Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:46

ОИЛАНИ БОҚАЁТГАН БОЛАЛАР


Ўзбекистон ва Тожикистонда болаларнинг бир қисми мактабни ташлаб бозорларда, шаҳар кўчаларида савдо-сотиқ билан шуғулланмоқдалар.
Ҳар иккала республикада болалар меҳнати қонун билан таъқиқлаб қўйилган. Бироқ, шунга қарамай, бу мамлакатлардаги ижтимоий ҳимоя тизимлари ходимларига кўра, вазиятни изга солишнинг ҳозирча иложи бўлмаяпти. Чунки бу икки қўшни давлатнинг ижтимоий ҳимоя тизими мактаб ёшидаги болаларнинг аҳволини ўнглаш учун зарурий чораларни қўллашга ожиз.

Ўзбекистон ёки Тожикистон бозорларининг ҳаммасида ҳам аравакашлик билан, нон, сабзавот, мева-чева ва яна алланималарни сотиш билан, ўткинчиларнинг пойафзалини тозалаш билан кундалик уч-тўрт тангасини топаётган болаларни кўриш мумкин.

Шаҳноза - 14 яшар душанбелик қизча. У ўзи яшайдиган уйга яқин жойда, маҳалла гузарида ҳар-хил ширинлик, сақич ва яна бир нарсалар сотади. Бозордаги ёки бошқа гузарлардаги тенгдошлари каби Шаҳнозанинг ҳам иш вақти чекланмаган.

- Мен ҳар ҳил печеньелар, вафлилар, кофе сотаман. Эрталаб 5 дан оқшом 6 ларгача савдо қиламан. Мактабга бормаяпман. Тўққизинчи синфгачагина ўқимоқчиман. Отам ўлган. Боқувчимиз йўқ. Иккита синглим, иккита укам бор. Ҳаммамиз кўчада савдо қиламиз. Бир кунда
уч-тўрт сомоний пул топаман, - дейди Шаҳноза.
(Уч-тўрт сомоний - бир доллар атрофидаги пул).

Ўзбекистон ва Тожикистон қонунларида болаларни оғир жисмоний меҳнатга жалб этишга рухсат берилмайди. Бироқ, шунга қарамай, мактаб болаларининг жисмоний меҳнат билан шуғулланишларига бу икки мамлакатда чек қўйилмаяпти. Бундай ҳолатни минтақадаги бошқа мамлакатларда ҳам кузатиш мумкин.

Болалар ва ўсмирлар ўз меҳнати билан оғир кун кечираётган оилаларига ёрдам кўрсатмоқдалар. Бозорлар ва кўча-кўйда пул топиш билан шуғулланаётганлар аксариятининг оталари мардикорлик билан пул топиш учун Россияга кетганлардир. Улар йилда бир бор ватанларига келадилар. Йил давомида эса оилани боқиш ўсмирлар зиммасида.

Ўзбекистондаги ўрта мактаблардан бирининг ўқитувчиси Сайёрахон Озод Европа Озодлик радиоси мухбирига берган интервьюсида болалар ва ўсмирлар эксплуатация қилинаётганлиги тўғрисида гапирган. Сайёрахонга кўра, мактаб ўқитувчиларининг маошлари тирикчилик ўтказишлари учун етарли эмаслиги учун, ўқувчиларининг муаммоларига эътибор беришга тоқатлари йўқ.

Тожикистонлик социолог Наргиз Нуруллоҳўжа Озод Европа Озодлик радиосига берган интервьюсида Тожикистоннинг ижтимоий ҳимоя тизими жорий вазиятни ўнглаш учун етарли чораларни кўришга ожиз, деган фикрни билдирди.

Тожикистон президенти маъмуриятининг Ёшлар, спорт ва туризм бўлими бошлиғи Ибод Раҳимовга кўра, у бошқараётган бўлим қашшоқликда яшаётган оилаларнинг болаларига ёрдам кўрсатиш бўйича махсус лойиҳа устида ишлаётганини маълум қилди.

- Биз вазирликларни, давлат ва нодавлат ташкилотларини, шунингдек, донор мамлакатларни мазкур муаммони ҳал қилиш учун ҳаракатларини мувофиқлаштиришга чақирдик. Мен мазкур дастур бюжжетининг деталлари тўғрисида ҳозир айта олмайман. Бироқ, сизга шуни айтишим керакки, бу муаммони ҳал қилиш учун катта миқдорда пул сарфланиши режалаштирилган. Давлат бу мақсад учун пул топади. Биз бу муаммони ечиш муҳимлигини яхши тушунамиз, - дейди Тожикистон президенти маъмурияти вакили Ибод Раҳимов.

Болалар ва ўсмирлар меҳнати билан боғлиқ муаммо, Ибод Раҳимовга кўра, МДҲ га аъзо давлатларнинг ҳар бирига хосдир.

Бироқ, Ўзбекистон республикаси Халқ таълими вазирлигининг юқори мартабали расмийси Анвар Зокировга кўра, Ўзбекистонда бундай муаммо йўқ:
- Бизда ҳар бир бола рўйхатга олинган. Шунинг учун бизда бундай масаланинг ўзи йўқ,- дейди Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги вакили Анвар Зокиров.

Совет давридан қолган анъаналарга кўра, ҳар йили кузда Ўзбекистон ва Тожикистондаги мактаблар ёпилиб, ўқувчилар пахта теримига олиб чиқиладилар. Бир неча ҳафта давомида ўқувчилар баракларда яшайдилар. Оғир меҳнатлари эвазига ўта оз ҳақ оладилар.

Болалар ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчилар Ўзбекистон ва Тожикистон ҳукуматларини болалар ва ўсмирлар эксплуатациясига чек қўймаётганликда айбламоқдалар. Ўзбекистонлик ўқитувчи Сайёрахон, бу икки мамлакат ҳукуматлари ҳам, жамоатчилик ҳам мазкур муаммони ечиш йўлларини изламаётганликларини таъкидлайди.
XS
SM
MD
LG