳтожлиги – Франция ҳукуматини резолюцияни қўллаб қувватлаш ҳақида қарор қабул қилишига ундаганини айтди: “Биз ҳозир ҳам ҳарбий куч қўллаш ноқонуний бўлган, деган фикрдамиз. Айни дамда, гап бу масала хусусида эмас. Ҳозир Ироқда ўзгача вазият юзага келди, яъни, Ироқни сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан қайта қуриш учун Ироқ халқига ёрдам бериш эҳтиёжи туғилди”.

АҚШ етакчилигида Ироққа қарши ҳарбий куч ишлатилишига монелик қилган БМТ Бош котиби Коффи Аннан, халқаро ҳамжамият Ироқда фаолият олиб бориши учун ҳозирда қонуний асос борлигини айтди. Коффи Аннан яқин кунлар ичида ўзининг Ироқдаги махсус вакилини тайинлашини маълум қилди. У сўзида давом этиб: “Ироқликлар ўз тақдири учун масъул бўлишлари лозим. Улар ўзларининг сиёсий келажаклари ва мамлакатнинг табиий ресурслари учун ҳам жавобгардирлар. Ироқда ҳукумат ташкил этиш учун биз ироқликлар ва коалиция раҳбарлари билан бирга ишлашга умид қиламиз”,-деди.

АҚШ расмийлари, коалиция кучлари мамлакат назоратини Ироқ ҳукуматига топшириши муддатини белгилашга рози бўлмадилар. Резолюцияда, Хавфсизлик Кенгаши Ироқдаги вазиятни 12 ой ичида қайта кўриб чиқиши билдирилган. Хужжатда шунингдек, Ироқ нефтини сотишдан олинган даромад – раҳбарият томонидан мамлакатни қайта тиклаш, инфраструктурани таъмирлаш, Ироқни қуролсизлантиришни давом эттириш, Ироқнинг маъмурий бошқаруви ҳаражатларини қоплаш ҳамда ироқликларга наф келтирувчи бошқа ишларга сарфланиши билдирилган.

АҚШнинг БМТдаги элчиси Жон Негропонте, Ироқ нефтидан келадиган даромад яна қандай ишлар учун сарфланиши тафсилотини айтмади. Бироқ у, халқаро ҳамжамиятнинг махсус кенгаши, нефт даромади ироқликлар учун фойдали мақсадларда сарфланаётганини кузатишини таъкидлади.

Ироқда қайта қуриш ишларини амалга ошириш учун бир йилда 20 миллиард доллардан ортиқ маблағ сарфланиши мўлжалланган. Аммо дастлабки босқичда Ироқ нефти экспортидан шунча миқдорда даромад олиниши кутилмаяпти.

АҚШ Конгресси Ироқда қайта қуриш ишлари ҳамда дастлабки шартномалар учун 2 ярим миллиард доллар маблағ ажратди. Бундан ташқари, ироқликларни етарли миқдорда озиқ-овқат, дори-дармон, уй-жой ва бошқа зарурий махсулотлар билан таъминлаш учун халқаро ёрдам кўрсатувчи агентликлар донор давлатлардан бир неча юз миллион доллар миқдорида маблағ тўплади. Халқаро қизил хоч ташкилоти президенти Жакоб Келленбергер, Ироқда инсоний бўҳрон юз беришининг олди олингани ҳақидаги маълумотни тасдиқлади.
XS
SM
MD
LG