Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:23

5 июн Жаҳон атроф-муҳитни сақлаш куни.


Сув – 2003 йилги Жаҳон атроф-муҳитни сақлаш кунининг асосий масаласи қилиб белгиланди. БМТнинг шу муносабат билан эълон қилинган янги ҳисоботида дунёдаги икки миллиард одам ер ости сув заҳираларига қарамлиги қайд этилади.

Айни пайтда, ер ости сувидан шунчалик кўп фойдаланилаётгани туфайли унинг салбий оқибатлари кўзга ташланмоқда. Масалан, Мехико шаҳрида ер ости суви сатҳи пасайиб кетган. Натижада, айрим бинолар икки метргача чўккан. Сўнгги ўн йил ичида Шимолий Американинг катта текисликларидаги ер ости суви сатҳи уч метрдан, айрим жойларда ўттиз метргача пасайган.

Ҳайратланарлиси шундаки, Форс кўрфазидаги айрим шаҳарларда сувни тузсизлантириш заводлари қувурларидан оққан сув баъзи жойларни ботқоққа айлантирган. Жаҳон атроф-муҳитни сақлаш куни муносабати билан 3 июн куни Байрутда Кўрфаз давлатларининг Атроф-муҳитни сақлаш вазирлари ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Мазкур йиғилишда ҳам сув масаласи муҳокама этилди.

Аҳолиси 10 миллиондан ортиқ бўлган шаҳарлар, жумладан, Бангкок, Шанхай, Лондон ва Калкутта шаҳарлари одамларни тоза ичимлик суви билан таъминлашда ер ости сувига қарам.

БМТнинг Атроф-муҳит дастури директори Клаус Тоефер, дунёдаги икки миллиард киши, шунингдек, қишлоқ хўжалигининг 40 фоиздан ортиғи ер ости сув заҳҳираларидан фойдаланишини маълум қилди.

БМТ маълумотига кўра, сўнгги 60 йил ичида дунё аҳолиси икки баробарга кўпайган. Айни пайтда сувдан ҳам саноат, ҳам қишлоқ хўжалиги соҳасида фойдаланиш анча кўпайган.

Жаҳон атроф-муҳитни сақлаш куни муносабати билан БМТ эълон қилган ҳисоботда, Ҳиндистоннинг қишлоқ жойларида суғориш учун ишлатиладиган сувнинг 50 фоизи ҳамда ичимлик сувининг 80 фоизи уч миллиондан ортиқ қўл насослари ёрдамида ер остидан чиқарилиши билдирилган.

Саудия Арабистонида ичимлик сувининг 96 фоизи, Бангладешда эса 69 фоизи ер қаъридан олинади. Жаҳоннинг 29 мамлакатидаги тахминан 450 миллион одам тоза ичимлик суви танқислиги муаммосига дуч келмоқда. Икки миллиарддан ортиқ аҳоли эса санитария шароитлари ёмон вазиятда яшамоқда. Дунё бўйича ҳар саккиз сонияда бир бола сув орқали юқадиган касалликлар сабабли нобуд бўлмоқда. Ривожланаётган давлатлардаги ўлимнинг 80 фоизига сув билан боғлиқ касалликлар сабаб бўлмоқда.

Сувсиз қишлоқ хўжалиги соҳасини тасаввур қилиб бўлмайди. Бир тонна буғдой етиштириш учун минг тонна сув сарфланади. Бир тонна гуруч етиштириш учун эса икки минг тонна сув сарфланади. Агар ор ости суви сатҳи пасайиб кетса, бундан биринчи навбатда камбағал минтақаларда яшовчи кичик фермерлар азият чекади.

Куни кеча БМТ Бош котиби Коффи Аннан айрим мамлакатларда сув учун ҳақ тўланаётгани ҳақида гапириб, бу камбағаллар учун тўғри келмаслигини айтди. “Биз сувни қадрлашни ўрганишимиз лозим. Баъзи ҳолларда сув учун ҳақ тўланаяпти. Бу - шундоқ ҳам имконияти чекланган одамларни сувдан маҳрум этиш воситасига айланмаслиги керак”,- деб сўзига қўшимча қилди БМТ Бош котиби.

Жаҳон атроф-муҳитни сақлаш куни муносабати билан 5 июнда Болгария пойтахти Софияда уч кунлик халқаро анжуман иш бошлади. “Атроф муҳит лойиҳаларига сармоя ётқизиш: фойдали стратегия” шиори остида ташкил этилган мазкур анжуманни Болгария Бош вазири Симеон Сакс-Кобург-Гота ўзининг табрик нутқи билан очди.

Жаҳон атроф-муҳитни сақлаш куни муносабати билан БМТ томонидан эълон қилинган янги ҳисоботда дунё мамлакатларида сувнинг ифлосланиши масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Айниқса, қишлоқ хўжалиги соҳасида ишлатилаётган турли заҳарли моддалар, хусусан пестицидлар, кимёвий ўғитлар ва бошқа саноат чиқиндилари оқава сувлар орқали дарёларга қўшилиб атроф-муҳит ва одамлар саломатлигига катта зарар етказаётгани билдирилган.
XS
SM
MD
LG