Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:46

Франциянинг адлия соҳаси расмийларига кўра, 2001 йилда Афғонистондаги мухолифат қўмондони Аҳмадшоҳ Масъуд ҳаётига қарши суиқасд уюштиришга алоқадор эканида гумон қилинган икки Франция фуқароси 19 май куни қўлга олинган.


Хабарларга кўра, ҳуқуқ-тартибот органи ходимлари исми ошкор этилмаган мазкур шахсларнинг террорчи гуруҳларга алоқадорлигини текширмоқдалар.
Маълумки, Афғонистондаги Шимол иттифоқи кучларига қўмондонлик қилган Аҳмадшоҳ Масъуд ўзини хорижлик журналистлар, деб таништирган икки шахс томонидан уюштирилган суиқасд натижасида ўлдирилган. Бу воқеа 2001 йил 11 сентябрда АҚШга қарши террор ҳужумлари уюштирилишидан бир неча кун олдин юз берган. Мазкур иш юзасидан бир нечта давлатда, жумладан, Белгияда ҳам қидирув-текширув ишлари олиб борилмоқда. Масъуднинг ўлдирилишига алоқадор эканида гумон қилиниб Белгияда қўлга олинган 23 шахс устидан бошланган суд жараёни ҳозир ҳам давом этмоқда.


23 май куни Голландияда минглаб одамларни яширинча Европага олиб келганликда гумон қилинаётган хитойлик бир аёл устидан маҳкама жараёни бошланди.
Роттердам судида “Пинг хоним” номи билан танилган аёл билан бирга яна етти шахс устидан маҳкама жараёни давом этмоқда. Улар Хитойнинг марказий қисмидаги вилоятлардан Британияга одамларни яширинча олиб келиш билан шуғулланганлар. Асли исми Жинглинг Хэнг экани тасдиқланган “Пинг хоним” 1999 йилдан бери Европага одамларни яширинча олиб келиш билан шуғулланган гуруҳга бошчилик қилган. Маълумки, 2000 йил июн ойида Роттердам шаҳридан Британиянинг Довер шаҳрига етиб келган музлаткичли юк машинаси бортидан 58 одамнинг жасади топилган эди. Улар ҳаво етишмагани натижасида оламдан ўтганлар. Бу иш юзасидан олиб борилган текшириш натижасида, 2002 йил май ойида тўққиз киши қўлга олиниб, озодликдан маҳрум этилган.
Яқинда Роттердамда Британияга ўтиш учун қулай фурсат пойлаб турган 77 нафар ноқонуний хитойлик иммигрант қўлга олинди. “Пинг хоним” иши юзасидан бошланган маҳкама жараёни тўққиз кун давом этиши ва суднинг якуний қарори бир ой ичида эълон қилиниши кутилмоқда.


Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати раиси ўринбосари Борис Полуэктов, яқинда Жалолобод шаҳар Ички ишлар бўлими ва вилоят Ички ишлар бошқармасига қуролли ҳужум уюштирган шахсларнинг икки нафари Туркияга қочиб кетганини маълум қилди.
У сўзига қўшимча қилиб, улар Қирғизистон фуқароси эканини таъкидлади. Полуэктовга кўра, ҳужум уюштирганларнинг яна икки нафари Қирғизистон ҳудудида яширинган. Хавфсизлик хизмати раиси ўринбосарига кўра, мазкур шахслар милиция идорасидан қурол-аслаҳалар ўғирлаб, Қирғизистон жанубида қуролли қўзғолон кўтариш ниятида бўлганлар. Улар ўз ҳатти-ҳаракатлари маҳаллий одамлар томонидан қўллаб-қувватланишига умид қилганлар. Бироқ, уларнинг бу режаси барбод бўлган. Саккиз нафар жиноятчи 15 май куни эрта тонгда Жалолобод шаҳар Ички ишлар бўлими ва вилоят Ички ишлар бошқармасига ҳужум уюштиргани ҳақида ўз вақтида хабар берган эдик. Мазкур ҳужум натижасида босқинчилар 40та ўқотар қурол, жумладан 18та Калашников автомати, учта мерганлик милтиғи ва бир нечта тўппонча ўғирлаган. Жиноий тўда бошлиғи, собиқ ички ишлар вазирлиги ходими Одил Каримов милиция ходимлари билан бўлган тўқнашувда оғир яралангани ёки ўлгани тахмин қилинмоқда.
XS
SM
MD
LG